Сурия: Башар ал-Ассаднинг араб етакчилари сафига қайтганидан хавотир ва қўрқувлар - янгиликлар

Саудия қироллиги валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ассадни Жиддада илиқ қарши олди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Саудия қироллиги валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ассадни Жиддада илиқ қарши олди.
    • Author, Жереми Боуэн
    • Role, Би-би-си халқаро муҳаррири, Ливан

Президент Башар ал-Ассад Жиддада ўтган Араб лигаси саммитида Суриядаги урушда ғалаба қозонгани эътирофи сифатида мамнун чиқиш қилди.

Уни Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон қучоқ очиб кутиб олди. Ваҳоланки, 10 йил илгари ана шу саудийлар Ассадга қарши жангариларни дастаклаган эди. Ҳозир эса МБС номи билан танилган валиаҳд шаҳзода Яқин шарқни янгича тартибга келтирмоқчи ва Сурияни стол атрофида кўришни истайди.

Ўз нутқида Президент Ассад Сурия доимо араб дунёсига алоқадор бўлганини таъкидлади. Аммо бошқа давлатлар мамлакатнинг ички ишларига аралашмаслиги кераклигини ҳам қўшимча қилди.

Президент Ассаддан иқтибос

"Ички ишларни мамлакатнинг ўз фуқароларига қўйиб бериш керак, улар ўзлари нима қилишни билишади", деди у.

Ўз фуқаролари деганда Президент Ассад ўзи ва ўзининг тарафдорларини назарда тутди. Бу саммитда қатнашаётган президент ва шаҳзодалар минглаб ўз мухолифларини қамоққа ташлаган.

Жиддада ўтаётган саммитни Ассадни мамлакатни ҳароб қилган шахс деб ҳисобловчи сурияликлар хавотир билан кузатиб туришарди, улар орасида мен гаплашган Ливандаги суриялик қочқинлар ҳам бор.

Кичик ва қашшоқ Ливан урушдан қочган миллиондан ортиқ сурияликни қабул қилишга мажбур бўлган эди, бу Ливан аҳолисининг чорагига тенгдир. Бу худди Британия 15 миллиондан ортиқ қочқинни қабул қилишидек гап.

Ҳозир эса ливанликлар ватанларидаги сурункали иқтисодий ва сиёсий инқироз учун кимни айбор қилишни билишади.

12 йиллик урушлардан қочиб бир миллиондан ортиқ сурияликлар Ливанга қочиб ўтган.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 12 йиллик урушлардан қочиб бир миллиондан ортиқ сурияликлар Ливанга қочиб ўтган.

Ўтган бир неча ҳафтада армия уларнинг 1500 нафарини мажбуран ўз юртига чиқариб юборди. Баъзида болалар Ливанда қолган, айрим ҳолларда, болалар қайтариб юборилган, ота-оналари эса ортда қолиб кетган.

Байрут яқинида, сурияликларга нисбатан комендантлик соати амал қиладиган шаҳарчада яшовчи қочқин оилалардан бири исмлари сир қолиши шарти билан гапиришга рози бўлишди.

Болалар мактаблардан чиқариб олинган. Уларнинг ҳаётлари қанчалик оғир экани ўсмир қизлар яратган қўл ишларида ҳам кўринади. Уларнинг оталари авторитар араб етакчилари Башар ал-Ассадни қабул қилаётганини ғазаб ва хавотир билан кузатмоқда.

"Ассад режими бошқа араб режимлари каби диктатурадир. Улар бир-бирларини қўллайди, халқига қарши ҳамкорлик қилади."

Ливаннинг Бекаа водийсидаги қочқинлар лагерида Асаднинг Жиддада бўлиши яна бир ҳалокатли зарба бўлди. 2013 йилдан буён бу ерда ишлаган эр-хотин Носир ва Марва Асаднинг Араб Лигасига қайтиши яна депортацияларга сабаб бўлишидан қўрқмоқда.

Марва ҳар тонг уйғониб, депорт қилинмагани учун Худога шукр қилишини айтади.

Нассер, Лиллар ва Марва Сурияга депортация қилинишларидан қўрқиб яшашади.
Сурат тагсўзи, Нассер, Лиллар ва Марва Сурияга депортация қилинишларидан қўрқиб яшашади.

"Ҳозир рейдлардан қўрқяпмиз. Ҳар доим улар келиб, барча эркакларни депортация қилишларини тасаввур қилиб, қўрқиб ўтираман."

Носир агар қайтса, армияга чақирилиши хавфи борлигини айтади. У режим учун урушишдан қочиш учун Суриядан кетган. У хотини ва 18 ойлик қизи Лиллас билан қайтиб кетишга мажбур қилишса, тақдирлари не кечишидан жуда хавотирда.

Араб Лигасининг Ассад режимини қайта тан олиш қарори Носирни ғазаблантирди.

"Шунча ишни қилиб қўйганидан кейин ҳам уни яна қабул қилишяпти. Мен буни тушунмаяпман, Суриядаги қотиллик, вайронагарчилик ва азоб-уқубатлардан кейин бундай бўлиши мумкин эмас".

Сурия ва Ассад режими АҚШ ва Европа санкциялари остида қолмоқда. Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти президент "Сурияни қассобхонага айлантирганини" айтган эди.

Ташкилотга кўра, Буюк Британия ҳукумати "Ассаднинг халқаро обрўсини мустаҳкамлашга қаратилган ҳар қандай уринишларга қатъий қарши туриши керак".

Араб давлатлари лигасининг баъзи аъзолари бунга қўшилади. Суриядаги қуролли мухолифатни ҳам молиялаштирган Қатар Ассаднинг аста-секин араблар қучоғига қайтишини маъқулламайди.

Бошқа араб давлатлари Сурияда ишлаб чиқарилиб четга хуфёна олиб чиқилувчи Каптагонга қарши кураш олиб бормоқдалар.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бошқа араб давлатлари Сурияда ишлаб чиқарилиб четга хуфёна олиб чиқилувчи Каптагонга қарши кураш олиб бормоқдалар.

Аммо Ассад режимини Яқин Шарқдаги реаллик ва Сурияни таъсир доирасида сақланиши керак бўлган давлат сифатида кўраётган Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларининг (БАА) кенгроқ геосиёсий режаларидан ташқари, Ассадга хушомад қилинишининг бошқа сабаблари ҳам бор.

Иордания, худди саудияликлар каби, Сурияда ишлаб чиқарилган ва ўз мамлакатларига контрабанда йўли билан олиб келинаётган каптагон наркотик моддаси тарқалишига қарши курашмоқда. Бу амфетамин жангчиларга чидамлилигини ошириш учун берилган, аммо ҳозирда кўнгил очар дори сифатида кенг қўлланмоқда.

АҚШ ва Буюк Британия Ассад оиласининг каптагон савдосида жиддий иштирок этган аъзоларига санкция қўйди. Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бу бизнес йилига 50 миллиард доллардан ошади.

Сурия ва Ливанда кенг кўламли ёрдам операциясини олиб бораётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Суриянинг Араб Лигасига қайтиши қандайдир тарзда дипломатик жараёнларга йўл очиши мумкин деган эҳтиёткор умидлар бор.

БМТнинг Ливан бўйича махсус координатори ўринбосари Имрон Ризо бу масалада некбин бўлишга ҳаракат қилаётганлардан бири.

"Агар ҳозир минтақада содир бўлаётган воқеалар сиёсий ечимга келишимизга ёрдам берса, бу яхши."

Аммо БМТ мажбурий репатриацияни қўллаб-қувватламайди. Унинг таъкидлашича, суриялик қочқинлар ўз мамлакатлари хавфсиз бўлмагунча ватанларига қайтишлари мумкин эмас. Бунинг учун кўп вақт керак.

Президент Башар ал-Ассад ўз режимини сақлаб қолиш учун ўз мамлакатини шу аҳволга олиб келди. Унинг қурбонлари учун адолат қарор топганича йўқ.

Аммо бундан шафқатсиз авторитар раҳбарлар ўзларига хулоса чиқариб олади, айниқса унинг яқин иттифоқчиси, 2015 йилдаги ҳарбий кўмаги Ассад режимига ёрдам берган Россия президенти Владимир Путин.

Бўронга қарши туринг ва шунда душманларингиздан узоқроқ яшашингиз мумкин.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002