Сурия: энди нима бўлади?

Ҳарбий самолёт устида турган икки қуролли

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Ҳюго Бачега
    • Reporting from, Туркия-Сурия чегарасидан
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Бир ҳафта олдин исёнчилар Сурия шимоли-ғарбидаги Идлибдаги базаларидан режимга қарши кутилмаган ҳужумини бошлаганларида, Башар ал-Асаднинг қулаши деярли тасаввур қилиб бўлмас эди.

Бу Сурия учун бурилиш нуқтаси бўлди. Асад 2000 йилда мамлакатни 29 йил давомида темир мушт билан бошқарган отаси Ҳофиз вафотидан сўнг ҳокимият тепасига келган эди.

Кичик Асад репрессив сиёсий тизимни мерос қилиб олди, бу тизимда мухолифатга йўл ўрин йўқ эди.

Дастлаб у бошқача – очиқроқ, шафқатлироқ бўлиши мумкин, деган умидлар бор эди. Бироқ бу умидлар узоққа бормади.

Алоқадор мавзулар

Асад 2011 йилда ўз режимига қарши тинч намойишларни шафқатсизларча бостирган, бу эса фуқаролар урушига олиб келган одам сифатида тарихда қолади. Ярим миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлди, яна олти миллион киши қочқинга айланди.

Россия ва Эрон ёрдамида у исёнчиларни мағлуб этиб, ҳокимиятда қолди. Россия ўзининг кучли ҳаво кучларидан фойдаланди, Эрон эса Сурияга ҳарбий маслаҳатчилар юборди ва қўшни Ливандан "Ҳизбуллоҳ" ҳам тажрибали жангчиларини юборди.

BBC muxbiri Hyugo Bachega

Сурат манбаси, .

Бу сафар вазият бошқача бўлди. Ўз муаммолари билан банд бўлган иттифоқдошлари уни тарк этишди. Уларнинг ёрдамисиз Асаднинг қўшинлари "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ) исломий жангари гуруҳи бошчилигидаги исёнчиларни тўхтата олмади, баъзи жойларда эса бунга уриниб ҳам кўрмади.

Аввал улар ўтган ҳафта мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалабни деярли қаршиликсиз эгаллашди. Кейин Хама, ундан сўнг бир неча кун ичида Хомснинг асосий маркази қўлга олинди. Исёнчилар шарқ ва жанубдан ҳам ҳужумга ўтиб, Дамашқни қуршовга олишди. Бир неча соат ичида жангарилар Асад ҳокимиятининг қароргоҳи бўлган пойтахтга кириб келишди.

Асад оиласининг эллик йиллик ҳукмронлиги тугаши минтақадаги кучлар мувозанатини ўзгартиради.

Сурия харитаси

Эрон яна ўз таъсир доирасига жиддий зарба етаётганини кўрмоқда. Асад бошчилигидаги Сурия эронликлар ва "Ҳизбуллоҳ" ўртасидаги алоқанинг бир бўғини эди, у қурол ва ўқ-дориларни гуруҳга етказишда муҳим роль ўйнарди.

"Ҳизбуллоҳ"нинг ўзи Исроил билан бир йиллик урушдан сўнг жиддий заифлашган ва унинг келажаги ноаниқ.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган яна бир гуруҳ – Ямандаги Ҳусийлар бир неча бор ҳаво ҳужумларига учради. Ушбу гуруҳларнинг барчаси, шунингдек, Ироқ ва Ғазодаги ҲАМАС жангарилари Теҳрон томонидан "Қаршилик ўқи" деб аталган иттифоқни ташкил этади, бу иттифоқ ҳозир жиддий зарар кўрди.

Бу янги вазият Эронга экзистенциал таҳдид сифатида қарайдиган Исроилда қувонч билан кутиб олинади.

Кўпчилик бу ҳужум Туркиянинг розилигисиз содир бўлиши мумкин эмасди, деб ҳисоблайди. Суриядаги айрим исёнчиларни қўллаб-қувватлаётган Туркия ҲТШни қўллаб-қувватлаётганини рад этди.

Бир муддат давомида Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Асаддан суриялик қочқинларнинг қайтишига имкон берадиган дипломатик ечим топиш бўйича музокаралар олиб боришни талаб қилиб, босим ўтказган эди.

Қочқинларнинг камида уч миллиони Туркияда бўлиб, бу маҳаллий миқёсда нозик масала ҳисобланади.

Аммо Асад буни рад этган.

Кўпчилик Асаднинг кетганидан хурсанд.

Лекин бундан буён нима бўлади? ҲТШнинг илдизлари "Ал-Қоида" ва шафқатсиз ўтмишга бориб тақалади.

Сўнгги йилларда улар ўзларини миллатчи куч сифатида қайта тасвирлашга ҳаракат қилишди ва уларнинг сўнгги баёнотлари дипломатик ва муросали кўриниш олган.

Бироқ кўпчилик бунга ишонмайди ва улар режим ағдарилгандан кейин нимани режалаштириши мумкинлигидан хавотирда.

Шу билан бирга, бу кескин ўзгаришлар хавфли ҳокимият бўшлиғига олиб келиши ва охир-оқибат тартибсизлик ҳамда янада кўпроқ зўравонликка сабаб бўлиши мумкин.