Доналд Трампга Эронда 'қатллар тўхтатилгани' айтилди

Видео тагсўзи, Трамп Эронда "қатллар тўхтади", демоқда. Видео инглиз тилида
    • Author, Табби Уилсон
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Доналд Трампга кўра, унга "Эрондаги қатллар тўхтагани" айтилган. Бироқ АҚШ президенти ҳукуматга қарши намойишлар зўравонлик билан бостирилгани учун Эронга қарши ҳарбий усулда чора кўриш эҳтимолини рад этмади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, бутун мамлакат бўйлаб ўтган норозилик намойишларини куч билан бостириш жараёнида 2400 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Трампнинг баёноти чоршанба куни берилди. Бундан олдин АҚШ ва Буюк Британия Қатардаги Ал-Удейд базасидан баъзи ходимларини олиб чиққанди. Расмийлар буни хавфсизлик учун қилинган эҳтиёт чораси эканини айтишди.

Эрон ҳаво ҳудуди тун давомида беш соатга яқин деярли барча парвозлар учун ёпилди. Бир нечта авиакомпаниялар парвозларини Эрон ҳаво ҳудудини айланиб ўтиб амалга оширишини эълон қилди.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Теҳрондаги Британия элчихонасини вақтинча ёпганини маълум қилди. Ҳукумат вакилининг айтишича, элчихона энди масофадан туриб ишлайди.

Бундан олдин Трамп, агар Эрон ҳукумати намойишларда иштирок этган инсонларни қатл этса, "жуда қаттиқ чоралар" кўрилиши билан таҳдид қилганди. Бу ҳақда у намойишлар кескин босқичга чиққан пайтда ҳибсга олинган 26 ёшли йигитга ўлим жазоси чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалиши ортидан гапирганди.

Эрфон Султонийни чоршанба куни қатл этилиши режалангани борасида унинг оила аъзолари BBC News Форс хизматига маълум қилишган. Кейинроқ эса, улар Норвегияда жойлашган курд инсон ҳуқуқлари ташкилоти Hengaw'га унинг қатли кейинга қолдирилганини айтишган.

Пайшанба куни Эрон давлат матбуоти Султоний намойишлар пайтида ҳибсга олинганини тасдиқлади, аммо унга ўлим жазоси чиқарилганини рад этди.

Оқ уйдан туриб гапирган Трамп унинг маъмуриятига "ишончли манбалар орқали" Эронда "қотилликлар тўхтаётгани ва қатл режалари йўқлиги" ҳақида маълум қилинганини айтди.

Журналистнинг саволига жавоб берган Трамп, "қарши томондаги жуда муҳим манбалар" уни бу воқеалардан бохабар қилганини айтган ва маълумотлар ҳақиқат бўлишига умид билдирган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Маълум қилинишича, Эрон расмийлари Султонийнинг оиласига унинг иши ҳақида қўшимча маълумот беришмаган. Расмийлар фақат унинг норозилик намойиши билан боғлиқ ҳолда ҳибсга олинганини билдириш билан чекланишган.

Кийим-кечак дўкони эгаси бўлган Султоний ўтган ҳафта Теҳрон ғарбида жойлашган Фардис шаҳрида қўлга олинган.

Эҳтимолий қатллар ҳақидаги хабарларга муносабат билдирган Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи "осиш эҳтимолдан ташқари" эканини айтиб, "бугун ҳам, эртага ҳам қатл ижро қилинмайди", деб таъкидлаган.

Fox News телеканалига интервю берган Арағчи АҚШ президентини июн ойида қилинган хатони такрорламасликка чақирган ва "муваффақиятсиз тажриба яна такрорланса, натижаси ҳам худди шундай бўлади", деб айтган.

2025 йил июн ойида АҚШ Теҳрон ядровий қурол яратиши мумкин, деган хавотирлар сабаб Эрондаги учта ядровий иншоотни бомбалаган эди.

Эрон миллий валютасининг қулашига қарши дастлабки намойишлар декабр ойи охирида бошланган. Аммо тез орада норозиликлар Эрондаги диний раҳбариятнинг легитимлигини савол остига олган кенг қамровли инқирозга айланиб кетган.

Теҳрондаги Британия элчихонасининг вақтинча ёпилишига қўшимча равишда, АҚШнинг Саудия Арабистонидаги миссияси ўз ходимлари ва фуқароларини минтақадаги ҳарбий объектларга боришда эҳтиёткорликни кучайтириш ва зарур бўлмаган сафарларни чеклашга чақирган.

Эрон ҳаво ҳудудини айланиб ўтишга оид огоҳлантиришлар

Италия ва Полша ўз фуқароларини Эронни тарк этишга чақирган баёнотлар эълон қилди. Германия эса парвозларни Эрон ҳаво ҳудудига кирмасликка чақириб, бунга сабаб сифатида низонинг кучайиб бораётгани ва авиацияга қарши қуроллар хавфини кўрсатган.

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси алоҳида баёнот бериб, қўшимча огоҳлантириш берилгунига қадар унинг парвозлари Эрон ва Ироқ ҳаво ҳудудидан ўтмаслигини тасдиқлаган.

Айни манзарада Ўзбекистон ҳаво йўллар - Uzbekistan Airways ҳам ўз йўналишини ўзгартиргани ҳақида маълум қилинган. Ҳозирга келиб эса, Эрон ҳаво ҳудуди қайта очилгани хабар қилинмоқда.

АҚШнинг Доҳадаги элчихонаси ўз ходимларига эҳтиёткорликни кучайтириш ва Қатардаги Ал-Удейд ҳарбий ҳаво базасига зарур бўлмаган сафарларни чеклашни тавсия қилган. Қатар ҳукумати эса ўз навбатида фуқаролари ва мамлакатда яшовчилар хавфсизлигини таъминлаш учун "барча зарур чоралар кўрилишини" маълум қилган.

Ал-Удейд Яқин Шарқдаги энг йирик АҚШ ҳарбий базаси бўлиб, у ерда тахминан 10 минг нафар америкалик ҳарбий, шунингдек 100 га яқин британиялик ходим хизмат қилади. Қанча ходим базани тарк этиши ҳозирча аниқ эмас.

Ал-Удейд ҳарбий ҳаво базасининг ҳаводан олинган тасвирида аэродромда қаторлаб турган самолётлар кўринади, база эса атрофи чўл билан ўралган.

Сурат манбаси, TSGT Scott Reed, USAF

Сурат тагсўзи, Ал-Удейд - АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий базаси.

Трамп ҳозирча Эрон раҳбари Хоманаийга қарши чиққан одамларни қўллаб-қувватлашда эҳтиёткор ёндашмоқда. У чорашанба куни Reuters га берган интервюсида, бу иш учун ҳали вақти келмаганини айтган.

Эроннинг сўнгги шоҳи ўғли, муҳожирликда яшаётган мухолифат вакили Ризо Паҳлавийни қўллаб-қувватлаши мумкинми, деган саволга жавоб берган Трамп, унинг раҳбарлигини эронликлар қабул қиладими-йўқми, билмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, агар эронликлар Паҳлавийни қабул қилса, бу АҚШ учун муаммо бўлмайди.

Трамп шунингдек, Паҳлавий ҳақида: "У яхши инсонга ўхшайди, аммо у ўз мамлакатининг ичида қандай қабул қилиниши номаълум", дея қўшимча қилган.

Уч ҳафтадан ортиқ вақт олдин бошланган намойишлар давомида кўплаб эронлик намойишчилар Паҳлавийнинг қайтиб келишини талаб қилишган. Бироқ мамлакат ичида уни қўллаб-қувватловчилар қанчалик кўп эканини аниқлаш қийин.

Трамп, шунингдек, намойишлар туфайли Эрон ҳукумати қулаши мумкинлигини айтган, бироқ "ҳар қандай режим ҳам қулаши мумкин", деб қўшимча қилган.

Ўтган пайшанба кунидан буён Эрон бўйлаб интернет ўчириб қўйилган. Бу ҳукуматга қарши намойишларни қаттиқ бостириш чоралари кучайтирилган пайтда жорий этилган.

BBC ва бошқа кўплаб халқаро ОАВлар ҳозирча Эрон ичида фаолият қилолмайди. Бу эса маълумот тўплаш ва уни текширишни қийинлаштирмоқда.

АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари янгиликлар агентлиги (Human Rights Activists News Agency - HRANA) нинг маълум қилишича, ҳозиргача 2435 нафар намойишчи, шу жумладан 13 нафар бола нобуд бўлгани тасдиқланган. Ташкилот яна 882 та ўлим ҳолати ҳали текширувда эканини билдирган.