Нега Сурия уруши 10 йилдан бери тугамаяпти? Яқин Шарқ ва хавфсизлик, Suriya, IShID, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Бундан 10 йил муқаддам Сурия президентига қарши кўтарилган тинч норозилик намойиши кенг миқёсли фуқаролар урушига айланиб кетди. Уруш натижасида 380 000 дан зиёд одам ўлди, шаҳарлар вайрон бўлди, бошқа давлатлар ҳам бу можароларга аралашди.
Суриядаги уруш қандай бошланди?

Сурат манбаси, AFP
Уруш бошланмасидан илгари ҳам президент Башар ал Ассад раҳбарлигидаги мамлакатда аҳоли юқори даражадаги ишсизлик, коррупция, сиёсий эркинлик йўқлигидан шикоят қиларди. Башар ал Ассад 2000 йили отаси Ҳафиз вафотидан сўнг ҳокимиятга келган эди.
2011 йил мартида, репрессив ҳукуматларга қарши қўшни мамлакатларда бошланган намойишлардан илҳомланган аҳоли мамлакат жанубидаги Дераада демократия учун норозилик намойишларига чиқди.
Сурия ҳукумати муҳолифларга қарши қаттиққўллик билан куч қўллагач, бутун мамлакат бўйлаб президент истеъфосини талаб қилиб намойишлар бошланиб кетди.
Нотинчлик қулоч ёйди, уни бостириш учун куч ишлатиш яна кучайди. Муxолифат тарафдорлари қўлларига қурол олди, аввал ўзларини ҳимоя қилиш учун, сўнг ўз ҳудудларини хавфсизлик кучларидан тозалаш учун. Президент Ассад "хориждан дастакланаётган террорчилар"ни йўқ қилишга ваъда берди.
Зўравонлик юқори суръатда зўрайиб, фуқаролар урушига айланди. Юзлаб исёнчи гуруҳлар пайдо бўлди, бу уруш Ассад учун ва унга қарши кучлар тўқнашувидан ҳам кўра каттароқ миқёс касб этди. Хорижий қудратлар у ёки бу тараф ёнини олиш, пул, қурол ва жангчи билан таъминлашни бошлади, тартибсизлик кучаяр экан, ИШИД ва ал-Қоида каби экстремист жиҳодчи ташкилотлар ўз мақсадлари йўлида мамлакатга кириб кела бошлади. Бу ҳолатни кузатиб турган халқаро ҳамжамият ҳам хавотирга тушиб қолди.
Ўз мустақилликларини истовчи Сурия курдлари ҳам Ассад кучларига қарши урушмаган ҳолда мавжуд тўқнашувларга қўшилди.
Қанча одам ўлди?

Сурат манбаси, Reuters
Британияда жойлашган, аммо Сурияда ўз манбалари тармоғи бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Сурия мониторинги (ИҲСМ) гуруҳи 2020 йил декабригача 387 118 одам ўлгани ва улардан 116 911 нафари тинч аҳоли бўлганини ҳужжатлаштирган.
Бу рўйхатга йўқолган ёки ўлган деб гумон қилинган 205 300 одам, шу жумладан, ҳукумат қамоқхоналарида қийноқдан ўлгани ишонилган 88 000 тинч фуқаро киритилмаган.

Мамлакат бўйлаб турли фаоллардан маълумот тўпловчи бошқа бир мониторинг гуруҳи - Қонунбузарликларни ҳужжатлаштириш маркази ҳам халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари қонунчилиги бузилган ҳолатларни, хусусан, тинч фуқароларга ҳужумларни рўйхатга олиб келади.
У 2020 йил декабригача 226 374 та урушга даxлдор ўлим, шу жумладан, 135 634 тинч фуқаро ўлганини ҳужжатлаштирди.
БМТнинг болалар ҳуқуқлари бўйича ташкилоти UNICEF деярли 12 000 бола ўлгани ёки жароҳат олганини қайд этди.

Кимлар аралашди?

Сурат манбаси, AFP
Ҳукуматнинг асосий қўлловчилари Россия ва Эрон бўлди, Туркия, Ғарб давлатлари ва бир нечта Кўрфаз давлатлари ўтган ўн йил давомида турли даражада аксилҳукумат кучларни дастаклаб келади.
Урушдан аввал ҳам Сурияда ҳарбий база сақлаб келган Россия 2015 йили Ассадни қўллаб ҳаво ҳужуми амалиётларини бошлади ва бу вазият ҳукумат фойдасига ўзгаришига муҳим ёрдам берди.
Россия ҳарбийлари ҳужумлар "террорчилар"га қарши бўлганини айтса, фаоллар улар муттасил тарзда асосий исёнчи гуруҳлар ва тинч аҳолини ўлдирганини таъкидлайди.
Эрон Сурияга юзлаб аскарлар киритгани ва Ассадга ёрдам бериш учун миллиардлаб доллар сарфлагани ишонилади.
Эрон молиялаган, ўқитган ва қуроллантирган, ва асосан, Ливандаги Ҳизбуллоҳ ҳаракати аъзолари бўлган, шунингдек, Ироқ, Афғонистон ва Ямандан келган минглаб шиа мусулмон жангарилар ҳукумат кучлари билан ёнма-ён жанг қилди.
АҚШ, Британия ва Франция аввалига ўзлари "мўътадил" ҳисоблаган исёнчи гуруҳларни қўллади. Аммо кейин жиҳодчилар қуролланган муҳолифатдаги асосий кучга айлангач, қурол бўлмаган, асосан юмшоқроқ шаклдаги ёрдамни бера бошлади.
АҚШ етакчилигидаги глобал коалиция ҳам Сурия Демократик кучлари (СДК) деб аталадиган курд ва араб жангарилари мамлакат шимоли шарқида ИД жангариларидан ҳудудни қайтириб олиши учун 2014 йилдан бери ҳаво ҳужумларини амалга оширди ва Сурияга махсус кучларни жойлаштирди.
Туркия муҳолифатнинг муҳим дастакловчиси, аммо унинг бор эътибори СДКда курдлар етакчилигини чеклашга қаратилган эди. Туркия Суриядаги курд жангариларини Туркияда тақиқланган исёнчи курд гуруҳининг давоми деб ҳисоблайди.
Турк қўшинлари Сурия шимолий чегараси бўйлаб чўзилган ҳудудларни бирлашган исёнчи гуруҳлардан тортиб олди ва Сурия ҳукумат кучларининг исёнчиларнинг сўнгги истеҳкоми бўлмиш Идлибга қиладиган ҳужумни тўхтатди.
Эроннинг минтақадаги таъсирини чеклашни истовчи Саудия Арабистони Кўрфаздаги рақиби Қатар каби уруш бошида исёнчиларни қуроллантирди ва молиявий қувватлади.
Бу орада Исроил Эроннинг Сурияга "ҳарбий ўрнашуви", Эрон қуроллари Ҳизбуллоҳга ва бошқа шиа жангариларига берилишидан хавотир ола бошлади. Шу боис, уларни чеклаб туриш учун Исроил ҳам ҳаво ҳужумларини кўпайтирди.
Уруш Сурияга қандай таъсир қилди?

Сурат манбаси, AFP
ИҲСМга кўра, уруш юзлаб минг одамнинг ёстиғини қуритганидан ташқари, 2.1 миллиондан ортиқ оддий фуқаро уруш сабабли жароҳат олди ёки бир умр ногирон бўлиб қолди.
Суриянинг урушгача бўлган 22 миллионлик аҳолисининг ярми уйини ташлаб кетди - 6.7 миллиони мамлакат ичида бошқа жойга кўчди, 5.6 миллиони хорижга қочди. Уларнинг 93 фоизига мезбонлик қилган қўшни Ливан, Иордания ва Туркия яқин тарихдаги катта миқдордаги қочқинларни жойлаштириш юкини бўйнига олди. Бир миллион суриялик бола қочқинликда туғилди.

БМТга кўра, 2021 йил январида Сурия ичида 13.4 миллион одам турли даражада гуманитар ёрдамга муҳтож, шулардан 6 миллиони жуда муҳтож. 12 миллиондан ортиғи кунлик овқат топиш учун қийналади, ярим миллион бола тўйиб овқатланмайди.
Ўтган йили мисли кўрилмаган иқтисодий пастлаш, Сурия валютаси кескин қадрсизланиши ва нарх-наво кўтарилиб кетиши сабабли гуманитар инқироз янада чуқурлашди. Камига, мамлакат Ковид-19дан қаттиқ азият чекди, xароб бўлган соғлиқни сақлаш тизими ва тестдан ўтказишдаги танқислик боис, касаллик қанчалик тарқалгани ҳам номаълум.

Ўн йиллик урушдан сўнг мамлакат бўйлаб бутун аҳоли пунктлари ва муҳим инфратузилма вайронлигича қолмоқда. БМТ суньий йўлдош ўрганишлари кўрсатишича, 2016 йили ҳукумат қайта эгаллагунга қадар биргина Ҳалаб шаҳрининг ўзида 35 мингдан ортиқ тузилма зарарланган ёки бутунлай барбод қилинган.
Муҳофазага олинганлик мақомига қарамай, Шифокорлар инсон ҳуқуқлари учун ташкилоти 2020 йил мартига қадар 350 та тиббий объектга 595 марта ҳужум бўлганини ҳужжатлаштирган. Бу ҳужумлар мамлакат касалхоналарининг ярмини қисман ёки бутунлар яроқсиз ҳолга келтирди.
Сурия бой маданий меросининг катта қисми вайрон қилинди. Мамлакатдаги ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига кирган барча олти ёдгорлик катта зарар кўрди. ИШИД жангарилари қадимий Палмира шаҳрининг бир қисмини қасддан портлатди.
БМТнинг уруш жиноятлари бўйича суриштирувчилари барча томонларни "ўта даҳшатли зўравонликлар"ни содир этганликда айблади. "Сурияликлар, - дейилади уларнинг ҳисоботида, - зич аҳолили ҳудудлар бомбаланишидан жабр кўрди. Уларга қарши кимёвий қуроллар ишлатилди, замонавий қамалларда аҳоли ўрта асрлардагидек атай оч қолдирилди, шармандали тарзда гуманитар ёрдамларга тўсиқ қўйилди."
Ҳозир мамлакатни ким назорат қилмоқда?

Сурат манбаси, AFP
Ҳукумат мамлакатдаги катта шаҳарларни қайтариб олди, аммо катта ҳудуд ҳамон исёнчилар, жиҳодчилар ва курдлар етакчилигидаги СДК қўлида қолган.
Муxолифатнинг энг сўнгги истеҳкоми мамлакат шимоли ғарбидаги Идлиб, унга қўшни Ҳама ва ғарбий Ҳалаб вилоятидадир.
Ҳудудда ал-Қоидага алоқаси бор Ҳаёт Таҳрир аш Шом (ҲТШ) деб номланган гуруҳ ҳукмрон, аммо бу ерда турли исёнчи гуруҳлар ҳам бор. 2.7 миллион қочқин одам, шу жумладан, бир миллион бола ана шу ерда, кўпчилиги xароб аҳволдаги лагерларда.
2020 йил мартида Россия ва Туркия ҳукуматнинг Идлибни қайтиб олишга ҳужумларини тўхтатиш учун оташкесин имзоланишига воситачилик қилди. Ўшандан буён нисбий сокинлик бўлса-да, исталган вақт бузилиши мумкин.
Мамлакат шимоли ғарбида Туркия кучлари ва бирлашган Сурия исёнчилари 2019 йил октябрида чегаранинг Сурия томонидаги қисмидан курд жангариларини тозалаб, "хавфсиз ҳудуд" очиш учун СДКга қарши ҳужум бошлади ва ўшандан буён 120 км.га чўзилган ҳудуд эгалланди.
Ҳужумни тўхтатиш учун СДК Сурия ҳукумати билан битим тузишга мажбур бўлди ва шу билан курдлар назоратидаги ҳудудга етти йил деганда Сурия армияси кирди. Ҳукумат тўлиқ назоратни қайтариб олишга ваъда берди.
Уруш тугайдими?

Сурат манбаси, AFP
Уруш тез орада тугайдиган кўринмайди, аммо ҳамма томон сиёсий ечимлар кераклигини тушуниб турибди.
БМТ Хавфсизлик кенгаши "ўзаро розилик асосида" ўтиш ҳукуматини ташкил қилишни назарда тутувчи 2012 йилги Женева Коммуникесини бажаришга чақирди.
БМТ шафелигида ўтган ва Женева II номи билан танилган тўққиз босқичли музокаралар муваффақиятсиз чиқди, афтидан президент Ассад ўзини музокарачи томонлар ичида кўришни истамайдиган, ҳокимиятдан кетишини талаб қилаётган сиёсий муxолиф гуруҳлар билан муроса қилмоқчи эмас.
Россия, Эрон ва Туркия 2017 йили Остона жараёни номи билан аталган параллел сиёсий музокараларни бошлади.
Бир йил ўтиб, келишув имзоланди ва янги конституция ёзиш учун 150 аъзолик қўмита ташкил қилиниши ва у БМТ назоратида эркин ва холис сайловларга йўл очиши белгиланди. Аммо 2021 йил январида БМТ махсус вакили Гейр Педерсон ҳатто ислоҳотлар режаси тузилмаганидан афсус изҳор қилди.
Жаноб Педерсон таъкидлашича, Сурияда беш мамлакат армияси бор экан, халқаро ҳамжамият ечим фақат сурияликлар қўлида, деб қарай олмайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















