Ўзбекистон. Янгиликлар: Жаҳон бозори, Европага энг қисқа йўл, газ, бензин ва ўзбеклар... - Ўзбекистон Туркманистонга янада яқинлашмоқчи O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

O'zbekiston va Turkmaniston prezidentlari

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги янги декларация ташрифнинг асосий кунида, шу соатларда имзоланган

Шавкат Мирзиёев Сардор Бердимуҳамедов билан стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзолади. Аксарият минтақавий таҳлилчилар эса, айнан Ўзбекистон учун стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Туркманистонни шу пайтгача унинг асосий стратегик шериги сифатида кўришмаган.

Алоқадор мавзулар:

Сардор Бердимуҳамедов шу йилнинг март ойида бўлиб ўтган сайлов ортидан Туркманистон президенти лавозими ижросига киришган, бунгача отасида бўлган бу амал курсисини эгаллаган.

Ўзбекистон Сардор Бердимуҳамедов Туркманистоннинг янги президенти сифатида борган илк хорижий давлатлардан бири бўлган.

Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга сафари унинг Ўзбекистонга давлат ташрифидан олти ой ўтиб, амалга ошган.

Ўзбекистон президенти Сардор Бердимуҳамедовнинг таклифи билан Туркманистонга ўзининг икки кунлик расмий ташрифини кеча, 20 октябрь куни бошлаган.

Prezidentlar

Сурат манбаси, .

Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги янги декларация ташрифнинг асосий кунида, шу соатларда имзоланган.

Янгилик икки қўшни давлат президентларининг олий даражадаги музокаралари ортидан олинган.

Ташриф арафасида расмий Тошкент Туркманистон билан кўп қиррали ҳамкорликларини ҳам бундан-да кенгайтириш ниятида эканликларини маълум қилган.

O'zbekiston va Turkmaniston prezidentlari

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Туркманистон президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик сиёсати ва янгича минтақавий дипломатиясининг марказида турган стратегик жиҳатдан муҳим давлатлардан бири

Аҳолиси минтақада энг каттаси бўлган ва қўшимча энергия захираларига ҳар қачонгидан кўра чанқоқ Ўзбекистон сўнгги йилларда Туркманистон билан ўзаро алоқаларини янада кучайтириш ҳаракатида.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг яхши қўшничилик сиёсати ва янгича минтақавий дипломатиясининг марказида турган стратегик жиҳатдан муҳим давлатлардан бири.

Икки давлат ўртасида сув хўжалиги масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги янги битим ҳам Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, 2017 йилда имзоланган.

Амударё сувидан фойдаланиш борасида шартнома ҳам амал қилади.

Туркманистон Қозоғистон билан бирга Марказий Осиёнинг табиий энергия захираларига бой иккита давлатидан биттаси бўлади.

Табиий газининг кўплиги бўйича дунёда юқори ўнталикка киради.

2019 йилги куз-қиш мавсумида айнан Туркманистон Ўзбекистонга бир йилга фавқулодда электр энергияси етказиб бериб, юзага келган энергетика бўҳронини енгиллатишга кўмак қилган минтақа давлати сифатида ҳам ўртага чиққан.

Газ тақчиллиги янада актуаллик касб этган бир паллада, жорий мавсумда ҳам Ўзбекистоннинг Туркманистон биржаларидан ёқилғи маҳсулотлари сотиб олганини туркман томони расман маълум қилган.

Ashxobod

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркманистон Қозоғистон билан бирга Марказий Осиёнинг табиий энергия захираларига бой иккита давлатидан биттаси бўлади

Туркманистон Каспий денгизига ҳам чегарадош. Минтақа давлатлари, жумладан, денгизга йўли икки карра ёпиқ Ўзбекистонга энг қисқа йўл билан Европа - Жаҳон бозорига чиқиш имконини бера олиши мумкин бўлган мамлакат.

Аммо Марказий Осиёнинг расман мавқеи нейтрал ва ҳануз виза тизими амалда бўлган давлати.

Расмий хабарларга кўра, Туркманистон пойтахтида "Тошкент" боғининг очилиши, "Хоразм - Тошовуз" чегараолди савдо маркази қурилишининг бошланиши ҳам ташрифнинг муҳим воқеалари бўлади.

Ўзбеклар Қозоғистон истисно қолган барча Марказий Осиё давлатларида энг катта миллий озчиликни ташкил этишади.

Туркманистонда аниқ қанча ўзбек яшашига оид ишончли маълумотлар имконли эмас.

Аммо улар Туркманистон аҳолисининг 10 фоизга яқинини ташкил этишлари тахмин этилади.

Маҳаллий ўзбеклар асосан мамлакатнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ҳудудларида яшаб келишади.

Туркманистон минтақанинг аҳолиси энг кичик давлати бўлади, 2019 йилги имконли бўлган маълумотларда сони 6 миллионга яқин экани айтилади.

Туркманистон четда "дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири" сифатида кўрилади.

Аммо Туркманистон қисқа вақтнинг ичида ўзининг янгича минтақавий ташқи сиёсати билан дунёга танилган президент Шавкат Мирзиёев энг кўп сафар қилган минтақа давлатларидан биттаси бўлади.

Виза, чегара ва бошқа масалалар

Turkmaniston

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Туркманистон Каспий денгизига ҳам чегарадош. Минтақа давлатлари, жумладан, денгизга йўли икки карра ёпиқ Ўзбекистонга энг қисқа йўл билан Европа - Жаҳон бозорига чиқиш имконини бера олиши мумкин бўлган мамлакат

Виза, чегара масаласи эса, президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга устма-уст ташрифлари ортидан аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортган энг асосий саволлардан бири бўлади.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2018 йил март ойидаги давлат ташрифи ортидан, Ўзбекистон президенти Туркманистон билан ўрталарида ҳал этилмаган бирор бир масала қолмаганини баён қилган.

Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Тошкентда бўлиб ўтган бу мулоқотлар натижасидан мамнун эканини изҳор этган.

Аммо буларнинг барчаси манзарасида "ҳал этиб бўлинган ҳамма масалалар" сирасига виза ва чегара муаммосининг ҳам кириш-кирмаслигига оид савол очиқ қолган.

Ўзбек-туркман чегарасининг, йилларки, ёпиқ қолаётгани ҳар икки давлат чегараолди аҳолисининг жиддий шикоятларига сабаб бўлиб келган.

Икки давлат чегараолди ҳудудлари аҳолиси учун визасиз уч кунлик ўтиб-қайтиш тартиби ҳам амал қилган.

Орада бу тартибнинг ортиқ кучда эмаслигига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Аксарият минтақавий таҳлилчилар шу пайтгача Туркманистонни ҳалича Ўзбекистоннинг минтақадаги асосий стратегик шериги сифатида кўришмаган.

Туркманистон Ўзбекистон учун яна хавфсизлик нуқтаи назардан муҳим, Ўзбекистонга ўхшаб ҳозир Толибон қудратга қайтган Афғонистонга чегарадош.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон раҳбариятини биринчи навбатда туркман-афғон чегарасидаги вазият ташвишга солади.

Туркманистон Қуролли кучларининг қанчалик жанговарлиги минтақавий экспертларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келаётган воқеълик экани кўрилади.

Орада расмий Ашхободнинг сўрови билан Ўзбекистон томони уларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиб берганига оид хабарлар ҳам олинган.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар Туркманистоннинг ички ва ташқи сиёсати ҳозирги Ўзбекистонникидан фарқланиб бораётганини таъкидлашаркан, расмий Ашхободнинг иҳоталаниш, ёпиқлик ва ўз фуқаролари устидан қатъий назоратни сақлаб қолаётгани омилига ўз диққатларини қаратишади.

Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги билан кечган саноқли йилларнинг ўзида Ўзбекистон қолган минтақа давлатлари билан борди-келди ва чегара масаласини деярли ҳал этиб бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek