Минтақа ва Ўзбекистон Путинни нега қўлламаган, Хитой Россия борасида нима дейди? Дунё, янгиликлар

Путин ва Си Цзинпин

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Тесса Вонг ва Саймон Фразер
    • Role, BBC News

Владимир Путин Россия босқинидан кейин Президент Си Цзинпин билан биринчи шахсий музокараларида Хитойнинг Украина борасидаги «хавотирини» тан олди.

Аммо Ўзбекистонда нутқ сўзлаган Путин, шунингдек, Хитойнинг "мувозанатли позицияси" учун миннатдорлик билдирди ва "АҚШнинг бир қутбли дунё яратишга уринишлари" барбод бўлишини айтди.

Си Цзинпиннинг айтишича, Хитой Россия билан "катта давлат" сифатида ҳамкорлик қилишга тайёр.

Хитой Россия босқинини қўллаб-қувватламади, лекин бошланганидан бери Москва билан савдо ва бошқа алоқаларни кенгайтирди.

Икки давлат раҳбарларининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити доирасидаги Самарқанддаги учрашуви Украинадаги урушнинг муҳим палласига тўғри келди, Россия қўшинлари мамлакатнинг баъзи ҳудудларида мавқеини йўқотмоқда.

Алоқадор мавзулар:

"Биз хитойлик дўстларимизнинг Украина инқирози бўйича мувозанатли позициясини юқори баҳолаймиз", деди Путин февраль ойидаги босқиндан кейин иккинчи хорижга сафари чоғида.

Хитойнинг Украинадаги вазият бўйича "савол ва хавотирлари" борлигини таъкидлаб, у буни тушунганини айтди.

"Бугунги учрашувда биз, албатта, ўз позициямизни тушунтирамиз", деди Путин.

Жаноб Путиннинг баёнотидан фарқли ўлароқ, Хитой ҳукуматининг йиғилишдан кейинги баёнотида Украинадаги уруш ҳақида ҳеч қандай сўз айтилмади.

Аммо унда айтилишича, Россия ва Хитой асосий манфаатлар бўйича "катта ўзаро ёрдам"ни кенгайтиради. Улар биргаликда "ўзгараётган ва нотинч дунёга барқарорлик олиб келишда етакчи роль ўйнайди" ва Пекин ўзаро ҳамкорликни "тоғлардек барқарор" деб атади.

президентлар

Босқин Москвани Совуқ Урушдан бери Ғарб билан бўлган энг оғир инқирозига олиб келди ва глобал озиқ-овқат ва энергия нархлари кўтарилишига сабаб бўлди.

Инсон ҳуқуқлари ва Тайван келажаги каби масалалар туфайли сўнгги йилларда Ғарб билан муносабатлари кескин ёмонлашган Хитой учун ҳам бу катта муаммо туғдирмоқда.

Жаноб Путин ва жаноб Си йиллар давомида ўнлаб марта учрашган, бироқ уларнинг сўнгги музокаралари алоҳида эътибор тортди.

Улар ўзларининг Ғарб ҳукмронлигига қарши куч сифатида тавсифлаган ва ўсиб бораётган муносабатлари 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин халқаро тартиботда катта ўзгаришлар юз берганини кўрсатади.

Ҳозир роллар ўзгарди: Хитой доминант ҳамкорга, иқтисодий қудратли давлатга айланди.

Оксфорд университетининг халқаро алоқалар бўйича катта илмий ходими, профессор Розмари Фут Би-би-си билан суҳбатда "Путин бундан Си Цзинпиндан кўра кўпроқ фойда олмоқда - Россия халқаро миқёсда жуда яккаланиб қолган" деди.

"Шундай экан, Хитой иттифоқчи эмас, балки уни қўллаб-қувватловчи ҳамкор эканлигини кўрсатиш жуда муҳим. Улар ўртасида яқин муносабатлар мавжуд".

Путинни "эски дўст" деб атаган Си учун учрашувнинг аҳамияти ҳам муҳим эди.

У келгуси ой Коммунистик партия қурултойида тарихий учинчи муддатга сайланишга ҳаракат қилади ва унинг Марказий Осиёга ташрифи Ковид пандемияси бошланганидан бери Хитойни биринчи марта тарк этгани бўлди.

Унинг бу сафари Хитойда "ноль Ковид" сиёсати ҳали ҳам амалда бўлган янги локдаунлар манзарасида содир бўлди. Дунёнинг қолган қисми қайта очилган бўлса-да, Пекин ҳар сафар касаллик ҳолатлари авж олганида бутун шаҳар ва вилоятларни ёпишда давом этмоқда.

Хитой ва Россия узоқ вақтдан бери 2001 йилда тўрт собиқ Совет Марказий Осиё давлати билан биргаликда асос солинган ШҲТни Ғарбнинг кўп томонлама гуруҳларига муқобил тузилмага айлантиришга интилиб келади. Ҳиндистон, Покистон ва Эрон ҳам унга аъзо.

Улар охирги марта февраль ойида учрашганларида, Путин Сининг таклифига биноан Қишки Олимпиада ўйинлари учун Пекинга борганида, алоқалари мустаҳкам дўстлик билан боғланганлигини айтиб, ўзларининг яқин алоқаларини кўрсатишга ҳаракат қилдилар.

Бир неча кундан кейин Россия Украинага бостириб кириб, халқаро қоралаш ва санкцияларга сабаб бўлди ва бу Хитой-Россия муносабатларини диққат марказига қўйди.

Пекин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди ва миллий суверенитет муҳимлигини таъкидлади. Аммо у урушни босқинчилик деб аташдан ҳам бош тортди, чунки Россия буни "махсус ҳарбий операция" деб атайди.

Сўнгги ҳафталарда Хитой Россия билан қўшма ҳарбий машғулотларда иштирок этиш учун қўшинларни ва россиялик ҳамкасблари билан учрашиш учун юқори мартабали амалдорларни юборди. Хитой Ғарб санкциялари жорий қилинганидан кейин ҳам Россияга иқтисодий ёрдам бермоқда.

Бу муносабатлар ҳар икки давлат учун ҳам манфаатли эди. Европа Россия нефти ва газига қарамлигини камайтирар экан, Хитой ҳам сотиб олишни кўпайтирди, хабарларга кўра, арзон нархларда олмоқда.

Ўтган ой Пекин, шунингдек, газ учун Россия рубли ва Хитой юанида тўлашга рози бўлиб, Москвага валюта захираси учун долларга жуда зарур бўлган муқобилни тақдим этди, шу билан бирга бу юанни халқаро валюта сифатида илгари суришда Хитой манфаатларига хизмат қилади.

Путин ва Си Цзинпин

Сурат манбаси, Reuters

Лекин Хитой аниқ чизиқ тортганга ўхшайди.

АҚШ разведкасининг айтишича, Москва қурол-яроққа шунчалик интиладики, у Эрон ва ҳатто Шимолий Кореяга таъминот учун мурожаат қилган. Афтидан, у Хитойга ҳам қўл чўзди, аммо ҳозирча Пекин рози бўлгани ҳақида ҳеч қандай аломат йўқ.

Баъзи экспертларнинг фикрича, дўстона муносабатларнинг қизғин манзарасига қарамай, Си Цинпин бир неча сабабларга кўра ўзи ва Путин ўртасида масофа сақлашни хоҳлайди.

"Россиянинг Украинада максимал тактик чекиниши кетаётган вақтда Москвага кўпроқ суяниш ноўрин бўлар эди", дейди Карнеги жамғармасининг тадқиқот бўйича вице-президенти Эван Фейгенбаум яқинда берган изоҳида.

Жаноб Си учун яна бир ташвиш шундаки, тўрттаси ШҲТга аъзо бўлган Марказий Осиёдаги собиқ совет давлатлари бир пайтлар СССР таркибига кирган Украинага Россиянинг бостириб киришини қўллаб-қувватламайди.

"[Си] Марказий Осиё бўлаётган ишлардан норози ва асабий эканини яхши билиши керак", деди профессор Фут Би-би-сига.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek