Сиздирилган суратлар Эронда юзлаб инсон ҳалок бўлганини кўрсатади

Ошкор қилинган суратлар юзлардан иборат панжарасимон девор шаклида тақдим этилган бўлиб, унда BBC Verify’га юборилган айрим фотосуратлар акс этган. Ҳалок бўлган қурбонларнинг суратларида эса уларнинг юзлари яқиндан олинган ҳолда, хиралаштириб кўрсатилган.
BBCга сиздирилган фотосуратларда Эрондаги намойишлар вақтида ўлган юзлаб инсонлар юзлари кўринади
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Мухбирлар: Мерлин Томас, Шоён Сардоризодаҳ, Ғунча Ҳабибиозод

Огоҳлантириш: Бу мақолада кўнгилни хира қиладиган тафсилотлар бор.

BBC Verify'га сиздирилган суратларда Эронда зўравонлик билан бостирилган намойишлар чоғи ҳалок бўлган инсонларнинг юзлари акс этган.

Бу суратларни хиралаштирмасдан кўрсатишнинг имконсиз.

Суратларда камида 326 нафар қурбоннинг юзи акс этган бўлиб, уларнинг 18 нафари аёллардир. Юзларда қон излари, шиш ва кўкаришлар кўринади.

Марҳумларнинг суратлари Теҳрон жанубидаги ўликхонада осилган ва бу уларнинг яқинлари шу фотоларга қараб ўз яқинларини таниб олишлари учун берилган ягона имконият бўлган.

Аксарият суратлардан қурбонларни таниб олишнинг иложи бўлмаган. Улардан 69 нафари форс тилида "Жон" ёки "Жейн До" деб номланган.

Бу суратга олинган пайтда уларнинг шахси аниқланмаганини англатади.

Фақат 28 нафар қурбоннинг исм-шарифлари очиқ ёзиб қўйилган.

100 нафардан ортиқ сурат остида ўлим санаси қайд этилган:

9 январ.

Айнан шу кун Теҳронда намойишлар энг қонли бир тарзда бостирилган тунлардан бири бўлган.

Шаҳарда намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берган, кўчаларда ёнғинлар чиққан. Норозилар Эрон Олий раҳбари ва Исломий республикага қарши шиорлар билан кўчаларни тўлдиришганди.

Шу куни Эрон сўнгги шоҳининг ўғли, ҳозирда муҳожирликда яшаётган Реза Паҳлавий бутун мамлакатни норозилик чиқишларига даъват қилганди.

BBC'га сиздирилган ушбу суратлар Эрон ҳукумати томонидан ўлдирилгани тахмин қилинаётган минглаб инсонларнинг фожиали тақдиридан кичик бир парчани акс эттиради, холос.

BBC Verify ўтган йил декабр ойи охирида бошланган ва қисқа вақт ичида бутун мамлакатга ёйилган норозилик намойишларини яқиндан кузатиб келаётган эди.

Аммо ҳукумат интернетни ўчириб қўяр экан, Эрондаги режим ўз мухолифларига қарши нақадар шафқатсиз муносабатда бўлганини ҳужжатлаштириш ўта мушкул бўлиб қолган.

Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий бир неча минг киши ҳалок бўлганини очиқ тан олган, аммо бунда Америка Қўшма Штатлари, Исроил ва у ўз таъбирида "фитнакорлар" деб атаган кучларни айблаган эди.

Интернет ўчганига учинчи ҳафта бўлаётганига қарамай, айрим одамлар Эронда юз бераётган қонли воқеалар ҳақидаги маълумотларни ташқи дунёга етказишга муваффақ бўлишган.

Каҳризак суд-тиббиёт марказида олинган юзлаб суратлар BBC Verify'га сиздирилган.

BBC Verify жами 392 та суратни таҳлил қилган ва улар орқали 326 нафар инсонни аниқлашга муваффақ бўлган.

Манбаларнинг таъкидлашича, аслида ўликхонадаги жасадлар сони бир неча минг нафарга етиши мумкин.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан биз номини ошкор қилмаётган манбалардан бирига кўра, улар ўликхонада бу қадар даҳшатга гувоҳ бўлишларини кутишмаган. Қурбонлар ёши 12-13 ёшдан то 60-70 ёшга қадар бўлган.

"Бу жуда оғир эди", дейди у.

Манбанинг айтишича, ўликхона ичидаги саросима орасида яқинларини йўқотганлар бир экран атрофида тўпланишган. Экранда ўлган юзлаб одамларнинг суратлари бирин-кетин ўтар экан, одамлар улар орасидан ўз жигарбандларини таниб олишга ҳаракат қилишган.

Namoyishlar
Getty Images
Bu juda og‘ir edi...
Eronlik manba (batafsil bbc.com/uzbek da o‘qing)
Nomi oshkor qilinmagan manba
Видео тагсўзи, Теҳронда ҳукуматга қарши намойишларга чиққан оламон

Ушбу "суратлар тақдимоти" соатлаб давом этган.

Айрим қурбонларнинг юзлари жароҳатлар сабаб таниб бўлмайдиган аҳволда бўлган.

Манбалардан бирига кўра, бир инсоннинг юзи шу қадар шишиб кетганки, унинг кўзларини кўриш имконсиз бўлган.

Яна бир қурбон оғзида нафас олиш найчаси билан суратга олинган. Афтидан у тиббий ёрдам кўрсатилаётган пайтда вафот этган.

Айрим қурбонлар шунчалик оғир жароҳат олганки, уларнинг яқинлари суратларни яна бир бор кўрсатишни ва юз қисмини яқинлаштириб кўришни сўрашган. Манбаларга кўра, улар шу йўсин ўз яқинларини таниб олишга уринишган.

Баъзан суратларни таниб қолган қариндошлар ўша ердаёқ ҳушдан кетишган, йиғлашган ва қичқириб юборишган.

Кўплаб суратларда жасад солинган қоплар очиқ ҳолда бўлган. Қоп ёнида уларнинг исми, ID рақами ёки ўлим санаси ёзилган қоғозлар қўйилган.

Кўплаб суратларда жасад солинган қопнинг оғзи очиқ бўлиб, юз қисми яқинига исм, ID рақами ёки ўлим санаси ёзилган қоғозлар қўйилган..

Баъзан эса, қоп устига фақат банк картаси қўйилган, бу марҳумга тегишли сўнгги буюм бўлган.

BBC Verify ўша ўликхонадан олинган видеоларни ҳам алоҳида тарзда тасдиқлади. Ушбу видеолар намойишчиларга нисбатан қўлланилган зўравонликни кўрсатади.

Видеолардан бирида боланикига ўхшаган жасад кўринади, яна бирида эса пешонасида ўқ изи бўлган эркакнинг танаси акс этган.

Икки видеони ҳам кўрсатишнинг имконсиз, чунки тасвирларда ўта шафқатсиз манзара акс этган.

Айрим эронликлар хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган инсонлар исмларини интернетга уланиш имкон топилган камдан-кам пайтларда, Starlink орқали ёки қўшни мамлакатлар тармоқларидан фойдаланган ҳолда ижтимоий тармоқларда эълон қилиб келишмоқда. Бироқ бу камдан кам рўй берадиган ҳолат.

Биз ўликхонада аниқланган қурбонлар исмларини ижтимоий тармоқларда ўлим ҳақида хабар қилинган постлар билан солиштирдик ва бешта мосликни топишга муваффақ бўлдик.

Бироқ марҳумлар оилалари билан боғланиш имконимиз бўлмагани учун уларнинг исмларини ошкор этолмаймиз.

BBC Verify 28 декабрдан бери Эрон бўйлаб авж олган ҳукуматга бўйлаб ҳукуматга қарши намойишларни текширувдан ўтган видеолар орқали кузатиб келмоқда.

Таҳлилларга кўра, намойишлар камида 71 та шаҳар ва аҳоли пунктларига тарқалган.

Аммо намойишлар ўтган ҳудудлар ҳақиқий сони катта эҳтимол билан бундан анча кўп.

Starlink орқали юклашга муваффақ бўлинган камсонли тасвирларда кўчаларда қолиб кетган ёндирилган автомобиллар кўринади. Шу билан бирга, тасдиқланган видеоларда намойишлар пайтида Теҳрон атрофида ўқ овозлари ҳам қайд этилган.

Интернетнинг ўчирилиши намойишлар оқибатидаги ҳалок бўлганлар сонини тўлиқ ҳужжатлаштиришни жуда қийинлаштирди.

АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги (HRANA) ҳисоб китобларига кўра, ўлганлар сони 4 минг нафардан ошган.