Ўзбеклар ва дунё: Энди яна қачон Грин-карта ўйнаса, Америкага кетса бўлади? Бу йил Грин-карта ютганлар-чи, нима қилади?

Нью-Йорк шаҳридаги АҚШ давлат байроғини кўтариб турган Озодлик ҳайкали

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ президенти навбатдаги кутилмаган қарори билан ҳам ўзбекистонликлар орасида жавобсиз савол ва тушунмовчиликларни пайдо қилди, қўрқув ва хавотирларни янада кучайтирди.
Ўқилиш вақти: 8 дақ

Кечаётган йилда айнан ўзбекистонликлар энг кўп Green Card ютганлар орасида 1-ўринни эгаллашганди. Америкадан сўнгги тафсилотлар.

Грин-карта тақдири нима бўлади?

Грин-карта

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Агар, айрим етакчи Ғарб нашрларида АҚШ Давлат Департаментидан келтирилган рақамларга таянилса, ҳар йили ярим миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси уларнинг Green Card лотереясида ўйнаш учун ариза топширади.

Трамп сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам кетма-кет катта сондаги ўзбекистонликларнинг эътиборини ўзига қаратди.

АҚШ президенти навбатдаги кутилмаган қарори билан ҳам ўзбекистонликлар орасида жавобсиз савол ва тушунмовчиликларни пайдо қилди, тушкунлик, қўрқув ва хавотирларни янада кучайтирди.

Трамп бу гал Браун университетидаги ўзбекистонлик бир талаба йигит ҳам қурбон бўлган отишма ортиданоқ Грин-карта лотерея схемасини тўхтатиб қўйди.

Бунга асли португалиялик гумондорнинг Америка Қўшма Штатларига айнан шу дастар орқали, Грин-карта олиб, киргани сабаб экани айтилди.

Америка Қўшма Штатлари дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатлари сирасига киради.

Ҳар йили юз минглаб ўзбекистонлик бориш илинжида бўлган мамлакат.

Штатларда ўн минглаб ўзбекистонлик, юз минглаб ўзбек яшаши айтилса, улардан аксариятини ҳам айнан Грин-карта ёрдамида Америкада яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Агар, айрим етакчи Ғарб нашрларида АҚШ Давлат Департаментидан келтирилган рақамларга таянилса, ҳар йили ярим миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси уларнинг Green Card лотереясида ўйнаш учун ариза топширади.

2018 йилда эса бу рақам ҳатто қарийб тўрт баробар кўп бўлгани, мазкур лотерея орқали Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш илинжида бўлган ўзбекистонликлар сони икки миллиондан ортгани ҳам айтилган.

Дунёнинг қолган бирор бир давлати мисолида бу каби ҳолатнинг кузатилмаслиги ҳам ўшанда, бошқа томондан, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун Америка Қўшма Штатларининг аҳамиятини алоҳида урғуловчи омил сифатида ўртага чиққан.

Ўзбекистонликлар кечаётган йилда ҳатто энг кўп Грин-карта ютганлар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллашган, бу янгилик ўшанда дунё бўйлаб сарлавҳаларга ҳам чиққан.

Дунё бўйлаб 55 минг кишига бериладиган ушбу лотерея ютуғининг 5,5 мингдан зиёдроғи ўзбекистонликлар ҳисобига тўғри келгани айтилган.

Америка Қўшма Штатларидаги ўзбекистонлик айрим фаоллар эса, мамлакатда "нелегал" экани айтилувчи "11 миллиондан ортиқ" одам орасида ҳам Ўзбекистон фуқаролари кам эмаслигини тахмин этишади.

Америкада қонуний яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, банкирлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари ҳам оз эмас.

Green Card – Америка Қўшма Штатларида доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатдир.

Мазкур ҳужжат 'Diversity Visa' орқали ҳар йили дунё бўйича танлаб олинадиган чекланган сондаги кишиларга берилади, холос.

Минтақада аҳолиси энг катта бўлган (расман 37 миллиондан ортувчи – таҳр.), ишсизлик ҳануз анчайин оғир муаммолигича қолаётган Ўзбекистон учун ташқи меҳнат миграцияси, айниқса, Россия Украинага очган уруш манзарасида алоҳида долзарблик касб этган масала.

Четда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб сондаги фуқаролари ҳар йили ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар ҳам Ўзбекистон ҳукумати учун муҳим, улар, йилларки, мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий муаммолар таъсирини енгиллатиб, ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг амалий ва самарали воситалардан бири бўлиб келади.

Бошқа томондан, Ўзбекистон аҳолисининг катта фоизини ёшлар ташкил этади.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи, бошқа томондан, Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини кучайтириш, ўзаро муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳаракатида бўлган бир пайтда ҳам кузатилган.

Америка Қўшма Штатлари эса Хитой билан бирга дунёнинг иккита иқтисодий қудратидан биттаси.

Алоқадор мавзулар:

Бу биринчиси эмас...

АҚШ чегарасидаги текширув жараёни

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Америка Қўшма Штатларидаги ўзбекистонлик айрим фаоллар эса, мамлакатда "нелегал" экани айтилувчи "11 миллиондан ортиқ" одам орасида ҳам Ўзбекистон фуқаролари кам эмаслигини тахмин этишади.

Трамп бундан аввал Вашингтонда Миллий гвардия икки аскарининг ўққа тутилиб, улардан бирининг оламдан ўтишига сабаб бўлган ва ҳужумга масъулликда асли афғонистонлик шахс гумон қилиниши ортидан "учинчи дунё давлатларидан муҳожиратни ҳам буткул тўхтатиш" ниятида эканини айтган.

Бунинг ортидан АҚШ президенти қисман ва тўлиқ саёҳат чекловига юз тутувчи давлатлар рўйхатини ҳам кенгайтирган, уларнинг сонини 39 тага етказган.

Доналд Трамп бу галги сайловолди кампанияси чоғида ҳам ноқонуний мавқеъдаги муҳожирларни "оммавий депортация қилиш"га ваъда берган.

Аммо у бу галгисининг Америка тарихида "мисли кўрилмаган" бўлишини айтган ва қайта президентлик ваколатини бошлаши биланоқ ўз ваъдаси ижросига киришган.

Қисқа вақтнинг ўзида Америка Қўшма Штатларидан ортга депортация қилинган ва қилинаётган ноқонуний мавқеъдаги ўзбекистонликларга оид хабарларнинг сони ҳам ортган.

Агар АҚШ Ички хавфсизлик вазирининг эслатмасига таянилса, бу Трампнинг Грин-карта лотерея схемасини биринчи бор бекор қилиш уриниши эмас.

Вазир Кристи Ноэмнинг эслатишича, Трамп Ўзбекистон фуқароси бўлган Сайфулло Соипов 2017 йилда Нью-Йоркда юк машинаси ёрдамида уюштирган ва 8 кишининг умрига зомин бўлган ҳужум ортидан ҳам бунга ҳаракат қилган.

Сайфулло Соиповнинг ўзи эса ҳозир бир нечта умрбод қамоқ жазосини ўтаётгани айтилади.

Сўнгги ойларда матбуотда Трамп "саёҳат тақиғи" остида бўлган давлатлар фуқаролари учун Грин-карта қоидаларини қатъийлаштириш режасида эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатди.

Яқинда АҚШ Фуқаро ва Миграция хизмати шундай тақиққа учраган Туркманистон илова дунёнинг 19 давлатидан бўлган муҳожирларнинг Грин-карталари кўриб чиқилишини ҳам маълум қилди.

Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Трамп иммиграцион визалар учун $1 миллион долларлик "олтин карта" дастурини жорий қилганига оид хабарлар ҳам олинди.

Шундай экан, Грин-карта лотерея схемасининг тақдири нима бўлади? Бу схема ўзбекистонликлар учун нега бунчалик муҳим ва бу йил Грин-карта ютганлар энди нима қилишади, виза олиб, Америкага кета олишадими? BBC Ўзбек хизмати худди ана шундай саволлар билан Америка Қўшма Штатларидаги асли ўзбекистонлик социолог Баҳодир Файзга мурожаат қилди:

Bahodir Fayz
taqdim
Tramp ma’muriyati vaqtinchalik chora sifatida dasturni to‘xtatish huquqiga ega, lekin qonular AQSH Kongressi tomonidan chiqariladi va tasdiqlanadi.
Bahodir Fayz
Asli o‘zbekistonlik sotsiolog, AQSH (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Баҳодир Файз: "Трамп администрацияси Diversity Visa (DV) лотерея дастурини тўхтатиб қўйди.

Трампнинг сайловолди кампанияси ва доимий равишдаги чиқишларидан биламизки, у ноқонуний муҳожирликка, умаман олганда, ўзи айтаётган "учинчи дунё" мамлакатларидан келаётган муҳожирларга қарши.

Аслини олганда, Green Card лотереяси Республикачилар орасида ҳам баҳсли масалалардан бири бўлиб келган.

Трамп Браун Университетидаги жиноят билан боғлиқ ўлароқ мазкур схемани тўхтатиш учун тезкор қарор чиқарди.

Бу қарор шу қадар тезликда чиқдики, ҳатто гумондорнинг шахси аниқланишидан бир соат ҳам ўтмай, Трамп телевизон экранларда кўриниш берди ва дастурни бекор қилганлигини эълон қилди.

АҚШ президентининг бу ҳаракатларини унинг муҳожирларга қарши кўзқараши манзарасида тушуниш мумкин.

Лекин бугунги Трамп Америкаси секин-аста авторитар характерлар кўрсатаётган бўлса ҳам, Америка Қўшма Штатларида президент эълон қилаётган ҳамма қарорлар ҳам қонун кучига эга эмас.

Трамп маъмурияти вақтинчалик чора сифатида дастурни тўхтатиш ҳуқуқига эга, лекин қонулар АҚШ Конгресси томонидан чиқарилади ва тасдиқланади.

Бу орада ҳозирча Трамп маъмуриятига амалда боғлиқ бўлган муҳожирлик билан шуғулланувчи идора – USCIS DV дастури бўйича умумий мурожаатларни тўхтатиш қарорини олади.

Ҳозирги кунгача топширилган мурожаатларни, DV билан боғлиқ ҳужжатларни ҳам кўриб чиқиш жараёнини вақтинчалик тўхтатади.

Бу энди амалда лотерея бутунлай бекор қилинди дегани эмас, албатта.

Лекин ҳуқуқий тарафдан қарайдиган бўлсак, жараённи маъмурий равишда "pause" (тўхтатиб туриш) ҳолати, деб айтишимиз мумкин.

Яъни, DV дастури ҳам аслида АҚШ Конгресси томонидан "Immigration and Nationality Act" - "Иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонун" орқали белгиланган бир дастурдир.

Президент ёки маъмурияти бу дастурни бир ижроий қарор билан ўзи тақиқлай олмайди — бу ерда фақатгина вақтинча оралиқ чоралар кўрилиши мумкин.

Трамп федерал агентликлар орқали бу дастурни бекор қилишга уриниши мумкин, лекин унинг бу қарорлари Конгресс чиқарган қонундан юқори ҳуқуққа эга эмас.

Демак, ҳозирча бу вақтинчалик чора бўлиб қолаверади.

Албатта, Трамп президентлик даврида бу дастурни қайта тикланишини кутиш бироз некбинлик бўлиши мумкин, лекин албатта шундай имконият ҳам бор — чунки DV ни бекор қилиш Конгресс қонуни билан амалга ошади.

Балким, дастур механизмини қайта кўриб чиқиш, хавфсизлик текширувини кучайтириш каби ўзгартиришлардан кейин у яна давом этиши мумкин.

АҚШ давлат байроғини қўлида кўтариб турган одам

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Баҳодир Файз: "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, либерал ҳуқуқчилар, муҳожирларни ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу қарордан асл мақсад Конгресс ҳуқуқларини чеклаш ва Америкага муҳожирликни тамоман тўхтатиш, дея уни танқид қилишмоқда".

Баҳодир Файз: Энди Трампнинг мазкур қарорига танқид кўзи билан қарайдиганлар, Демократлар уни жиноят воқеаси асосида миллионлаб қонуний муҳожирларга зарар етказиш, деб баҳолашмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, либерал ҳуқуқчилар, муҳожирларни ҳимоя қилувчи ташкилотлар бу қарордан асл мақсад Конгресс ҳуқуқларини чеклаш ва Америкага муҳожирликни тамоман тўхтатиш, дея уни танқид қилишмоқда.

Албатта, Трамп тарафдорлари унинг бу қарорини олқишламоқдалар.

Уларнинг фикрича, бу Америкага муҳожирларнинг келишини назорат қилиш учун энг керакли ва амалий қадам.

АҚШ тарихида шунга ўхшаш ҳолат бўлганми? Менинг билганим, Трампнинг биринчи президентлиги даврида Ковид пандемияси сабаб ҳам DV дастури ва бошқа визалар вақтинча тўхтатилган эди. Бу жараён ҳам ўшанда вақтинчалик чоралар орқали амалга ошган.

Яъни, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирча тўхтатилган ҳолат вақтинчалик бўлиши мумкин, лекин у қанча давом этиши ҳам номаълум.

Бу дастурни Конгресс қарори билан бекор бўлиши эса анча мураккаб жараён.

Бу қарор Доналд Трампнинг кўрсатмаси билан USCIS томонидан ҳам эълон қилинди, дарҳол бу идоранинг веб-саҳифасида ва оммавий ахборот воситаларида тарқатилди.

Грин-карта лотереяси учун ариза топширмоқчи бўлганлар учун бу дастур жараёни ҳозирча вақтинча "пауза" қилинган, тўхтатилган ҳолатда.

Шунинг учун, янги DV 2027 учун рўйхатдан ўтиш ҳали очилмаган ёки эълон қилинмаяпти.

Афсуски , дастур пауза қилингани сабабли DV 2026 ёки DV 2027 танланганлари учун расмий виза берилиши жараёни ("issuance") борасида ҳам аниқлик мавжуд эмас.

Мисол учун, ватандошларимизга Green Card ютган бўлсалар ҳам, эндиликда уларга виза берилмаслиги ҳам кузатилиши мумкин.

АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм ўзининг расмий каналида (Х/Twitter) бу қарор Президент Трампнинг кўрсатмаси билан қабул қилинганини айтди ва DV дастурини дарҳол "тўхтатиб қўйиш"ни буюрди.

Марказий Осиёда Грин-картага мурожаат қилиш жойи.

Сурат манбаси, Getty Images

Баҳодир Файз: Маълумки, 4 май куни Америкада доимий яшаш учун 2025 йилги Грин-карта (DV 2025) ғолиби давлатлар рўйхати эълон қилинган эди.

Ўшанда 184 давлат ичида Ўзбекистон бу йил ҳам биринчиликни қўлдан бермади.

Жамиятнинг айрим вакиллари орасида демократия, Ғарб қадриятларидан очиқча нафратланиш ҳоллари ҳам кузатилса-да, ўзбекистонлик ватандошларимиз орасида Ғарбда яшаш орзуси ҳамон кучли.

Бунинг сабаблари аҳолисининг ёшлиги, иқтисодий аҳвол, ишсизлик, ижтимоий тенгсизликда бўлиши мумкин.

Яна мамлакатда қонунларга амал қилинмаслиги, коррупция даражаси ва ижтимоий адолатсизликда ҳам кўрилиши сир эмас.

Юқоридаги жиҳатларни назарга олганда, Грин-карта лотереяси —ўзбекистонликлар учун Америка Қўшма Штатларига қонуний иммиграция қилишнинг энг очиқ, амалий ва арзон йўли эди.

Бу дастур "элитага" эмас, балким оддий ўзбекистонликларга ҳам чет элга чиқиш имконини бериб келаётганди.

Энди бу дастур тўхтатилса, албатта ўзбекистонликлар учун қонуний иммиграция йўллари кескин камаяди, айниқса ўрта ва қуйи қатлам вакиллари учун " Америка орзуси" тугайди.

Албатта, бу каби бир вазият Трамп бошқаруви манзарасида кутилган бўлса ҳам, янгилик ватандошларимиз томонидан хавотир ва тушкунлик билан қарши олинди.

Менимча, албатта, ноқонуний йўналишлар ортиши кузатилиши мумкин.

Лотин Америкаси орқали ноқонуний кириб келиш, сохта бошпана аризалари, одам савдоси ёки виза билан кириб, қолиб кетиш ҳолатлари ҳам бўлиши мумкин.

Бу ҳолатлар эса, албатта, кейинчалик депортация, ҳибсга олиниш хавфини оширади.

Шу жиҳатдан қаралганда, ўзбекистонликлар учун DV дастури — нафақат қонуний муҳожирлик, балки ноқонуний миграцияни камайтирувчи бир механизм ҳам эди.

Нью-Йоркда машиналар ҳаракатланаётган кўча.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Баҳодир Файз: "Кўпчилик муҳожирлар, жумладан ватандошларимиз орасидаги яна бир муҳим хавотир, "Америка ўзгаряптими?" деган фикр".

Баҳодир Файз: Ҳозирги кунда АҚШда яшаётган ўзбекистонликларнинг асосий қисми айнан Грин-карта орқали келганлар ҳисобланади.

Ватандошларимизнинг кўпчилиги турли соҳаларда меҳнат қилиб, Америка жамиятига ўз ҳиссаларини қўшиб келишаяпти.

Яъни, бу бизнинг диаспора вакиллари Америка жамиятида меҳнаткаш қатламни ташкил қилади.

Энди ватандошларимиз ичида Трампнинг бу қарори ҳам ҳар хил акс-садоларга сабаб бўлди.

Диаспора ичида дастлабки реакция, " Бу вақтинчалик бўлса керак", "яна сиёсий ўйин", балким "кейинроқ қайта очилса керак", деган мазмунда бўлди.

Бундан ташқари, "Энди навбат бизга келмаяптими?", деган хавотирлар, қўрқув ифодаларини ҳам эшитишимиз мумкин.

Шу боис, ватандошларимизда психологик жиҳатдан ўзини ҳимоясиз сезиш ҳисси ҳам уйғонмоқда.

Яна бир хавотир: "Биздан кейин келадиганлар-чи?" саволи, АҚШдаги деярли ҳар бир ўзбекистонлик оилада Америкага келмоқчи бўлган қариндошлар бор. Яъни, оилавий бирлашув ҳам ҳозир ноаниқлигича қолмоқда.

Кўпчилик муҳожирлар, жумладан ватандошларимиз орасидаги яна бир муҳим хавотир, "Америка ўзгаряптими?" деган фикр.

Албатта бу ҳиссиёт муҳожирларни ўзларини жамият ҳаётидан четроққа тортиш, ўзларини "бегона" ҳис қилишларига таъсир қилади.".