Янгиликлар. Ўзбекистон: Қирғизистон Кампирободни қайтариб олдими? Садир Жапаров кескин кетди. Россия вазири нега Тошкентга келди? O'zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Қирғиз-ўзбек ери қандай бўлинди?
- Ер келишувига норозилар қамалдими?
- Россия билан ҳамкорлик кучаймоқда;
- Энг кўп авиайўналиш ҳам Россияга;
- Ҳиндистондаги ўзбек аёллар рост гапирганмиди?
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Тошкент дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳрига айланди. Ўзингизни қандай асрай оласиз?
- Остона. Янгиликлар: Эрдоған Қозоғистон суверенитети, ҳудудий яхлитлигини дастаклади, Тоқаев Эрдоғанга орден берди
- Мирзиёев Афғонистон борасида нима таклиф берди? Қиш қаттиқ келади, Ўзбекистон тайёрми? Ўзбекистон ва дунё
- Урушга мажбурланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкент Москвага нота юборадими?
Намойишчи фаоллар ҳибсга олинган
Қирғизистонда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 22 нафар фаол ва мухолифатчи сиёсатчилар суд қарори билан бир вақтнинг ўзида ҳибсга олинган. Бу ҳақда КГ24 маҳаллий ахборот агентлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, ҳибсга олинган барча фаоллар 2022 йил 10 октябрда Қирғизистон парламентининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси томонидан тасдиқланган давлат чегараларини ўзгартиришга қарши чиқишган.
«Қўмита қарорига кўра, Қирғизистон бошқа ҳудудлар эвазига Кемпиробод сув омбори (Кампиробод, Ўзбекистонда Андижон ёки Қорадарё сув омбори номи билан машҳур) ҳудудини Ўзбекистонга беради», қўшимча қилади нашр.
Ҳибсга олинишидан бир кун олдин фаолларнинг аксарияти Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитасини тузишда қатнашган. Унинг аъзолари Ўзбекистон сув омборини ўз ихтиёрига олган ҳолда давлатлар ўртасидаги шартнома мажбуриятларини бажармаслиги, унинг ҳудудининг ўзи эса ҳеч қачон мамлакатлар ўртасида низо предмети бўлмагани, шунинг учун объектни топшириш қарори шартли эмаслигидан хавотир билдиришган.
Сув омборидан фойдаланиш ҳақидаги мунозаралар 1983 йилда «Кампирровот» деган ном билан яратилганидан бери давом этиб келмоқда.
Асосан, қирғизистонлик фаоллар Ўзбекистон қирғиз ерларини сув омборидан суғоришда ёрдам бериши керак бўлган Кампир-Равот каналини қазиш бўйича сув омбори қурилишида расман берилган мажбуриятни бажармаганини даъво қилади. Айни пайтда Ўзбекистон ундан сувнинг катта қисмини ишлатади ва қирғиз мухолифатига кўра, мамлакатлар ўртасидаги келишувларга зид равишда бунинг учун пул тўламайди.
«Кампирободни қайтариб олдик»
Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» агентлигига интервью бериб, қирғиз-ўзбек чегарасидаги муаммолар юзасидан тушунтириш берди.
- «Кампирободни топширмадик, аксинча, қайтариб олдик. Улар тўғонни 60-йиллардан бери ишлатиб келмоқдалар. Энди келишувга кўра, қўшма корхона тузамиз ва тўғонни 50/50 асосида биргаликда бошқарамиз.Шу йўл билан сув горизонти 900 дан ошмаслигини назорат қиламиз. Эндиликда сув омборига энг яқин қишлоқларга сув чиқариш имконияти бор. Бунгача бундай имкониятлар йўқ эди», деган Қирғизистон президенти.
Садир Жапаров архив ҳужжатларига асосланиб, тўғон 1965 йилда Ўзбекистон томони томонидан қурилгани, Қирғизистон томони унга бир тийин ҳам сармоя киритмаганини таъкидлаган.
- «Сув остида қолган участка эвазига Ўзбекистон томони 1965 йилда бизга Боткен, Ўш ва Жалолободнинг чегарадош ҳудудларида 4127 гектар ер берган эди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сув омбори остида жойлашган 4127 гектар ер ўшанда Ўзбекистон томонига ўтган», - дейди Садир Жапаров.
Шунингдек, президент Ўзбекистон товон сифатида Қирғизистонга берган ерларда қайси қишлоқлар қурилганини майдонлари ҳажми билан бирга санаб ўтган.
Интервью сўнгида Садир Жапаров қўшниларимиз билан тинч ва тотувликда яшаш ҳақида гапириб, «агар бугун чегараларимизни келишиб олсак, дўстлигимиз абадий бўлади» дейди.
Ва Ўзбекистон билан чегара масалаларини ҳал қилиб бўлгач, қўшни Тожикистон билан чегарадаги келишмовчиликларни фақат музокаралар йўли билан ҳал қилишга ўтишини билдирган.
Россия иқтисодий ҳамкор

Сурат манбаси, official
2022 йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 40 фоизга ўсган. Бу ҳақда Россия Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров хабар қилди.
Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Ҳукумати Раисининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказаётгани ҳақида Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилганди. Унда иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссия навбатдаги йиғилишининг асосий якунлари кўриб чиқилаётгани маълум қилинган.
Россиянинг «Коммерсант.ру» нашри эса Россия Саноат ва савдо вазирига таяниб, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилнинг 9 ойида 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 37 фоизга ўсиб 5,3 миллиард долларга етганини билдирган.
Шунингдек, Денис Мантуров Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари ҳажми 10 миллиард долларгача ошгани, нефт-газ саноати ва энергетика, шунингдек, телекоммуникатсия ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига инвестициялар киритилгани ҳақида тўхталиб ўтган.
"Август ойида Ўзбекистон расмийлари 2022 йилда ташқи савдо ҳажми бўйича Россия Хитойдан кейин иккинчи ўринда туришини билдирган эди», деб ёзади нашр.
Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида вазир Денис Мантуров йил охиригача товар айирбошлаш ҳажмини 8,5 миллиард долларгача ошириш прогноз қилинаётганини билдирган.
Ўзбеклар Россияга кетаяптими?
Россияга парвозлар сони янада ошиб бормоқда, маълум қилдди «Uzbekistan Airways».
Самарқандда бўлиб ўтган Discovering Uzbekistan саёҳат анжуманида «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси вакиллари парвозларни кўпайтириш бўйича режаларини очиқлашган. Унда анъанавий йўналишлардаги парвозларни кўпайтириш ва янгиларини очиш орқали амалга оширилиши кутилаётгани айтилган.
"Бугунги кунда авиакомпаниямиз ҳафтасига 200 та жуфт рейсларни амалга оширмоқда. Келгуси йилда уларнинг сонини деярли 280 тага етказишни режалаштирмоқдамиз», маълумот берди авиакомпаниянинг туризм департаменти мутахассиси Алишер Богабеков.
Хабарга кўра, «Uzbekistan Airways»нинг энг кўп рейслари Россияга (104 рейсдан 130 тагача) бўлмоқда. Ундан кейинги қатновлар Туркия (27 дан 32 тагача) ва Қозоғистонга (14 дан 19 гача) бўлаётгани айтилган.
«Uzbekistan Airways» самолётлари қатнови орасида Қирғизистон, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари йўналишлари ҳам хафтасига камида 10 тадан зиёд экани билдирилган.
Ҳиндистондаги "тутқунлар"
Ҳиндистонда тутқунликда қолгани айтилган аёллар ҳақида расмий маълумот берилди.

Сурат манбаси, Screenshot
Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ўзбекистонлик эканини айтган аёлларнинг Президент Шавкат Мирзиёевга ёрдам сўраб қилган видеомурожаати тарқалган эди. Унда аёллар 2021 йилда Ҳиндистонга иш излаб бориб, одам савдоси қурбони бўлишганини билдиришган.
Мазкур видеомурожаат юзасидан Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси расмий ахборот берди.
- «Жорий йилнинг 28 август куни фуқаро Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлигида жами 7 нафар Ўзбекистон фуқароcи мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги Элчихонасининг консуллик бўлимига Ватанга қайтаришда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган. Элчихона томонидан мазкур фуқароларга тезкор равишда барча тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилди. Хусусан, уларнинг яшаш жойи мавжуд эмаслиги ва молиявий оғир аҳволидан келиб чиқиб, зудлик билан Деҳли шаҳрида "Empowering Humanity" нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда бошпана билан таъминлашга эришилиб, уларга уч маҳал иссиқ овқат бериб келинмоқда. Ўз навбатида, мурожаат қилган фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлигини инобатга олиб, уларга Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди», - дейилади элчихона расмий ахборотида.
Элчихона Президентга ёрдам сўраб мурожаат қилган аёлларнинг қонунбузарлигини ҳам билдирган.
- «Таъкидлаш лозимки, юқорида қайд этилган фуқаролар Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан Ҳиндистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан кириб келганликлари ва ушбу мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганликлари аниқланган. Шу билан биргаликда, видеомурожаат муаллифи - Д.Маҳмудова ва унинг ҳамроҳлари масаласида Ҳиндистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан тегишли тергов ва суд жараёнлари давом этаётганлиги сабабли уларнинг ушбу давлат ҳудудидан чиқишига вақтинчалик чеклов қўйилган», - деб ёзади элчихона расмий сайти.
Ахборотда ҳуқуқий жараёнлар якунлангач, юқоридаги фуқароларнинг тезкор равишда Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланиши билдирилган ва мазкур масала қатъий назоратга олингани айтилган.
Шунингдек, мурожаатчи аёлларга зарур бўлган тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётгани, мазкур ҳолат юзасидан Ҳиндистоннинг ваколатли идоралари билан мунтазам алоқа ўрнатилгани маълум қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













