Таҳлил: Нега Марказий Осиё Трампнинг эътиборини қозонмоқда?

Mirziyoyev va Tramp rasmiy uchrashuvidan

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Марказий Осиё йирик давлатлар томонидан кўрсатилаётган ғайриоддий даражадаги эътибор таҳлилчиларнинг ҳам диққатини тортмоқда.

Айниқса, Вашингтон Афғонистондан қўшинларини олиб чиқиб, глобал демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан воз кечганидан кейин, АҚШ нинг Марказий Осиё давлатларига қизиқиши ортиб бораётгани турли нуфузли таҳлилчилар томонидан "ноодатий" деб баҳоланмоқда.

Бироқ, Россиянинг 2022-йилда Украинага тўлиқ босқини ортидан АҚШнинг минтақадаги фаоллиги ошди ва илк бор президентлар даражасидаги C5+1 саммити ўтказилди.

Ҳозирги АҚШ маъмурияти Марказий Осиё давлатлари учун энг қулай ҳамкор бўлиб чиқмоқда, чунки энди улар демократик ислоҳотларга содиқлик кўрсатишлари ёки Россиядан узоқлашаётганини намойиш қилишлари шарт эмас. Энг самарали ҳамкорлик усули - пулга эътибор қаратиш, яъни АҚШ маъмуриятининг меркантилист ташқи сиёсатига мослашишдир дейди таҳлилчи Темур Умаров.

Минтақа етакчилари катта миқдордаги битимлар орқали эътибор қозонишга ҳаракат қиладилар. Масалан, Тошкент 8 миллиард долларлик 22 та Boeing самолётини харид қилиш бўйича келишув орқали Трамп билан учрашувни "сотиб олишга" муваффақ бўлди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан 105 миллиард долларлик АҚШ инвестицияси ҳақида қисқа учрашувда Трамп шундай деган эди: "Ёмон эмас, бу беш дақиқалик учрашувга арзийди, тўғрими?".

Бироқ Қозоғистоннинг АҚШ компанияси Wabtec дан 4,2 миллиард долларга 300 та локомотив харид қилиш битими Трампни Қозоғистон президенти билан учрашишга ундаш учун етарли даражада катта эмасдек туюлди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон битимлари дастлаб қаралганда улкан кўринади, аммо аслида жуда кам.

"Wabtec нинг Қозоғистондаги заводи 27 йил ичида 675 та локомотив ишлаб чиқарган. Бу - йилига ўртача 25 та дегани. Янги битимга кўра, Wabtec кейинги ўн йилда 300 та локомотив қуради. Йилига бешта қўшимча локомотив ишлаб чиқариш фавқулодда ютуқ эмас, балки Марказий Осиёни Хитой ва Европа билан боғловчи темир йўл тармоқларининг кенгайишига мос келади" деб таҳлил қилади Темур Умаров.

Ўзбекистон учун 105 миллиард долларлик инвестиция ҳақида гаплар эса янада ҳақиқатдан йироқ. Йиллик ЯИМ тахминан шунча бўлган мамлакат бу ҳажмдаги инвестицияни ўзлаштириши қийин тасаввур қилинади.

Аммо бу рақамларнинг ўзи унчалик муҳим эмас, чунки уларнинг асосий мақсади — эътибор жалб қилиш. Марказий Осиё мамлакатлари деярли ҳар бир ҳамкорлик учрашувида миллиардлаб долларлик битимлар имзолайди: Хитой билан 15 миллиард, Россия билан 20 миллиард. АҚШ эса булар орасида энг "обрў"ли ҳамкор ҳисобланади.

Гарчи 105 миллиард долларлик инвестиция каби рақамлар кўпинча реал асосга эга бўлмаса-да, уларнинг асосий мақсади - керакли эътиборни жалб қилишдир.

Sammitdan stol atrofida Markaziy Osiyo davlatlari prezidentlari o'tiripti

Сурат манбаси, Reuters

Шунга қарамай, Марказий Осиё мамлакатлари учун янги бизнес алоқалар фақат фойда. Асосий мақсад - кўп йўналишли ташқи сиёсатни мустаҳкамлаш. Собиқ Совет Иттифоқидан мустақилликни қўлга киритганидан бери минтақа давлатлари Ғарб, айниқса АҚШ билан алоқаларни кенгайтириш орқали халқаро ҳамкорликни диверсификация қилишга интилиб келади. АҚШ иштирокисиз бу сиёсат маъносиз бўлиб қолади - фақат Вашингтон Москвага ҳам, Пекинга ҳам етарли қарши оғирлик бўла олади.

"Кўп йўналишли ёндашувни мустаҳкамлаш айниқса муҳим, чунки Россия-Хитой ҳамкорлиги рекорд даражага етмоқда. Марказий Осиё бу яқинлашувга қарши бўлмасада, икки куч орасида қолиб кетиш қулай ҳолат эмас," дейилган таҳлилда.

Марказий Осиёнинг дипломатик ва лобби фаолияти қанчалик муваффақиятли бўлганини йил охирида - C5+1 форматининг ўн йиллиги нишонланадиган пайтда билиб олиш мумкин бўлади. Тошкент ва Остона АҚШни юбилей тадбирларини энг юқори даражада ўтказиш учун ўз шаҳрида ўтказишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. Агар Трамп таклифни қабул қилса, у Марказий Осиёга ташриф буюрган илк амалдаги АҚШ президенти бўлади.

Агар бундай тарихий ташриф амалга ошмаса ҳам, минтақа Трампда етарлича ижобий таассурот қолдирди - у Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан божларни оширмади. Россия ва Хитой эса Марказий Осиё фақат уларнинг таъсир доирасида қолиб кетган геосиёсий боши берк кўчада эмаслигини кўрди.