Мулла Бародар Кобулда, Толибон қандай қилиб шиддат билан яна қудратга қайтди? Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд Кобулда.
Толибоннинг сиёсий лидери янги инклюзив ҳукумат масаласини муҳокама этмоқда.
У жорий пайтда Толибоннинг Афғонистонда бўлиб турган энг юқори мартабали лидери бўлади.
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд Афғонистон Толибон ҳаракатининг тўртта ҳамасосчисидан бири ва сиёсий етакчиси саналади.
У толиблар пойтахт Кобулни эгаллашидан кун ўтиб Афғонистонга қайтган.
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунднинг қайтиши ўшанда дунёнинг аксарият оммавий ахборот воситаларида куннинг сарлавҳаларга чиққан янгилигига айланган.
У шанба кунига қадар жанубий Қандаҳор вилоятида бўлиб турган.
Қандаҳор ўз вақтида ҳаракатнинг Афғонистондаги иккита таянч нуқтасидан биттаси ҳисобланган.
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд Кобулда экан, "жиҳодий лидерлар ва сиёсатчилар" билан янги инклюзив ҳукумат масаласини муҳокама этаётгани айтилади.
У бунгача Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг Доҳадаги идорасига бошчилик қилган, толибларнинг Бош музокарачиси бўлган.
Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунднинг Толибон бошчилигидаги ҳар қандай янги ҳукуматда етакчи ўрин тутиши кутилмоқда.
Толибон АҚШ ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳали Афғонистонда ҳозир экан, ўтган якшанба куни пойтахт Кобулга кириб келган.
Ўн куннинг ўзидаёқ Афғонистоннинг барча йирик шаҳарларини ҳам қўлга киритган.
Пойтахт Кобулнинг хорижий иттифоқ қўшинлари ҳозир бўлган бир манзарада қулаши ҳамма учун кутилмаган бўлган.
Толибон улар Афғонистонни тарк этишга киришган ўтган икки ойнинг ўзидаёқ Афғонистонни деярли тўлиғича забт этиб бўлган.
Афғонистонда Исломий Амирлиги қулатилишидан 20 йил ўтиб яна Кобулга - қудратга қайтган.
Ҳаракатнинг Афғонистонни қайта қуролли йўл билан эгаллаши катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг мамлакатдаги 20 йиллик ҳарбий ҳозирлиги, сарфланган миллиардлаб долларлик маблағ, юз минглаб афғон ҳарбийлари тайёргарликдан ўтказиб бўлинган бир манзарада кузатилган.
Афғонистонда сайланган қонуний ҳукумат ва констититуция, қарийб икки ўн йилдирки, амалда бўлган бир пайтда рўй берган.
Толибоннинг бу каби тезкор ютуғи афғон ҳукумати қолиб, халқаро ҳамжамиятнинг ўзини ҳам шошириб қўйган.
Ҳаракатнинг бунга қандай қилиб муваффақ бўлгани ўша оннинг ўзидаёқ алоҳида таҳлилталаб мавзулардан бирига айланган.
Афғонистоннинг амалдаги президенти Муҳаммад Ашраф Ғани толиблар ҳали Кобулни эгалламай туриб мамлакатни тарк этган.
Беш кун деганда унинг дараги чиққан, афғон раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларида экани расман тасдиқланган.
Ўзининг сўнгги видеомурожаатида президент Ғани Афғонистонга қайтиш ҳаракатида эканини айтган, аммо санасини очиқламаган.
Унинг бу режасига Толибон ҳаракатининг муносабати ноаён қолган.
Толибларга нима қўл келди?

Сурат манбаси, facebook
Камолиддин Раббимов
Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон-Франция
"Толибон исломий ҳаракатининг орадан 20 йил ўтиб яна ҳокимиятни ўз қўлига олиши - тарихда кам учрайдиган сиёсий-ҳарбий феноменлардан ҳисобланади.
Толибон ҳаракатининг Афғонистонда ғалаба қозониши, демакки, АҚШ, Нато - Ғарб коалицияси томонидан муттасил қўллаб-қувватлаб келинган расмий Кобул ҳокимиятининг мағлуб бўлиши замирида кўплаб омиллар бор.
Ҳали келажакда, "нега расмий Кобул бу қадар тез ва осон енгилди?", "Толибларнинг 20 йил давомида бу қадар кучли қаршилик кўрсатишига имконият берган омиллар нима эди?" -каби саволлар устида қизғин баҳслар, катта таҳлиллар амалга оширилади.
Истиқболда толибларнинг феноменал ғалабасини очиб берувчи, лекин бугун кенг жамоатчиликка яхши маълум бўлмаган кўплаб қирралари, унсурлар маълум бўлади. Бу борада кўплаб китоблар ёзилади, фильмлар олинади.
Лекин ҳозирнинг ўзидаёқ афғон ҳукуматининг қулаши ва толиблар ғалабаси борасида аниқ ва йирик хулосалар мавжудки, улар ўзгармас бўлиб қолаверади.
Менинг назаримда, Афғонистонда Ашраф Ғани ҳокимиятининг қулаши ва толибларни яна қудратга келиши замирида икки йўналишдаги сабаблар мажмуаси бор.
Толиблар ғалабасини таъминлаган сабаблар мажмуасига, назаримда, қуйидагилар киради.
Биринчидан, толибларнинг глобал репутацияси. Толиблар - ўта мафкуравий ҳаракат. Толиблар динни қаршилик кўрсатиш мавкураси сифатида талқин қилиш қобилиятини энг юқори бир даражада намоён қила олишди. Толиблар, Афғонистонда "исломий тизим ўрнатиш учун ҳар қандай қурбонларга тайёр бўлган, аъзолари қурбон бўлишдан қўрқмайдиган" ҳаракат сифатида ном қозонди.
Натижада, Афғонистонда 20 йил давом этган партизанлик урушида нисбатан кам сонли, нисбатан ёмон қуролланган маҳаллий гуруҳ дунёнинг энг қудратли ҳарбий машинасига дош бера олди, йўқолмади, қаршилик кўрсатишда давом этаверди. Натижада, ғалаба қозонди.
Яъни, "толиблар ҳеч бир шароитда ўзларининг дунёқарашидан, диний талқинларидан, диний мафкурасидан қайтмайдиган ҳаракат" сифатида танилди, шу сабаб, дунё ҳамжамияти тафаккурида уларнинг ғалабаси - вақт масаласи ўлароқ қабул қилина бошлади.
Иккинчидан, толиблар нафақат ўта кучли мотивлаштирувчи мафкурага эга бўлишди, балки "босқинчиларга қаршилик кўрсатиш жараёнида" мухолиф томонларни дахшатга солувчи барча воситалардан фойдаланиш қобилиятини кўрсатишди.
Айнан шунинг учун Толибон ҳаракати БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси асосида "террорчи ташкилот"лар рўйхатига киритилган эди.

Сурат манбаси, EPA
Толиблар Афғонистондаги жанглар жараёнида ўзларининг технологик заифлигини мухолиф томонларни кучли қўрқитувчи амалиётлар билан компенсация қилишди.
Жумладан, кутилмаган шакллардаги, жойлардаги ижрочилар билан бўлган террористик амалиётлар - одатий ҳолга айланиб қолган эди.
Учинчидан, йиллар давомида толиблар маҳаллий афғон аҳолисининг тафаккурида ижобий образ қозонишга, АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳамда расмий Кобул қилган хатолардан, нуқсонлардан, жамиятдаги муаммолар ва зиддиятлардан имкон қадар унумли фойдаланишга ҳаракат қилди.
Бу ҳаракат Ислом динини нафақат "қаршилик кўрсатиш мафкураси", балки "ягона ижтимоий адолат мафкураси" сифатида ҳам талқин қилди, ўзларини эса - адолат посбонлари сифатида билдиришди.
Ҳаракат пайдо бўлганида анча миллатчи, пуштунпараст кўринган толиблар кейинги амирлар даврида имкон қадар Афғонистондаги қолган миллатларни ҳам ўз сафларига киритиш орқали кўптаркибли афғон жамияти учун ижобийроқ образ яратишга интилишди.
Тўртинчи омил шундан иборатки, кейинги икки-уч йил давомида толиблар Афғонистонда ҳарбий амалиётларни тўхтатмаган холда, сиёсий музоқараларни ошириб боришди.
Бу ҳаракатнинг сиёсий қаноти Доҳадан туриб ҳаракат учун муҳим бўлган "биз - масъулиятли ҳаракатмиз, биз билан келишишдан бошқа чорангиз йўқ" дея, халқаро ҳамжамиятни тинчлантириш, Афғонистондан коалиция кучларининг чиқиб кетиши учун керакли заминни парваришлашни тўхтатмади.
Айтиш керакки, Толибон ҳаракатининг дипломатияси ҳамда таъбир жоиз, PR-кампанияси кейинги йилларда ниҳоятда самарали бўлди. Бу жараён ҳам, толибларнинг ғалабасига улкан ҳисса қўшди.

Сурат манбаси, AFP
Энди расмий Кобулнинг бу қадар тез йиқилиши замирида нафақат толибларнинг қудрати, балки Ашраф Ғани ҳукумати дохил Афғонистон бошқарувидаги катта муаммолар, зиддиятлар ҳам ҳал қилувчи роль ўйнади.
Расмий Кобулнинг биринчи муаммоси - мисли кўрилмаган коррупция кўлами эканлиги айтилади.
Афғон ҳукумати мулозимлари халқаро донорлар томонидан берилаётган миллиардлаб долларлик маблағларни ўзлаштириш учун жуда катта кўзбўямачиликлар қилишганлиги очилиб бормоқда.
Улар АҚШдан олаётган пулларини оқлаш учун сохта армиялар, мавжуд бўлмаган ҳарбий батальонлар тузганлиги, айни пайтда, мавжуд бўлган армияни ҳам нормал кўринишда таъминламаганлиги билинмоқда.
Иккинчи йирик омил бу - Афғонистонда жорий қилинган "демократик ўйин қоидаси" натижасида этник гуруҳлар ўртасидаги сиёсий рақобатнинг авж олганлиги, сайловлар натижасида сиёсий элитада жуда кучли парокандалик, зиддиятлар урчиганлиги келтирилади.
Мисол учун, охирги президентлик сайловларида, Ашраф Ғанининг ғалабасини унда ўзини ғолиб, деб билган доктор Абдулло Абдулло ва унинг кўп сонли тарафдорлари умуман тан олишмаган эди.
Шунга ўхшаш ҳолат ундан олдинги сайловларда ҳам кузатилган эди.
Бу каби ҳокимият талашувлари натижасида демократия - жамиятни бирлаштирувчи, жипслаштирувчи жараён эмас, аксинча, ҳокимият легитимлигини пасайтириб, ижтимоий парокандаликни оширувчи омилга айланган эди.
Ва ниҳоят, расмий Кобулнинг анча заиф легитимлиги, мисли кўрилмаган ҳажмдаги коррупция, элитадаги зиддиятлар, носоғлом рақобатлар, яширин ва ошкора этник гуруҳбозликлар, буларнинг барчаси - Афғонистоннинг йиқилган маъмуриятидаги устувор руҳий-психологик ҳолатни очиб беради.

Сурат манбаси, Reuters
Бу ҳам бўлса, расмий Кобул тафаккурида муваққатлик, вақтинчалик, юзакилик, масъулиятсизлик устувор бўлганлиги кўринади.
Чунки, расмий Кобул ва унинг қўлидаги анча катта бўлган ҳарбий потенциалнинг юздан бири ҳам деярли ишлатилмади.
Яъни, Кобул маъмурияти ва сиёсий тизимини ушлаб қолиш учун ҳеч бир куч, ҳеч бир тараф жонбозлик кўрсатиб, шиддатли ҳарбий ва сиёсий кураш олиб бормади.
Барча тарафлар масъулиятни бошқаларга юклади.
Натижада, Кобул жуда тез ва осон йиқилди. Толиблар деярли қаршиликларсиз ҳокимиятни қўлга олишди".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















