Янгиланди: Ўзбекистонда свет ёндими? Нега Тошкентдаги кўп қаватли уйлар исимаяпти? Видео Video O‘zbekiston Qozog‘iston yangiliklar

Сурат манбаси, .
27 январь
Тошкент шаҳри яшовчиларининг кўп қаватли уйлар исимаётгани ҳақидаги шикоятларига жавоб берган Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги газ босими паст қолаётганини маълум қилди.
Вазирликка кўра, Тошкент шаҳридаги барча иссиқхоналар қайта ишга туширилгани, бироқ табиий газ босими паст бўлиб қолаётгани оқибатида иссиқхоналар кўп қаватли уйларни талаб даражасидаги иссиқлик билан таъминлаб бўлмаяпти, газ таъминоти идоралари ходимлари билан биргаликда аҳволни яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маҳаллий вақт билан соат 16 да бутун республика бўйича электр таъминоти қайта тикланганини маълум қилди.
"Ҳурматли истеъмолчилар!
Айни пайтда мамлакатимизда Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясидан ташқари барча электр станцияларнинг иш фаолияти тикланди.
Бугун, 27 январь куни соат 16:00 дан республикамизнинг барча ҳудудларида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда газ таъминоти ҳозирча тўлиқ тикланмаганини инобатга олган ҳолда, сиздан сабр-тоқатли бўлишингизни, электр энергияси узилишларини олдини олиш учун эҳтиёждан ташқари электр жиҳозларини тармоққа уламасликни сўраймиз", дейилади Энергетика вазирлигининг расмий Телеграм каналида.
26 январь

Расмий хабарларга кўра, умумтизимда кузатилган йирик носозликлар бартараф этилиб, Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатиш бошланган. Мамлакат сешанба кунини деярли светсиз якунлагани айтилган. Пойтахт Тошкент ҳам бундан мустасно эмасди. Тонг эса, кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида отган.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 26 январь куни давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган видеселектор йиғилиши ўтказган, кечаги воқеаларга ҳам тўхталган.
Ўзбекистон раҳбари "аввало сабр-тоқатли халқ"қа, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барчага шахсан ўзининг миннатдорчилигини билдирган.
Тошкентда электр тикландими, Мирзиёев нима буйруқ берди?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Алоқадор мавзулар:
Сўнгги янгиланишлар ҳақида шу соатларда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги расман хабар берган.
Вазирликнинг бугун, 26 январь куни, соат 04:00 ҳолатига кўра тарқатган янги маълумотига таянилса, мамлакатнинг 6 вилоятида электр таъминоти тўлиқ тикланган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида ҳам муаммо буткул ҳал бўлган.
Яна беш вилоятда эса, аҳвол ҳозирча тўлиқ ўнгланмаган.
Улар сирасида Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари тилга олинган:
1. Қоракалпоғистон Республикаси — электр таъминоти тўлиқ тикланган;
2. Андижон вилояти — Андижон шаҳар 70%, Хонабод 100%, қолган барча туман ва шаҳарларда 10% электр таъминоти мавжуд.
3. Бухоро вилояти — электр таъминоти тўлиқ тикланган;
4. Жиззах вилояти — электр таъминоти тўлиқ тикланган;
5. Қашқадарё вилояти — Қарши шаҳар 5%, Ғузор тумани 70% уланган. Муборак туманидаги газ конларига ва асосий тиббиёт муассасалари электр таъминотига уланган;
6. Навоий вилояти — электр таъминоти тўлиқ тикланган;
7. Наманган вилояти — Барча туман ва шаҳарларда 70% электр таъминоти мавжуд;
8. Самарқанд вилояти — электр таъминоти тўлиқ тикланган;
9. Сурхондарё вилояти — Денов, Сариосиё, Узун туманлари ва Денов шаҳри 100%, Термиз шаҳри 100%, Термиз туман 70%, Шеробод тумани 15%, Олтинсой тумани 70%, Шўрчи, Бойсун, Қумқўрғон туманлари 10%, Ангор, Мизробод, Жарқўрғон, Қизириқ ва Бандихон туманларида 5% электр таъминоти мавжуд;
10. Сирдарё вилояти — Гулистон шаҳри 100%, Янгиер 100%, Ширин шаҳри 100%, Боёвут 100%, Сайхунобод тумани 60%, Гулистон тумани 100%, Мирзаобод тумани 100%, Ховос тумани 100%, Оқолтин тумани 100%, Сардоба тумани 100%, Сирдарё туманида 40% электр таъминоти мавжуд;
11. Тошкент вилояти — Ангрен шаҳар 95%, Бекобод шаҳар 100%, Нарафшон шаҳар 40%, Олмалиқ шаҳар 100%, Чирчиқ 80%, Оҳангарон шаҳар 100%, Бўка тумани 40%, Бўстонлик тумани 95%, Зангиота тумани 40%, Қибрай тумани 95%, Оҳангарон тумани 80%, Паркент тумани 80%, Тошкент тумани 80%, Қуйи Чирчиқ 50%, Ўрта Чирчиқ 20%, Юқори Чирчиқ тумани 60%, Чиноз 70%, Янгийўл туманида 5% электр таъминоти мавжуд;
12. Фарғона вилояти — электр таъминоти тўлиқ тикланган;
13. Хоразм вилояти — электр таъминоти тўлиқ тикланган;
14. Тошкент шаҳри — электр таъминоти тўлиқ тикланган.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
Газ ва электр таъминотидаги тақчилликлар Ўзбекистонда қиш мавсумида шундоқ ҳам анчайин долзарб муаммолардан бири экани кўрилади.
Шу соатларда пойтахт Тошкентда метро фаолияти қайта тикланаётгани ва шаҳар ичимлик суви билан тўлиқ таъминланганига оид хабарлар олинмоқда.
Энергетика Вазирлиги матбуот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, мамлакатда 70 фоиз электр энергия таъминоти тикланган.
Йирик носозлик

Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олувчи Марказий Осиё ягона энерготизимида йирик узилишлар кеча, 25 январь куни маҳаллий вақт билан соат эрталабки 11:00 лардан бошланган.
Йирик носозликлар Марказий Осиёдаги миллионлаб одамни токсиз ва сувсиз қолдирган, қатор инфратузилмалар вақтинчалик ишдан чиққани хабар берилган.
Аэропортлар ёпилиб, метролар тўхтаб қолган, поездлар қатнови кечикиши айтилган.
Ҳодиса сабаби ҳануз маълум эмас, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бу хусусдаги хулосалари бир-биридан фарқ қилган.
Ўзбекистон бунга Қозоғистон электр тармоғидаги йирик авария сабаб бўлганини айтган.
Қозоғистон томони эса, буни Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимида юзага келган авариявий номутаносиблик келтириб чиқарганини таъкидлаган.
Ўзбекистон мавжуд ҳолатнинг тагига етиш, қайтиб такрорланишининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш учун Бош вазир қошида махсус ҳукумат комиссиясини ташкил этган.
Ҳукумат комиссияси ҳалича бу хусусда ўзининг якуний хулосасини эълон қилмаган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўзининг сўнгги ахборотида мамлакатнинг айрим ҳудудларида электр энергияси нега навбатма-навбат етказиб берилаётгани сабабига ҳам тўхталган.
Вазирликка кўра, юзага келган носозликлар сабабли мамлакатдаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда.
Шу сабабли иссиқлик электр станцияларида газ босимининг камайиши кузатилмоқда ва бу электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳозирги вақтда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан келиб чиқиб республикамизнинг айрим ҳудудларида навбатма-навбат электр энергияси етказиб берилмоқда, дейди вазирлик.
Вазирликнинг маълум қилишича, энерготизимда кузатилган носозликлар сабабли юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун барча чоралар кўрилмоқда.
26 январдан автомобилларга газ тўлдириш станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилади.
Юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш тўхтатилади.
Истеъмолчиларни электр энергия билан барқарор таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ҳажмда ИЭС, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳолига етказиб берилади.
Аммо мамлакатда электр таъминоти аниқ қачон қайта тикланиши ҳозирча маълум эмас.
Кеча, 25 январь куни пойтахт Тошкентга қалин туман ҳам тушган.
Унинг қуюқлиги маҳаллий аҳоли орасида яна чанг пайдо бўлганига оид тахминларни ҳам пайдо қилган.
Аммо масъуллар ҳавонинг ифлосланиш даражаси рухсат этилган меъёрда эканини айтиб чиқишган.
Электр токининг йўқлиги сабаб, фаолиятини вақтинча тўхтатиб, қайта тиклаган Тошкент халқаро аэропорти туман сабаб ҳам самолётларни қабул қилишни тўхтатиб туришини маълум қилган.
Кучайтирилган хавфсизлик чоралари

Сўнгги воқеълик манзарасида Ўзбекистонда аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш билан боғлиқ барча соҳалар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари кучайтирилган иш режимига ўтказилгани расман хабар берилган.
Ички ишлар вазирлиги жамоат тартибини сақлаш, йўлларда тартибни таъминлаш, фуқаролар ва уларнинг мулкларига зиён етказилишини олдини олиш учун шахсий таркибининг барчасини жалб қилган.
Уларнинг сони 12 мингдан ошиқ экани айтилган.
Вазирлик мавжудларига қўшимча равишда 6600 дан зиёд патруллик йўналишлари ташкил этилганини билдирган.
1400 дан ортиқ махсус автотранспортини хизматга ташлаган.
Аҳолини хавфсизлик чоралари вақтинча кучайтирилганлигини тўғри қабул қилишга ундаган.
Улардан ўз ходимларининг талабларига сўзсиз риоя қилишлари ва имкон қадар тунги вақтларда уйда бўлишларини сўраган.
Минтақа электр таъминотидаги йирик носозлик шу ой бошида Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши келиб чиққан, алал-оқибат мамлакат мустақиллиги тарихидаги энг ёмон ва қонлиси экани айтилаётган зўравонликларга айланиб кетган оммавий намойишлардан унча ўтмай кузатилган.
Ток ўзи нега ўчди?

Минтақадаги сўнгги блэкаут манзарасида Би-би-си худди ана шундай савол билан Қирғизистоннинг энергетика тармоғи собиқ раҳбарларидан бири, мамлакат саноатида хизмат кўрсатган арбоб Раимбек Мамировга мурожаат қилди:
"Билишимча, Қозоғистоннинг шимол билан жанубини боғлаб турган линиядаги авариядан сўнг, минг мегаваттдан ортиқ электр энергия Қозоғистонга етмай қолган ва қувватни ўша ерга торта бошлаган.
Шу пайтда Ўзбекистон электр тизимида авария бўлиб, уларнинг станциялари ўчиб қолди.
Яъни, қувват ҳалқасидаги тўлқин даражаси тушиб кетиб, автоматик равишда электр энергия фойдаланувчиларини ўчира бошлади.
Улар қаторида Қирғизистон ҳам бор эди.
Қозоғистон биринчи линияни қайта ёқиб, етарли қувват тўплагани, Ўзбекистон ҳам ўзининг станциялари ишини қайта тиклаганидан сўнг тўлқинларни ишлаб чиқарувчи автоматика ҳам қайта ишлай бошлаган ва аҳолига электр энергияси етказиб берилди.
Менинг билишимча, бизда ҳам, Ўзбекистонда ҳам релейли ҳимоя дея аталади - ўша ерда муаммолар бор экан, уларни уч давлат ҳамкорликда текшириб, қайтадан тартибга солиш керак.
Электр энергиясидаги узилишларга Қирғизистон энергетикаси сабаб бўлмади.
Ўчирилишлар Қозоғистонда бошланиб, Ўзбекистонда давом этди. Қирғизистонга ҳам етмай қолганда, ўчирила бошлади", - дейди у.
Ягона халқа

Сурат манбаси, Screenshot
Марказий Осиё Ягона Энергия Тизимига Совет даврида, ўтган аср охирларида асос солинган.
Бу энергетика халқаси ўша пайтда ҳар беш Марказий Осиё давлатини ўз ичига олган.
Ҳар беш мамлакатнинг алоҳида тизимларини ўзида бирлаштирган.
Тизим Ўзбекистон пойтахтидаги Мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилган.
Унинг таркибига юқори кучланишли электр узатиш линиясига эга жами 83 та электр станцияси кирган.
Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон газ ҳамда электрга бой, Тожикистон ва Қирғизистонда эса сув кўп. Бешовлон ҳамкорлик қилишган.
Тизим минтақа давлатларига энергия қувватидан самарали йўлда фойдаланиш имконини берган.
У орқали энергия импорти ва экспортини амалга ошириш осон кечган.
Бундан ташқари, халқа муваққат энергия етишмовчиликларини қоплаб туриш учун ҳам хизмат қилган.
Яъни, қишда бир минтақа давлатида узилиш бўлса, электр тақчиллиги бошқаси ҳисобидан қопланган.
Юзага келган келишмовчиликларни эса, "Москва ҳал қилган".
Аммо 1991 йили СССР қулайди ва ҳар бир ёш, янги давлат ўз муаммолари қаршисида қолади.
Минтақа давлатлари бир неча йил давомида СССРдан қолган тизим бўйича ишлашади.
1998 йилда Марказий Осиёнинг тўрт давлати - Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергия тизимларини параллел равишда, тижорий алоқалар асосида ишлатишга келишиб олишади.
Марказий Осиёда сув тақчиллиги юзага кела бошлагач, ушбу тизимга аъзо давлатлар ўртасида зиддиятли масалалар ўртага чиқа бошлайди.
Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистоннинг йирик гидроэлектр станциялар қуриш ҳаракатларига кескин қарши чиқади.
Улар мамлакат ҳудудига келаётган сув миқдорини камайтириб, пахтага ихтисослашган иқтисодини издан чиқаришини айтади.
Ўзбекистон 2009 йилда бу тизимдан чиқишга қарор қилади ва таҳлилчилар бунинг ортида айнан "сиёсий важлар ётгани"ни айтишади.
Бошқа томондан, пастдаги энергияга бой давлатлар учун газ ва электрни камбағал қўшниларга эмас, балки нақд хорижий валютада ҳисоб-китоб қиладиган янги харидорларга сотиш ҳам фойдали эди.
Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси узатишга киришади.
Кейинроқ туркман ва ўзбек гази Хитойга оқа бошлайди.
Орада Туркманистон ҳам электр энергияси билан ўзини ўзи таъминлашга қодир эканини айтиб, ягона халқадан чиқади.
Ўзбекистон эса, орадан етти йил ўтиб, Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан яна тизимга қайтади.
Мамлакатнинг янги президенти яхши қўшничилик сиёсатини юритади, "йирик ГЭСлар" масаласига ҳам музокаралар йўли билан ечим топади.
Тожикистон қуриб, битказиш ҳаракатида бўлган Роғун ГЭСи эса, ҳатто маҳаллий экспертларнинг ўзлари томонидан ҳам Ўзбекистон учун анчайин қўл етар электр энергиясининг яна бир муқобил манбаси сифатида тилга олинади.
Охирги пайтларда Россиянинг таклифи билан Тожикистоннинг ҳам қайта халқага қўшилишига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Марказий Осиёнинг Ягона Энергетика халқаси жорий пайтда уч минтақа давлати - Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннигина бирлаштиради.
Қозоғистоннинг ягона электр тармоғи эса, Россияники билан ҳам ҳамоҳанг ишлаши айтилади.
Соҳа экспертларининг айтишларича, мазкур энергетика тизими ўзига хос тузилган.
Яъни, тизимдаги бирор бир энергия тугуни ўчирилса, бошқа ердаги таъминотда узилишларга олиб келади.
Ўзбекистон ўзидаги энергия тақчиллигига барҳам бериш ниятида АЭС қурилиши масаласида Россия билан расман келишиб олган биринчи Марказий Осиё давлати сифатида ҳам ўртага чиққан.
Аммо Расмий Тошкентнинг бу қарори хавфсизлик ва геосиёсий оқибатлари нуқтаи назаридан экспертлар қатори мамлакат аҳолиси томонидан ҳам бир хилда қарши олинмаган.
25 январь

Сурат манбаси, official
Янгиланди: Ўзбекистонда свет ўчди. Вазият Мирзиёев назорати остида. Ҳолатни ҳукумат комиссияси ўрганади
Қозоғистон электр тармоғидаги катта авария Ўзбекистон энерготизимида йирик носозликни юзага келтирди. Вазият шахсан президент назорати остида экани айтилди. Бунинг сабабини ўрганиш Бош вазир ҳузуридаги комиссияга топширилди. Шавкат Мирзиёев буйруқ берди. Бунга ўхшаш носозлик минтақада бу яқин йилларда кузатилмаганди.
Президент матбуот котибининг расман билдиришича, вазият шахсан Шавкат Мирзиёевнинг назорати остида.
Электр таъминоти ва бошқа тармоқлар фаолиятини қайта тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан президентга деярли ҳар дақиқада ҳисоб берилмоқда.
Шерзод Асадов, шундай экан, барчани хотиржамликни сақлаш ва саросимага тушмасликка чақириб қолган.
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби, "Ваҳимага ўрин йўқ"лигини айтган.
Аҳолиси расман 35 миллиондан ошувчи Ўзбекистон минтақанинг энг йирик давлати бўлади.
Йирик носозлик эса, қишнинг қоқ ўртасига тўғри келган.
Шу соатларда етказилган зиённи ким қоплайди, деган саволлар ҳам ўртага чиқа бошлаган.
Алоқадор мавзулар:
Расмий хабарларга кўра, ҳукуматнинг махсус комиссияси носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш билан шуғулланади.
Комиссия томонидан соҳа вакилларига биринчи навбатда генерация жараёни ва электр таъминотини тиклаш, бу каби ҳолларнинг такрорланишига йўл қўймаслик вазифаси қўйилгани айтилмоқда.
Ўзбекистон Тошкент: Йирик электр узилиши пойтахтда ҳаётни фалажлаб ташладими?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Бундан аввал Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ишчи гуруҳ штаби тузилгани ҳам хабар берилган.
Мурожаатларни қабул қилиш фаолияти йўлга қўйилгани, ташкил этилган тезкор рақам кучайтирилган тартибда ишлаётгани айтилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса, барча ташкилот ва идоралардан ходимларига вақтлироқ ва навбати билан уйларига жавоб беришларини расман сўраб чиқди, уларга мурожаат қилган.
Пойтахтдагиси илова аэропортлар ўз фаолиятини қайта тиклашга киришган. Вилоятлардагилари ортидан шу соатларда Тошкент аэропортига ҳам ток келган.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг расман билдиришича, айрим ҳудудларда электр таъминоти тикланмоқда.
Электр энергияси тизимида юзага келган носозлик сабаб, ҳаваскор бокс бўйича Ўзбекистон мезбонлик қилаётган 22 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Осиё чемпионати баҳслари вақти ўзгариши ҳам айтилди.
Светсиз қолган Ўзбекистон

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Қозоғистон электр тармоғидаги катта авария Ўзбекистон энерготизимида йирик носозликни юзага келтирган. Қирғизистонда ҳам худди шунга ўхшаш ҳолатни пайдо қилган.
Тошкентдаги мухбиримиз Аваз Тоҳировнинг хабар беришича, электрсиз қолган пойтахтда одатий ҳаёт тарзи бир неча соатлар ичида кескин ўзгарган.
Метро фаолияти вақтинча тўхтатилган ва у ерда бўлган йўловчилар эвакуация қилинган.
Ўзбекистон бўйлаб ичимлик суви ва иссиқ сув таъминотида ҳам узилишлар кузатилаётгани айтилмоқда.
Аэропортлар ҳам вақтинча ёпилгани расман хабар берилаётир.
Маълум қилинишича, ҳозир биргина Навоий аэропортида электр энергияси бор.
Ўзбекистон Темир йўллари эса, йўловчи поездларнинг ўз манзилига кечикиб етиб боришини хабар берган.
Пойтахт Тошкентда бўлган мухбиримиз Аваз Тоҳировнинг айтишича, банкоматларнинг кўпи ҳам ишламай қолган, реклама баннерларининг аксарияти ўчган.
Шаҳардаги ерости йўлаклари ҳам зимистонда қолган, одамлар фонар ёқиб юрибди.

Энди заправкалар фаолиятдан тўхташи ва электромобиллар юрмай қолишидан хавотирга тушаётганлар ҳам бор, дейди мухбиримиз.
"Заправкалар ишламай қолса, бензинни қўлдан 20 мингдан оламиз", - деб айтган унга тошкентликлардан бири.
Мухбиримизнинг хабар беришича, кўчада одамлар интернет ҳам секинлашиб қолгани ҳақида гапиришмоқда.
Мобил алоқалар тизими ишлашида мушкулликлар юзага келган.
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, пойтахтдаги айрим банкоматлар ишлай бошлаган.
Айрим кўчаларга электр ҳам қайтган.


Маҳаллий нашрлар светофорларнинг ўчиб қолиши туфайли чорраҳаларда тирбандликлар юзага келаётгани, пойтахт аҳолисидан шахсий транспорт воситаларидан фойдаланмаслик сўралгани ҳақида ҳам ёзишаётир.
Мухбиримизга кўра, светофор ўчган кўчалардаги ҳаракатни Йўл Патруль хизмати ходимлари тартибга солишга ҳаракат қилишмоқда.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, электр таъминотидаги узилишлар мамлакатнинг айрим ҳудудларида кузатилмоқда.
Вазирлик электр энергияси ўчган ҳудудлар сифатида Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятларини тилга олган.
Ҳозирги вақтда қўшни давлат тармоқларидан узган ҳолатда ҳар бир ТЭЦларни алоҳида ишга тушириб, босқичма-босқич тармоқларни улаб, ишга тушириш чоралари кўриляпти, дейди вазирлик.
Авария тафсилотлари бўйича қўшимча равишда ахборот берилишини билдирган.
Вазирлик хабаридан маълум бўлишича, Марказий Осиё энергетика тизимидаги фавқулодда номутаносиблик туфайли Қозоғистоннинг шимолий-шарқий-жанубий қисмига 500 кВ электр энергияси транзитида қувват кескин кўтарилган.
Қозоғистон Республикаси электр тармоқларида рўй берган йирик авария натижасида Олма-ота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятлар) шаҳарлари ва унга туташ ҳудудларда электр таъминотида узилишлар юз берган.
Ўзбекистондан ташқари, Қирғизистон энергетика тизимида, жумладан, Бишкек, Ўш ва бошқа барча шаҳарларда ҳам электр таъминотида узилишлар кузатилган.

Ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғига Қозоғистондан келаётган 530 та линияда кескин кучланиш ва частота ўзгариши натижасида авария содир бўлган.
Маҳаллий нашрлар свет ўчиши жарроҳлик амалиётларига қандай таъсир қилиши саволи билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам мурожаат қилиб бўлишган.
Вазирлик матбуот воизи, "хавотирга ўрин йўқлиги, барча операцион блоклар замонавий тарзда жиҳозлангани ва қўшимча таъминот генераторларига улангани"ни айтиб, жавоб берган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, тиббиёт муассасалари, хусусан, туғруқхоналар, Ковид ва Тез тиббий ёрдам марказлари қўшимча электр таъминотига ўтказилган.
Ўзбекистон Фавқулодда Вазирлар вазирлиги ҳам мавжуд вазият сабаб, Чимён ва Билдирсой тоғ дор йўллари тўхтаб қолганини билдирган.
Вазирликка кўра, бу икки йўлдан жаъми 80 нафар фуқаро хавфсиз жойга олиб тушилган.
Айни вақтда ФВВ қутқарувчилари жойларда зарурий тадбирларни амалга оширишмоқда, дейилади вазирлик баёнотида.
Хабарларга кўра, Amirsoy тоғ-чанғи курортида ҳам осма йўлда қолиб кетганларни қутқариш учун қутқарувчилар отряди юборилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эҳтимолий аварияларнинг олдини олиш мақсадида газ ва электр мосламаларини тармоқдан вақтинча узиб қўйишни ҳам сўраган.
Ички ишлар вазирлиги эса, аҳолидан саросимага тушмасликларини сўраб чиққан.
Ўзбекистон тарафининг расман маълум қилишича, ҳозир Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси тизим оператори томонидан ҳам аварияни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












