Иқтисодми ёки демократия: Қирғизистон 30 йиллик мустақиллигини нишонламоқда Qirg‘iziston dunyo yangiliklar

Қирғизистон президенти

Сурат манбаси, official

    • Author, Шоҳруҳ Соипов
    • Role, Мустақил журналист, Қирғизистон

Қирғизистон ҳозир Марказий Осиёнинг иккита камбағал давлатидан биттаси. Ўтган мустақиллик йилларида давлат иқтисодий тарафлама ривожланиб кета олмаган. Аммо демократик институтларга асос солишга муваффақ бўла олгани сифатида тилга олинади.

Бугун, 31 август куни Қирғизистон ҳам ўзининг 30 йиллик мустақиллигини нишонламоқда.

Республиканинг вилоят, шаҳар ва туман марказларида тадбирлар ўтказилмоқда.

Пойтахт Бишкекда уюштирилган тадбирда президент Садир Жапаров Қирғизистон мустақилликка эришганидан кейин демократик ривожланиш йўлига тушганини таъкидлаган.

"Мустақиллик эълон қилинганидан бери Қирғизистон халқаро ҳуқуқнинг тўлиқ иштирокчиси ва субъектига айланди. Ўшандан бери республикамиз ривожланишнинг демократик модели ва идеалларини танлади.

Албатта, ўттиз йил мобайнида биз ривожланишнинг миллий урф-одатга мос, мақбул моделини топиш юкини тортиб, турли синовларга дуч келдик. Паст-баландликлар, ғалаёнлар юз берди, буларнинг барчаси мамлакатда бир қатор ички сиёсий инқирозларга, жумладан, фожиаларга олиб келди ва мамлакат тараққиётига турлича таъсир кўрсатди. Натижада, икки президент мамлакатни тарк этди, бири қамоқда, бир нечта Бош вазирлар порахўрликда айбланмоқда - бу фожиали миллий тажриба", деган Садир Жапаров.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йил бошидан бери давом этиб келаётган эпидемиологик вазият сабаб давлат бюджетидаги камомадни тўлдириш учун бу йил қарз олинмади.

"2020 йили пандемия туфайли Қирғизистоннинг иқтисодий ўсиши 8,6% га пасайган. Пандемия давом этмоқда. Бироқ 2021 йилнинг биринчи етти ойида иқтисодий фаоллик аста -секин тикланмоқда. Мен президент бўлганимда бюджет бўш ва резервда бир тийин ҳам йўқ эди. Бугунги кунга келиб барча давлатлар билан чегаралар ёпиқ ва савдо-сотиқ йўқ ҳисобида. Бу ҳолда солиқлар ва божхона тўловлари тушумлари камаяди. Лекин биз қийин иқтисодий вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлдик. Агар Қирғизистон ўтган йили бюджетни қоплаш учун 350 млн. доллар қарз олган бўлса, бу йил биз иқтисодий имкониятларни тўғри фойдаланиб, келажак авлодлар келажаги ҳақида ғамхўрлик қилиш учун барқарорлаштириш жамғармасини яратмоқдамиз", - деган Садир Жапаров.

Президент мамлакатда солиқ тизими шаффоф бўлиши ва пандемиядан зарар кўрган тадбиркорлар қўллаб -қувватланишини таъкидлаган.

Бундан 30 йил муқаддам, 1991 йилнинг 31 августида Қирғизистон Олий Кенгаши Мустақиллик декларациясини қабул қилган.

Мустақиллик байрами

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

"Мустақиллик эркин сўздан бошқа ҳеч нарса бермади?

Мустақиллик сизга нима берди, деган савол билан қирғизистонликлар мурожаат қилдик:

Соҳибжон Мамиров, банк ходими

Мустақиллик менга озодликдан бошқа ҳеч нарса бермади. Озодлик деганда, эркин фикрни ифода этиш, сўз эркинлигини назарда тутаяпман. Мустақиллик Қирғизистонга жуда қимматга тушди деб ўйлайман. Давлат сўнгги йилларда яна ортга қайтмоқда, ривожланишнинг ўрнига. Ватанимиз мустақил бўлгани яхши, биз ҳам эркин бўламиз. Лекин иқтисодий тарафлама ҳам ривожланишимиз керак. Мустақилликнинг ўзи кифоя қилмайди. Афсуски, ҳеч қандай ўсиш йўқ. Номи улуғ, сурпаси қуруқмиз.

Феруза Шамситдинова, менежер

Мустақиллик байрами

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Қирғизистонни қарамоғига олган Совет Иттифоқи бизга нима берганини яхши билмаганим учун ва уни мустақиллик даври билан солиштира олмаганим учун бирон нарса дейишим қийин.

Ота-бувиларимизнинг айтганларига кўра, Совет даврида арзончилик бўлган. Порахўрлик бўйича текширувлар бўлган. Қоринни тўйғазиш арзимаган пул бўлиб, махсулот, озиқ-овқатлар, билим сифати ҳам яхши эди дейишади.

Ҳозир эса ҳамма жойда порахўрлик. Олий ўқув юртларига кириш учун имтиҳонларга тайёрланишарди, ҳозир эса пул бериб киришади.

Аввал ўз кучи билан ўқиб билим олса, ҳозир эса ота-онанинг пули кўкка совурилаяпти ва улар пул кучи билан юқори лавозимларда ишлаяпти.

Замон зўрники бўлиб қолган. Аввал ҳамма бирдек эди, дейишади.

Демак, Совет Иттифоқи даври яхши бўлган ва мустақиллик биз учун ҳеч нарса бера олмабди.

Ҳозир нима билан мақтаниш мумкин? Арзигулик нарсанинг ўзи йўқ.

Қимматчилик. Замон чаққон ва айёр тулкиники.

Авваллари барча нарса адолатли бўлган.

Ўқиш бепул бўлган экан.

Ҳозир ўша даврдаги мафкура, тизим бўлишини хоҳлайман.

Изатилло Рахматуллаев, ҳуқуқбон

Мустақиллик байрами

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўттиз йиллик мустақиллик бизга одамларнинг босиб ўтадиган эволюцион, эркин жамият қуриш йўлини кўрсатди.

Сўз эркинлигига эришилди, иқтисодий ўзгаришлар бўлди ҳаётимизда.

Бир пайтлар давлат берган ойлик маошига қараб ўтирардик, ҳозир ҳар ким ўзи ҳаракат қилади.

Одамларнинг турмуш шароитида катта иқтисодий ўзгаришлар бўлди.

Аввалгидек ҳукумат қачон иш беради, қачон қорнимни боқади дейиш йўқ.

Ҳозир ҳамма ўзи, ҳаёти учун курашади.

Бу ҳам мустақилликнинг шарофати.

Совет Иттифоқи давридаги инсон ҳуқуқлари билан бугунги кундаги вазият орасида жуда катта фарқ, ўзгариш бор.

Авваллари бирон-бир партия, политбюро аъзоларидан биронтаси танқид қилинмас эди. Танқид қилинса, дарҳол қамарди.

Ундан ташқари Ўрта Осиёдан чиққан мутахассисларни хўрлашарди.

Ҳарбий соҳада ҳам, армияда ҳам Ўрта Осиёдан бориб хизмат қилган ўзбек, қирғиз, қозоқ, тожиклар энг юқориси капитан-майор ҳарбий унвонига эга бўлишган. Ундан юқориларни олишмаган. Саноқли одамларгина юқори ҳарбий унвонларга эга бўлишган.

Ўрта Осиёлик мутахассисларни махфий, стратегик ёки замонавий қуролларни бошқаргани қўйишмасди.

Ҳозир барча давлатларнинг ўз армияси бор. Улар ўз маҳоратини кўрсатиш учун қуролланаяпти. Турли тадбирлар ўтказилаяпти.

Оддий мехнаткаш халқ учун Совет Иттифоқи даври яхши эди.

Сабаб, улар иш билан таъминланиб, қорни тўқ бўлса бўлди. Ғоявий, ичида дард-аламлари йўқ бўлган.

Ҳар бир жамиятда 12 фоизгача фаол қатлам бўлади.

Ундан кейин ярим фаол ва 60-70 фоиз салбий қатлам мавжуд.

Охирги қатлам қориннинг қули ҳисобланади.

Уларни миллат, давлатнинг тараққиёти қизиқтирмайди.

Фақат иш, меҳнат, болаларини вояга етказса бўлди.

Улар учун албатта Совет Иттифоқи даври яхши бўлган.

Бугунги кунда эса ҳамма ишлаш керак. Ишламаса тишламайди.

Шу сабаб юқоридаги тоифа одамлар орасида мустақилликка қаршилар кўп.

Фаол ва ярим фаол тоифадаги одамлар учун эса мустақиллик муҳим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek