Афғон уруши қанчага тушди? Афғонистон ва Толибон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Reality Check
- Role, BBC News
Ўтган йигирма йилда Афғонистонга қилинган ҳарбий босқин учун қанча сарфланди?
Хорижий кучларнинг чиқиб кетиши ва Толибоннинг ҳокимиятни қўлга олиши билан биз АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари 20 йиллик ҳарбий амалиётлар учун қанча маблағ сарфлаганига боқдик.
Қанча ҳарбий юборилган эди?
АҚШ 2001 йил октябрида Толибонни ағдариш учун Афғонистонга ҳужум бошлади. Толибон 11 сентябрь воқеаларига алоқадор бўлган Усома бин Лоден ва ал-Қоиданинг бошқа раҳнамоларига бошпана берган эди.
АҚШ миллиардлаб доллар маблағни Толибон исёнчиларига қарши курашиш ва мамлакатни қайта тиклаш учун ажратар экан, Америка ҳарбийлари сони 2011 йили 110000 нафарга - энг чўққисига чиқди.
Ўтган йили эса мамлакатда 4000 нафаргина аскар қолганди, холос.
Махсус кучлар ва бошқа муваққат бўлинмалар расмий маълумотларга доим ҳам киритилмайди.
Бошқа давлатлар, жумладан, НАТО аъзолари ҳам Афғонистондаги хорижий ҳарбий ҳозирликнинг бир қисми бўлган.
Аммо Афғонистондаги энг йирик ягона контингент АҚШники эди.
НАТО 2014 йили расман жанговар ҳаракатларни тўхтатди, аммо 13 минглик ҳарбийси афғон кучларига ёрдам бериш, аксил террор амалиётларини дастаклаш учун қолдирилган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Шунингдек, Афғонистонда катта сонда хусусий хавфсизлик ташкилотлари ишлар эди. Конгресс ўрганишига кўра, улар орасида, 2020 йил сўнгги чорагида 7800 нафардан кўпроқ АҚШ фуқароси бўлган.
Қанча маблағ сарфланди?
Афғонистондаги харажатларнинг катта қисми АҚШдан келар эди.
АҚШ ҳукумати маълумотига кўра, 2010-2012 йилларда, яъни Афғонистонда АҚШнинг 100 000дан ортиқ аскари турганда харажатлар йилига деярли 100 миллиард долларга етган.

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ ҳарбийлари эътиборни ҳарбий амалиётлардан афғон кучларини ўқитишга қаратгач, харажатлар кескин камайган.
Пентагоннинг бош мулозимларидан бирининг АҚШ Конгрессига 2018 йили айтишича, ўша йилга келиб, йиллик харажат 45 миллиард доллар атрофида эди.
АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, Афғонистондаги умумий ҳарбий харажат (2001 йил октябрдан, 2019 йил сентябргача) 778 миллиард долларга етган.
Бунга қўшимча, АҚШ Давлат департаменти АҚШнинг Халқаро ёрдам агентлиги (USAID) билан бирга қайта қуриш ишларига 44 миллиард доллар сарфлаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Расмий маълумотларга таянилса, булар 2001-2019 йилларда умумий харажатни 822 миллиард долларга етказади. Буларга АҚШ Афғонистон билан боғлиқ ишларда база сифатида фойдаланган Покистондаги харажатлари кирмайди.
Браун университетининг Афғонистон ва Покистондаги уруш харажатлари бўйича 2019 йилги тадқиқотига кўра, АҚШ тахминан 978 миллиард доллар сарфлаган (бунга улар 2020 йил учун ажратилган маблағни ҳам киритишган).
Тадқиқотда таъкидланишича, умумий харажатни ҳисоблаш қийин, чунки давлат ташкилотларида бухгалтерия турлича юритилган, камига, вақт ўтиб улар ўзгариб туради, бу эса турлича рақамларни келтириб чиқаради.
Афғонистонда АҚШдан кейинги энг кўп ҳарбийси бўлган Британия ва Германия мос равишда 30 ва 19 миллиард доллар сарфлаган.
Барча қўшинларини олиб чиқиб кетганига қарамай, АҚШ ва НАТО Афғонистоннинг ҳарбий кучлари учун 2024 йилгача йилига 4 миллиард доллардан бериб туришни ваъда қилган эди.
Ҳозирча бу йил НАТО Афғонистонга 72 миллион долларлик таъминот ва қурилмалар юборган.
Пуллар қаерга кетган?
Афғонистонда сарфланган маблағнинг катта қисми исёнчиларга қарши амалиётлар, аскарларнинг кийим-кечаги, озиқ-овқати, тиббий ёрдам, тўловлар ва ёрдамларга сарфланган.
Расмий маълумотлар кўрсатишича, 2002 йилдан буён АҚШ Афғонистонни қайта қуриш ишларига 143.27 миллиард доллар сарфлаган.
Уларнинг ярмидан кўпроғи (88.32 млрд) афғон хавфсизлик кучлари, жумладан, Афғон Миллий армияси ва полиция кучларига сарфланган.
Қарийб 36 миллиард бошқарув ва ривожлантириш соҳаларига, камроқ қисми наркотикка қарши кураш ва гуманитар ёрдамга ажратилган.
Бу пулларнинг бир қисми йиллар давомида исроф қилинган, суиистеъмол қилинган, ўғирланган.
2020 йили АҚШ Конгрессига берилган ҳисоботда Афғонистондаги қайта қуриш ишларини назорат қилувчи ташкилот 2009 йил майидан 2019 йил 31 декабригача 19 миллиард доллар йўқолганини билдирди.
Инсоний талафот қанча бўлди?
2001 йили Толибонга қарши уруш бошлангандан бери коалиция кучларидан 3500 одам ўлган, уларнинг 2300 нафари АҚШ аскарлари.
Британия қўшинларидан 450 нафари ўлди.

Сурат манбаси, Getty Images
20660 нафар АҚШ аскари амалиётлар чоғида жароҳат олди.
Аммо бу йўқотишлар афғон хавфсизлик кучлари ва оддий фуқаролари ўлими олдида ҳеч нарса бўлиб қолади.
Президент Ғани 2019 йили у президент бўлганидан бери, яъни беш йилда афғон хавфсизлик кучларининг 45 000 аъзоси ўлганини айтди.
Браун университетининг 2019 йилги тадқиқотига кўра эса, 2001 йилдан бери афғон миллий армияси ва полициясининг 64 100 дан зиёд аъзоси ўлган.
БМТнинг Афғонистондаги Ёрдам Миссиясига кўра, 2009 йилдан бери 111000 мингга яқин тинч аҳоли ўлган ёки жароҳатланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














