Сурия дунёга таҳдид эмас, деди Аҳмад аш-Шараа Би-би-сига - Видео

Суриянинг бугунги кундаги амалий раҳбари, яқин-яқингача қўмондон Жўлоний деб билиб келинган, пойтахт Дамашқ назоратини қўлга олганларидан кейин Аҳмад аш-Шараа деб аташларини истаётган ёш сиёсатчи Би-би-сининг халқаро муҳаррири Жереми Боуэнга интервю берди.
У Сурия урушдан силласи қуриган, қўшнилар ёки Ғарбга таҳдид туғдирмайди деди.
Аш-Шарра халқаро ҳамжамиятни Сурияга қарши жорий этилган санкцияларни олиб ташлашга чақирди.
"Юз берган ҳамма нарсалардан кейин санкциялар бекор қилинмоғи лозим, чунки улар эски режимни нишонга олган эди. Қурбон билан золимга бир хил муносабат қилиниши керак эмас", деди Аҳмад аш-Шараа.
Аҳмад аш-Шараа Башар ал-Асад режимини икки ҳафтадан кам вақт ичида ағдарган тезкор жангларга етакчилик қилди.
У "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳининг раҳбаридир.
Бу гуруҳ Сурия ҳукумати кучларига қарши бирлашган исёнчи гуруҳлар орасидаги энг кучлисидир.
Аҳмад аш-Шараа айтишича, "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи ҳам террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарилиши лозим.
Гуруҳни БМТ, АҚШ, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатлар ўзларининг терррорчи ташкилотлар рўйхатларига киритганлар, бунга бошида гуруҳнинг "Ал-Қоида" ташкилотига алоқадорлиги сабаб бўлган.
Бироқ "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" 2016 йили "Ал-Қоида" билан алоқасини узган.
Шараа айтишича, "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" террорчи ташкилот эмас.

Сурат манбаси, .
"Биз тинч фуқароларни ёки тинч фуқаролар ҳудудларини нишонга олмаганмиз, аксинча биз Асад режими жиноятларининг қурбонимиз", деди Би-би-сига.
У Сурия кейинги Афғонистонга айланиши мумкинлиги эҳтимолини рад этди.
Аҳмад аш-Шараа айтишича, икки мамлакат икки хил, анъаналари ҳам бир-биридан фарқ қилади.
"Афғонистон қавмлар мамлакати. Сурияда дунёқараш бошқача", деди у.
У аёллар таълим олиши кераклигига ишонишини айтди.
"Идлибда бизнинг саккиз йилдан бери университетларимиз бор", деди у Суриянинг 2011 йилдан буён исёнчилар назорат қилиб келган шимоли-ғарбий вилояти Идлибни назарда тутиб.
"Ўйлашимча, бу университетлардаги хотин-қизларнинг сони 60 фоиздан ортиқ", деди Аҳмад аш-Шараа.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ундан алкоголга рухсат берасизларми деб сўралди.
"Ҳозир мен гапиришни истамайдиган жуда кўп нарсалар бор. Чунки улар қонунчилик билан боғлиқ", деб жавоб берди Аш-Шараа.
Унинг қўшимча қилишича, яқинда конституцияни ёзишга киришадиган ҳуқуқий экспертларнинг Сурия қўмитаси ташкил этилади.
"Улар қарор қабул қилишади. Ана ундан кейин ҳар қандай раҳбар ёки президент қонунга бўйсунади", деди у.
Би-би-си муҳаррири айтишича, бутун суҳбат давомида Аш-Шараа "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи ўзининг экстремистик ўтмишидан воз кечмаган деган қарашда бўлган инсонларнинг хавотирини аритишга интилди.
Кўп сурияликлар унга ишонмайдилар, дейди мухбиримиз.
Кейинги бир неча ой Сурия янги раҳбариятининг қандай янги мамлакат қурмоқчи эканликлари ёки мамлакатни қандай бошқармоқчи эканликлари ҳақидаги ишораларни кўрсатади, дейди Жереми Боуэн.












