Ўзбекистон: Шу ҳафта $400лик квартиралар ҳам қолмайди – қочқин россияликлар тўлқини уй-жой ижара нархига қандай таъсир қилмоқда? O'zbekiston Rossiya Ukraina Yangiliklar

rent

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Россияликлар оқими, асосан, арзон уйларга бўлган талабни ошириб юборди, дейди мутахассис.

"Қисман" сафарбарликдан қочаётган россияликларнинг навбатдаги тўлқини қатор Собиқ Иттифоқ давлатлари, хусусан, Ўзбекистон пойтахтида уй-жой ижара нархларининг кескин ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Россияда 21 сентябрда эълон қилинган "қисман" сафарбарлик ортидан Украина урушида қатнашишни истамаган россияликлар, асосан, Грузия ва Қозоғистонга қоча бошлаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ўтган икки ҳафта давомида Россиядан 700 мингдан зиёд инсон чиқиб кетган, уларнинг 200 минг нафардан кўпроғи Қозоғистонга қочиб ўтган.

Бу вақт давомида Ўзбекистонга қанча Россия фуқароси кириб келгани тўғрисида, ҳозирча, бирор расмий маълумот мавжуд бўлмасада, мамлакат уй-жой бозорида кескин ўзгаришлар кўзга ташланган.

Тошкент шаҳрида квартиралар ижараси нархининг "осмонга сапчиши" сентябрь охирига келиб, шу йил баҳорида шаклланган вазиятдан сўнг яна бир бор кузатилган.

Би-би-си Ўзбекистон россиялик қочқинлар учун у қадар жозибадор бўлмаган мамлакатлар сафида қолаётган бир пайтда, нега пойтахт Тошкентда уй-жой ижараси нархлари шиддат билан қимматлашиб бормоқда, деган саволга жавоб излаб кўрди.

Aloqador mazvular:

Дард устига чипқон

rent

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Ижара нархларининг ўсишига фақатгина талабгорлар сони ошаётгани таъсир қилмаётгани айтилади.

Россиянинг Украинага бостириб кирганининг илк кунларида юзага келган сиёсий-иқтисодий ноаниқликлар, эҳтимолий ҳарбий сафарбарлик ва бошқа сабаблар билан ватанидан бош олиб чиқишга қарор қилган кўплаб россияликлар учун Ўзбекистон борар манзиллардан бирига айланган эди.

Баҳор ойларида тахминий ҳисоб-китоблар беш минг нафарга яқин россиялик Ўзбекистонга кириб келганини кўрсатган ва уларнинг келиши маҳаллий ижтимоий ҳаётга таъсир этмай қолмаган.

Натижада, Ўзбекистон пойтахтидаги уй-жой ижара нархлари, ўртача, 20-30 фоизга қимматлашган, стандарт типдаги квартираларга талаб сезиларли ошгани кузатилган.

Бироқ вазият орадан кўп ўтмай, ўз изига тушган, уй-жой бозори мувозанатга келган.

Ўқув йили бошланиши ортидан минглаб талабаларнинг Тошкент шаҳрига қайтиши билан эса уй-жойга бўлган навбатдаги йирик талаб юзага келган ва, табиий равишда, ижара нархлари яна бир бор қимматлашган.

Ҳолат мувозанатга келишга улгурмай, Россия президенти Владимир Путиннинг "қисман" сафарбарлик эълон қилиши ва юз минглаб россияликларнинг имкон борида хорижга қочаётганига оид хабарлар Ўзбекистондаги уй-жой бозорига яна бир бор жиддий таъсир кўрсатган.

Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқ орқали квартиралар ижараси ошаётгани ҳақида ёза бошлаганлар.

"Квартира нархларини ва ойлигимни солиштириб тинчгина Самарқандда юрганим яхши экан деб ўйлаб қоляпман... Бунақа нархлар қайдан пайдо бўлди? Бундай нархдаги уйларга пулни қайдан оляпсизлар? 100$ тўлаб ҳам бир хонада 5-6 нафар бўлиб яшашга қандай кўняпсизлар?", дея ёзган Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Тошкентдаги риелторлар билан суҳбатлашган РИА Новости нашри чет элликлар оқими сабабли Ўзбекистон пойтахтида ижара нархлари сўнгги икки ой давомида икки баробарга ошгани тўғрисида ёзган.

"Икки ой давомида $300 дан $450 гача ишлаган бўлсак, ҳозир бир-икки хонали квартиралар учун нархлар $600 дан $1,000-1,500 га қадар кўтарилиб кетди", дея тошкентлик риелтордан иқтибос келтирилади нашрнинг 3-октайбр куни эълон қилинган мақоласида.

Аммо кузатишлар 21 сентябрдан буён Ўзбекистонга Грузия ёки Қозоғистонда кузатилганидек йирик кўламдаги россияликлар оқими кириб келмаганини кўрсатмоқда.

Хўш, унда уй-жой ижараси нархлари нега қимматлаб кетди?

Би-би-си пойтахт Тошкентдаги йирик риелторлик компанияларидан бўлмиш "Real Info" МЧЖ вакили Алишер Ниязовдан ушбу ҳолатни изоҳлаб беришни сўради.

"Арзон квартира топиш имконсиз бўлиб қолди"

rent

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Февралдан олдин 2,5 миллион сўмга олишингиз мумкин бўлган квартиралар нархи ҳозирга келиб, 4,5 миллион сўм, айрим жойларда 5 миллион сўмгача кўтарилиб кетди, дейди тажрибали риелтор Алишер Ниязов.

Қўшни Қозоғистондаги каби юз минглаб россияликлар кириб келмаган бўлсада, Ниязовнинг сўзларига кўра, ўтган кунларда Тошкент шаҳрида уй-жой излаётган хорижликлар сони сезиларли ошган.

"Масалан, бизнинг компаниямизга квартира қидириб мурожаат қилганлар сони, ўртача, 4-5 баробарга ортди. Кунлик сўровлар сони илгари 15-20 та бўлга бўлса, ҳозир 60-70 тага етди.

Бу, албатта, вазиятга таъсир қилмоқда. Ҳозир арзон квартира топиш жуда-жуда имконсиз бўлиб қолди. Шу ҳафта $400 ёки 4,5 миллион сўмгача бўлган квартиралар ҳам тугайди. Бизнинг тахминимиз бўйича, агар ушбу оқим тўхтамаса, келаётган икки ҳафтада $500 ёки 5,5 миллион сўмгача бўлган квартиралар ҳам қолмаслиги мумкин", вазиятни тушунтиради Ниязов.

Тажрибали риелтор юзага келган ҳолат нафақат маҳаллий аҳоли, балки Россия фуқароларининг ҳам қийин молиявий шароитга тушиб қолишига сабаб бўлаётгани ҳақида гапиради.

"Жорий вазият, асосан, эконом сегментидаги уй-жойлар нархига жиддий таъсир қилди. Февралдаги воқеалардан кейин ўтган 8-9 ой ичида бу сегментдаги нархлар 80-100 фоизга қадар ошиб кетди. Мисол учун, февралдан олдин 2,5 миллион сўмга олишингиз мумкин бўлган квартиралар нархи ҳозирга келиб, 4,5 миллион сўм, айрим жойларда 5 миллион сўмгача кўтарилиб кетди".

Бир вақтнинг ўзида, Алишер Ниязов ижара нархлари уй-жой қидираётганлар сонига боғлиқ бўлмаган бошқа бир омил туфайли ҳам ўсаётганини тилга олади.

"Биласиз, бизда одамлар, одатда, бир йилга ижарага уй топишади. Россиядан келаётганлар эса, ўртача, бир ойдан уч ойгача муддатга уй қидиряпти. Уй эгаларини қисқа муддатли ижарага кўндириш учун баландроқ нарх таклиф қилишяпти.

Дейлик, уй эгаси квартирасини бир йилни мўлжаллаб, 5,5 миллион сўмга ижарага беришни ўйлаётган бўлса, россияликлар икки-уч ой учун 7,5-8 миллион берамиз, дейишяпти. Шу сабабдан ҳам ҳозир ижара нархлари ошмоқда".

Алишер Ниязов мазкур ҳолат вақтинчалик экани, аммо, айни дамда, уй-жой бозори қачон мувозанатга келишини олдиндан прогноз қилиш мушкул эканини таъкидлайди.

"Тахминларим бўйича вазият келаётган 2-3 ой давомида янада кескинлашади. Бозор қачон нормаллашишини ҳозир прогноз қилиш анча қийин", сўзлайди мутахассис.

Кўпга келган тўй

rent

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Сурат тагсўзи, Уй-жой ижараси нархининг қимматлашиши ўртаҳол маҳаллий аҳоли аҳволини янада оғирлаштирган.

"Қисман" ҳарбий сафарбарлик Россиянинг ўзида уй-жой ижараси нархларининг тушишига сабаб бўлган бўлса, Қозоғистон, Грузия ва Қирғизистон каби давлатларда акс манзарани юзага келтирган.

Россия нашрлари, мамлакатнинг йирик шаҳарларида бир хоналик квартиралар ижараси нархи, ўртача, 2 фоиз, айрим шаҳарларда 15 фоизга қадар тушиб кетганини хабар қилган.

Қозоғистон пабликлари ўн минглаб россияликлар оқими фонида айрим уй эгалари вазиятдан фойдаланиб қолиш мақсадида, ҳатто, ўзларининг доимий ижарачиларини чиқариб юборишга ҳаракат қилаётгани ҳақида ёзган.

Қирғизистонда мавжуд вазиятни ўрганган нашрлар эса квартиралар ижараси ҳақидаги эълонлар "умри кескин қисқаргани"га эътибор қаратган.

"Айнан Бишкекда ижара эълонлари умри ҳақиқатан қисқарди. Яъни уй ижарага берилиши ҳақида эрталаб эълон берсангиз, кечга қолмай, квартира топширилиб, эълон фаоллигини йўқотмоқда", дея қирғизистонлик риелтордан иқтибос келтирган Настоящее Время нашри.

Ўзбекистонда ҳам ижара нархлари ошиши муҳокамада турган муҳим мавзулардан бирига айланган.

Ижтимоий тармоқда қисқа муддатли "ажиотаждан фойдаланиб мўмай пул ишлаб олмоқчи бўлган" уй эгалари танқидга тутилган кўплаб постлар қолдирилган.

Бундай хабарлар манзарасида ҳуқуқий маслаҳатлар бериб келиши билан танилган Телеграмъдаги Юристкадр канали муаллифи Саидали Мухторалиев ижара нархларини тўсатдан ошириб, инсонларни уйдан чиқиб кетишга мажбурлаётган уй эгалари билан қандай ҳуқуқий муносабатда бўлиш лозимлигига оид ўз тавсияларини берган.

"Энг аввало тушуниб олинг, ижарачи ижарадаги фуқарони бирданига, томдан тараша тушгандек уйдан ҳайдаб чиқара олмайди. Чунки ўртада қонун ва ижара шартномаси деган тушунчалар мавжуд. Ижара шартномаси бекор бўлмасдан туриб, ижарада турган фуқаро уй-жойни тарк этмасликка ва яшашда давом этишга тўлақонли ҳақлидир.

Тўғри, ўзаро келишув бўлмаса уй эгасида бошқа вариант ҳам бор. Яъни, Фуқаролик кодексининг 615-моддасига биноан агар ижарада турган шахс 6 ой давомида, қисқа муддатли ижара бўйича 2 мартадан кўпроқ марта муддатида тўлов қилмаса, ёки уй-жой вайрон қилиниб, унга путур етказилса, ё бўлмасам, шу уйдан ғайриқонуний қилишлар содир этиш мақсадида фойдаланган бўлса, уй эгаси шартномани бекор қилиш тўғрисида судга даъво киритиши мумкин. Эътибор беринг, шунда ҳам уй эгаси ижара шартномасини бир томонлама бекор қилолмайди, бунинг учун у фуқаролик судига даъво киритиши ва шартномани бекор қилиш ҳақида суд қарорини чиқартириши керак бўлади. Суд ижарада турган фуқаронинг дардини ҳам тинглайди, агар уй эгаси ноҳақ бўлса, унинг даъвосини рад қилади ва ижара давом этаверади. Агар уй эгаси ҳақ бўлса, суд шартномани унинг фойдасига бекор қилиб беради. Шундагина уй эгасида фуқарони уйдан чиқаришга дастлабки асос пайдо бўлиши мумкин", дея ёзган юрист-блогер.

rent

Сурат манбаси, BBC Uzbek

21 сентябрдан сўнг жорий мураккаб вазият юзага келишидан аввал - 16 сентябрь куни Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) Тошкент шаҳрида уйлар ижараси нархлари таҳлил этилган мақоласини эълон қилган.

Ўзбекистон пойтахтида кўп қаватли уйлардаги ижара нархлари, ўртача, $339 экани билдирилган ушбу мақолада ижарачиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида тажрибали давлатлардаги каби механизмлар жорий этиш зарурияти ҳақида сўз боради.

"Урбанизация жараёнининг жадаллашиб бораётганини инобатга олиб, ижара бозорини ривожлантириш учун қуйидагилар тавсия этилади: ижарада турувчиларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш; ижара нархлари кескин ўзгаришини назорат қилиш, ижара нархини шаҳар бўйича ўртача нархдан сабабсиз кескин 10% дан кўпроққа ошира олмасликни қонунан белгилаш", дейилади ПМТИ мақоласида.

Kun.uz

Сурат манбаси, Kun.uz

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek