Асад қулашидан ларзага келган Сурияни нималар кутмоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жереми Боуэн
- Role, Би-би-сининг халқаро муҳаррири
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Ниҳоят, Асад режими шунчалик бўш, коррупциялашган ва чиригани сабабли, икки ҳафтадан кам вақт ичида барбод бўлди.
Мен гаплашган бирор киши режимнинг бу қадар тез қулаганидан ҳеч ҳам ҳайратда эмас.
2011 йилнинг баҳорида, Араб қўзғолонлари йилида, бу бошқача эди, cурияликлар Тунис ва Миср президентларини қувиб солган, Ливия ва Яманнинг узоқ йиллик ҳукмдорларига таҳдид туғдирган инқилобий мўъжизанинг бир қисмини олишга ҳаракат қилишди.
2011 йилга келиб, Ҳафиз ал-Асад томонидан яратилган ва 2000 йилдаги ўлими билан ўғли Башарга ўтган режим аллақачон коррупцияга ботиб бузилишга улгурган эди.
Лекин Ҳафиз қурган тизим ҳали ҳам Сурияни назорат қилиш учун зарур деб ҳисобланган шафқатсиз кучга эга эди. Асад давлат тўнтариши эҳтимоли катта бўлган мамлакатда ҳокимиятни қўлига олган ва бу ҳокимият ва тахтни ўғлига катта қаршиликсиз топширишнинг уддасидан чиққан эди.
Башар ал-Асад 2011 йилда отасининг сиёсатини давом эттирди.
Ҳозирги кунда тасаввур қилиб бўлмайди, аммо ўшанда "режим қулаши керак" дея кўчаларни тўлдириб эски диктаторларни қулатган оломонга солиштирганда Асад сурияликлар кўзи олдида кўпроқ легитимликка эга эди. Башар ал-Асад фаластинликларни ва 2006 йилда Ливандаги урушда Исроилга қарши муваффақиятли курашган «Ҳизбуллоҳ»ни қатъий қўллаб-қувватлаб чиққан эди. У собиқ ва тез орада собиққа айланажак бошқа Араб мамлакатлари раҳбарлари орасидаги энг ёши эди.
Отаси вафот этганидан кейин у ислоҳотларни ваъда қилганди. 2011 йилда айрим сурияликлар унинг ваъда қилган ўзгаришлар учун намойишлар унинг учун туртки бўлишига умид қилиб, унинг сўзларига ишонишни исташган, токи у тинч намойишчиларни кўчаларда ўлдиришга буйруқ бергунича.
Бир куни Суриядаги Британия элчиси Асад режимини тушуниш учун "Чўқинтирган ота" каби мафия фильмларини кўриш керак деб айтган эди. Итоаткорлик мукофотланиши мумкин.
Оила раҳбарига ёки унинг энг яқин одамларига қарши борган ҳар ким йўқ қилинади. Сурия ҳолатида бу осиш, отилиш ёки зиндонда номаълум муддатга қамалишни англатарди.
Ҳозир биз уларни кўраяпмиз, силласи қуриган, сарғайиб кетган, жангари мобил телефони ёруғига қаролмайдиган, йилларки панжара ортида сақланиб чиқиб келаётган минглаб инсонларни.

Сурат манбаси, Reuters

Сурат манбаси, .
Қоғоз қоп каби тез емирилиб кетган режимнинг заифлиги ҳали ҳам сақлаб қолинган даҳшатли ва босим ўтказувчи гулаг ортида яширинган эди.
Халқаро консенсус шу эдики, Башар Асад заиф, Россия ва Эронга қарам бўлиб қолган, ўз оиласи ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун бўлакларга бўлиб ташлаган мамлакатга раҳбарлик қилар - аммо ҳали ҳам Яқин Шарқ ҳаётининг ҳақиқати деб кўрадиган даражада кучли, ҳатто фойдали ҳам бўлиши мумкин деб кўрилар эди.
Идлибга исёнчилар бостириб киришидан олдинги кунларда АҚШ, Исроил ва БАА Асаднинг Суриясини Эрондан ажратишга ҳаракат қилаётгани ҳақида кўп хабарлар тарқалди.
Исроил Сурия ҳудудидаги нишонларга қарши тобора кучли ҳаво ҳужумларини амалга ошириб келаётганди, бу нишонлар Ливандаги "Ҳизбуллоҳ"га қурол етказиб бериш учун Эрон фойдаланаётган таъминот занжирининг бир қисми эканлиги айтилганди.
Исроилнинг Ливандаги ҳужуми "Ҳизбуллоҳ"га жиддий зарба берган, аммо мақсад унинг қайта бош кўтаришини тўхтатиш эди. Шу билан бирга, БАА ва АҚШ Асадни Теҳрон билан иттифоқни бузишга рағбатлантириш учун санкцияларни юмшатиш ва Асадга халқаро реабилитациясини давом эттиришга имкон беришга ҳаракат қилаётгандилар.
Бенямин Нетаняҳу ва Жо Байден Асад режимининг қулаши ўзларининг хизмаи эканини иддао қилишди. Бу гапда жон бор.
Исроилнинг АҚШ қуроллари ва доимий қўллаб-қувватлови билан "Ҳизбуллоҳ" ва Эронга етказган зарар ва Байденнинг Украинага қурол бериши Асаднинг энг яқин иттифоқчиларига уни қутқаришни имконсиз ва ҳатто истаксиз қилиб қўйди.
Аммо улар Асадни Эронни чеклаш мақсадидаги ўз стратегияларининг бир қисми сифатида кўрганлар, у Россияга яширинча қочиб кетишидан бир неча кун олдин ҳам унинг қулашига ишонмаганлар.
Улар унинг якунига атайин эмас, тасодифан сабабчи бўлдилар.

Сурат манбаси, Getty Images
Режимнинг қулаши Эроннинг таъминот занжирини тугатиши мумкин, агар Суриянинг янги ҳукмдорлари бошқалар билан тузадиган битимлари Эрон билан иттифоқдан кўра фойдалироқ деб ҳисобласалар.
Барча томонлар кейин нима бўлиши ҳақида жиддий ўйламоқдалар ва аниқ хулоса чиқаришга ҳали эрта. Сурияликлар, қўшнилари ва бутун дунё ҳозир 2022 йил октябрида Ҳамас Исроилга қилган ҳужумдан кейинги қатор геосиёсий зилзилаларнинг энг каттасига дуч келмоқдалар. Бу охиргиси бўлмаслиги мумкин.
Эрон ўзи "қаршилик ўқи" деб атаган тармоқ асосий таянчларининг якуний қулашини кўрмоқда. Унинг энг муҳим таркибий қисмлари ўзгарди: «Ҳизбуллоҳ» жиддий шикаст етди ва Асад режими йўқ бўлди.
Эрон ҳукмдорлари Дональд Трамп лавозимига қайтганидан кейин келишувга эришиш музокараларига қайтиш ишораларини беришлари Ёки унинг янги стратегик яланғочлиги уни юқори бойитилган уранни ядровий қуролга айлантиришдек кескин қарор қабул қилишга мажбурлаши мумкин.
Сурияликлар қувониш учун барча асосларга эга. 2011 йилдан кейинги йилларда, режимнинг барча босим ва шафқатсизлигига қарамасдан, Асад ва унинг хизматкорлари ҳали ҳам жанг қилишга тайёр одамларни топиши мумкин эди. Мен уруш жабҳасида учратган кўплаб аскарлар Асад Исломий Давлат гуруҳининг жиҳодчи экстремистларидан яхшироқ деб айтгандилар.
2024 йили яхши ташкилланган ва ўзини миллийчи, исломий, лекин энди жиҳодчи эмас деб эълон қилган исёнчи кучлар билан юзма-юз келган Сурия армиясининг истар-истамай хизмат қилаётган аскарлари жанг қилишдан бош тортдилар, ҳарбий кийимларини ечиб ташлаб, уйларига қайтдилар.

Сурат манбаси, EPA
Энг яхши сценарий шундаки, сурияликлар минтақанинг йирик кучларининг ёрдами билан мамлакатни яна бир урушга тортиб киритадиган талон-тарож ва ўч олиш тўлқинини эмас, балки урушдан кейинги миллий ярашув муҳитини яратиш йўлини топадилар. Ғолиб бўлган "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" раҳбари Абу Муҳаммад ал-Жўлоний ўз аскарларини ва Суриянинг барча мазҳабларини бир-бирларига ҳурмат қилишга чақирди.
Унинг аскарлари режимни йўқ қилди ва у Суриядаги де-факто раҳбарга айланди.
Бироқ Сурияда у билан келишмайдиган ва ўз ҳудудларида ҳокимиятни эгалламоқчи бўлган ўнлаб қуролли гуруҳлар бор. Суриянинг жанубида қабилавий жангарилар Асадларнинг ҳукмини тан олмади. Улар Дамашқдаги янги тузумнинг ўзларига ёқмаган буйруқларига бўйсунмайдилар.
Шарқий чўлда АҚШ Исломий Давлат гуруҳининг қолдиқларидан етарли таҳдид ҳис қилди ва ҳаво ҳужумлари тўлқинини бошлади. Исроил, чегарасида «Исломий давлат» пайдо бўлишидан хавотирланиб, Сурия қуролли кучларининг ҳарбий инфратузилмаларига зарба бераяпти.
Қонун ва тартиб кам бўлган мамлакатда ислоҳ қилинган Сурия Араб армиясини ечимнинг бир қисмига айлантириш йўлини топиш яхшироқ бўлиши мумкин. 2003 йилда АҚШ томонидан Ироқ қуролли кучларини тарқатиш бўйича бепарво қарор оғир оқибатларга олиб келди.
Туркияда Президент Эрдўғон кўриб турган нарсаларидан қониқиш ҳис қилаётган бўлиши керак.
Эрдўғоннинг Туркияси «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» жанговар кучга айланиб бораётган пайтда Идлиб вилоятининг мустақиллигини сақлаб қолиш учун бошқа ҳар қандай кучдан кўра кўпроқ иш қилди.
Исроил билан Туркия муносабатлари Ғазодаги уруш туфайли заҳарланган бир пайтда Эрдўғон ўзининг таъсири Исроил чегараларигача етиб бораётганини кўриши мумкин.
Сурияликлар учун энг ёмон сценарий мамлакатларининг режимлари қулагани ортидан зўравонлик ва бошбошдоқлик авж олган икки Араб диктатураси изидан боришидир.
Ливиядаги полковник Қаддофий ва Ироқдаги Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлатилганда, уларнинг ўрнини эгаллайдиган тайёр алмаштирувчи топилмади. Нотўғри ўйланган хорижий аралашув икки фожиага етаклади.
Диктаторлар қолдирган бўшлиқни талон-тарож, ўч олиш, ҳокимиятни тортиб олиш ва фуқаролар уруши тўлқинлари тўлдирди.
Сурияликлар авлодлар давомида ўз тақдирларини бошқара олмаганлар. Икки Асад президенти ва уларнинг издошлари буни инсонлардан тортиб олди. Уруш мамлакатни шунчалик заифлаштирдики, ундан ўз ҳокимиятини кенгайтириш ва сақлаб қолишни истаган катта хорижий кучлар кўпроқ фойдаландилар.
Сурияликлар ҳамон ўз тақдирларини ўзлари ҳал қилмайдилар. Агар уларга шундай имконият берилса, янги ва яхшироқ мамлакат бунёд этишлари мумкин.













