Россия-Ўзбекистон: 30 йилда ишчи кучи экспорти қандай шаклланди? Video O‘zbekiston Rossiya dunyo yangiliklar

Россияга йўл солаётган ўзбекистонликлар

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 4 дақ

1991 йилда Россия ва Ўзбекистон тарихида содир бўлган глобал ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар собиқ СССР аҳолисининг миграциявий ҳолатларига таъсир қилмай қолмади.

Ўтган 30 йил давомида Ўзбекистон Россия учун миллионлаб ишчи кучи етказиб берувчи мамлакатга айланди.

Бу жараён қандай шаклланди?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

1-ўн йиллик: Юз мингдан миллионга айланиш

Ўзбекистонлик мигрант

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

1991 йил - Давлат Статистика қўмитаси томонидан Россияда жами 926 мингга яқин МДҲ фуқаролари борлиги, уларнинг тахминан 200 минги ўзбекистонлик экани қайд этилди.

Россиядаги МДҲ фуқароларининг катта қисми Тожикистон, Озарбайжон, Грузия ва Қозоғистон фуқаролари эди.

1992 йил 14 июнда Россиядаги чет эл фуқароларининг мамлакатда бўлиш қонун-қоидаларини назорат қилишга ва уларнинг ҳуқуқий мақомларини таъминлашга ихтисослашган Федерал Миграция Хизмати ташкил килинди.

1993 йил ФМХ ҳисобига кўра, Россияда 600 мингга яқин МДҲ давлатлари фуқаролари бўлган. Кўпсонлик жиҳатидан ўзбекистонликлар анча ортда - Тожикистон, Грузия ва қозоғистонликлардан кейинги ўринда эди.

1994 йилдан бошлаб Россиянинг халқаро меҳнат бозорига кескин ва фаол кириши кузатилди. Россия фуқаролари ишлаш учун чет элга кета бошлади. Бу ерга эса МДҲ мамлакатларидан меҳнат муҳожирлари оқиб кела бошлади.

Шу тариқа 1994 йилда Россияда 2 млн 300 минг чет эл фуқароси қайд этилди.

Бу рақам 1995 йилдан 1999 йилга қадар 1,5 - 2 млн атрофида айланди.

2000 йилда ФМХ Россияга келган меҳнат муҳожирлари учун "ишга рухсатнома" (разрешение на работу) жорий қилди.

Бунинг баробарида ноқонуний миграция муаммолари ҳам бошланди.

1994 йилдан 2004 йилгача, яъни 10 йил ичида Россияда меҳнат мигрантлари сони жами 2 млн.дан 5 млн.га чиқди.

Чегара назорати хизмати бу рақамнинг 3-4 баробар кўплигини таъкидлади. Банклар МДҲ мамлакатларига кетаётган пул ўтказмаларининг катта ҳажмига асосланиб, чегара хизмати маълумотини тасдиқлади.

2-ўн йиллик: Ватанга миллиардлаб доллар юборилиши

Текширув

Сурат манбаси, official

2001 йилга келиб, Ўзбекистон фуқаролари Россиядаги украиналиклардан кейинги энг кўп сонли меҳнат муҳожирларига айланди. Улар ватанига йилига ўртача 4 млрд. АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари юбориб, Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим бир бўлаги бўлиб шаклланди.

2003 йил 12 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хориждаги меҳнат фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ташкил этилди.

Совет паспортини ушлаб турган ўзбек аёли

Сурат манбаси, Screenshot

Бу вақтга келиб, Россияда жами мигрантлар сони 8 млн.га чиқди. Ўзбекистонликлар сони эса расман 1 млн.га яқин, норасмий рақамларга кўра, 3 млн.га яқинлашганди.

ФМХ 14 йиллик фаолияти давомида нолегал миграцияни батамом тугата олмади. 14 йил ичида 8 марта раҳбар, унинг ортидан таркиблар ўзгарди.

Россияга ишлашга келаётган мигрантларнинг катта қисми тилни билмаслиги ва бошқа сабабларга кўра, "Ишга рухсатнома" олиш воситачи ташкилотлар ёки ўртакашлар орқали 4-5 баробар қимматга айланарди. Шу боис, бу даврда қалбаки ҳужжатлар бизнеси "гуриллади".

Шунингдек, ФМС томонидан нолегал мигрантларни қўлга олиш, маъмурий жавобгарликка тортиш, мамлакатдан чиқариб юбориш, депортация қилиш ҳам шу 7 йил ичида шаклланди.

2010 йил 1 июлда меҳнат мигрантлари учун Россияда ишлашнинг янги тизими жорий қилинди. Бир йиллик "Ишга рухсатнома" бекор қилиниб, муҳожирга ҳар ой солиқ тўлаш мажбуриятини юкловчи патент расмийлаштириш амалга кирди.

Россияда яшаш ва ишлаш қонун-қоидалари қаттиқлаша боргани ва мамлакатда миллатчилик муҳити тобора авж олаётганига қарамай, Марказий осиёликлар тирикчилик учун ноилож бу ерга "оқиб" келишда давом этишди.

3-ўн йиллик: Муаммолар ва ўлимларнинг ортиши

Ўзбекистонлик мигрант

Сурат манбаси, Screenshot

2011 йилда Россияда ўзбекистонликлар расмий сони 2 баробар ошиб 2 млн.га чиқди.

2012 йилда миграция оқими янада кўпайди. Расмий Ўзбекистон эса ватанидаги ишсизлик ва пулсизликдан Россияга ишга отланаётган минглаб ўзбекистонликларни гўёки "кўрмасди".

2013 йилда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Россиядаги мигрантларни илк бор тилга олди.

- "Дангасалар деб кимни ҳисоблайман? Ҳўв Москвани бориб кўчаларини, майдонларини супурадиганларни. Ўтта нима йўқ... Одам жирканадики, ўзбек миллатидан шунақа бориб, ўзига бир бурда нон топиш учун шу ёққа бориши керак экан. Ҳа, Ўзбекистоннинг ўзида ҳеч ким очликдан ўлаётгани йўқ!" - деган эди марҳум президент Каримов.

Бу билан Ўзбекистондан Россияга ишлашга келиш камаймади, аксинча, 3 баробар ошди.

Патент тизимининг Россия бюджетига манфаатли эканини кўрган Россия ҳукумати 2014 йилдан патент учун қўшимча талабларни жорий этди.

Мигрантлар ишга рухсат берувчи патент олиш учун Миграция марказларида шахсий солиқ рақами, рус тилини билиши ҳақидаги сертификат, соғломлиги бўйича тиббий кўрик хулосаси, суғурта, бармоқ излари тақдим қилишлари талаб этилди.

Россияда узоқроқ ишлаб, оила боқиш, уй қуриш, тўй қилиш каби мақсадли меҳнат муҳожирлари 300 долларга яқин пул сарфлаб бу ҳужжатларни расмийлаштиришга мажбур бўлишди. Ҳар ойлик патент солиғи тўлови ҳам бор.

Россия ИИВ нинг 2015 йилги маълумотига кўра, Россиядаги жами мигрантлар сони 10 млндан ошган, ўзбекистонликлар сони эса 2,3 млн.га етган.

2016 йилда ФМХ функцияси яна ИИВ таркибига қайтарилди.

2017 йилда Ўзбекистонда меҳнат миграцияси тан олинди, бу муаммога эътибор қаратила бошланди.

Ўзбекистоннинг ўзи фуқароларини Россияга ишлашга юборишни йўлга қўйди. Яъни, "Россияда вақтинча ишлаш учун Ўзбекистон фуқароларини жалб қилиш ва ташкилий юбориш келишуви"га мувофиқ, ўзбекистонликлар Миграция агентлиги орқали муҳожирликка расман юборила бошланди.

2018 йилда Ўзбекистон Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони бўйича етакчи бўлди. Россия Мигрантлар Федерацияси мамлакатда 5 млн.га яқин ўзбекистонлик борлигини эълон қилди.

Спецприёмник

Сурат манбаси, courtesy

Мигрантлар сони кўпайиши билан муаммолар ҳам кўрина бошлади:

  • Мигрантлар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар, ўлимлар сони ортди.
  • Россиянинг турли ҳудудларида ноқонуний мигрантларга қарши полиция рейдлари авж олди.
  • "Спецприёмник"лар мигрантлар билан тўлди.

Ҳатто Миграция агентлиги орқали юборилган мигрантлар ҳам оғир аҳволга тушиб қолаётганликлари кӯрина бошлади.

Шуларга қарамай, ночор халқ оила боқиш учун Россияга отланаверди. 2019 йилнинг 6 ойининг ўзида 1 млн.га яқин ўзбекистонлик Россияга кириб келган.

2020 йилда пандемия ортидан жорий килинган карантин чекловлари натижасида мигрантлар ишсиз қолиб, ватанларига қайта бошлашди. Россияда жами 6,5 млн.га яқин мигрант қолди. Уларнинг камида 1,1 млн.дан зиёди ўзбекистонликлардир.

Муҳожирлар сони камайди, аммо муаммолари камаймади.

2021 йилда ҳам улар ҳамон ҳақсиз-ҳуқуқсиз, ҳимоясиз ҳолда, кунига 12-14 соатлаб энг оғир шароитларда меҳнат қилишмоқда.

Ва кўнгилларида ўз ватанида, оиласи бағрида яшаш орзу-умиди ҳали сўнмаган.

Россия Росгоскомстат, ФМС, МВД, ФХХ ва ЎзбекистонМиграция масалалари агентлиги маълумотлари асосида тайёрланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek