Усмонли дипломатияси. Украинадаги уруш Эрдўғонни қандай кучайтирди ва бу нега унга ёрдам бермайди? Dunyo Yangiliklar

Эрдоган

Сурат манбаси, FEDERICO GAMBARINI/DPA/AFP via Getty Images

    • Author, Ольга Просвирова
    • Role, Би-би-си Рус хизмати

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳар қандай қийин вазиятдан қандай фойда олишни билади. Авторитар раҳбар Москва ва Киев билан яхши муносабатларни сақлаб турибди ва Россия бошлаган уруш баҳонасида дунёда ўз таъсирини ошириб олмоқчи. Туркия бир томондан Москва билан яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда, санкциялар қўллашдан бош тортмоқда ва давлатлар ўртасидаги авиақатновларни бекор қилмаяпти. Иккинчи томондан, Украинага дронлар етказиб беради ва дон савдосида Владимир Путинни ортда қолдиради. Эрдўғоннинг таъсири кучайиб бормоқда, лекин у қачонгача икки стулда ўтиради ва унинг амбициялари Туркиянинг ўзида ички сиёсий муаммоларни ҳал қила оладими?

Алоқадор мавзулар:

Суваракдан шерикка

2018 йил май ойи эди. Володимир Зеленский Украина президентлиги учун ўз номзодини қўйиш ниятини эълон қилгунига қадар олти ой вақт қолган. «Квартал 95» студиясининг бадиий раҳбари Зеленский Туркия ҳақида юмористик томоша саҳналаштирди.

Зеленский Усмонлилар империяси даврида машҳур бўлган, лекин Отатурк даврида тақиқланган кигиз бош кийим - қизил фес билан саҳнага чиқди. Володимир Зеленский туркча талаффузга тақлид қилиб, Туркиядаги ҳокимиятнинг ўзгармаслигини мазах қилади ва Ражаб Тоййиб Эрдўғонни "мўйловли суварак" деб атайди.

Владимир Зеленский

Сурат манбаси, Квартал 95

Сурат тагсўзи, Ҳали президент бўлмаган Владимир Зеленский Эрдўғонни мазах қилмоқда

Тўрт йил ўтгач, манзара ўзгарди. Қора Мерседес Лвовдаги Потоцки саройига етиб келди. Володимир Зеленский - ҳозирги анъанавий футболка, шим ва кроссовкада - айвонда машина эшиги очилишини кутмоқда. Эрдўғон костюм ва галстукда, Украина президенти билан узоқ қўл бериб кўришди. Улар ўзаро фикр алмашишди, асосан, Зеленский миннатдорлик белгиси сифатида қўлини кўксига қўйди.

Бу тўрт йил Украинани ҳам, Туркияни ҳам ўзгартирди. Юмор сюжетлари унутилиб, урушгача бўлган йилларда Украина ва Туркия ҳамкорликдан ўзаро манфаат кўрди.

Туркия 2014 йилдан кейин - Қрим аннекция қилиниб, Донбасснинг бир қисми босиб олинганидан сўнг Украинага ҳозирда мамлакатнинг мудофааси рамзига айланган дронларини сотишга рози бўлган кам сонли давлатлардан бири бўлиб чиқди.

Эрдўғон ўз мамлакатини минтақадаги нуфузли сиёсий ўйинчига айлантириш имкониятидан доим фойдаланган. Қолаверса, Туркия етакчиси Қрим татарларининг ватани Қримдан айрилгани учун Киевга хайрихоҳлик билдирган эди, бу ҳудуд билан Туркия доимо яқин алоқада бўлиб келган. Ражаб Эрдўғон Қримни Украинага қайтариш зарурлиги ҳақидаги баёнотлар билан чекланди. Баъзан форумлар ва давра суҳбатлари учун майдон яратган Эрдўғон уларни фақат сўз билан қўллаб-қувватлашда давом этди. Аммо шунга қарамай, унинг баёнотлари туфайли Қрим муаммоси дунё раҳбарларининг муҳокамаларида сақланиб турди.

Эрдўғон ва Зеленский

Сурат манбаси, Turkish Presidency/Handout/Anadolu Agency via Gett

Сурат тагсўзи, Зеленский Эрдўғонни Львовда қарши олди

Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганида, Эрдўғон ўз таъсирини кенгайтириш имкониятларини кўриб, четда туролмади.

Туркия Украинага Байрактарларни етказиб беришни давом эттирди, дронлар компанияси Baykar эса давом этаётган урушга қарамай аллақачон Киевда завод қуришга киришди.

Октябрь ойида Туркияда Украина ҳарбий-денгиз кучлари учун ясалган биринчи Milgem корвети сувга туширилди - кема Украина флотидаги энг йириги бўлади. Зеленскийнинг ўзи ҳам Туркияда ишлаб чиқарилган зирҳ кийгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Агар бир вақтлар Туркия ўз аҳолиси учун Анталиянинг ҳамма нарсани ўз ичига олган курортлари билан боғланган бўлса, ҳозир Эрдўғон минтақадаги энг нуфузли ўйинчи бўлишни истаётганини ва воситачи сифатида ҳаракат қилиш учун бор кучини сарфлаётганини намойиш қилмоқда. Украина ҳам, Россия ҳам эътироз билдирмади. Владимир Зеленскийнинг матбуот хизмати эса расмий хабарларда Эрдўғонни "ҳамкор ва иттифоқчи" деб атаган. Аммо Туркия раҳбарининг позицияси у хоҳлаган даражада кучли эмас.

Ғарб ва Ғарб эмас ўртасида

Уруш бошиданоқ Анқара ҳарбий можарони ҳар томонлама ҳал қилишда воситачи сифатида ўз хизматларини таклиф қилиб келади. Туркия Россия ва Украина ўртасида музокараларни ташкиллаштирди, асирларни алмашишда қатнашди ва Украина ғалласини экспорт қилиш бўйича шартнома тузишга ёрдам берди.

Аммо уруш қанча узоқ давом этса, Украина ва Ғарб давлатларининг Туркияга нисбатан саволлари шунчалик кўпаяди. Бир томондан, Эрдўғон Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини очиқчасига қоралайди ва босиб олинган ҳудудлар, жумладан, Қрим ҳам Украина назоратига қайтарилиши кераклигини таъкидлайди. Бошқа томондан, Туркия НАТОнинг Москвага қарши санкция киритмаган ягона давлатига айланди.

Эрдўғон шу йил мартида Россия ва Украина ҳайъатларининг музокараси олдидан

Сурат манбаси, Arda Kucukkaya/Anadolu Agency via Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрдўғон шу йил мартида Россия ва Украина ҳайъатларининг музокараси олдидан

Туркия ҳаво ҳудудини ёпган Европага қўшилмади, Россия самолётлари Туркия аэропортларига парвоз қилишда давом этмоқда. Мамлакатда Россиянинг "Мир" банк карталари қабул қилинади ва русларга маҳаллий банкларда ҳисоб очишга рухсат берилди. Айтиш жоизки, Европа Россия газидан шошилинч воз кечса ҳам, газ Туркияга оқишда давом этди.

Шу билан бирга, Россиянинг Украинага бостириб кириши Швеция ва Финляндияни НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришга мажбур қилганида, альянснинг ягона аъзоси бўлган Туркия дастлаб жараённи чўзди, сўнгра Анқара террорчи деб ҳисоблаган бир неча ўнлаб одамни экстрадиция қилишни талаб қилиб, ультиматум қўйди.

Европа ва америкалик сиёсатчилар Россияга қўйилган санкциялар деворидаги ёриқларни топишга ёрдам берган Эрдўғоннинг хатти-ҳаракатидан ғазабланганликларини кўп маротаба очиқ айтишган. Бу қўрқувлар ёз бошидан бери Эрдўғонга нисбатан танқидлар эшитилаётган Украинада ҳам бор. Украина Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги ойларда икки марта Туркия элчисини қатор масалалар бўйича "хавотир билдириш" учун чақирган ва Украинанинг Туркиядаги элчиси Эрдўғонни Россия Украинадан ўғирлаган донни сотиб олганликда очиқ айблади.

Узоқ вақт давомида Украина Туркия билан муносабатларига Ғарб билан ҳамкорликнинг бир қисми сифатида қараган, бироқ уруш пайтида Киев вазиятга бошқа томондан қарашга мажбур бўлди.

"Маълум маънода, Эрдўғон узоқ вақтдан бери айнан шу нарсага эришмоқчи бўлди - жаҳон саҳнасида мустақил бўлиш ва Ғарб ва ғарб бўлмаган дунё ўртасида туриш. Украина бу нозик нуқтани узоқ вақт сезмаган ёки сезмасликка уринган. Туркия НАТО аъзоси, ҳозир эса Россия босқинчилиги Киевни Туркия ташқи сиёсатига нисбатан реалроқ қарашга мажбур қилди", дейди Карнеги жамғармаси эксперти Илья Куса.

Экспертнинг фикрича, бу Туркия ва Украина ўртасидаги муносабатларда яқин орада танаффус бўлади, дегани эмас. Шунчаки, ҳамкорлик янада ситуацион ва прагматик тус олади ва Туркиянинг Россия билан муносабатларида кўзлаётган манфаатларини ҳисобга олган ҳолда давом этади.

Анқара Россия билан яқин ҳамкорликни ўз манфаатларини ҳимоя қилиш билан изоҳлайди: Москва газ ва нефтнинг асосий таъминотчиси бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, Запорожье атом электр станциясида фалокат хавфи мавжуд эди: агар шундай бўлса, бу Туркияга бевосита таъсир қилади.

Запорожье АЭСи

Сурат манбаси, AFP via Getty Images

Сурат тагсўзи, Запорожье АЭСидаги ҳар қандай ҳалокат Туркияда сезилади

Аммо Ғарб бу каби изоҳларга кўниши даргумон - Туркияга муносабат билдириш ва қандайдир тарзда босим ўтказиш имконияти кам, дейди Оксфорд университетидан Туркия бўйича эксперт Димитар Бечев.

Афтидан козирлар мавжуд: Туркия учун Европа Иттифоқи билан муносабатлар энг муҳим роль ўйнайди, чунки Европа Иттифоқи Анқаранинг импорт ва экспортдаги энг йирик ҳамкори, шунингдек, инвестицияларнинг асосий манбаи ҳисобланади. Эрдўғон бу муносабатларни қадрламаслиги мумкин эмас. Аммо Европа Иттифоқида Туркия билан муносабатларни қандай йўлга қўйиш бўйича якдил фикр йўқ.

"Европа Иттифоқида Туркияга қандай муносабатда бўлиш борасида келишмовчиликлар мавжуд. Франция бошчилигидаги бир гуруҳ қатъий ёндашув зарур деб ҳисобласа, иккинчиси, масалан, Германия Туркия билан ҳамкорликни ривожлантириш керак, деб ҳисоблайди. Шунинг учун Эрдўғонда маневр қилиш имконияти бор ва энг муҳими, у буни билади", деб тушунтиради эксперт.

Бундан ташқари, Эрдўғон Владимир Путин билан мунтазам мулоқотда бўлишни давом эттираётган деярли ягона жаҳон етакчиси бўлиб қолаётган бир вазиятда Ғарб бу Украинадаги вазиятни ҳал қилиш учун кичик бўлса-да, имкониятлар ойнаси эканлигини тушунади.

Сиёсатчи ва аппаратчи

Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Владимир Путин ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда осон бўлмаган. 2015 йилгача уларни дўстона дейиш мумкин эди, бироқ Суриядаги уруш Россия армияси Башар ал-Ассад томонида урушга киришганида, Туркия эса мухолифатни қўллаб-қувватлаганида, президентлар ўртасига низо тушди.

Туркия Сурия билан чегараси яқинида Россия бомбардимончи самолётини уриб туширган 2015 йил ноябри икки давлат муносабатларидаги энг оғриқли ой бўлиб қолди. Москва расман узр сўрашни талаб қилди, Анқара эса ўт очиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади. Оммавий тазарруни кутмасдан, Владимир Путин товар эмбаргоси билан жавоб берди ва россияликларга иқтисодиёти туризмга боғлиқ бўлган мамлакатга саёҳат қилишни тақиқлади. Дарҳақиқат, ўшанда Туркия билан алоқалар узилган эди.

Учувчи жасади солинган тобут

Сурат манбаси, Turkish Armed Forces Headquarters/Anadolu Agency/G

Сурат тагсўзи, Кейинроқ Эрдўғон самолёт учувчиси оиласига таъзия изҳор этди

Эрдўғонни асабийлаштирган бу кескинлик чоғида Россия ҳатто Туркия президенти исломий экстремистлардан яширин нефть сотиб олишга алоқадорлигини даъво қилди. Эрдўғон, агар кимдир далил келтирса, истеъфога чиқишга ваъда берди. Аммо Москва ўз сўзларини тасдиқламасликка қарор қилди.

Орадан етти ой ўтиб Эрдўғон таслим бўлмасдан таслим бўлди. Яъни у Путинга мактуб йўллаб, ҳалок бўлган учувчининг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва унинг ўлими учун узр сўради. Аммо, одатдагидек, у самолётнинг йўқ қилингани учун кечирим сўрамади. Шунга қарамай, унинг режаси иш берди ва икки давлат ўртасида мулоқот қайта бошланди.

Аммо орадан бир неча ҳафта ўтгач, Эрдўғонни ички тартибсизлик - ҳарбий тўнтаришга уриниш чалғитди. Ўша пайтда Ўрта ер денгизидаги курортда дам олаётган президентнинг ўзини қўлга олишнинг иложи бўлмади ва давлат тўнтариши бостирилди.

Путин Эрдўғонга қўнғироқ қилган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди. Тез орада Эрдўғон Россия президенти билан шахсан учрашув ўтказиш учун Санкт-Петербургга учиб кетди. Ўша даврдаги риторика ҳозиргисидан фарқли эди: Эрдўғон Путинни дўстим деб атаган ва учрашиш имконияти учун миннатдорлик билдирган эди.

Аммо муаммолар шу билан тугамади. 2019 йилда Россия ва Туркия яна Сурия шимоли-шарқидаги баррикадаларнинг қарама-қарши томонида туриб қолди. Орадан бир йил ўтиб эса улар том маънода уруш ёқасида эди: Эрдўғон Сурия ҳукумат кучларига қарши ҳарбий операция ўтказиш билан таҳдид қилди, Россия эса Асадга ёрдам беришга ваъда берди.

Қарама-қаршилик майдони нафақат Сурия, балки Путин ва Эрдўғон маҳаллий фуқаролар урушида турли томонларни ҳимоя қилаётган Ливия ҳам эди.

Путин и Эрдоган

Сурат манбаси, Chris McGrath/Getty Images

Буларнинг барчасига қарамай, иккаласи ҳам охир-оқибат келишувга эришди. Ва барча қарама-қаршиликлар (шунингдек, Ғарб давлатларининг норозиликлари) Туркиянинг Россиядан С-400ларини сотиб олишига, Украинани четлаб ўтувчи "Турк оқими"ни очишга ва Росатомга Туркиянинг Ўрта ер денгизи соҳилларида атом электр станциясини қуришга рухсат беришга тўсқинлик қилмади.

Эрдўғон ва Путинни кўп таққослашади. Ҳар иккиси ҳам ўз мамлакатларидаги оғир даврдан сўнг ҳокимиятга келган, халққа барқарорлик ваъда қилган, анъанавий қадриятлар тарафдори, авторитар етакчига айланган, рақибларига, шунингдек, журналистлар ва фуқаролик фаолларига қарши репрессияларни бошлаган.

"Янги Туркияни ўрганиш бўйича Россия маркази директори Юрий Мавашев қўшимча қилади: "Эрдўғоннинг услуби бир қарашда Путинникига ўхшайди, лекин бир муҳим фарқ бор. Путин сиёсий курашда заррача тажрибага эга бўлмаган аппаратчи бўлган. Эрдўғон сиёсатда узоқ йўл босиб ўтган инсон. У Истанбулни бошқарган ва ҳатто сиёсий қарашлари учун қисқа муддат қамоқда ўтирган (1997 йилда Эрдўғон ҳокимиятга ёқмаган шеъри учун 120 кун қамоқда ўтирган. - Би-би-си)".

Бундай тафовутга қарамай, Эрдўғон ва Путин кўпинча бир-бирининг амбициялари ва манфаатларини ўзаро тушуна олган. Аммо Украинадаги уруш Эрдўғонга янги нарсани кўрсатди.

Дунё бешдан ортиқ

Владимир Путин бошқаларни куттиришни яхши кўриши билан машҳур. Жаҳон сиёсатида бундай кечикиш ҳурматсизлик деб ҳисобланади, лекин Путин билан учрашувлар камдан-кам ҳолларда ўз вақтида бошланади.

Видео тагсўзи, Путин Эрдўғонни кутаётган маҳал. Видео

Бироқ шу йилнинг июль ойида Путинни кутишга мажбур қилишди. Кўп ўтмай - бор-йўғи бир дақиқача - Россия президентининг ўзи камералар қаршисида лабларини буриштириб, оғирлигини у оёқдан бу оёққа ташлаб турди. Шундан сўнг залга Эрдўғон кириб келди ва Путин учрашувга кечикиб қолган қадрдон дўстини кутаётгандек қучоқ очди.

Мутахассислар бу тасодифми ёки Эрдўғон томонидан атай қилинган ишорами, деб узоқ вақт ўйлашди. Иккала вариант ҳам мумкин эди, чунки Эрдўғон ҳеч қачон ташқи сиёсатдаги амбицияларини яширмаган. Ўтган йили у Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган жаҳон сиёсий тизимининг "адолатсизлиги" ҳақида гапирганди. Туркия президенти Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси қаторига кирмаган БМТга аъзо давлатларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришни таклиф қилди. Кейин у аллақачон машҳурлашиб кетган гапини айтди: "Дунё бешдан ортиқ".

Эрдўғон ўз амбицияларидан келиб чиқиб, ўзини (Путин каби) Қора денгиз минтақаси етакчиларидан бири деб ҳисоблаган. Аммо Россия армияси нималарга қодирлигини кўрсатган Украинадаги уруш Туркия президенти ўзини етакчи дейишга асос беради. Эксперт Юрий Мавашевнинг қайд этишича, Россиянинг имкониятларини ҳозир Туркияники билан солиштириб бўлмайди.

Бундан ташқари, Россия урушда тез ва осон ғалабага эриша олмаганида, минтақадаги кучлар мувозанати ўзгарди. Ҳозир Россияга Туркия Туркияга Россия керак бўлганидан ҳам кўпроқ керак, дейди эксперт Димитар Бечев.

Путин ва Эрдўғон 2020 йили "Турк оқими"нинг тантанали очилиш маросимида

Сурат манбаси, Burak Kara/Getty Images

Сурат тагсўзи, Путин ва Эрдўғон 2020 йили "Турк оқими"нинг тантанали очилиш маросимида

Ҳа, Россия Туркиянинг газ соҳасидаги асосий ҳамкори бўлиб қолмоқда, бироқ Эрдўғон ҳар куни Москвада бу газ учун бозорлар тобора камайиб бораётганини яхши билади. Ва бу Россия муҳим савдо бозорини хавф остига қўймаслигини англатади. Буни Владимир Путин ҳам тушунади, у Эрдўғонга Туркияда "газ хаби" - газ тақсимлаш марказини яратишни таклиф қилди.

Эрдўғон, албатта, рози бўлди. Агар шундай лойиҳа амалга оширилса, Туркия газ сотишда асосий воситачига айланади, бундан ташқари у зарур инфратузилмани олади. Путин, шунингдек, бундай схема Европага газ сотиш имконини беради, деб умид қилмоқда, шунда санкция остидаги Россия банклари билан рублда тўловлар амалга ошириш шарт бўлмайди.

Ҳаммаси яхши эшитилади. Амалда эса ҳаммаси мураккаб. Ҳозирги "Турк оқими" газ қувури иккита линиядан иборат бўлиб, улардан бири турк истеъмолчисига, иккинчиси эса Жануби-Шарқий Европа мамлакатларига газ етказиб беради. Аммо Европанинг жануби техник жиҳатдан катта ҳажмдаги газни ололмайди.

"Яъни, биз ҳали ҳам қувур ётқизишимиз керак. Ва уни ким ётқизади? Қайси пулга? Ким қувур ётқизувчи бўлади, Россия эса санкциялар остида", дейди турколог Юрий Мавашев лойиҳа борасидаги асосий саволларни санаб.

Лекин асосий муаммо ҳатто техник эмас. Савол шуки, Европа катта эҳтимол билан Россиядан газ сотиб олаётганини билиб турса ҳам, бу гўёки «турк» газини сотиб олишга тайёрми? Европалик харидорлар бунга интилмайди. Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, Европа атиги саккиз ой ичида Россия таъминотининг учдан икки қисмини бошқаси билан алмаштира олган.

"Оқилона куч намойиши"

Ҳозирча Эрдўғон Украинадаги урушдан фойда кўришга муваффақ бўлмоқда, бироқ у қанчалик узоқ давом этса - Туркия билан қўшниликда, унга шунчалик қийин бўлади, деб ҳисоблайди Димитар Бечев.

Украинадаги тинчлик Эрдўғон учун катта ғалаба бўлиши мумкин, аммо уруш давом этмоқда ва Туркия раҳбари ҳозирча у қадар кўп шахсий ютуқларга эришмаган. Улардан энг муҳими унинг ғалла савдосидаги иштирокидир. Ёз ўрталарига қадар рус қўшинлари Украина портларини тўсиб қўйди, бунинг натижасида миллионлаб тонна дон том маънода ёпиб қўйилди. Қашшоқ мамлакатлар озиқ-овқат танқислиги хавфига дуч келди, жаҳон бозорида нархлар кўтарилди. Эрдўғон ва БМТ воситачилиги билан блокада олиб ташланди. Лекин узоқ эмас.

Балкер

Сурат манбаси, Chris McGrath/Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия ғалла келишувидан чиққанидан кейин Босфор бўғозига киришда ушбу юк кемасини тўхтатишди. Путин фикрини ўзгартирганидан кейин кемани қўйиб юборишди

Кузда Россия Украинани Россия флотига ҳужум қилиш учун "хавфсизлик коридори"дан фойдаланганликда айблаб, бир томонлама дон шартномасидан чиқди. Бироқ, кутилмаганда, атиги 72 соат ичида ва Эрдўғон билан бир суҳбатдан сўнг Владимир Путин фикрини ўзгартирди.

Туркия Москвани қандай ишонтира олгани ҳақида лом мим демади. Россия маълум кафолатлар олганини айтди. Аммо Ғарб агентликларининг аноним манбалари мамлакатнинг ғалла битимига қайтиши Туркия босими натижаси эканини таъкидлади. Эрдўғон бу далилни қўллаганми ёки йўқлигини тасаввур қилиш қийин, аммо Туркия уларнинг хавфсизлигини кафолатлаш учун кемаларни дон билан кузатиб бориши кифоя эди. Туркия кемаларига ҳар қандай, ҳатто тасодифий ҳужум ҳам НАТО кемаларига қилинган ҳужум саналади.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Путин ўз фикрини украиналик сиёсатчи "усмонли дипломатияси" деб атаган "оқилона куч намойиши" туфайли ўзгартирганига амин.

Эрдўғон "Усмонли дипломатияси"дан нафақат Москва ва Киев билан мулоқотда фойдаланмоқда. У Африкада ўз таъсирини ёйиш учун катта имкониятларни кўради. Африка давлатларида доимий равишда янги турк офислари очилмоқда. Туркиянинг қитъада 43 та элчихонаси бор. Турк ҳаво йўллари бу мамлакатларни боғлаб туради. Эрдўғон эса мунтазам равишда Африкага ташриф буюради ва аллақачон 30 дан ортиқ мамлакат борган. Жорий йил бошида Туркия Африканинг 19 давлатига, жумладан, Жанубий Африка, Марокаш, Нигерия, Гана, Жазоир ва Эфиопияга ҳарбий атташесини юборган эди. Сўнгги йилларда Туркия Ғарбий ва Шарқий Африкадаги аксарият давлатлар билан ҳарбий шартномалар имзолади.

Эрдоган Кампалада

Сурат манбаси, Kayhan Ozer/Anadolu Agency/Getty Images

Сурат тагсўзи, Эрдўғон ўз таъсирини Африка мамлакатларида ҳам тарқатишга уринади. Ушбу суратда у Угандада

Эрдўғон аллақачон Туркия-Африка ҳамкорлик саммитларини ўтказган ва қитъа мамлакатлари билан ҳамкорликни давом эттириб, уларга автомобиллар, ўқ-дорилар ва қуроллар, жумладан, ўзининг машҳур дронларини сотишда давом этмоқда.

Россия Украинадаги уруш билан банд бўлса, Ражаб Тоййиб Эрдўғон Евроосиёда ва умуман Россия даъво қилаётган бутун маконда ўз таъсирини кучайтирмоқда, дея қайд этади Юрий Мавашев.

Ноябрь ойида Туркия раислигида Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари иштирок этди. Улар Туркманистоннинг тез орада ташкилотга қўшилиши мумкинлигини муҳокама қилишган.

Вақт Эрдўғон учун ниҳоятда қулай, айни пайтда минтақадаги энг йирик давлат Қозоғистон содир бўлаётган воқеалардан норозилигини аллақачон билдирган. Мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев ўзини мустақил деб эълон қилган «ЛПР»нинг мустақиллигини тан олишдан бош тортди ва уларни "квазидавлат ҳудудлар" деб атади.

Эрдўғон эса бу давлатлар билан савдо ҳажмини оширишда давом этмоқда ва масалан, масжидлар қуриш ёки реконструкция қилишни молиялаштириш орқали "юмшоқ куч"дан фойдаланмоқда.

Эрдўғон ва Тоқаев

Сурат манбаси, Tass

Сурат тагсўзи, Эрдўғон ва Тоқаев

Аммо Эрдўғоннинг битта муаммоси бор. Туркияда келаси йил ёзида президентлик сайловлари ўтказилиши режаланган. Унинг жаҳон миқёсидаги ғалабалари таъсирли кўринса ҳам, сайловчилар учун мамлакатда бўлаётган воқеалар муҳимроқ.

Сарлавҳаларга иммунитет

Агар ташқи сиёсатда Эрдўғон қандайдир муваффақиятга эришган бўлса, ички сиёсатда у жиддий муаммоларга дуч келмоқда.

Туркия жиддий иқтисодий инқирозда. Фақатгина расмий ҳисоб-китобларга кўра, инфляция 85 фоиздан ошади. Бу охирги 24 йилдаги рекорддир. Нархлар деярли ҳамма нарса учун кўтарилмоқда, лекин энг сезиларли сакраш озиқ-овқат ва транспортда.

Ушбу инфляциянинг сабаби 2021 йилнинг кузида Туркия Марказий банки асосий ставкани, яъни Марказий банкнинг тижорат банкларига кредит бериш фоизини пасайтиргандан сўнг бошланган лира курсининг тушишда давом этишидир.

Анъанага кўра, бутун дунё бўйлаб марказий банклар инфляцияни назорат қилиш учун ставкаларни оширишга ҳаракат қилишади. Аммо Ражаб Эрдўғоннинг Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати борасида ўз фикри бор. Мавжуд инқироз Эрдўғон учун асосий муаммо бўлиб, унинг режими асосан иқтисодиётни барқарорлаштириш ваъдаларига таянган - амалдаги президент 1998 йилги иқтисодий инқироздан кейин ҳокимият тепасига келган эди.

Эркак бозорда кўкат сотиб олаяпти

Сурат манбаси, Bilal Seckin/SOPA Images/LightRocket via Getty Ima

Сурат тагсўзи, Иқтисодий иинқироз туфайли Туркияда нарх-наво қимматлашиб, харид имконияти пасайиб кетаяпти

Туркиядаги мухолифат Эрдўғонни техноген инқироз учун танқид қилишдан чарчамаяпти. Бир йил аввал "Яхши партия" етакчиси Мерал Акшенер парламентда шундай деган эди: "Иқтисодиётни қандай бошқариш кераклиги ҳақида минглаб китоблар ёзилган. Лекин уни қандай йўқ қилиш ҳақида бирорта ҳам китоб ёзилмаган. Бу қисмни ёзиш сизга қолди, жаноб Эрдўғон".

Туркияда сайловлар 2023 йилнинг ёзида ўтказилиши режалаштирилган. Россиянинг Янги Туркияни ўрганиш маркази директори Юрий Мавашевнинг таъкидлашича, "Мухолифат қўл қовуштириб ўтиргани йўқ, улар ҳалигача коалицияга ким номзод бўлишини эълон қилишмаган. Улар бу билан Эрдўғонга имконият бермоқчи эмас: агар улар номзод кимлигини кўрсатса, бу одамга нисбатан маъмурий ресурсларни қўллаш, турли компроматлар тўплаш мумкин бўлади. Ҳозир мухолифат Эрдўғонга қараяпти, Эрдўғон эса мухолифатга. Шундай қилиб, улар 2023 йилга қараб ҳаракат қилмоқдалар."

Маъмурий ресурс аллақачон айрим ҳолларда - бўлажак сайловларда яхши имкониятга эга бўлган потенциал номзодларга қарши ишлай бошлаган. Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли Марказий сайлов комиссияси аъзоларини ҳақорат қилганликда айбланмоқда. Агар айбдор деб топилса, 4 йилгача қамоқ жазоси ва раҳбарлик лавозимларини эгаллашдан маҳрум қилиниши мумкин.

Erdogan

Сурат манбаси, YASIN AKGUL/AFP via Getty Images

Имомўғлининг Жумҳурият Халқ партияси тарафдорлари бу айбловларни сайлов билан боғлаб, Эрдўғон потенциал ягона мухолифат номзодидан халос бўлишга уринаётганини тахмин қилмоқда.

Эрдўғон ташқи сиёсатдаги ғалабаларни ички бозорда ҳам сотишга ҳаракат қилмоқда, бироқ мамлакат фуқаролари кўпчилик Туркия билан ҳисоб-китоб қилишига ва президентнинг номи матбуот сарлавҳаларини тарк этмаслигига аллақачон ўрганиб қолганлар.

"Одамларда аллақачон иммунитет шаклланган. Эрдўғон бу конвертация билан ҳаддидан ошиб кетди. Лекин энг муҳими, музлатгичда йўқ нарсани телевизордаги билан алмаштириш жуда қийин. Бу маънода Россия тарихига мутлақо тўғри келмайди", дейди Мавашев.

Шунга қарамай, Эрдўғоннинг имкониятлари ҳамон юқори. Димитар Бечев таъкидлаганидек, мамлакат ҳукумати субсидия дастурини бошлади - қисқа муддатли чора, аммо ҳозирги президент шу билан чекланмайди. "У ҳали ҳам барча таъсир воситаларига эга, жумладан, сайлов комиссиясига, у оммавий ахборот воситаларини назорат қилади. Демак, бу барча иштирокчилар учун тенг рақобат бўлмайди", дея таъкидлайди эксперт.

Эрдўғоннинг сайловдаги имкониятларидан қатъи назар, яқин ойларда у Украина, Россия ва Ғарб ўртасида воситачи бўлиб қолади.

Чунки оддийгина сабаби - бошқа воситачилар йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek