Мирзиёев Афғонистон борасида нима таклиф берди? Путиннинг Осиёдан умиди каттами? Қиш қаттиқ келади, Ўзбекистон тайёрми? Ўзбекистон ва дунё

Сурат манбаси, official
- Остонада 3 саммит - кимлар келган?
- Мирзиёевнинг Афғонистон борасида таклифи
- Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашув
- Путиннинг Осиёдан умиди каттами?
- Қиш қаттиқ келади, Ўзбекистон тайёрми?
Остонада 3 саммит - кимлар келган?
13-14 октябрь кунлари Қозоғистон пойтахтида учта саммит - Осиёда Ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари саммити ва "Марказий Осиё - Россия" саммити бўлиб ўтмоқда.
Алоқадор мавзулар:
- Украина уруши: Ўзбекистон янги Россия аннексияларини қораламади
- Ўзбекистон. Янгиликлар: Ўзбекистон Қирғизистонга деярли 20 минг гектар ер бериб юбордими? Бу қиш Ўзбекистонда свет ўчмайдими? Қамоқхонада ўзи нима бўлган?
- Украина. Шарҳ: Путин Марказий Осиёни инқироз ёқасида қолдирдими? Россия, Ўзбекистон ва Марказий Осиё
- Ўзбекистон: Вазирлик квартирадан ҳайдалаётган ижарачиларга эслатма берди, Тошкентда тўрт одам ароқдан заҳарланиб вафот этди ва сентябрда қанча россиялик келган?
Айни пайтда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Қатар Амири Шайх Тамим бен Хамад Ал Таний, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь Президенти Александр Лукашенко Остонада бўлиб турибдилар.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши 1992 йилда Қозоғистон ташаббуси билан ташкил этилган давлатлараро форумдир.
Унинг фаолияти мулоқот, қарорлар қабул қилиш ва Осиёда хавфсизлик чораларини амалга ошириш учун шароит яратишга қаратилган.
Минтақанинг 27 та давлати кенгаш аъзоларидир.
Форумда саккиз давлат ва беш халқаро ташкилот кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.
Икки кун давомида ўтказиладиган саммитлар кун тартибига ўзаро савдони кўпайтириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, самарали транспорт коммуникацияларини шакллантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари киритилган.
Президент Мирзиёев нималар деди?
Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI-саммитида Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президенти Матбуот хизмати берган хабарга кўра, давлат раҳбари ўз нутқида ўтган давр давомида ушбу тузилма хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенг ва очиқ мулоқот учун муҳим майдон сифатида ўзининг ғоятда зарур эканлигини кўрсатганини таъкидлади.
Ўзбекистон форумни трансформация қилиш масаласи бўйича қўшма фаолиятда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.
"Бугун биз халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишончнинг мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буларнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорлик асосларига путур етказмоқда, можароларнинг авж олишига сабаб бўлиб, глобал иқтисодиётда тизимли узилишларга олиб келмоқда.
Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда", деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Афғонистонга эътибор
Ўзбекистон президенти Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилаётганига урғу берган.
"Афсуски, бошқа ўткир халқаро муаммолар қалқиб чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда. Ўттиз йил муқаддам ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмайди", - деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарига кўра, Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур.
"Афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва глобал даражада амалий чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш лозим. Бунинг учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз", - Шавкат Мирзиёев нутқидан иқтибос келтиради Президент матбуот хизмати.
Президентлар учрашувлари

Сурат манбаси, official
Ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ҳамкор мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама музокаралар ҳам ўтказади.
Жумладан, бугун Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, икки давлат раҳбарлари учрашувида кенг кўламли стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилган.
"Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва янги ишбилармонлик ташаббусларини амалга ошириш, Туркия етакчи компанияларининг мамлакатимиздаги давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнидаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди. Фаол гуманитар алмашинувларни, энг аввало, маданият ва таълим соҳаларида давом эттириш муҳимлиги қайд этилди", - дейилади баёнотда.
Шунингдек, президентлар жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилишган ва вазирларнинг "Ўзбекистон-Туркия-Озарбайжон" форматидаги мунтазам учрашувлари доирасида самарали мулоқотни кенгайтиришга келишиб олинган.
Путиннинг Осиёдан умиди каттами?
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашга аъзо давлатларнинг Остона шаҳрида (Қозоғистон) ўтказилган VI саммитида Россия Президенти Владимир Путин ҳам сўзга чиққан.
"Глобал сиёсатда жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда, дунё чинакам кўп қутбли бўлиб бормоқда, Осиё асосий рол ўйнай бошлади, бу ерда янги куч марказлари кучайиб бормоқда», - Владимир Путиндан иқтибос келтиради Россия нашрлари.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия Осиёнинг ривожланиши ва гуллаб-яшнаши тарафдори, деб ёзади Россия ҳукуматига қарашли «РИА-Новости».
Нашр Владимир Путиннинг мазкур йиғилиш ва бошқа ҳудудий ташкилотлар энергия ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши билан боғлиқ бир қатор муаммоларни ҳал қилишлари кераклигини таъкидлаганини билдирган.
"Россия озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш учун етказиб бериш занжирларининг нормал ишлашига тўсқинлик қиладиган барча сунъий тўсиқларни йўқ қилишга чақиради, дея тушунтирди Владимир Путин", дейилади хабарда.
Шунингдек, Россия президенти молиявий суверенитетни мустаҳкамлаш учун ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фаолроқ фойдаланишга чақирган.
Қиш қаттиқ келадими?

Сурат манбаси, Fergana.ru
Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази мамлакатда 2022-2023 йилларнинг қиш мавсуми борасида маълумотларини эълон қилди.
"Бу йилнинг қиш мавсуми учун тузиладиган прогноз ҳақида сўзлашишга ҳали жуда эрта, аммо иқлим маълумотлари таҳлили ва етакчи жаҳон марказлари томонидан 2022-2023- йилларнинг қиш мавсуми учун тузилган дастлабки ҳисобларига кўра, қиш мавсуми ўртача кўп йиллик қийматлари атрофида ва ундан бироз кўп ва ёғингарчилик тақчиллиги бўлиши кутилмоқда", - дейилади Гидромет хабарида.
Шунингдек, маълумотда Ўзбекистонда кутилаётган қиш мавсуми давомида совуқ об-ҳаво даврларида ҳарорат 5-10 даражагача совуқ, шимолда эса 15-20 даражагача совуқнинг пасайиши эҳтимолдан ҳоли эмас, бу қиш ойлари учун иқлим меъёридан 5-8 даражага паст эканлиги маълум қилинган.

Сурат манбаси, RFE/RL
Ўзбекистонда бу йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун 2 трлн сўмга яқин маблағ ажратилиши хабар қилинган эди.
Ҳукумат 23 сентябрда "Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган қарор қабул қилган.
Ҳужжатда электр, газ, сув таъминоти, иссиқлик энергияси, кўмир, суюлтирилган газ ва бошқалар билан таъминлашни назарда тутувчи иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланган.
Ушбу вазифаларни бажариш учун 1,99 трлн сўм маблағ ва 71,68 млрд сўм бошқа манбалардан йўналтириш режалаштирилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















