Украина уруши: Ўзбекистон янги Россия аннексияларини қораламади O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
БМТ Бош Ассамблеяси жуда кўп овоз билан Россиянинг Украинанинг тўрт ҳудудини аннексия қилишга ҳаракатини қораловчи резолюцияни қабул қилди.
БМТ резолюциясини ёқлаб 143 мамлакат овоз берди.
Қаршилар атиги бешта бўлди - Россия, Беларусь, Шимолий Корея, Сурия, Никарагуа.
Овоз беришда бетараф қолган мамлакатлар 35 та бўлди, улар орасида аксар собиқ Совет республикалари, жумладан, Ўзбекистон ҳам бор.
Алоқадор мавзулар:
БМТ резолюцияси халқаро ҳамжамиятни Россиянинг аннексия даъволарини тан олмасликка чақиради ва "зудлик билан бекор қилишни" талаб этади.
Президент Володимир Зеленский Украинани қўллаб-қувватлаган мамлакатларга ўз миннатдорлигини изҳор этди.

Сурат манбаси, Twitter
"Дунё ўзининг сўзини айтди: Россиянинг аннексия ҳаракатлари ҳеч нарсага арзимайди ва озод миллатлар томонидан ҳеч қачон тан олинмайди", деб ёзди ўзининг Твиттердаги саҳифасида Зеленский ва Украина "ўзининг баоча ерларини қайтаради", дея қўшимча қилди.
АҚШ Президенти Жо Байден БМТдаги ушбу овоз бериш "Москвага аниқ сигнал" деб айтди.
Россия Украинанинг Луҳанск, Донецк, Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳудудларини ўзига қўшиб олиш қарорини қабул қилди, бунга гўёки яқинда икки жанубий ҳудудда ўтказилган референдумлардаги овоз беришлар асос бўлди.
Россия Украинанинг Қрим ярим оролини 2014 йили аннексия қилган.
Россиянинг янги аннексия ҳаракатлари БМТ низоми ва халқаро ҳужжатларга зид амаллардир ва шунинг учун аннексияни қоралаш масаласи БМТ Хавфсизлик Кенгашига олиб чиқилди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун энг масъул орган ҳисобланади.
Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси бор ва улар ҳар қандай масалага вето қўйиш ҳуқуқига эгалар.
АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия доимий аъзоси ҳисобланган Хавфсизлик Кенгашининг муҳокамасига Россия вето қўйди ва аннексияни қоралаш масаласини Бош Ассамблеяга овозга қўйишга мажбур бўлинди.
Жаҳонда Украинага бостириб киргани учун Россияни БМТдаги вето ҳуқуқидан маҳрум этиш чақириқлари ҳам янграмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















