Дунё нигоҳи Самарқандда: Россия нима истамоқда, Ўзбекистон қандай хавотирда? ШҲТ саммити Dunyo O‘zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
ШҲТ Самарқанд саммити икки сабаб билан ҳам дунё, ҳам Ўзбекистон эътиборида. Дунё нима учун бу саммитга кўз тиккан? Ўзбекистон унга нега ҳар доимгидан кўра кўпроқ аҳамият қаратмоқда?
Самарқандга келган ШҲТ меҳмонлари орасида Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам бор.
Алоқадор мавзулар:
Жаҳон матбуоти Владимир Путин ва Си Цзиньпиннинг Самарқандда ўтказилажак учрашувида нималарни гаплашади, Украина мавзуси муҳокамаси ва уларнинг эҳтимолий музокаралари ҳақида ёзмоқда.
Икки давлат раҳбарларининг саммит доирасидаги учрашуви жаҳондаги айни вақтдаги сиёсий жараёнларда аҳамиятли экани таъкидланмоқда.

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат манбаси, Official
Мезбон Ўзбекистон ШҲТ саммитига муқаддам уч бора раислик қилган.
Мамлакат бу йилги йиғинга аввалгиларидан кўра кўп эътибор қаратаётгани Ўзбекистондаги саммит сиёсий жиҳатдан "ноқулай" бир даврга тўғри келгани билан изоҳланмоқда.
Самарқанд саммити арафасида Президент Шавкат Мирзиёев анжуман мақсади ва моҳияти тўғрисида мақола ёзиб, дунё матбуотига тақдим этди.
Ўзбекистон президенти жаҳонда халқаро ҳамкорликнинг универсал тамойил ва меъёрларига асосланган тизими издан чиқиб бораётганини таъкидлади.
У "глобал даражада ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётганини" асосий сабаблардан бири сифатида қайд этди ва ШҲТни "айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор макон" дея таърифлади.

Сурат манбаси, Official
"Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслик", — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президент мақоласи қаторида кўплаб ўзбекистонлик таҳлилчи ва сиёсатчилар ҳам ШҲТ тўғрисида мақола ва фикрлар эълон қилишган.
Бу мақолаларда асосий урғу ШҲТ нинг иқтисодий блок экани, Ғарбга қарши ҳеч қандай миссияси йўқлиги, саммит халқаро муносатларда тўсиқ бўлмаслигига қаратилди.
Расмийлар ўз чиқишларида дунёга шу муждани англатишга киришдилар.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев "ШҲТнинг асосий кучи — у қандайдир блок ёки ёпиқ тузилма бўлишдан йироқлиги", дея таъкидлади.
"ШҲТ саммити қандайдир қарама-қаршиликларни кучайтириш ёки янги деворларни барпо этиш, янги чегараларни белгилаш эмас, балки янги кўприкларни қуриш, халқларни бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган анжуман бўлади", — дея таъкидлади Содиқ Сафоев.
"ШҲТ — Ғарбга қарши яратилган ташкилот эмас, Самарқандда бўлиб ўтадиган давлат раҳбарлари саммитининг кун тартибида глобал геосиёсий инқироз билан боғлиқ масалалар йўқ", - деган Ўзбекистоннинг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов.
Ўзбекистон расмийларининг бу чиқишлари бир томондан одатдаги дипломатик тилда билдирилган чиройли фикрлар туюлса-да, бир нечта жиҳати борлиги билан аҳамиятлидир.
Аввало, ШҲТ Самарқанд саммитининг навбатдаги ўтказилиш вақти Россиянинг Украинага бостириб киргани оқибатида санкцияларга дуч келган бир даврга тўғри келди. Бироқ Россия раҳбарияти Ғарб жазо чораларини писанд қилмаяпти, аксинча халқаро миқёсда ҳаммаслак, дастакловчилари кўпайганини кўрсатиб қўйишни истамоқда.

Сурат манбаси, Official
Иккинчи томондан, саммит Россия матбуоти ШҲТ Хитой ва Россиянинг НАТОга жавоби экани, ташкилотнинг аксилғарб сифатида талқин этиши бошланган бир пайтда бўлиб ўтаяпти. Россия ОАВлари саммитга аъзо давлатлар сони кенгайиши ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорликнинг кучайиши Ғарбга қарши муносиб ҳаракат бўлишини таъкидлашмоқда.
Ўзбекистон расмийларининг чиқишлари шундай бир манзарада кузатилди. Таҳлилчилар мақолалар ортидаги Ўзбекистоннинг дунёга бераётган муждаси ва хавотирини билдиришди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Бугун Россия оммавий ахборот воситаларини кузатадиган бўлсак, улар Самарқанд саммитига жиддий эътибор беришяпти ва бу ташкилотга аъзо давлатларнинг барчаси ғарбга қарши қаратилган позицияни имкон қадар тарқатишга ҳаракат қилишяпти. Бу Марказий Осиё давлатларининг манфаатига тўғри келмайди", - дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Таҳлилчи мана шундай мураккаб вазиятда Ўзбекистоннинг "кўп ва кенг векторли ташқи сиёсатини" давом эттириши муҳимлигини урғулади.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Баҳромжон Сотиболдиев эса Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда бу ташкилот мамлакатларнинг ички сиёсий ишларига аралашмаслигини алоҳида таъкидлади.
"Зиддиятли масалалар доим бўлган, инсоният доим тўқнашиб келган. Унинг ечими мулоқот, музокаралар, бир-бирини эшитиш, фикрини инобатга олиш орқали ҳал қилинади", - деди Баҳромжон Сотиболдиев.
Ўзбекистон раислигидаги ШҲТ Самарқанд саммити музокаралар учун минбар вазифасини бажаришга тайёр. Ва бу билан ШҲТ ҳар доимгидан ҳам дунёнинг диққат марказида.
15 сентябрь куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан Самарқандда учрашган Россия Президенти Владимир Путин Украина уруши борасида Хитойнинг "мувозанатли мавқеъсини" юқори баҳолашини айтди.
Оқ Уй эса Хитойни жаноб Путин билан бирга иш кўрмасликка чақирди.
"Бутун дунё жаноб Путин қилаётган ишга қарши туриши керак. Ҳозир у билан одатий иш қилиш вақти эмас"", - деди Оқ Уй воизи Жон Кирби.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















