Россиянинг кунора бомбаланаётган шаҳрида қолаётган ўзбекистонлик талабалар тақдири нима бўлади? Тошкентда ижара нархи ўртача 1 миллион сўмми? Dunyo, Yangiliklar, O'zbekiston

Сурат манбаси, Social media
- Россияда ўқиётган талабалар президентга мурожаат қилди;
- Элчихона Украинага бормасликка чақирди;
- Тошкентда уй-жой ижараси ўртача 1 миллион сўм - ДСҚ;
- 1-курс талабалари ижараси компенсация қилинади;
- "Ташаббусли бюджет"га ажратилган маблағлар 8 триллион сўмга етказилади - президент;
"Кун ора снарядлар тушмоқда"
Россиянинг Курск вилоятида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Украинада давом этаётган уруш туфайли вазият хавотирли тус олганини айтиб, президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат йўллаган.
Курск давлат тиббиёт университетида ўқиётган ўзбекистонликлар видеомурожаати 11 октябрь куни тармоқда тарқалган.
Талабаларнинг сўзларига кўра, Украинанинг Суми вилояти билан чегарадош Курск вилоятида Россиянинг "махсус ҳарбий операцияси" туфайли вазият "сал нотинч"лашган.
"Тёткино туманига кунда ва кун ора снарядлар келиб тушиб турибди. Унданда ёмони, биздан 30 километр узоқда жойлашган Курск атом станциясида шу пайтгача 3 марта теракт содир этилди. Қўшни Белгородда аҳолининг асосий қисми аллақачон эвакуация қилиниб, ўқишлар онлайн тарзига ўтказилди", дейди талабалар орасидан гапирган йигит.
Видеода, шунингдек, "вазият барқарор бўлган март ойидаёқ" Қозоғистон ўз талабалари ўқишини кўчириб олиб кетгани тилга олинган.
"Биз мана энди вазият сал хавотирли тус олаётган пайтда мурожаат қиляпмиз. Ҳурматли Мирзиёев Шавкат Миромонович, бизнинг ўқишимизни Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳларига кўчиришингизни илтимос қиламиз", дейилади талабалар мурожаати сўнггида.
Мурожаат тарқалган куннинг ўзида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг Россиядаги элчихонаси дипломатлари вазиятни ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Курск вилоятига жўнаб кетганини хабар қилган.
Алоқадор мазвулар:
- Ўзбекистон: Шу ҳафта $400лик квартиралар ҳам қолмайди – қочқин россияликлар тўлқини уй-жой ижара нархига қандай таъсир қилмоқда?
- Ўзбекистон: Вазирлик квартирадан ҳайдалаётган ижарачиларга эслатма берди, Тошкентда тўрт одам ароқдан заҳарланиб вафот этди ва сентябрда қанча россиялик келган?
- Ўзбекистон. Янгиликлар: Ўзбекистон Қирғизистонга деярли 20 минг гектар ер бериб юбордими? Бу қиш Ўзбекистонда свет ўчмайдими? Қамоқхонада ўзи нима бўлган?
"Украинани тарк этинг"

Сурат манбаси, Official
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ватандошларни Украинага бормай туриш ва мамлакат ҳудудини тарк этишга чақирган.
Элчихона ушбу чақириқ сабабини Украина шаҳарларининг ракеталар билан ўққа тутилиши кучаяётгани ва бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб ракета-артиллерия зарбалари давом этиши эҳтимоли юқори қолаётгани билан изоҳлаган.
"Тошкентда ўртача ижара 1 миллион сўм"

Сурат манбаси, BBC Uzbek
Пойтахтда уй-ижараси нархи ўртача 1 миллион сўмни ташкил этади, дея ахборот берган Давлат солиқ қўмитаси.
Қўмита мавжуд маълумотларни таҳлил қилгач бундай хулосага келганини билдирган.
"Ҳудудларда ижара ҳақининг ўртача миқдори 630 минг сўмдан 977 минг сўмгача", дейилади ахборотда.
Хабарда айтилишича, 1 октябрь ҳолатига солиқ органларида 96 мингдан ортиқ турар жой ижара шартномаси рўйхатга олинган.
Қўмитанинг ушбу ахбороти пойтахт Тошкентда уй-жой ижараси нархлари кескин ошиб кетаётгани тўғрисида кўплаб хабарлар келаётган бир пайтда оммага тақдим этилган.
Талабалар ижараси компенсация қилинади

Сурат манбаси, Bunyodkor stadium
Вазирлар Маҳкамаси баёнига биноан, узоқ ҳудудлардан келган ва ётоқхонадан жой ололмаган биринчи курс талабаларига сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси бўлмасада, ижара компенсацияси тўлаб берилади.
Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев хабар қилган.
Унинг маълум қилишича, ноябрь ойидан бошлаб компенсация тўланиши учун ижара шартномаси талаб этилади.
"Маълумки, ўтган йилдан бошлаб талабалар турар жойида жой йўқлиги учун ижарада туришга мажбур бўлган талабаларга ижара компенсацияси тўлаш тартиби йўлга қўйилди. Бунинг учун талаба ижара шартномасини ўзи ўқиётган ОТМга топшириши керак эди. Бу тартиб ҳозир ҳам кучида. Яъни қайсидир талаба ижарада турган бўлса, у нечанчи курсда ўқиётганидан қатъи назар, ижара компенсацияси олишга ҳаққи бор.
Энди янги тартибга кўра, 1-курслар учун истисно белгиланди. Яъни ётоқхонага жойлаша олмаган 1-курс талабалари "Мен ижарада турдим" деб айтса кифоя", дея ёзган ҳуқуқшунос.
У келтирган маълумотларга кўра, ижара компенсацияси миқдори ойлик ижара тўловининг 50 фоизини ташкил этади.
Бу миқдор Тошкент шаҳрида 300 минг сўмгача, қолган ҳудудларда эса 150 минг сўмгача этиб белгиланган.
"Демак, ётоқхонага жойлашмаган 1-курс талабалари сентябрь ва октябрь, яъни 2 ойга Тошкент шаҳри учун жами 600 минг сўм, ҳудудлар учун 300 минг сўмгача компенсация пули олишлари мумкин. Бунинг учун талабалар ўзлари ўқиб турган ОТМга мурожаат қилишлари лозим", маълум қилган Худойбердиев.
"Ташаббусли бюджет" учун қўшимча 335 миллиард сўм

Сурат манбаси, Screenshot/social media
Президент Шавкат Мирзиёев 11 октябрь куни "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берган.
Жорий йилнинг иккинчи ярмида "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси доирасида 9,201 та маҳалла иштирок этиб, 38 мингта лойиҳага 8 миллион аҳоли овоз берган ва овоз бериш якунларига кўра, 1,418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилган.
Мирзиёев сешанба куни бўлган йиғилишда ушбу лойиҳани янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини таъкидлаган.
Шунингдек, йиғилишда келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина "Ташаббусли бюджет" орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилиши белгилангани ва "Ташаббусли бюджет" лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 триллион сўмга етказилиши хабар қилинган.
"Шунда адолат бўлади, одамлар ўзлари ҳисса қўшган лойиҳаларни албатта асраб-авайлайди", дея давлат раҳбаридан иқтибос келтирган президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















