Сурия қанчалик ўзгариб кетди ё ватанига борган суриялик нега уни танимади?

Сурат манбаси, Getty Images
Мен қайтиб борган Сурия аввалги Сурия эмасди, дейди яқинда ватанига борган ҳамкасбимиз.
Би-би-сининг Яқин Шарқ бўйича мухбири Лина Синжаб 2013 йилда фуқаролар уруши бошланганидан кўп ўтмай Сурия пойтахти Дамашқдаги уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Орадан кўп йиллар ўтиб, яқинда у биринчи марта Сурияга қайтди ва жуда таниш, айни пайтда бутунлай бошқача бўлиб қолган мамлакатни кўрди.
Сурияга киргач, ўша манзара пайдо бўлди: ўша тоғ, ўша эман дарахтлари ва бу ерда ким раҳбарлик қилаётганини ёрқин эслатиб турадиган президент сурати туширилган ўша катта плакатлар.
Аммо келганлар орасида сурияликлар кам эди. Уларнинг аксарияти Ливан ва Ироқдан келган диндор зиёратчилар эди, бироқ баъзилари Дамашқ бозорларига мол сотиб олиш учун келган бўлиши мумкин.
Шаҳар томон юрганда, назорат пунктлари бошланади. Сўнгги ўн йил ичида бу ерда кўп одамлар ғойиб бўлди. Режимга нисбатан танқидий фикр билдириш ёки ҳатто ижтимоий тармоқларда мухолифатга ҳамдард бўлган постга лайк қўйиш кифоя.
Президент Башар ал-Ассад бошқарувидаги Сурияда кўп нарса ўзгармаганга ўхшайди, аммо мамлакат уруш туфайли ўзгарди.
Иқтисодий инқироз шароитидаги маданий юксалиш
Сурияда намойишлар бошланганидан 10 йилдан ортиқ вақт ўтиб, режимнинг кун тартиби ўзгарди. Унинг асосий ташвиши бугунги кунда сиёсат эмас, балки иқтисоддир.
Кечаси Дамашққа етиб келдик, шаҳар зулматга чўмган. Ҳатто энг замонавий мавзелар ҳам зимистон. Кўп йиллардан бери шу аҳвол. Деярли ҳамма нарса тақчил, сурияликлар асосий эҳтиёжлари учун узун навбатда туришга мажбур.
Субсидияланган нон, ёқилғи ёки бензин олиш учун сизга маълумотларингиз кўрсатилган смарт-карта керак бўлади - СМС орқали навбатга туриш вақти келганини биласиз.
Гарчи ҳамма нарса инқирозда бўлса ҳам, ҳукумат Сурияни замонавий давлат сифатида кўрсатишга уринади.
У давлат тўловларини мобил илова орқали тўлаш имконини берувчи тизим жорий қилди. Аммо кўпчиликнинг банклар ёки мобил телефонларга имкони йўқ. Кейин яна бир тизим пайдо бўлди, бу сизга банксиз электрон тўловларни амалга ошириш имконини беради, аммо барибир мобил телефонга муҳтожсиз. Баъзан мобил алоқа антенналарини қувватловчи генераторларда ёқилғи тугайди ва тармоқ ишламай қолади.
Сурияликларнинг бутунлай янги авлоди урушлар - портлашлар, ўлим ва ғойиб бўлиш ҳақидаги доимий хабарлар билан ўсди. Улар урушни писанд қилмасликлари мумкин, лекин ўз хавфсизликлари учун ҳадларини билишлари кераклигини ҳам билишади. Шунинг учун улар маданият, мерос, санъат ва мусиқани қадрлашади. Бу соҳалар қандайдир тарзда шафқатсизликдан ҳимояланган.
Шунгами санъат ва маданият соҳаси ривожланиб бормоқда.
Гуруҳлар ҳар турли мусиқаларни ижро этмоқда, янги галереялар очилмоқда ва Суриянинг тарихий жойларидан қолган осори атиқаларни ўрганиш истаги пайдо бўлмоқда.
Суриянинг «ишғолчиларидан» ғазабланиш

Суриянинг иттифоқдош давлатларидан кўп сонли одам келиши ғазабга сабаб бўлмоқда. Эски шаҳар бўйлаб сайр қилинг, Ироқ, Ливан, Эрон ва ҳатто Ямандан келганлар овози қулоққа чалинади.
Улар орасида Эрон ўз таъсирини кучайтириши ёки, Дамашқ назарида, минтақада шиа таъсирини кенгайтириш учун ёлланган шиа мусулмонлари бор. Сурияликларнинг аксарияти сунний мусулмонлар ва урушдан қочган беш миллион қочқиннинг аксарияти суннийлар, ҳукмрон элита эса асосан алавийлардан иборат бўлиб, улар аҳолининг тахминан 12 фоизини ташкил этувчи шиа мазҳабидир.
Илгари Эроннинг ҳозирлигини стратегик деб ҳисоблаган режим тарафдорлари ҳозир буни «ишғол» деб аташади. Исроил Дамашқдаги турар жойларда ўрнашган Эрон ҳарбийлари ва хавфсизлик ходимларига ҳужум қилганидан кейин норозилик янада кучайди. Исроил ўзининг ашаддий душмани Эроннинг Суриядаги ҳозирлигини жиддий таҳдид деб билади.
"Бутун биномиз титраб кетди. Нега мен болаларим билан шундай яшашим керак? Нега улар турар-жойларга келиб яшаяпти?" дейди бир аёл шаҳар жануби-ғарбидаги бадавлат маҳалла Меззедаги бинога қилинган ҳужумдан кейин.
Шу ҳафтада Исроил ҳаво ҳужуми натижасида Эроннинг Меззедаги элчихонаси консуллик бўлими вайрон бўлди, натижада эронлик юқори мартабали қўмондонлар ўлди.
Исроил ҳаво ҳужумида Меззедаги Эрон консуллиги биноси вайрон бўлди - бундан аввал ҳам худди шундай зарбалар айни шу ҳудуддаги турар-жой биноларини нишонга олган эди.
Аҳоли руслардан ҳам норози. Хабарларга кўра, Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Россия ҳарбийлари сони камайган бўлса ҳам, оддий рус аскарлари ёки Чеченистондан бўлган жангарилар учраб туради.
Сурия шимоли-ғарбий қисмини ҳамон Сурия мухолифат жангчилари назорат қилади, бироқ Дамашқдаги кўп одамлар мамлакатнинг бу қисми бошқа «босқинчи» назоратида деб ҳисоблайди - у ерда Туркия қўшинлари бор. Айни пайтда курдлар бошчилигидаги кучлар мамлакатнинг нефть ресурслари жойлашган шимоли-шарқий қисмини назорат қилмоқда.
Бу ҳудудларнинг ҳар бирида турмуш даражаси турлича, ҳукумат назоратидаги ҳудудлар энг камбағаллар қаторига киради.
Бироқ президент Асад иттифоқчилари бу ерда ҳали ҳам таъсирини сақлаб қолган бўлса ҳам, режим яна бир йирик ўйинчига умид боғламоқда.
Сурия элитасининг Саудия орзуси
Ҳукуматга яқин доираларда Саудия Арабистони йирик минтақавий ўйинчи сифатида кўрилади. Ваҳоланки фуқаролар урушининг дастлабки кунларида Саудияга терроризм ҳомийси сифатида қарашар эди. Баъзи сурияликлар Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни араб дунёсини янги йўлга етаклай оладиган даҳо деб билади.
Йиллар давомида Араб Лигасидан четлатилгач, Башар ал-Ассаднинг ўтган йили Ар-Риёддаги саммитга таклиф қилиниши эски яхши кунлар тез орада қайтишига умид уйғотди. Улар Форс кўрфази давлатларидан мамлакатни қайта тиклаш ва касод бўлган режимга маош тўлашда ёрдам бериш учун пул исташади.
Аммо ҳозир мамлакат қашшоқликка ботиб бормоқда ва кўплаб оддий одамлар умидсиз. "Туннель охирида ёруғлик кўринмаяпти", дейишади улар.
Кўчаларда яшаётган оилалар, ахлат қутиларидан озиқ-овқат қидираётганлар тез-тез кўзга ташланади, бошқа ҳудудларда эса Лондон ёки Парижнинг энг ҳашаматли жойларини эслатувчи юқори даражадаги турмуш тарзи ўзгаришсиз қолмоқда.
Тафовутлар кескин. Аммо шу билан бирга, уруш даврида сиёсий келишмовчиликлар туфайли бўлиниб кетган кўплаб одамлар бир-бирига яқинлашди.
Ҳукумат солиқлар, жарималар, божхона тўловлари ва бошқа схемалар орқали халқ чўнтагидан пул чиқариш йўлларини топишда ижодкорга айланган. Кўплаб саноатчилар кутилмаган харажатлар олдини олиш учун фабрикаларини ёпади ёки иш кунларини қисқартиради. Бошқалар эса ҳибсга олингач, бизнес юритиш ҳуқуқи учун ҳукуматга пул тўлашдан бошқа чоралари йўқлигини англашди.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо ҳаёт давом этмоқда, одамлар йиғилиб, бир финжон қаҳва, ичимлик ёки овқат устида суҳбатлашмоқда. Кечқурун ресторанлар гавжум. Кўчадаги барларда ёшу қари мижозлар бор. Баъзи жойларда анъанавий мусиқа янграйди.
Шимолдаги Ҳалаб шаҳрини улуғловчи носталгик қўшиқларни куйлаб, бир неча қадаҳ ароқ, маҳаллий қизилмия ликёрини ичгандан сўнг, дўстим мамлакатдаги беқарорликни маданиятнинг кучлилигига қарама-қарши қўяди.
"Биз йўқ бўлиб кетамиз, лекин қўшиқлар бизнинг ҳикояларимиз ва маданиятимизни келажак авлодларга етказади."
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














