Ўзбекистонда Мустақиллик байрами: Сайловлар, "демократик мамлакат" ваъдаси, пандемия ва яна Афғонистон масаласи O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Ўзбекистон президенти

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 30 йиллик санасини байрам қилмоқда. Тарихий сана глобал коронавирус пандемияси ва Афғонистонни сўнгги АҚШ ҳарбийси тарк этган, Толибон қайта қудратга келган бир пайтга тўғри келган.

Мустақиллик байрамида сўзлаган нутқида президент Мирзиёев Афғонистон мавзусига ҳам алоҳида эътибор қаратган.

"Сўнгги кунларда ён қўшнимиз Афғонистонда юз бераётган воқеаларни ҳаммамиз ташвиш билан кузатиб турибмиз. Биз бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдоримиз.

Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда кўприк вазифасини бажара олишига ишонамиз.

Афғонистон билан алоқаларимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички ишларга аралашмаслик тамойилларига содиқ қоламиз.

Ушбу мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда, миллий келишув асосида тинч йўл билан амалга оширилиши ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз", деб айтган Мирзиёев.

Дунёнинг қатор етакчи давлатлари ва ташкилотларининг Ўзбекистон президенти билан байрамолди телефон мулоқотларида ҳам табрикдан сўнг Афғонистон масаласининг алоҳида ўрин тутгани кўрилган.

Шавкат Мирзиёев сўнгги икки куннинг ўзида Европа Кенгаши, Франция, Германия, Тожикистон, Беларусь, Қирғизистон президентлари ва Абу Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари билан гаплашиб олган.

Телефон мулоқоти

Сурат манбаси, official

Телефон мулоқоти

Сурат манбаси, official

Телефон мулоқотларига оид расмий хабарларнинг аксариятида томонларнинг Афғонистондаги аҳволнинг кескинлашиши таъсирида минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашишгани алоҳида тилга олиб ўтилган.

Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бешта давлатидан биттаси бўлади, Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси.

Икки ҳафтадирки, Афғонистонда Толибон қудратга қайтган, ҳаракат Исломий Амирлиги АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари томонидан қулатилишидан 20 йил ўтиб, яна мамлакат назоратини ўз қўлига олган.

Ўтган тунда Афғонистонни сўнгги АҚШ ҳарбийси ҳам тарк этган, мамлакат яна Толибон бошқаруви остига ўтган.

Ҳаракат буни афғон урушидаги ғалабалари сифатида талқин этган, Афғонистон энди ўз мустақиллигини "тўлиқ" қўлга киритганини баён қилган.

Афғонистон дунёнинг ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топган, фаолият олиб борган ва жон сақлаб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Ўзбекистон президенти Навоийда

Сурат манбаси, official

Афғонистондаги бугунги вазият Ўзбекистон президенти мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўз эътиборини қаратган, алоҳида тўхталиб ўтган мавзулардан бири бўлган.

Шавкат Мирзиёев 27 август куни Навоий вилоятида қилган чиқишида Афғонистондаги вазиятни назорат қилиб туришгани, мудофаа қудратлари ҳар қандай ҳолатга тайёр турганлигини баён қилган.

Президент Мирзиёев Толибоннинг Доҳадаги сиёсий лидери Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслигига ваъда бергани ва ўз ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқотда бўлишлари "табиий" эканини айтган.

Шавкат Мирзиёев ўзлари учун халқнинг тинчлиги, осойишталиги кераклигини айтган.

Ўзбекистон сўнгги ҳафталарда дунёнинг қатор давлатлари билан уларнинг фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш масаласи бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга киришган.

Германия, Россия, Швейцария, Австрия, Дания, Польша, Словакия ва Қозоғистон каби давлатлар билан аэропорт инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларини тақдим этиш, ҳаво макони орқали учишга рухсат бериш, аэропортга учиб келиш, қўниш, зарур техник ва логистика ёрдамини кўрсатиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракат қилган.

Уларнинг биргаликдаги ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистондан минглаб чет эл фуқароси олиб чиқилган.

Мазкур эвакуация жараёни ҳам Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги санаси арафасида расман ўзининг поёнига етган.

Ўзбекистон томони ўз қарори сабабини ўзларига қўшни Афғонистонда сақланиб турган мураккаб вазият, чет эллик ҳамкорларнинг мурожаатларига жавоб ва халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига содиқлик билан изоҳлаган.

Афғонистондаги инсоний инқироз фонида расмий Тошкентнинг бу қарори Ўзбекистон ташқарисида ижобий талқин ва баҳоларга сабаб бўлган.

Кўрсатган ёрдами учун Ўзбекистонга Германия канцлерининг ўзи расман ва ошкора ташаккур изҳор этган.

Кеча, 30 август кунги табрик телефон мулоқоти чоғида Германия президентининг ҳам Шавкат Мирзиёевга шахсан миннатдорчилик билдиргани маълум бўлган.

Тошкент аэропорти

Сурат манбаси, VERTEIDIGUNGSMINISTERIUM / TWITTER

Мукофотлар, афв ва байрам тадбирлари

Тошкентдаги байрам тадбирлари

Сурат манбаси, official

Тошкентдаги байрам тадбирлари

Сурат манбаси, official

Тошкентдаги байрам тадбирлари

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон учун глобал иқтисодий инқироз ортда қолдими?

Президент Мирзиёев мустақиллик байрамида қилган чиқишида мамлакатда кечаётган ислоҳотларни ҳам тилга олган. Ўзбекистон учун "Глобал иқтисодий инқироз ортда қолганини" айтган.

"Бугунги кунда замонавий иқтисодиётнинг энг истиқболли соҳаси бўлган ахборот-коммуникация технологиялари мамлакатимизда кенг жорий этилмоқда. Шу мақсадда ўнлаб IT-парклар, кичик саноат зоналари, соҳа учун мутахассислар тайёрлайдиган ўқув масканлари, иқтидорли компьютер дастурчилари учун махсус лойиҳалар ташкил этилмоқда. Аҳолимизнинг катта қисми яшайдиган қишлоқ жойларини ривожлантириш ва обод қилиш, аграр соҳанинг самарадорлиги ва рақобатдошлигини ошириш, тармоқда янги иш ўринлари яратиш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Биз қишлоқ хўжалигида нархлар шаклланишига давлат аралашувини бекор қилдик, пахта ва ғалла етиштиришда давлат буюртмаси тугатилди. 122 та пахта-тўқимачилик кластери фаолияти йўлга қўйилиб, юқори ҳосил олишга эришилди. Қишлоқ хўжалигини молиялаш тизими қайта кўриб чиқилмоқда. Биз ҳудудларни тармоқлар билан бирга комплекс ривожлантириш бўйича янги тизимни жорий этдик. Бунинг натижасида ҳудудларнинг молиявий имкониятлари кенгайиб, 2021 йилнинг ўзида маҳаллий дастурлар учун қўшимча 3 триллион сўм маблағ шакллантириш имконияти пайдо бўлди. Бугун ишонч билан айта оламизки, Ўзбекистон учун глобал инқирознинг оғир дамлари ортда қолмоқда."

Сайловлар ва "демократик мамлакат" ваъдаси

Ўзбекистонда бу галги президентлик сайлови ҳам мухолифатсиз ўтиши кутилмоқда. Президент ўзи иштирок этиши ва қатор кузатувчиларга кўра, ғалаба қозониши деярли кафолатланган сайлов ҳақида:

"Сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди. Бу галги Президент сайловлари илк бор 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади. Бу сайлов барчамиз учун Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти қандай йўлдан боради, фарзандларимиз, оиламиз, мамлакатимиз келажагини қандай барпо этамиз, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ғоят муҳим сиёсий тадбирдир. Шунинг учун ушбу сиёсий жараёнга кўпмиллатли халқимиз ҳам, жаҳон ҳамжамияти ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан қарамоқда. Сайловда дунёнинг 50 га яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда. Шу маънода, бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтади ҳамда янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этади, деб ишонаман", деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Президент Мирзиёев "ягона халқ, ягона миллат бўлиб...янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз", дер экан, Ўзбекистоннинг "...ҳар томонлама обод ва фаровон, эркин демократик мамлакатга" айланишини урғулаган.

Президент

Расмий табриклар ва Афғонистондаги кескинлашган вазият муҳокамасига бағишланган телефон мулоқотлари орасида Ўзбекистон президенти мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан кўплаб ўзбекистонликларни фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирлаган.

Сўнгги икки кун ичида президентнинг мукофотлари кибер фазода ўзбекистонликлар томонидан энг кўп чоп қилинган, улашилган, шарҳланган ва ёқтирилган постлардан бирига айланган.

Бу постлардан тақдирланганлар орасида турфа касб эгалари борлигини кўриш мумкин бўлган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти тарихий сана муносабати билан жорий пайтда қамоқ жазоларини ўтаётган икки юздан ортиқ маҳкумни афв этишга ҳам қарор қилган.

Ўзбекистон президенти афви остига тушган 215 маҳкумдан 70 га яқинини чет эл фуқаролари ташкил этган.

Бу кечаётган йилда мамлакат раҳбари томонидан эълон қилинган учинчи ва иккита йирик афвдан биттаси бўлган.

Шаҳидлар хиёбони

Сурат манбаси, official

Шаҳидлар хиёбони

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон президенти 31 августни Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф билан бошлаган.

Хиёбонда аждодлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақларига дуо қилинган.

Тарихий сана муносабати билан пойтахт Тошкентда "Янги Ўзбекистон" боғи ва Мустақиллик монументи ҳам очилган.

Мустақиллик монументи

Сурат манбаси, Courtesy

Мустақиллик монументи

Сурат манбаси, courtesy

Мустақиллик монументи

Сурат манбаси, courtesy

Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи шахсан иштирок этган.

Аммо Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик санаси глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.

Кеча, 30 август куни мамлакатда кундалик касалликка чалиниш кўрсаткичи 755 тани ташкил этган, жами рақамлар 156394 тага етган.

Пандемия сабаб, Мустақиллик байрами тадбирларини очиқ майдонларда ўтказишга қарор қилинган.

Масъуллар томонидан байрам қилиш учун келаётган барчанинг юз ниқобида бўлишлари, ижтимоий масофани сақлашлари, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этишлари шарт қилиб қўйилган.

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик санаси мамлакатда коронавирусга қарши аҳолини оммавий эмлаш ишлари ҳануз давом этаётган бир пайтда ҳам байрам қилинмоқда.

Ўзбекистонликлар Мустақиллик байрами муносабати билан кетма-кет 5 кун дам олишлари хабар берилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek