Сурия уруши: Туркия жавоб қайтарди - Россия нима қилади?

Сурат манбаси, Reuters
Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида Сурия ҳукумат кучларининг ҳаво зарбалари натижасида камида 33 нафар турк аскарлари ҳалок бўлган.
Сурия мухолифатини дастаклайдиган Туркия 200та Сурия ҳукумат нишонларини ҳужумга тутиш билан жавоб қайтарган, турк томонининг айтишича, 309 сурия аскари "нейтраллаштирилган".
Суриянинг асосий ҳарбий иттифоқчиси бўлган Россиянинг айтишича, турк ҳарбийлари Идлибда жиҳодчи жангчилар орасида бўлган.
Европа Иттифоқи уруш ҳаракатларининг ёйилишидан огоҳлантирган.
"Йирик халқаро ҳарбий зиддият келиб чиқиш хавфи бор", деб ёзган ЕИ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеф Борел Твиттер саҳифасида.
Путин ва Эрдўғон Идлибдаги вазиятни нормаллаштириш учун қўшимча чоралар кўришга келишишган.
Туркиянинг жавоби
Туркия ва Россия президентлари жума куни телефон орқали мулоқот қилишган.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Владимир Путин вазиятдан ташвиш изҳор қилишган ҳамда вазиятни нормаллаштириш учун "қўшитмча чоралар" кўришга келишганлар.
Кремлнинг айтишича, яқин келажакда икки раҳбар учрашиши мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Россия АҚШ ҳарбийлари билан ҳам вазиятни муҳокама қилганини айтган.
Россия Суриянинг Балюн минтақасидаги жангларда ўз кучлари иштирок этганини рад қилган.
Сурия ҳукумат кучлари Россиянинг дастагида Идлибни жиҳодчи гуруҳлар ҳамда Туркия томонидан дастакланаётган исёнчилардан қайтариб олишга уринмоқда.
Ҳаво зарбалари исёнчилар Балюн шимоли-шарқидаги Сарақеб шаҳрини қайтариб олганидан сўнг юз берган.
Идлиб Сурия ҳукуматига мухолиф кучлар ҳануз назорат қилиб турган охирги йирик ҳудуддир.
Айни пайтда Туркия ўзининг ғарбий қуруқлик ва денгиз чегараларини очаётганини айтган. У ердан миллионлаб қочкин Европага қараб юриши мумкин.
3.7 миллион суриялик қочқинларга мезбонлик қилаётган Туркия етарли ёрдам олмаганидан сўнг "бошқа чораси қолмагини"ни айтган.
Туркиянинг айтишича, эндиликда қочқинлар "Европа ҳамда дунёнинг ҳам муаммоси".
Анқара дунё ҳамжамиятини Идлибдаги тинч аҳолини "геноцид"дан ҳимоя қилишга чақирган.
Ҳужум ҳақида нима маълум?
"Асад режимининг ҳаво ҳужумлари натижасида 33 аскаримиз шаҳид бўлди", деб айтган Туркиянинг Сурияга билан чегарадош Хатай вилояти ҳокими Раҳми Доган.

Сурат манбаси, AFP/Getty Images
Президент Эрдўғон Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғинини ўтказиши ортидан Туркия кучлари ердан ва ҳаводан ҳужумларни бошлаб юборган.
Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар инсоний талофатлардан ташқари Суриянинг бешта вертолёт, 23 та танк, 23та артиллерия ҳамда иккита ҳаводан мудофаа тизими йўқ қилинганини айтган.


Россия Мудофаа вазирлигининг айтишича, турк аскарлари Булюн минтақасида жиҳодчи жангчилар билан бирга урушаётган пайт нишонга олинган.
Россия томонига кўра, ушбу ҳудудда "Таҳрир аш-Шом" жангчилари Сурия ҳукумат кучларига ҳужум уюштирган.
Россия Идлибда турк қўшинлари нишонга учрамаслиги учун Туркия билан доимий алоқада бўлгани ва Балюнда турк аскарлари борлиги ҳақида ўзларига маълумот берилмаганини айтмоқда.
Аммо Туркия Мудофаа вазири Акарга кўра, турк томони ўз ҳарбийларининг жойлашуви ҳақида Россия томонига барча зарур маълумотларни берганини айтган.
Унга кўра, нишонга олинган турк ҳарбийларининг атрофида ҳеч қандай қуролли гуруҳлар бўлмаган.
Жаноб Акарнинг айтишича, ҳаво зарбалари чоғида тез ёрдам машиналари ҳам ҳужумга тутилган.
Россиянинг Сурия соҳилига йўл олган қанотли ракеталарга эга иккита ҳарбий кемаси Истанбулнинг Босфор бўғозини кесиб ўтган.
Президент Эрдўғон Сурия ҳукумат кучлари Туркия ҳарбий кузатув нуқталарини ўрнатган ҳудуддан чекинишини талаб қилмоқда.
У аввалроқ чекинмагани тақдирда, Сурия ҳукумат кучларини ҳужумга тутиш билан таҳдид қилган.
Аммо Сурия ва Россия унинг 2018 йилда келишилган ўт очишни тўхтатиш чизиқларига чекиниш талабини рад этган.
Россия Туркияни, шунингдек, исёнчиларни артиллерия ўтлари билан дастаклаш орқали 2018 йилда эришилган битимни бузишда айблади.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Туркияга "қатъий сиёсий ва... амалий дастак" ваъда қилган.
У Сурия ва Россияни можарога БМТ бошчилигидаги тинч ечим топиш ҳаракатларини дастаклаш ҳақида огоҳлантирган.
АҚШ НАТО иттифоқчиси бўлган Туркиянинг ёнида туришини айтган.
БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш ўт очишни дарҳол тўхтатишга чақирган.

Анқара ёки Дамашқ ортга қайтадими?
Би-би-сининг мудофаа масалалари бўйича шарҳловчиси Жонатан Маркуснинг ёзишича, Туркия ва Сурия ўртасида тўлақонли ҳарбий зиддият учун саҳна тайёр.
Бу эса кўпгина саволларни туғдиради.
Анқара ёки Дамашқ орқага чекинадими?
Бетараф деб айтиш қийин бўлган Москва зиддиятни жиловлашга ҳаракат қилиши мумкинми?
Идлибдаги инсоний инқироз жуда қисқа вақтда геосиёсий инқирозга айланиши мумкин.
Суриядаги зиддиятнинг икки жиҳати бор: бу, бир тарафдан, фуқаролар уруши, иккинчи томондан эса, ўз манфаатларини кўзловчи ташқи кучлар қўлида қўғирчоқ бўлган гуруҳларнинг урушидир.
Идлиб исёнчилар назорат қилаётган ягона вилоят.
2017 йилда Туркия, Россия ва Эрон ўт очишни тўхатиш ва барча томонларни тичлик музокараларига жалб этиш заруратини англаб етгандек кўринганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Бу тинчликка эришиш йўлидаги ҳақиқий интилишмиди ёки вақтдан ютиш уриниши?
Буни айтиш қийин.
Аммо Идлибда Сурия ҳукумат кучларининг Россия авиацияси дастагида исёнчилар мавқеларини ҳужумга тутиши тинчликка эришиш йўлидаги барча умидларни чиппакка чиқаради.
Идлибдаги вазият Москва ҳамда Вашингтон билан муносабатларда мувозанат топишга уринган Эрдўғоннинг ташқи сиёсати "чеклангани"ни кўрсатади.
Эҳтимол, Эрдўғонда ҳануз Москвага таъсир воситалари бордир, ҳар ҳолда Россия уни қайтадан Вашингтон қучоғига отишни истамайди.
Аммо афтидан, ҳозирда Россиядан бошқа тангликни юмшатадиган ташқи ўйинчи йўқ.
"Бу Президент Трамп маъмуриятининг муваффақиятсизликка учраган Яқин Шарқ сиёсатининг бадалидир", - деб ёзади Би-би-си шаҳловчиси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













