Аҳмад ал-Шараа Сурия президенти бўлди. Дунё яна қайси жангариларни давлат арбоби ўлароқ қабул қилган эди?

prezident

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бир вақтлар террорчи ўлароқ кўрилган Аҳмад ал-Шараа энди Сурия президенти.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Тарихда бир пайтлар жангари, қуролли гуруҳ етакчиси ёки ҳаттоки террорчи сифатида тамғаланган шахслар сиёсий арбобга айланиб, ўз халқлари тақдирини шакллантирган ҳолатлар бир неча бор учраган. Сурия етакчиси Аҳмад ал-Шараа бу рўйхатни тўлдирган сўнгги шахсга айланди.

Бундай ҳоллар доим одил судлов, етакчилик ва қонунийлик тушунчалари бўйича баҳсларни келтириб чиқарган.

Эндиликда, Ҳайъат Таҳрир аш-Шом (HTS) гуруҳи етакчиси бундай шахслар сафига қўшилиб, жангарилик ва давлат арбоби чегарасининг қайта муҳокама қилинишига сабаб бўлмоқда.

Аввал Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи остида ал-Шараа бошқарган HTS ал-Қоида билан боғлиқ бўлгани сабабли террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Бугун эса АҚШ, Буюк Британия ва Туркия дипломатик муносабатларни ўрнатиб, ал-Шараани Суриянинг амалдаги раҳбари сифатида тан олди.

Бу кескин бурилиш – айниқса, АҚШ бир вақтлар уни қўлга олиш учун 10 миллион доллар мукофот таклиф қилганини ҳисобга олганда – кишини ҳайратга солади.

Ал-Шараанинг йўли бошқа бир қатор машҳур шахсларнинг йўлини эслатади.

Улар ҳам жангарилик фаолияти билан бошланган ҳаётларида кейинчалик сиёсий арбоб сифатида халқаро тан олинишга эришган.

Бу эса муҳим бир саволни ўртага чиқаради: зўравонлик орқали етакчиликка эришган шахсларни тарих қандай баҳолаши керак?

Алоқадор мавзулар:

Аҳмад ал-Шараа – Баҳсли дипломатия рамзи

Аҳмад ал-Шараа Суриянинг "ўтиш даври"даги президенти этиб эълон қилингани ҳақида мамлакат расмий матбуот хабар қилган.

Бу хабар исёнчилар Башар ал-Асад режимини ағдарганидан етти ҳафта ўтиб пайдо бўлган.

Ал-Шараа президент бўлиши ортидан мамлакатнинг 2012 йилдаги Конституцияси бекор қилинган, парламент, армия ва хавфсизлик хизматлари тарқатиб юборилган.

Маълум қилинишича, ал-Шараа президент ўлароқ муваққат қонун чиқарувчи кенгаш ҳам ташкил этади – кенгаш янги конституция қабул қилингунга қадар қудратда бўлади.

al-sharaa

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Ал-Шараа (ал-Жўлоний) Асад режими ағдарилиши ортидан ўз тарафдорлари олдида нутқ сўзламоқда. Дамашқ, 9 декабрь.

Аҳмад ал-Шараа давлат институтлари, хусусан, армия, хавфсизлик агентликлари ва полиция қайтадан ташкил этилишини билдирган.

Суриянинг тилга олинган "ўтиш даври" қанча давом этиши номаълум, аммо декабрь ойида берган интервьюсида ал-Шараа янги сайлов ташкил этиш ишлари тўрт йилга қадар вақт олиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Аҳмад ал-Шараа бунга қадар Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи остида танилган.

Унинг етакчилигидаги HTS ал-Қоидага алоқадорлиги туфайли ҳалига қадар БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг террорчилар рўйхатида турибди.

8 декабрь куни ал-Шараа бошчилигидаги исёнчилар пойтахт Дамашқни ишғол этганидан сўнг мамлакатни 24 йил бошқарган Башар ал-Асад Сурияни ташлаб, Россияга қочган эди.

Асад режимининг ағдарилиши ва мамлакатда 10 йилдан зиёд вақт давом этган фуқаролар уруши якунланиши ортидан ривожланган давлатлар ал-Шараа ҳокимиятини тан ола бошлаган.

АҚШ эса ал-Шараанинг қўлга олиниши йўлида эълон қилинган 10 миллион доллар қийматдаги мукофотни яқиндагина бекор қилган.

Менаҳем Бегин — Жангари етакчидан Нобел мукофоти совриндоригача

begin

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Менаҳим Бегин Фаластиндаги Иргун жангариларига мурожаат қилмоқда. 1947 йил.

1940 йилларда Менаҳем Бегин Иргун деб аталган яҳудий ҳарбий гуруҳига раҳбарлик қилган.

Ушбу гуруҳ Фаластиндаги британ ҳукуматига ва араб аҳолисига қарши ҳужумлар уюштирган.

Британияликлар ўша вақтда қидирувдаги террорчи ҳисобланган Бегиннинг боши учун 50 минг доллар мукофот ҳам эълон қилган.

Бегин раҳбарлигида Иргун 1946 йилда Қуддусдаги Қирол Девид меҳмонхонасини портлатиб, 91 кишининг ўлимига сабаб бўлган.

Аммо 1948 йилда Исроил давлатининг ташкил топиши ортидан Бегиннинг ҳаёт йўли кескин бурилиш олган – у сиёсатчига айланган.

1977 йилда Бегин Исроил бош вазири бўлган ва бир йил ўтиб, Миср президенти Анвар Садат билан Кемп-Девид келишувини имзолаган, бу эса икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик душманликка якун ясади.

Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилишига қўшган ҳиссаси учун Бегин ва Садат 1978 йилда Тинчлик бўйича Нобел мукофотига лойиқ кўрилган.

Ёсир Арафат – "Озодлик курашчиси"дан тинчлик тарафдоригача

arafat

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Арафат террорни рад этиб, "озодлик курашчиси"га айлангани ҳақида гапирган.

1929 йилда Қоҳирада дунёга келган Ёсир Арафат Исроил давлати ташкил этилганидан сўнг юз минглаб фаластинликлар ўз уйидан қочишга мажбур бўлганини кўриб, яҳудий армиясига қарши қуролли ҳаракат бошлашга қарор қилган.

У Фатaҳ ҳаракати асосчиларидан бири ва Фаластин озодлик ташкилоти (PLO) раҳбари эди.

PLO таркибидаги баъзи гуруҳлар 1970-80 йилларда террорчилик актлари ўтказган бўлсада, Арафат ўзини "озодлик курашчиси" деб атаган.

АҚШ PLO'ни 1987 йилда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган.

Аммо орадан бир йил ўтиб, Арафат PLO номидан оммавий баёнот билан чиқиб, гуруҳга қўйилаётган террорчилик айбловларини рад этган.

1993 йилда у Осло келишувларини имзолаб, Исроилни тан олган ва бунинг эвазига фаластинликлар Ғазо бўлгаси ҳамда Ғарбий Қирғоқдаги секторда ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини қўлга киритган.

Бу тинчлик келишуви учун Арафат 1994 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган.

Мартин МакГиннес — Қиролича билан қўл сиқишган жангари

IRA

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, МакГиннес Буюк Британия қироличаси Элизабет II билан қўл сиқишиб кўришмоқда. 2012 йил.

Мартин МакГиннес 1960-1990 йилларда Шимолий Ирландияда Британия ҳукмронлигини тугатиш мақсадида террорчилик актларини амалга оширган Ирландия Республикачилар Армияси (IRA)нинг юқори мартабали қўмондонларидан бири бўлган.

У 1973 йилда портловчи мосламалар олиб кетаётган машина ёнида қўлга тушгач, қамоққа ташланган.

Британия ҳукумати МакГиннесни 1987 йилда Шимолий Ирландияда 11 инсоннинг умрига зомин бўлган бомба портлашига алоқадорликда айблаган. У бу айбловни рад этган.

Аммо 1998 йилда ўнлаб йиллар давом этган зўравонликларга чек қўйган Яхши жума келишуви имзоланишидаги иштироки МакГиннеснинг тинчлик йўлини танлашда бурилиш нуқтаси бўлган.

МакГиннес кейинчалик Шимолий Ирландия Бош вазири ўринбосарига айланган ва Буюк Британия қироличаси Элизабет II билан қўл сиқишиб кўришган ҳам.

Бу рамзий саломлашув Ирландияда тарихий ярашувнинг белгиси сифатида кўриб келинади.

Густаво Петро – Колумбия президентига айланган партизан

petro

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 62 ёшида Коломбия президентига айланган Петро ўтмишда ўн йил умрини мамлакатнинг энг зўравон қуролли гуруҳларидан бирида ўтказган.

2022 йилда Густаво Петро Колумбия президенти этиб сайланди.

Аммо Петро ўз сиёсий фаолиятини Колумбиянинг энг зўравон қуролли гуруҳларидан бири бўлган 19 апрель ҳаракати (М-19) аъзоси сифатида бошлаган.

Петро ушбу гуруҳ аъзоси ўлароқ зўравонликни қўллаб-қувватламаганини таъкидлаган бўлсада, у қурол ва портловчи моддалар сақлашда айбланиб, қамоқ жазосини ўтаган.

Петро қамоқдалик чоғида М-19 пойтахт Боготадаги Адлия саройига бостириб кириб, ўз тарихидаги энг қонли ҳаракатни амалга оширган.

Коломбия қуролли кучлари саройда қолган юзлаб асирларни қутқариш йўлида М-19 билан 27 соат давомида жанг қилган, оқибатда, юзга яқин инсон ҳалок бўлган.

1990 йилда М-19 сиёсий партияга айланган ва Петро сиёсатда муваффақиятли фаолият юритиб, 2022 йилда президентликни қўлга киритган.