Украина: Қурол остидаги референдум ё Россия нимага эришмоқчи? Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
27 сентябрь - Россия ҳарбий назорати остига олган Украина ҳудудларида ташкиллаштирилган, Киев ва Ғарб мамлакатлари фирибгарлик деб таърифлаган референдумларда овоз беришнинг охирги куни.
Шарқий Донецк ва Луҳанск вилоятлари, шунингдек, жанубий Херсон ва Запорожье вилоятларидан деярли тўрт миллион кишидан сайлов участкаларига бориб, Россияга қўшилиш бўйича референдумда овоз бериш сўралди.
Алоқадор мавзулар:
Бу тўрт кунлик овоз беришларда сайлов расмийлари қуролли қўриқчилар билан уйма-уй юриб, овоз йиққани ҳақидаги даъволар кўпайди.
Бир неча кунлик огоҳлантириш билан ўтказилган овоз беришлар ҳалокатли мақсадга хизмат қилади - Кремль бундан ўзининг босқинчилик мақсадларини қонунийлаштириш учун фойдаланади.
Агар Россия Украина ҳудудининг қарийб 15 фоизини ташкил этувчи бу ҳудудларни ўзлаштириб олса, у урушни янги ва хавфли даражага олиб чиқиши мумкин, яъни Москва Украинанинг уларни қайтариб олишга бўлган ҳар қандай уринишини ўз суверен ҳудудига ҳужум сифатида кўрсатади.
"Қурол остида"
Бу қуроллар овоз берганингизда сизни ҳимоя қилиш учунмиди ёки мажбурлаш учун? Охирги кунларда сайлов комиссиялари вакиллари, аскарлар ҳамроҳлигида уларнинг эшигини тақиллатганида, бу савол одамларни ўйлантирди.
Луҳанск вилоятининг сургундаги губернатори Сергей Гайдай маҳаллий айирмачи ҳокимиятни Россияга қўшилишга қарши овоз берган ёки умуман овоз беришдан бош тортган одамларнинг исмларини ўчиришда айблади.
"Босқинчи кучлар вакиллари сайлов қутилари билан хонадонма-хонадон юрибди, - дейди у Reuters агентлиги келтирган иқтибосда. - Шу яширин овоз беришми?"
Associated Press ахборот агентлиги билан алоҳида суҳбатда у руслар бу жараёндан аскар сифатида сафарбар қилиниши мумкин бўлган эркакларнинг уйларини тинтиш, шунингдек, "барча шубҳали ва украинапараст нарсаларни" текшириш учун фойдаланиши мумкин дейди.
Бир аёл BBC News'га ота-онаси Запорожье вилоятининг Мелитополь шаҳрида қандай овоз бергани ҳақида гапириб берди.
Унинг айтишича, икки маҳаллий "ҳамкор" икки рус аскари билан уларнинг квартирасига имзо қўйдириш учун бюллетень олиб келган.

Сурат манбаси, Getty Images
"Отам [Россияга қўшилишга] рози бўлмади, - дейди аёл. - Онам ёнимда туриб, «йўқ» деса нима бўлишини сўради. Улар: "Ҳеч нарса", дейишди. Онам энди руслар уларни қувғин қилишидан хавотирда".
Запорожье атом электр станцияси жойлашган Энергодар шаҳридан яна бир аёл Би-би-сига шундай деди: "Сиз оғзаки жавоб беришингиз керак, аскар эса жавобни вараққа белгилаб қўяди ва уни сақлаб қолади".
Украиналик журналист Максим Эристави унинг оиласи Украина жанубида "қурол билан овоз беришга мажбурланган"и ҳақида твит ёзди.
"Улар сизнинг уйингизга келишади, - деб ёзади у. - Россия томонидан аннексия қилиниш(ёки ўлимни бўйнингизга олиб Украина билан қолиш) катагига белги қўясиз. Ва буларнинг барчаси қуролли шахслар назорати остида бўлади."
Овоз бериш бошланишидан бироз олдин Херсонни тарк этган Петро Коберник AP агентлигига телефон орқали шундай деди: "Вазият тез ўзгармоқда, одамлар ўзларига ё Россия ҳарбийлари, ёки украиналик партизанлар ёки олға бораётган Украина қўшинлари томонидан зарар етишидан қўрқишади".
Қоғоздаги овоз
Сайлов бюллетенларидаги саволлари (рақамли овоз беришсиз) минтақага қараб фарқ қилади.
Чунки россияпараст бўлгинчилар 2014 йилдан бери тан олинмаган мустақиллик референдумларини ўтказган Донецк ва Луҳанскнинг бир қисмини бошқариб келмоқда.
У ерда сайловчилардан "ўз республикангизнинг федерация субъекти сифатида Россия таркибига киришини қўллаб-қувватлайсизми?" деб сўралган.
Февраль ойида бошланган босқиндан кейин Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Херсон ва Запорожье қисмларида аҳолидан "минтақани Украинадан ажратиб, мустақил давлат яратиш ва кейин Россияга федерация сифатида қўшилишга розимисиз?" деб сўралмоқда.
У ерда бюллетенлар украин ва рус тилларида, шарқий ҳудудларда эса фақат рус тилида чоп этилган.
Россия давлат ахборот агентлиги ТАСС хабарига кўра, овоз бериш муддати "хавфсизлик нуқтаи назаридан маҳаллаларда ва уйма-уй юриш" учун беш кунга узайтирилган.
Энди бутун Россия бўйлаб тарқалган қочқинлар 200 та сайлов участкасида овоз беришлари мумкин.
Овоз бериш Россия ёки Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган хавфсизлик кучлари томонидан қаттиқ қўриқланади ва бу бежизга эмас.
Украина кучлари нафақат руслар ва уларнинг айирмачи иттифоқчиларини шарқ ва жанубга сиқиб чиқармоқда, балки Россия ишғолига алоқадор шахсларга ҳужумлар кучайган.

Сурат манбаси, Reuters
Россия босқинини ҳимоя қилган собиқ Украина депутати Алексей Журавко якшанба куни Херсондаги меҳмонхонага ракета ҳужуми натижасида бошқа бир киши билан бирга ҳалок бўлди.
Хабарларда айтилишича, меҳмонхонада бўлган россиялик журналистлар жабрланмаган.
Запорожье вилоятининг Бердянск шаҳрида референдумдан бир ҳафта олдин шаҳар маъмурияти раҳбари ўринбосари ва унинг шаҳар сайлов комиссиясини бошқарган рафиқаси ҳужум оқибатида ҳалок бўлди.
"Сариқ тўда" деб номланган партизан бўлинмаси аъзолари овоз берган ҳар бир кишига таҳдид қилинган варақаларни тарқатишди ва бошқаларни овоз берганларнинг барчасини кейинроқ овлаш учун фотосурат ва видеоларни юборишга чақиришди, деб хабар беради AP.
Партизанлар Херсон вилоятидаги сайлов комиссиялари раҳбарларининг телефон рақамларини тарқатиб, фаоллардан уларнинг "ҳаётни чидаб бўлмас ҳолга келтиришни" сўраган", дейилади агентлик хабарида.
Украина референдум деб аталмиш тадбирларни ташкил қилган ёки уни қўллаб-қувватлаган ҳар қандай шахс жиноий жавобгарликка тортилишини, агар айбдор деб топилса, 15 йилгача қамоқ жазоси кутилиши мумкинлигини айтди.
Халқаро ғазаб
Ҳатто Москва билан яқин алоқада бўлган ва Россияга қарши санкцияларга қўшилмаган кам сонли Европа давлатларидан бири бўлган Сербия ҳам овоз бериш натижаларини тан олмаслигини айтди.
Ташқи ишлар вазири Никола Селакович бу унинг мамлакатининг "ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни сақлаш ҳамда... чегаралар дахлсизлиги" сиёсатига "бутунлай зид" бўлишини айтди.
Бироқ халқаро қаршиликларга қарамай, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров овозлар минтақалар аҳолисининг "иродаси ифодаси" эканини таъкидлади.
У таъкидладики, агар тўрт ҳудуд Россияга қўшиб олинса, улар ҳам Россиянинг бошқа ҳудудлари каби ҳимояга, жумладан, ядро қуролидан фойдаланган ҳолда ҳимояга эга бўлади.
Оқ Уйнинг айтишича, АҚШ ҳеч қачон "Украина ҳудудини Украинанинг бир қисмилигидан бошқа мақомини тан олмайди".
Оқ Уй фикрича, референдумлар "Украинанинг айрим қисмларини куч билан қўшиб олишга уриниш учун сохта баҳона бўлиб, халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузишдир".
Британия бунга жавобан Россиянинг юқори мартабали амалдорларига, хусусан, овоз беришни мажбуран ўтказишга алоқадор бўлганларга қарши янги санкциялар киритди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














