Россия Толибон билан нималарни режа қилмоқда? Афғонистон - Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Петр Козлов и Анна Ринда
- Role, ББС Рус хизмати, Москва
АҚШ ва Европа ҳукуматлари шу ҳафта ўз фуқаролари ва афғон ҳамкорларини Кобулдан олиб чиқиб кетишга шошилар экан, Россия Толибоннинг ҳокимиятга келганидан хавотирга тушмаётган бир нечта давлатлардан биридир.
Рус дипломатлари шаҳардаги янги одамларни "бинойидек йигитлар", деб тасвирлади ва пойтахтни аввалгидан кўра хавфсизроқ, деди. Президент Владимир Путин жума куни Толибоннинг ҳокимиятга келиши реал воқелик ва биз улар билан ишлашимиз керак, деди.
Бу кўплаб россияликлар эслайдиган 1980-йилларда Кобулдаги коммунист режимни дастаклаш ортидан келган 9 йиллик фожиага ўхшамайди.
Толибон ҳақида илиқ сўзлар
Пойтахтдаги аксар хориж элчихоналаридан фарқли ўлароқ, Россия ўз элчихонаси очиқ тургани ва Толибон ҳақида илиқ сўзлар айтишини таъкидламоқда. Элчи Дмитрий Жирнов Кобул эгалланганидан икки кун ўтиб, Толибон вакили билан учрашди ва ҳеч қандай репрессия ёки зўравонликни кўрмаганини айтди.
Москванинг БМТдаги вакили Василий Небензя "кўп йиллик хунрезликларга якун ясаб", кўчаларга қонун ва тартиб кириб келиши асносидаги миллий битишувнинг порлоқ келажаги ҳақида гапирди.

Сурат манбаси, Getty Images
Президент Путиннинг Афғонистондаги вакили Замир Кабулов ҳатто қочоқ президент Ашраф Ғанининг "қўғирчоқ ҳукумати"дан кўра толиблар билан музокара қилиш осонроқ деб айтди.
Москванинг жаноб Ғани учун вақти оз бўлганди. Рус дипломатлари афғон президенти тўртта машина ва пул тўла вертолётда қочгани ҳақида гапирди. Ғани бу гапларни ёлғон, деб инкор қилди.
- Толибон учун Афғонистон шимолини тўлиқ олиш нега муҳим?
- Дўстумнинг ўғли қутқарилди, Мозори Шариф нисбатан тинч, Толибон Қандаҳорни ҳам олди
- Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон
- Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими?
- Шимолий Афғонистон ва ўзбеклар: Маршал Дўстум қайтишидан кун ўтиб, Толибон унинг она шаҳрига бостириб кирди
Россия билан яхшиланган муносабатлар
Россия Толибонни Афғонистон ҳукумати сифатида тан олишга шошмаяпти, аммо муносабатларнинг илиқлашуви кўзга ташланяпти. Давлат ахборот агентлиги "ТАСС" Толибон ҳақидаги хабарларида уларни "террорчи" сўзи ўрнига "радикал", деб таърифлай бошлади.
Москва бирмунча вақтдан бери Толибон билан алоқа ўрнатиб келади. Толибон гарчи Россиянинг террорчи ташкилотлар рўйхатида турса ҳам, 2003 йилдан бери тақиқланган бўлса ҳам, гуруҳ вакиллари 2018 йилдан бери Москвага келиб туради.

Сурат манбаси, LOS ANGELES TIMES/GETTY
Ғарб дастаклаган собиқ ҳукумат Россия вакилини Толибонни очиқча қўллаб-қувватлашда, расмий ҳукуматни уч йилдан бери Москвадаги музокараларга қўшмаётганликда айблади.
Замир Кабулов буни инкор қилиб, уларни ношукрликда айблади. Аммо 2015 йили у ИШИД гуруҳига қарши курашда Россия манфаатлари Толибонники билан мувофиқ келади, деган эди.
Булар Вашингтон назаридан четда қолмаган. АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон 2017 йил августида Россияни Толибонга қурол етказиб бераётганликда айблаганди, Москва эса унинг гапларини рад этган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса "америкалик ҳамкасблардан далил талаб қилдик, аммо беҳуда бўлди... Биз Толибонга ҳеч қандай ёрдам бермаймиз", деган эди.
Шу йил февралида Замир Кабулов афғон ҳукуматини ғазаблантириб, Толибонни Доҳа битими шартларини "қойиллатиб" бажараётганини мақтади, расмий Кобулни эса битимни саботаж қилишда айблаганди.
Минтақавий хавфсизликка эътибор
Толибон билан яқин алоқаларига қарамай, Москва ҳозирча прагматик йўл тутмоқда, ўзгаришларни кузатиб турибди, Толибонни терорчилар рўйхатидан чиқаришга ҳам шошмаяпти. Президент Путин Толибон ўз ваъдасини бажариб, тартиб ўрнатишига умид қилишини айтди. "Террорчиларнинг қўшни давлатларга тарқалиб кетиши олдини олиш муҳим", деди у.
Россиянинг мавқеини шакллантираётган муҳим омил минтақавий барқарорлик ва ўзининг Афғонистондаги оғриқли тарихидир. У Марказий Осиёдаги иттифоқчилари чегаралари хавфсизлигини, террорчилик ва наркотик тарқалмаслигини истайди.
2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШ Толибонни нишонга олиб, минтақадаги собиқ Совет республикаларида ҳарбий базаларини очгач, аввалига Россия бу ўзгаришларга хайрихоҳ кўринди. Аммо муносабатлар тезда таранглаша бошлади.
Шу ой бошларида Россия айримлари Москванинг ҳарбий иттифоқчиси бўлган Марказий Осиё давлатларини тинчлантириш учун Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳарбий машғулотлар ўтказди.
Ўтган ой Россия Толибондан минтақадаги иттифоқчиларига хавф солмаслик ва ИШИД гуруҳига қарши кураш ваъдасини олди.
Россиянинг уруш билан боғлиқ аччиқ хотираси
Россия Афғонистонга қўшин юбормоқчи эмаслигини бот бот таъкидлайди, нима учун шундайлигини тушуниш қийин эмас. У Совет Иттифоқининг сўнгги йиллари - 1980-йилларда Афғонистонда қонли, кўпчиликнинг фикрича, беҳуда уруш олиб борган.
Ўзига дўст режимни дастаклаш учун 1979 йили бошлаган ишғоли тўққиз йил давом этган ва унда 15000 Совет ҳарбийси ўлган.

Сурат манбаси, AFP
Бу уруш СССРни халқаро яккамаховга айлантирди, кўплаб давлатлар 1980 йилги Москва Олипиада Ўйинларини бойкот қилди. Камига, у тўкилай деб турган Совет иқтисодига оғир юк бўлиб тушди.
Совет Иттифоқи Бабрак Кармал бошчилигидаги ҳукуматни Кобулга келтирганда, АҚШ, Покистон, Хитой, Эрон ва Саудия Арабистони Советларга ва уларнинг афғон иттифоқчиларига қарши курашаётган мужоҳидларга пул ва қурол бера бошлади.
Ўлдирилганларнинг кўпи армияга чақирилган Совет ўсмирлари эди. Уруш сабабли кўплар Совет расмийлари ўз халқи ҳаётига қанчалик кам қизиқишини тушуниб қолди. Кўпчилик бу уруш Совет Иттифоқининг қулашини тезлаштирди деб ҳам ўйлайди.
Уруш 1989 йил февралида шармандали тарзда мамлакатдан чиқиб кетиш билан якунланганди.

Сурат манбаси, Getty Images
Келажак олдидаги қўрқув
Россия Толибоннинг ҳокимиятга келишига аввалдан таёрлангандек кўриниши мумкин, аммо айрим экспертлар ишонишича, уларнинг бу қадар тез келиши Москва учун ҳам кутилмаган бўлган.
"Москвада бирор стратегия бор дея олмаймиз", дейди Замонавий Афғонистонни ўрганиш Россия Марказидан Андрей Серенко. "Москва минтақавий архитектурани шакллантиришга кечикиб қолишдан қўрқяпти."
Москвадаги бошқалар эса Толибон бошқаруви нималар келтириши мумкинлигидан хавотирда.
Россия Халқаро муносабатлар Кенгаши раҳбари Андрей Кортуновнинг ишонишича, улар бутун мамлакатни бошқаришга қийналади, айниқса, шимолни ва бу Россия ва унинг қўшниларига хавф солади.
"Эҳтимол, "ал-Қоида"нинг айрим қисмлари ёки ИШИД Афғонистонда жойлашиб олиб, Марказий Осиёда можаро чиқариши мумкин", дейди у.
Кортунов, шунингдек, Афғонистон иқтисоди кескин инқирозга учраб, барқарорликни издан чиқарворишидан хавотирда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














