Украина. Шарҳ: Путин Марказий Осиёни инқироз ёқасида қолдирдими? Россия, Ўзбекистон ва Марказий Осиё Rossiya Putin Yangiliklar

Дордой бозори

Фуқаролари 20 йилдан кўпроқ вақт давомида Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлаган Марказий Осиё давлатлари қочиб келаётган россияликлар оқими фонида жиддий мигрантлар инқирози ёқасида қолмоқда, дейилади Foreign Policy журналида эълон қилинган мақолада.

Таниқли журналда чоп этилган миграция ва муҳожирлар ҳуқуқлари бўйича тадқиқотчи Ян Матусевич қаламига мансуб мақолада президент Владимир Путин эълон қилган "қисман" ҳарбий сафарбарлик ортидан жанг қилишга яроқли юз минглаб россиялик эркакларнинг қочиб келиши Марказий Осиёдаги шундоқ ҳам мураккаб ижтимоий вазиятга қандай таъсир кўрсатаётгани таҳлил қилинади.

Алоқадор мазвулар:

"Аввал марказий осиёликлар, энди россияликлар"

Ян Матусевич президент Путиннинг "қисман" сафарбарлиги юз минглаб россияликларни фуқаролари 20 йилдан кўпроқ вақтдан бери Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлашга маҳкум қолган Марказий Осиё давлатлари томон қочишга мажбур қилганини ёзади.

Қозоғистон Марказий Осиёда Россия фуқаролари оқимини ўзига энг кўп қабул қилган давлатга айланган - ҳафта бошида мамлакат расмийлари 200 минг нафардан ортиқ россияликлар чегарадан ўтиб келганини маълум қилган.

Шунингдек, кўплаб россияликлар Қозоғистон орқали Қирғизистонга ўтгани хабар қилинган.

"Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕИИ)га аъзо мамлакат фуқаролари ўлароқ россияликлар маҳаллий миграция марказларида рўйхатдан ўтиш шарти билан ҳар иккала давлатда ишлаш ва яшаш ҳуқуқига эгалар. Рўйхатга олиш бўйича статистика маълум қилинганда бу оқимнинг кўлами янада аниқроқ намоён бўлади, аммо шуниси аниқки, Марказий Осиё аллақачон кутилмаган рус миграцияси инқирозига дуч келиб бўлди", дейилади Foreign Policy журналида 4 октябрь куни эълон қилинган мақолада.

Иккинчи тўлқин

Россиянинг Украинага ҳужум қилишининг илк ойларидаёқ ноаниқ келажакдан қочган ўн минглаб россияликлар Марказий Осиёга кириб келган эди.

Бироқ мақола муаллифи "қисман" сафарбарлик эълон қилинган 21 сентябрдан сўнг ўз юртидан қочиб чиққан россияликлар мутлақо бошқа ижтимоий қатламларга мансуб эканини таъкидлайди.

"Биринчи тўлқиндаги россияликлар ўзларини юқори технологиялар соҳасида компаниялар томонидан хорижга кўчирилган ходимларни англатувчи "релокантлар" атамаси билан атаган эдилар. Сиёсий диссидентларни ҳисобга олмаганда, урушнинг илк олти ойида чиқиб кетганларнинг аксарида Туркия, Грузия, Арманистон ҳамда ҳаёт даражаси пастроқ бўлган Марказий Осиё каби ҳудудларга оиласи ва бизнесларини ортиқча қийинчиликсиз кўчириб бориш учун ижтимоий капитал ва молиявий ресурслар етарли эди", дея ёзади Матусевич.

Ушбу ҳолат Ўзбекистонда ҳам кузатилган - сентябрь ойида Тошкентдаги IT-Park февралдан бери мамлакатга 6 минг нафарга яқин юқори малакали мутахассислар кўчиб келганини маълум қилган.

Foreign Policy мақоласида билдирилишича, эндиликда, россиялик қочқинлар билан боғлиқ манзара ўзгармоқда.

"Юқори технологиялар соҳасидаги нисбатан бадавлат юртдошларидан фарқли ўлароқ яқинда сафарбарликдан қочиб келганларнинг катта қисми хавфли молиявий шароитда қолмоқда. Сибирнинг кичик шаҳарлари, Урал ва Узоқ Шарқдан қочиб чиққан бу ёш йигитлар Қозоғистон чегарасини битта чамадондан ҳам кам юк, аниқ бир малака ёки тажрибасиз пиёда кесиб ўтдилар", дея ҳолатни тасвирлайди муаллиф.

Оловга сепилган мой

Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон россиялик қочқинлар учун ўз чегараларини ёпмаган.

Бир вақтнинг ўзида мақола муаллифи юртидан чиқиб кетаётган Россия фуқаролари қочқин мақомидами ёки йўқ, деган саволни ўртага ташлайди.

"Украина халқининг Россия ҳарбийлари қўлида азоб чекаётгани ҳисобга олинса, хорижга қочаётган россияликларга нисбатан дунё бўйлаб ачиниш ҳисси у қадар бўй кўрсатмаётгани тушунарли ҳолат. Мазкур россияликларга қочқин ўлароқ муносабатда бўлиш кайфияти ҳам юқори эмас. Шунга қарамай, БМТнинг 1951 йилдаги Қочқинлар бўйича конвенциясида уруш жиноятлари ва тажовузкор амалларни содир этишни истамай, ҳарбий хизматдан бўйин товлаганлар ҳам қочқин сифатида кўрилади. Бироқ айрим давлатлар томонидан расман қочқин ўлароқ тан олинадими-йўқми, Россияда репрессиялар кучаяр ва сафарбарлик давом этар экан, хорижга вақтинча ихтиёрий сургунликка кетишни афзал билган бу инсонлар янада қийин вазиятда яшашга маҳкумдирлар".

Келаётган хабарлар россиялик қочқинларнинг Ян Матусевич тилга олган абгор шароитга аллақачон тушиб қолганидан дарак бермоқда.

Қозоғистонлик фаоллар мамлакатда ижара нархларининг қимматлашиб кетгани ва турар-жой танқислиги юзага келгани ортидан Россия билан чегарага яқин шаҳарларда кинотеатрлар, масжидлар ва бошқа ижтимоий объектлар қочқинлар учун вақтинчалик бошпаналарга айлантирилгани ҳақида ёзган.

Вақтинчалик бошпана топиш Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам мушкул вазифага айланган.

Foreign Policy мақоласида мазкур мураккаб вазиятдан, энг аввало, маҳаллий аҳоли азият чекаётгани тилга олинади.

"Марказий Осиёнинг кўплаб шаҳарлари виждонсиз уй эгалари ижара нархларини бир кечада икки, ҳатто, уч баробарга ошириб юбориши туфайли турар-жой инқирози ёқасига келиб қолди. Олма ота ва Бишкекда ижара учун ўртача маҳаллий маошдан икки баробар қиммат нарх тўлашга тайёр аросатда қолган россияликлар учун уйларни мажбуран бўшатиш йўлида маҳаллий ижарачиларнинг кўчага қувиб солинаётгани ижтимоий норозиликни кучайтириб юбормоқда".

Ян Матусевич Тожикистон билан ҳарбий тўқнашув асоратларидан эндигина оёққа тураётган Қирғизистонда вазият, айниқса, таранг эканини ёзади.

"Россияликлар оқимидан аввал ҳам Қирғизистоннинг йирик шаҳарлари ҳарбий зиддият туфайли вақтинчалик кўчишга мажбур бўлган минглаб маҳаллий аҳоли билан тўлиб тошган эди. Оловга мой қуйгандек, кўплаб қирғиз меҳнат мигрантлари Россиядан қайтмоқда ва аллақачон тўйиниб бўлган уй-жой бозорига ортиқча юк бўлган ҳолда, пойтахт Бишкекка кўчиб ўтмоқда".

Қалтислашган вазият

Урушдан қочиб янги жойга кўчиш машаққатлари ва уй-жой муаммоси россиялик қочқинлар юзлашаётган ягона қийинчилик эмас.

Европанинг бир қатор давлатлари қочиб келаётган россияликларни қучоқ очиб кутиб олмаслигини аллақачон расмий даражада очиқ айтиб чиққан.

Foreign Policy журналида чоп этилган мақола муаллифи ҳам россиялик қочқинлар йиллар давомида рус жамиятида "таҳқирлаш, ирқчилик ва дискриминацияга учраб келган Марказий Осиё аҳолиси меҳмондўстлигига умид қилишга мажбур" эканини таъкидлайди.

"Меҳмонга нисбатан ҳурмат миллий қадриятнинг бир қисми бўлган минтақада россияликлар хуш қарши олинмоқда. Бир вақтнинг ўзида, айрим марказий осиёликлар орасида ўзларининг собиқ мустамлакачиларига кўмак қўлини чўзишга нисбатан ғазаб ҳисси яққол намоён бўлмоқда. Бишкек ва Тошкентда маҳаллий фаоллар минтақадаги рус империализми ва Совет гегемонияси тарихига бағишланган маданий тренинглар ҳамда оммавий маърузалар ўтказиш заруриятига урғу бермоқдалар. Бундай ташаббуслардан россияликларни ўз мамлакати ўтмиши ҳақида танқидий фикрлашга ундаш ва рус жамиятида Марказий Осиёга оид кенг тарқалган айрим нотўғри қарашларни бартараф этишга йўл очиш мақсад қилинган".

Ян Матусевич омади келган россияликлар бошқа мамлакатларга чиқиб кетиши мумкинлиги, ёш ва малакасиз инсонлар эса Марказий Осиёда қолиб кетишга маҳкум эканини тахмин қилади.

Унинг фикрича, Марказий Осиёда гуманитар инқироз юзага келган ва бунчалик кўп миқдордаги қочқинларга бошпана беришга минтақа давлатларининг ресурси ҳам, инфратузилмаси ҳам етарли эмас.

Мақола муаллифи ушбу вазиятда БМТ ва Халқаро миграция ташкилоти каби йирик ташкилотлар ҳамда Европа Иттифоқи минтақа мамлакатларига кўмак қўлини чўзиши лозимлигини таъкидлайди.

"Дунё қочқинларининг катта қисмига кам ва ўрта даромадли мамлакатлар аллақачон бошпана бериб турган бир пайтда, Марказий Осиёдаги Собиқ Иттифоқ давлатларини қувғинга солинган аҳоли ташвиши билан ёлғиз қолдириб бўлмайди", ёзади Матусевич.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek