Америка кетгач, Афғонистонга ал-Қоида қайтадими? Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Ғарб кучлари чиқиб кетар экан, афғон хавфсизлик кучлари атрофида маҳаллий ярим ҳарбий қуроллилар тўпланмоқда

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ғарб кучлари чиқиб кетар экан, Афғонистон хавфсизлик кучлари атрофида маҳаллий қуроллилар уюшмоқда
    • Author, Фрэнк Гарднер
    • Role, Би-би-сининг Хавфсизлик масалалари бўйича мухбири

Ғарб жосуслик хизматлари хавотирда. Бунинг учун етарлича асослари бор.

АҚШ перзиденти топшириғи билан шу ойда Ғарбнинг қолган ҳарбий кучлари ҳам Афғонистондан шошилинч чиқиб кетаётгани Толибон исёнчиларининг ғайратини ошириб юборди.

Шу кунларда руҳи тушган ҳукумат кучлари таслим бўлиб ёки базаларини ташлаб қочар экан, толиблар бир туман ортидан иккинчисини қўлга киритди.

Ҳозир халқаро террорчилар бу мамлакатга қайтишлари мумкин, демоқда кузатувчилар.

"Байденнинг Афғонистондан чиқиб кетиш қарори Толибон ҳукмронлигини муқаррар қилмоқда ва ал Қоидага ўз тармоғини яна қайта ташкил қилиб, глобал миқёсда ҳужумлар режалашига имкон бермоқда", дейди хавфсизлик ва террорчилик бўйича таҳлилчи доктор Сажжан Гоҳел Би-би-сига.

Кенгаяётган амалиётлар

Албатта, бу анча пессимистик сценарий, аммо икки нарса аниқ.

Биринчидан, 1996-2001 йилларда Афғонистонни қамчи билан бошқарган муросасиз исломчилар - Толибон муайян шаклда ҳокимиятга қайтади.

Ҳозирча улар пойтахт Кобулни куч билан олиш ниятлари йўқлигини айтмоқда. Аммо мамлакатнинг катта қисмида улар устун куч бўлиб турибди ва Афғонистонни ўзларининг қаттиқ йўриқлари асосидаги Исломий амирликка айлантириш талабларидан воз кечганлари йўқ.

Иккинчидан, ал-Қоида ва унинг рақиби Хуросон Ислом Давлати (ИД Х) Ғарб кучларининг чиқиб кетишида Афғонистонда ўз фаолиятларини кенгайтириш имкониятини кўрмоқда.

Ал-Қоида ва ИД аллақачон Афғонистонда илдиз отган. Бу мамлакат жуда тоғли, жуда нотекис ва халқаро террор гуруҳи, дея тан олинганлар бу ерларнинг ҳар пучмоғиндан яшириниш учун жой топади.

Аммо ҳозиргача Афғонистон ҳукумат хавфсизлик хизмати АҚШ ва бошқа махсус кучлар билан хавфни бартараф қилишда бирга ишлаб келди.

АҚШнинг дастагисиз Афғонистон ҳукуматининг Толибонга бас келиши осон бўлмайди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШнинг дастагисиз Афғонистон ҳукуматининг Толибонга бас келиши осон бўлмайди

Ҳужумлар ва бомбалашлар ҳозир ҳам бўлиб туради, аммо кўплаб ҳолатларда бу ҳақда хабар тарқалмайди, хабаркашларнинг махфий билдиргилари, эшитилган телефон сўзлашувлари афғон ва Ғарб махсус кучларини дарҳол ҳаракатга келиши учун етарли бўлади.

Афғонистон ичидаги базаларда улар дақиқалар ўтмай тезда жавоб қайтара олар, ярим тунда вертолётда пайдо бўлиб, тўсатдан душманга зарба беришарди.

Бу амалиётлар ҳам ниҳоясига етмоқда.

"Британияга хавф кучаяди"

People gather with their heavy weapons to support Afghanistan security forces against the Taliban

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Толибонга қарши курашида Афғонистон хавфсизлик кучларини маҳаллий қуроллилар дастаклашмоқда

Толибон шу ҳафта аниқ қилиб айтди, Ғарбнинг мамлакатда қолган ҳар қандай кучлари - улар хоҳ Кобул аэропортини, хоҳ АҚШ элчихонасини қўриқлаш учун бўлсин - Доҳада имзоланган ва АҚШ кучларининг 11 сентябргача олиб чиқиб кетилиши белгиланган битимни бузади.

Улар бундай кучларга ҳужум қилишга ваъда берди. Шунга қарамай, шу ҳафта Британия Бош вазири Борис Жонсон ҳукуматнинг махфий Миллий Хавфсизлик Кенгаши билан Британия Афғонистонда қандай ёрдамчи кучларни қолдириши мумкинлигини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Махфий Жосуслик Хизматининг собиқ раҳбари сэр Алекс Янгернинг "Sky News"га айтишича, "Ғарб Афғонистондан чиқиб кетса, Британияга террор ҳужуми хавфи ортади".

Аммо мана дилемма: мамлакатда АҚШ ҳарбий базаларисиз ва ҳаводан дастаксиз Британиянинг махсус кучларини қолдириш, уларни Толибон қўлига асир тушиб қолиши хавфини қабул қилиш. Ёки Толибон талаб қилгандек уларнинг ҳаммасини мамлакатдан чиқариб, Ғарбнинг турли террор ҳужумлари ҳақидаги маълумотлар асосида уларга тезкор жавоб қайтариш имкониятини йўққа чиқариш.

Толибон ва ал-Қоида алоқаси

Ал-Қоида ва Толибон ўртасидаги алоқалар қандай?

Толибоннинг ҳокимиятга қайтиши ал-Қоиданинг ҳам бутун базаларию, машғулот лагерлари билан мамлакатга қайтишини муқаррар қиладими?

Қисқаси, АҚШ бошчилигидаги 2001 йилги истеълодан кўзланган мақсад ҳосил бўлдими?

Бу савол неча йиллардан бери Ғарб жосуслик мулозимларини қийнаб келади. Икки марта, 2008 йилда ва бу йил Британия ҳукуматининг махфий баҳолашлари ташқарига чиқиб кетди ва бу икки гуруҳ ўртасидаги муносабат Британияни қанчалар ташвишга солаётгани маълум бўлди.

Минтақадаги экстремист гуруҳларни йилларча ўрганиб келаётган доктор Гоҳел бунга шубҳаланмайди.

"Толибон ал-Қоидага маданий, оилавий ва сиёсий жиҳатдан боғлиқдир ва ҳатто уларнинг етакчилари самимий истаганларида ҳам бу ришталарни уза олишмайди", дейди у.

Хавотирли ишоралар

Ал-Қоида раҳнамоси Усома бин Лоден гуруҳ амалиётларини 1996 йили Судандан Афғонистонга кўчирганда Толибон унга 2001 йилгача бошпана берган.

Ўша вақтда Толибонни расман тан олган уч давлатдан бири Саудия Арабистони ўзининг жосуслик хизмати раҳбари шаҳзода Турки ал-Файсални Толибонни бин Лоденни Саудияга топширишга кўндириш учун юборганди.

Толибон буни рад қилган ва ал-Қоиданинг Афғонистондаги базасида 11 сентябрь ҳужумлари режаланган ва бошқарилганди.

Ал-Қоида тармоғининг сўнггида АҚШ томонидан ўлдирилган етакчиси 11 сентябрь ҳужумларини Афғонистондан туриб режалагани ишонилади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ал-Қоида тармоғининг сўнггида АҚШ томонидан ўлдирилган етакчиси 11 сентябрь ҳужумларини Афғонистондан туриб режалагани ишонилади

Аммо Британиянинг Мудофаа штаби бошлиғи, Афғонистонда бир неча марта хизмат қилган генерал сэр Ник Картер Толибон аввалги хатосидан хулоса чиқарганига ишонишини айтади.

Унинг таъкидлашича, агар Толибон ҳокимиятга шерик ёки уни бутунлай қўлга олишни кутаётган бўлса, халқаро яккаланиб қолишни истамайди.

Қийинчилик мана шу ерда. Толибон тепасидаги ақллилар, айниқса, Доҳадаги кондиционерли савдо марказида яхши ҳаёт мазасини билиб, музокаралар олиб бораётганлар халқаро тан олиниш учун ал-Қоида билан тинчгина алоқани узишни айтишлари мумкин.

Аммо улкан ва яхши назорат қилинмайдиган Афғонистон каби бир давлатда келажакдаги Толибон ҳукумати ал-Қоидани жиловлай олишига кафолат йўқ. Ал-Қоида қишлоқлар ва узоқ водийларга осон яшириниши мумкин.

Пировардида ал-Қоида учун ҳам, ИД учун ҳам энг кераги нобарқарор, тартибсиз муҳитдир. Барча ишоралар улар Афғонистонда истаганларини қўлга киритишини кўрсатмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek