Сурия изоляциядан чиқиб араб дунёси қучоғига қайтмоқда Yangiliklar Dunyo Янгиликлар

Сурат манбаси, Reuters
Чоршанба куни Суриянинг костюм кийган дунёвий президенти Башар ал Асад Эроннинг салла ўраган мулла президенти Эброҳим Раисини Дамашқда қабул қилди. Улар бир қарашда иттифоқчидек кўринмайди.
Бу Эрон президентининг 2010 йилдан бери, Араб баҳоридан кейин илк расмий ташриф билан келишидир.
Ўшандан бери Эрон Россия билан биргаликда Асад режимини фуқаролар уруши даврида қаттиқ ҳимоя қилди.
Ташриф минтақадаги драматик ўзгаришлар манзарасида кечмоқда. Араб дунёсидан қувғиндидек бўлиб қолган Асад ва унинг ҳукуматини кейинги кунларда қўшнилари қучоқ очиб кутиб олмоқда.
АҚШ ва Европанинг қаршилигига қарамай, араб давлатлари Сурия билан муносабатларни нормаллаштирмоқда. Сурия яна қайта аъзо бўлишдан олдин 19 май куни Риёдда ўтажак Араб лигаси саммитида ҳеч қурса кузатувчи мақомини олишга умид боғламоқда.
"Минтақадан ташқаридаги халқаро ҳамжамият - Россияни ҳисобга олмаганда - Суриядан қўлини тортиб қўлтиғига урган", дейди Араб Британ мулоқоти кенгаши директори Крис Дойл.
"Бўшлиқ бор ва минтақавий кучлар уни эгаллаш пайида. Агар ҳеч нарса ўзгармаётган бўлса, агар аниқ бир сиёсий жараёнлар кечмаётган бўлса, бир минтақа сифатида биз Сурияни эътиборсиз қолдиролмаймиз деб ўйлашади улар."
Илиқлашаётган алоқалар
Ўзгариш эътибор тортарли. 2011 йил охири 22 аъзодан иборат Араб Лигаси Сурияни қоралаб, унинг аъзолигини тўхтатиб қўйганида, кўплаб араб давлатлари Асаддан кейинги давр режасини тузган эди.
Мен Қоҳирадаги Таҳрир майдонидаги Лига штаб-квартираси ёнида юзлаб сурияликлар ўз байроқларини ҳилпиратганча, бу ўзгаришни қўллаб-қувватлаб ҳайқираётганини кўрган эдим.
Ўшанда Сурияда демократия учун намойишлар шафқатсизларча бостирилган ва мен урушдан қочган қочқинлар ҳақида хабар берганман. Аммо режимнинг энг даҳшатли ваҳшийликлари - кассетали бомба ва заҳарли газ ҳужумлари - ҳали олдинда эди.

Сурат манбаси, EPA
Ҳозир, орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтди, аммо рақамлар ҳайратланарли: Сурия аҳолисининг қарийб ярми ўз уйини ташлаб кетган ёки қочқинга айланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг консерватив ҳисоб-китобларига кўра, 300 000 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган, 100 000 дан ортиқ киши ҳибсга олинган ёки бедарак йўқолган.
Айнан 2015 йилда Россиянинг Сурияга ҳарбий аралашуви қонли фуқаролар уруши боришини ўзгартирди. Қўшнилар эса Асад яшаб қолган келажак бўйича режа туза бошлади.
"Бу Иордания учун бурилиш нуқтаси бўлди", дейди Аммандан таниқли журналист Усама ал-Шариф. Иордания миллий хавфсизлик таҳдидига дуч келгач, Москвадан ёрдам сўради.
"Ўша пайтда Даишга (Исломий давлат гуруҳи) қарши ҳам уруш бўлган эди... Бизда [Ливандаги жангари гуруҳ] Ҳизбуллоҳ ва бошқа эронпараст гуруҳлар чегарага жуда яқин жойлашган эди".
Президент Асад Суриянинг катта қисми устидан назорат ўрната бошлади, бироқ арабларнинг алоқаларни тиклаш ҳаракатлари шу йилнинг февраль ойида Туркия ва Сурияда рўй берган кучли зилзиладан сўнг янада тезлашди.
Бунинг ортидан Хитой воситачилигида минтақавий қудратли давлат Саудия Арабистони ва Суриядаги фуқаролик урушида қарама-қарши томонни қўллаб-қувватлаган Эрон ўртасида алоқалар тикланди.
Сўнгги бир неча ҳафта ичида Уммон ва Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) Асад кутиб олинди. Абу-Дабига сафарда унинг рафиқаси Асмо ҳам сўнгги ўн йил ичида биринчи марта ҳамроҳлик қилди ва БАА президенти рафиқаси билан қучоқлашиб суратга тушди.
Айни пайтда Сурия ташқи ишлар вазири Миср, Жазоир, Саудия Арабистони, Тунис ва Иорданияга сафар қилди. Саудияликлар "Сурияни арабларга қайтариш" масаласини муҳокама қилаётганликларини таъкидладилар.
"Хато сигнал"
Бироқ араб давлатлари ўртасида Сурияни қандай ва қачон реабилитация қилиш борасида чуқур келишмовчиликлар бор. Қатар, Қувайт, Миср ва Иордания Саудия Арабистони ва БААнинг Сурияни Араб Лигасига тезда қайтариш режаларига қарши чиқди.
"Сурия билан муносабатларни тиклашга шошилишаётгандек кўринади, аммо нормаллаштириш эвазига қандай кафолатлар берилиши сўралганда, ҳамма жим", дейди исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўнгги музокаралардан хабардор расмийлардан бири.
"Афсуски. У хато сигнал беряпти. У ҳеч қандай оқибатлар бўлмайди деяпти, сурияликлар ўзларини жуда такаббурлик билан тутмоқда, гўё улар билан музокара қилиш бошқаларнинг омадидек" - дея давом этади расмий.
АҚШ бу масалада муросасиз, ўзгармаган Дамашқ билан алоқаларни тиклаш ёки қаттиқ иқтисодий санкцияларни бекор қилишни қўллаб-қувватламаслигини дангал айтмоқда. Март ойида Давлат котибининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси Барбара Лиф "Бу режим фирибгардек муносабатда бўлишга лойиқ", деди.

Сурат манбаси, Reuters
Шу билан бирга, у араб иттифоқчиларини Асаднинг яккаланишини тугатишга ундаган, фақат эвазига ундан "бирон нарса олинг" деган. У Сурияда ишлаб чиқарилган ва контрабанда йўли билан олиб чиқиладиган ноқонуний дори воситаси «Каптагон» савдосига чек қўйишни таклиф қилди.
Иордания ва Форс кўрфазидаги ёш бангиларни даволайдиган шифохонада кўргандим бу дорини. "Камбағаллар кокаини" номи билан машҳур бу амфетамин Сурияни гиёҳвандлар давлатига айлантириб, араб дунёсига ҳам тарқалмоқда.
Талаблар орасида яна Эроннинг Суриядаги ҳарбий иштирокини қисқартириш, қочқинларнинг уйларига қайтишига ёки Суриянинг мухолифат назорати остидаги ҳудудлар аҳолисини ҳимоя қилишга шароит яратиш ҳам бор.
Суриянинг тарқоқ мухолифати билан йиллар давомида музокараларда ҳеч қандай муваффақиятга эришилмаганидан сўнг, кўплаб араб давлатлари Дамашқдан ҳеч бўлмаганда қайта мулоқот учун яққол ҳаракат қилишини хоҳлайди.
Буни БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Гейр Педерсен ҳам таъкидламоқда. "Агар Сурия узоқ вақтдан бери тўхтаб қолган сиёсий жараённи олға силжитиш бўйича саъй-ҳаракатларни бошласа, мамлакатга эътиборни қайта тиклаш жуда муҳим", дейди у 27 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгашида.
Қўрқув ва ташвиш
Кўпчилик сурияликлар араб давлатларининг янги ташаббусларидан ҳафсаласи пир бўлади. Мухолифат ҳудудларида миллионлаб одамлар Асад режимига қарши курашда Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатларини иттифоқчи деб билган. Ҳозир эса улар ўзларини ташлаб қўйилгандек ҳис қилишлари тайин.
Иқтисодий инқироз туфайли, айниқса, Ливан ва Туркиядаги қочқинлар мажбуран қайтариб юборилишларидан кўпроқ хавотирда.
Сурия қуролли мухолиф гуруҳларининг асосий ҳомийси бўлган Туркия ҳам Дамашқ билан музокара ўтказмоқда. 14 майдаги сайловда иштирок этган деярли барча партиялар сурияликларни ватанларига қайтармоқчи эканини айтган.
"Биз сайлов натижаларидан хавотирдамиз. Улар бизни депортация қилмоқчи эканликларини очиқ айтишмоқда", дейди суриялик қочқин Муҳаммад Истанбулдаги қаҳвахонасида.

Сурат манбаси, Getty Images
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Сурияни реабилитация қилиш музокараларида ўтмишдаги ваҳшийликлар ҳақида эсланмаётганидан шикоят қилмоқда.
"Бу ҳайратланарли, - дейди Халқаро Амнистиянинг Сурия бўйича тадқиқотчиси Диана Семан. - Биз ҳозир кўраётган нарса Сурия ҳукуматининг жиноятларига эътиборсизлик ва нима бўлгани аҳамиятсиз деган сигналдир."
Халқаро Амнистия ташкилоти араб давлатларини тинч аҳолига қарши ҳужумлар, ўзбошимча ҳибсга олиш ва қийноқлар олдини олиш учун режимга босим ўтказишга чақирмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бедарак йўқолганларнинг оилаларига яқинлари тақдири ва қаердалигини аниқлашда ёрдам бериш учун халқаро орган яратишга чақириқлар ҳам бор.
Айни пайтда Женевада бир гуруҳ адвокатлар Сурияда уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларда айбланганларни судга тортишга уринмоқда.
БМТнинг Сурия бўйича халқаро, холис ва мустақил механизми аллақачон 267 та ишда, шу жумладан, жорий йилда 28 та ишда ёрдам берди. Унинг раҳбари Екатерина Марчи-Уҳел шундай дейди: "Жазосизликка қарши кураш давом этмоқда ва давом этажак".
Баъзи сурияликлар минтақадаги нормаллашув нормал ҳаётга қайтишнинг бошланиши бўлиши мумкинлигига умид қилмоқда.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳукумат назоратидаги Сурия аҳолиси инфляциянинг кескин ошиши ва кучли электр тақчиллигидан азият чекмоқда. БМТ маълумотларига кўра, Сурияда февраль ойидаги даҳшатли зилзиладан олдин ҳам 15,3 миллион киши, яъни аҳолининг 70 фоизи гуманитар ёрдамга муҳтож эди.
Бироқ Сурия бўйича Халқаро Инқироз Гуруҳи ишини назорат қилувчи Хейко Уимменнинг таъкидлашича, ҳозирги босқичда Форс кўрфази мамлакатлари Суриянинг вайрон бўлган шаҳарларини қайта тиклаш учун зарур миллиардлаб долларларни бериши даргумон.
"АҚШ санкциялари муаммонинг фақат бир қисми. Бу иқтисодий нуқтаи назардан жуда ноқулай муҳит. Ишлайдиган давлат ва амалдаги ҳукуматнинг масъулияти ҳам бўлиши керак", дейди у.
Ғазнаси бўшаб қолган Сурия режими яшаб қолиш учун йиллар давомида ўнлаб бизнесларга рейдлар уюштирди ва айримларини мусодара қилди. Режим камбағал сурияликлар учун мўлжалланган ўнлаб миллион долларлик инсонпарварлик ёрдамини ўмаришда, шунингдек, гиёҳванд моддалар савдосида айбланмоқда.
Ажабланарлиси шундаки, Суриядаги уруш ва унинг оқибатлари дунё янгиликларидан деярли йўқолган бўлса ҳам, Сурия ҳукумати келтириб чиқарган муаммоларни қўшнилари эътиборсиз қолдириши мумкин эмас.
Тelegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












