Туркия энди Озарбайжонда ўз ҳарбий базаларини очадими? Ozarbayjon Rossiya Turkiya yangiliklar

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY/GETTY IMAGES
Озарбайжон Туркия билан расман иттифоқчилик шартномасини имзолади.
Айнан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик янги шартноманинг энг муҳим қисми экани айтилмоқда.
Туркия Натога аъзо ягона мусулмон давлати бўлади.
Кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликка оид янги иттифоқчилик шартномаси сўнгги Тоғли Қорабоғ урушидан саноқли ойлар ўтиб ўртага чиққан.
Шартнома айнан Тоғли Қорабоғнинг Шуша шаҳрида шахсан Туркия ва Озарбайжон президентларининг ўзлари томонидан имзоланган.
Шуша Тоғли Қорабоғ масаласида ҳам Арманистон ва ҳам Озарбайжон учун бирдек муҳим, энг кўп стратегик аҳамият юкланган ҳудуд сифатида кўрилган.
Сўнгги Тоғли Қорабоғ урушида энг қақшатқич жанглар Шуша учун кечган.
Озарбайжон шаҳарни арман кучларидан қайтариб олишга муваффақ бўлганди.
Кузатувчиларга кўра, Режеп Таййип Эрдўғаннинг Шушага ташрифи икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик алоқаларининг қанчалик мустаҳкамланиб бораётганига далолат қилади.
Шунингдек, Туркиянинг Жанубий Кавказда кучайиб бораётган таъсирини урғулайди.
"Ушбу декларация муносабатларимизни энг юқори даражага кўтаради(...). Бугун биз сифат жиҳатидан янги алоқаларни ўрнатдик. Янги шартноманинг барча бандлари келгусидаги ҳамкорлигимиз гаровидир", - деб айтган Илҳом Алиев сешанба куни Туркия раҳбари билан Шушада бўлиб ўтган музокаралари ортидан.

Сурат манбаси, Getty Images
Бунгача икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик шартномаси Озарбайжонда Туркия ҳарбий базаларининг очилишини кўзда тутиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабар берилган.
Озарбайжон президенти ҳам, ўз навбатида, ҳарбий соҳада ҳамкорлик Туркия билан имзоланган ҳужжатнинг энг муҳим қисмларидан бири эканини тасдиқлаган.
"Декларацияда халқаро даражадаги ҳамкорлик, сиёсий, иқтисодий, савдо алоқалари, маданият, таълим, спорт, энергетик хавфсизлик, Жанубий газ йўлагининг аҳамияти каби муҳим масалалар акс эттирилган. Барча масалалар жуда муҳим, аммо мен улардан иккитасига тўхталиб ўтмоқчиман. Бу Озарбайжон ва Туркиянинг мудофаа саноати ва ўзаро ҳарбий ёрдам соҳасидаги ҳамкорлигидир", - деб айтган Илҳом Алиев.
Туркия президенти эса, Тоғли Қорабоғни ҳамкорликда тиклашга оид режаларини очиқлаган.
"Биласиз, биз Россия, Туркия, Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Эрон иштирокидаги олти томонлама платформа доирасида ишлашни таклиф қилдик. Худди шу платформа асосида минтақани обод қилмоқчимиз. Биз Алиев билан ва яна Россия президенти Владимир Путин шунга аҳд қилганмиз", - деб айтган Режеп Таййип Эрдўған.

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон президенти Туркий Кенгашнинг шу йил март ойидаги норасмий саммитида Тоғли Қорабоғ борасида тарихда кузатилмаган баёнот билан чиққан.
Шавкат Мирзиёев Тоғли Қорабоғ ҳудудининг қайтарилишини "тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалаба", деб баҳолаган.
Ўзбекистон тарафи бу минтақани тиклашда Озарбайжонга ёрдам беришга тайёр эканини баён қилган.
Озарбайжон президенти ва халқини худди ана шу ғалаба билан "яна бир бор табриклаган"ди.
Шавкат Мирзиёев ўтган йил ноябрь ойида "Россия Федерациясининг фаол кўмагида эришилган" Тоғли Қорабоғ битимини ҳам беэътибор қолдирмаган.
Ўзбекистон президенти бу масалага Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити чоғида сиртдан қилган чиқишида тўхталиб ўтган, бу келишувларни "олқишлашлари"ни айтган.
"Ушбу ҳудудда тинч ҳаёт ва барқарорлик тез фурсатда тикланишига умид билдириб" қолган.
Тинчлик битими ўтган йилнинг 9 ноябрь куни Арманистон, Озарбайжон ва Россия ўртасида имзоланган.
Келишув Тоғли Қорабоғда урушни тўхтатиш, қайта қўлга киритган ҳудудларини Озарбайжон назорати остида қолдириш, минтақага Россия тинчликни сақлаш кучларини киритишни кўзда тутган.
Ўзбекистон президенти ўшанда бу янгиликка расман ва ошкора муносабат билдирган биринчи Марказий Осиё раҳбари бўлганди.
Сўнгги Тоғли Қорабоғ уруши шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган.
Рақиб томонлар янги урушни очишда бир-бирларини айблаб чиқишган.
Расмий Тошкент буни эътиборсиз қолдирмаган, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги худди ўша куннинг ўзида расмий баёнот билан чиққан.
Ўзбекистон Озарбайжон ва Арманистон муносабатларидаги кескинликнинг кучайишидан "жиддий хавотирда" эканини билдирган.
Ўзбекистон бу баёнотини МДҲ нинг амалдаги раиси сифатида ҳам берган.

Сурат манбаси, EPA
Расмий Тошкент тарафларни "ҳарбий ҳаракатларни тезда тўхтатиш"га даъват этаркан, "можарони суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақириб" қолган.
Баёнот мазмунидан расмий Тошкентнинг Тоғли Қорабоғ масаласида ўзининг ўтмишдаги мавқеида собит қолгани англашилган.
Тоғли Қорабоғ можароси бунгача, қарийб ўттиз йилдирки, ўзининг якуний ечимини топмай келган.

Сурат манбаси, Getty Images
Орада Россия, АҚШ воситачилигида эришилган ва томонларнинг ўзлари келишган муваққат сулҳ битимлари ҳам иш бермаган, чиппакка чиққан.
Ҳар уч сулҳ битимини бузишда рақиб томонлар бир-бирларини айлаб чиқишган.
Озарбайжон расман охиригача жанг қилишини айтган, музокаралар столига қайтиши учун қатор шартларни илгари суриб келаётганди.
Аммо янги тинчлик битими фонида ҳам Тоғли Қорабоғ қолган қисмининг тақдири ноаён қолгани кўрилган.
Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда расман Озарбайжоннинг ҳудуди сифатида тан олинади.
Талаш бўлиб келаётган бу ҳудуд устидан уруш илк бор кузатилаётгани йўқ.
1994 йилда сулҳ билан якун топгани олти йил давом этган.

Сурат манбаси, Reuters
Илк Тоғли Қорабоғ уруши 1988 йили бошланган.
Аҳолисининг аксарини арманлар ташкил қилган Тоғли Қорабоғ Мухтор вилояти СССР замонида Озарбайжон таркибида бўлган.
Арманларнинг Тоғли Қорабоғни Озарбайжон таркибидан олиб чиқиб, Тоғли Қорабоғ республикасини ташкил қилиш ғояси қонли ҳодисаларга сабаб бўлган.
1994 йилгача давом этган уруш оқибатида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ билан бирга ўзининг етти тумани устидан назоратни йўқотган.
Тоғли Қорабоғ ўзини республика деб эълон қилган, бироқ бу республика халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.
1992 йилдан буён Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш мақсадидаги музокаралар ҳануз давом этмоқда.
Озарбайжон ўзининг ҳудудий яхлитлиги таъминланишини талаб қилади. Арманистон расман эътироф этилмаган республика тарафини олиб келади.
Бу ҳудудда яшовчи насроний ва мусулмонлар ўртасида ер учун қарама-қаршиликлар эса, аслида 100 йилларга бориб тақалади.
Арманистон - мустақил Ўзбекистон ўз элчихонасига эга бўлмаган МДҲдаги ягона давлат.
Марҳум Ислом Каримов ҳам ва ҳозиргача Шавкат Мирзиёев ҳам ўз бошқаруви даврида давлат раҳбари сифатида Арманистонга ташриф буюришмаган.
Айни воқеълик ҳам шу кунгача кўплаб таҳлилчиларнинг диққат-эътиборини ўзига тортиб келади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















