Украина. Янгиликлар: Путин янада кескин кетди, Зеленский қочиш ва таслим бўлишга чақирди Rossiya Ukraina Putin Yangiliklar

Ukraina prezidenti

Сурат манбаси, .

    • Author, Эльза Майшман
    • Role, BBC News

Путин урушишдан қочганларга жазони икки карра қаттиқлаштирди. Зеленский эса, россияликларга янги даъват ва ваъда билан чиқди. Россияда қисман сафарбарлик давом этмоқда. Дам олиш кунларида яна юзлаб одам ҳибсга олинди.

Алоқадор мавзулар:

Украина президенти таслим бўлганларга инсоний муносабатда бўлишга ваъда берди.

Володимир Зеленскийнинг ваъдаси Путиннинг янада кескин кетиши ортидан янгради.

Россия президенти янги қонунга имзо чекди, урушишдан қочганларга жазони икки катта қаттиқлаштирди.

Янги қонунга мувофиқ, урушдан бўйин товлаганлар, жанг қилишдан бош тортган, буйруққа бўйсинмаган ёки Украинага таслим бўлганлар энди 10 йиллик қамоқ жазосига юз тутади.

Россия президентининг қисман сафарбарликка оид фармонига қарши норозиликлар дам олиш кунларида ҳам давом этган.

Россиянинг OVD-info инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, шанба куни 700 киши ҳибсга олинган.

Ўтган ҳафта бошида эса, қўлга олинганларнинг сони мингдан ошган, дейди мазкур ташкилот.

Россиянинг амалдаги қонунчилигида ноқонуний норозилик намойишлари тақиқланган.

Украина президенти ўзининг ўтган тунги мурожаатида аввал рус тилида гапирган.

Володимир Зеленский россияликларни қуролли можаро ортидан ҳарбий трибуналга тортилишдан кўра ҳозирнинг ўзида таслим бўлишга ундаган.

Унга кўра, Украина урушдан қочганларга халқаро конвенцияларга мувофиқ муносабатда бўлади ва агар оқибатларидан қўрқишса, ҳеч кимни Россияга қайтармайди.

"Бизнинг қуролларимиз зарбаларидан ҳалок бўлгандан кўра, Украинага асир тушган маъқул", - дея қўшимча қилган президент Зеленский.

Россия президентининг сўнгги хатти-ҳаракатлари эса, жанг майдонидаги устма-уст мағлубиятларидан сўнг яна ташаббусни ўз қўлларига олишга уриниш сифатида талқин этилаётир.

Namoyishlar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россиянинг OVD-info инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, шанба куни 700 киши ҳибсга олинган

Референдумлар

Украинанинг тўрт минтақаси - Луганск, Донецк, Херсон ва Запорожьеда Россияга қўшилиш юзасидан референдумлар давом этмоқда.

Референдумлар бу минтақалар россияпараст маъмуриятларининг ўзлари томонидан эълон қилинган ва орада Россия томонидан дастакланган.

Украина ва Ғарб "нодемократик", дея бу референдумларни қоралаган.

Кечаётган референдумлар манзарасида одамларнинг қурол остида овоз беришга мажбур қилинаётганига оид хабарлар ҳам олинган.

Референдумлар бу минтақаларнинг Россия томонидан аннексия қилинишига йўл очади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Россияга қўшилиш учун овоз берган ҳар қандай минтақа ўзларининг тўлиқ ҳимоялари остига ўтади, Россиянинг барча қонун ва доктриналарига амал қилади.

Аннексия халқаро миқёсда тан олинмаса-да, бу Россияга ўз ҳудуди Украинага етказиб берилаётган Ғарб қуролли ҳужуми остида эканини даъво қилишига имкон беради ва урушни янада кескинлаштиради.

Путиннинг қисман сафарбарликка оид фармони ортидан ҳарбий хизматдан қочиб, ўзини чегарага урган россияликлар ҳам озмунча бўлмади.

Улардан аксариятига ҳозирнинг ўзида бошпана беришга тайёр эмасликларини айтиб, Эстония, Латвия ва Литва Россия билан давлат чегараларини ёпишгача боришди.

Эстония Ички ишлар вазири Лаури Лаанеметснинг айтишича, Украина ишғоли "Россия фуқароларининг умумий масъулиятидир" ва уларни киритмаслик Россияда "норозиликларни кучайтиради", деган умиддалар.

Вазирнинг бу сўзларидан иқтибосни Baltic News Service келтириб ўтган.

Сўнгги янгиликлар:

Harbiy komissarlik

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESHCHENKO/TASS

Қисман сафарбарликка қарши норозилик намойишлари Доғистонга қадар ёйилган. Бу ерда намойишчилар полиция билан тўқнашишган.

OVD-info нинг хабар беришича, Махачқалъадаги намойишлар чоғида 100 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Иркутск вилоятининг Усть-Илимск шаҳрида эса, бир кишининг ҳарбий комиссарликда ўт очгани айтилмоқда.

Маҳаллий масъулларнинг маълумотларига кўра, ҳодисада чақирув комиссияси раҳбари оғир яраланган.

Орада Россиядан ҳарбий комиссарликларга ўт қўйилаётганига оид хабарлар ҳам олинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek