Ўзбекистон афғон қочқинлари учун яна бир аэропортни очди ва Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиши мумкинми? O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Ўзбекистон президенти

Сурат манбаси, official

  • Шавкат Мирзиёев КХШТ саммитида иштирок этди;
  • Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиши эҳтимоли мавжудлиги қайд этилди;
  • Бухоро аэропортидан афғон қочқинлари эвакуация қилина бошланди;
  • Заҳарланган боғча тарбияланувчиларининг аҳволи қандай?

КХШТ муҳокамаси

Президент Шавкат Мирзиёев КХШТ аъзо-давлатлари раҳбарларини Афғонистон билан чегарани қўриқлаш бўйича олиб борилаётган тадбирлар тўғрисида хабардор қилган.

Душанба куни Шавкат Мирзиёев КХШТ давлатлари раҳбарлари саммитида меҳмон ўлароқ иштирок этиб, Афғонистон масаласини муҳокама қилиши хабар қилинган эди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, сессияда Афғонистонда юзага келаётган вазият ҳамда минтақадаги барқарорликка таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан батафсил фикр алмашилган.

Саммит якунида минтақадаги вазият юзасидан ўзаро маслаҳатлашувлар ва мунтазам ахборот алмашишни давом эттиришга келишиб олинди.

Видеоконференция шаклида ўтган учрашувда КХШТга аъзо давлатлар - Тожикистон, Беларус, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон президентлари ҳамда Арманистон Бош вазири қатнашган.

Фуқаролар уруши эҳтимоли

КХШТ саммити

Сурат манбаси, courtesy

КХШТ давлатлари раҳбарлари Афғонистондаги сиёсий тузум бутунафғон халқининг эркин иродасига таяниши зарурлигини қайд этганлар.

Расмий хабарда маълум қилинишича, 23 август куни ўтган ташкилотнинг навбатдан ташқари сессиясида КХШТ аъзо-давлатлари Афғонистонда халқаро террорчи ташкилотлар мавжудияти ошиб бораётганини тилга олганлар.

Шунингдек, КХШТ бош котиби Станислав ЗасьАфғонистондаги вазият атрофдаги кенг минтақа хавфсизлигига таҳдид солувчи кўламга келишидан хавотир билдирган.

У Панжшер туманидаги толибларга қарши кучлар масаласини музокаралар йўли билан ечиш заруриятига урғу берган.

"Юзага келаётган аксилтолибон ўчоқлари нафақат Афғонистон, балки атрофдаги йирик минтақа хавфсизлигига олдиндан айтиб бўлмас оқибатлар билан рахна солувчи узоқ муддатли фуқаролар уруши бошланишига олиб келиши мумкин", таъкидлаган у.

Афғонистондан келувчи таҳдидларга қарши халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши аҳамиятини қайд этган Станислав Зась учрашувда Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этаётганини алоҳида тилга олгани хабар қилинган.

Саммит давомида яқин ойларда Тожикистон-Афғонистон чегарасида КХШТ Коллектив кучларининг тўрт церийали кенг кўламдаги ўқув машғулотлари бўлиб ўтиши маълум этилган.

Эвакуация учун навбатдаги аэропорт

Бухоро халқаро аэропорти

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Афғонистондан инсонлар эвакуациясини Бухоро халқаро аэропорти орқали амалга оширишга рухсат берган.

Бу ҳақда аэропорт масъуллари маълумотига таяниб, Daryo.uz нашри хабар берган.

Хабарда айтилишича, 20-22 август кунлари Кобул аэропортидан Венгрия ҳаво кучлари орқали Бухоро халқаро аэропортига 200 нафарга яқин афғон фуқароси эвакуация қилинган.

Уларнинг 56 нафари эркак, 53 нафари аёл, 64 нафари бола бўлган.

"…аэропорт ҳудудида вақтинчалик чодирлар ўрнатилиб, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дорилар билан таъминланган. Шунингдек, коронавирусга қарши тестлар олинган", дейилади Daryo.uz хабарида.

Шунингдек, эвакуация қилинганлар орасида 2 нафар венгриялик, 2 нафар австриялик, 35 нафар америкалик ҳамда 134 нафар эронлик бўлган.

Эвакуация қилинганларнинг аксарият қисми 23 август куни Венгриянинг Будапешт шаҳрига олиб кетилган.

Бундан аввал Тошкент ва Навоий аэропортлари орқали Афғонистондан инсонлар эвакуация қилинаётгани хабар қилинган эди.

Заҳарланган кичкинтойлар

Болалар боғчаси

Сурат манбаси, official/illyustrativtasvir

Мактабгача таълим вазирлиги Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги мактабгача таълим ташкилотида заҳарланиб шифохонага тушган болалар тўғрисида навбатдаги маълумот берган.

Маълум қилинишича, 23 август соат 16:00 ҳолатига кўра, бемор болаларнинг икки нафарига қониқарли аҳволда уйга рухсат берилган.

Шифохоналарда жами 5 нафар тарбияланувчи қолгани, улардан бирининг ҳолати оғир, бир нафарининг ҳолати ўрта оғир ва уч нафар бола ўртача аҳволда экани билдирилган.

Маълумот ўрнида, 12 август куни ушбу болалар боғчасининг 25 нафар тарбияланувчиси заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилгани хабар қилинган, 13 августга келиб эса шифохоналардаги болалар сони 30 нафарга етган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek