Туркия-Сурия уруши: Ҳужум пайти юзлаб ИШИДга алоқадор хорижлик қочди

ҳужум

Сурат манбаси, AFP

Туркиянинг курдларга ҳужуми пайтида ИШИДга алоқадор юзлаб хорижликлар ҳибс жамлоғидан қочди. Курд расмийларининг айтишича, ўша атрофда жанглар кетаркан ҳибсдагилар Айн Иссадаги тақсимловчи лагерига ҳужум қилган.

Туркия чегарадаги курд кучларини Сурия ичига киритиш учун ўтган ҳафта ҳаво ва ердан ҳужумларни бошлаган эди.

Жамлоқдан қочганлар борасида турли рақамлар айтилмоқда. Минтақадаги кузатувчи гуруҳга кўра, қочганларнинг сони 100 нафар. Бироқ курд расмийлари ИШИДнинг чет эллик аъзолари қариндошларидан иборат қарийб 800 киши қочишга муваффақ бўлганини айтмоқда.

Айн Иссада тақсимланган 12 минг маҳбус сақланади. Шундан жиҳод гуруҳига алоқадор қарийб 1000 хорижлик аёл ва болалар бор.

"Болаларни асранг" хайрия ташкилоти маълумотига кўра, ҳозир жамлоқда хорижлик аёллар қолмаган. Лагер атрофини ниқобли эркаклар мотоциклларда айланмоқда.

Би-би-си Араб хизмати муҳаррири Себастиан Юшернинг айтишича, ҳибсдагиларнинг озодликка чиққани тасдиқланса, уларнинг ҳозир қаерга кетгани номаълум.

Курдлар бошқарувидаги Сурия демократик кучлари айни дамда етти қамоқхонада 12 минг ИШИДга алоқадорликда гумон қилинаётган маҳбусни сақлаётганини айтади.

Уларнинг камида 4000 ги хорижлик фуқаролар.

Қамоқхоналарнинг аниқ манзили ошкор қилинмаган, бироқ улар Туркия чегараларига яқинлигини айтилади.

ИШИД яқинда машина билан бомба портлатиш ҳодисасини ўз зиммасига олди ва шанба куни Сурияда янги кампания бошлаганини эълон қилди.

Гуруҳ курд ҳибсхоналарида сақланаётган ИШИД аъзоларининг қасосини олишини таъкидлаган.

Туркия ҳужум вақтида ИШИД маҳкумларига дуч келса жавобгарликни ўз зиммасига олишни маълум қилган.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон якшанба куни унинг аскарлари ва иттифоқчи Сурия жангарилари чегарадаги муҳим шаҳар Рос ал-Айн устидан назоратни қўлга киритганини айтди.

Президент ҳарбийлар Рос ал-Айндан 120 чақирим узоқликдаги Тал Абяд шаҳрини ўраб олганини билдирган.

СДК расмийлари эса Туркия кучларини Рос ал-Айндан сиқиб чиқарганни айтган.

Улар Тал Абяд атрофида қақшатгич жанглар бўлаётганини билдиришган. Британияда жойлашган Суриядаги Инсон ҳуқуқлари кузатув гуруҳи Туркия Тал Абядни деярли қўлга киритганини маълум қилди.

Кучли тўфон Японияда 23 кишининг умрига зомин бўлди

поездлар

Сурат манбаси, Reuters

Япония 23 кишининг умрига зомин бўлган кучли тўфон талофатларини бартараф этиш учун 10 минглаб аскар ва қутқарувчиларни жалб қилди.

Ҳагибис тўфони шанба куни Токио шимолига урилди ва тошқинларга сабаб бўлди.

Довулда 17 одам бедарак кетди.

Марказий Нагано вилоятида сув поездларни ўраб олган. Томларга чиқиб олган маҳаллий аҳоли тикучарлар ёрдамида қутқарилган.

Футқарув амалиётларига жами 27 минг аскар ва қутқарувчи жалб қилинди.

Якшанба куни шамол тезлиги пасайган.

Масжидга ҳужумда 15 киши ўлдирилди

Буркина Фасо

Сурат манбаси, Getty Images

Буркина Фасонинг шимолидаги масжидга ҳужум натижасида камида 15 киши ҳалок бўлди ва икки киши жиддий жароҳатланди.

Салмосси қишлоғидаги Катта масжидга Жума куни намоз ўқилаётган маҳал қуролли киши бостириб кирган.

Ҳужум натижасида Мали билан чегарадош бу қишлоқни кўплаб аҳоли тарк этган.

Сўнгги йилларда мамлакатда юзлаб тинч аҳоли ҳужумлар қурбони бўлган. Уларнинг кўпчилиги жиҳодчи гуруҳлар томонидан ўлдирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek