Ўзбекистонликлар хавотирда: 'Буёғи энди нима бўлади?'

Сурат манбаси, Getty Images
Сўнгги кунларда устма-уст бўй кўрсатаётган хабарлар нега ўзбекистонликлар орасида ҳам жавобсиз саволлар, ташвиш ва хавотирларга сабаб бўлмоқда – сўнгги тафсилотлар.
АҚШ ва президенти саноқли кунларнинг ўзида кетма-кет баёнот берди.
Доналд Трамп дунёнинг қай бир давлатидан муҳожират ва муҳожирларни истамаслигини баён қилди.
АҚШ президенти "учинчи дунё давлатларидан муҳожиратни буткул тўхтатиш" ниятида эканини айтди.
Аммо ўзининг мазкур қарори тафсилотларига тўхталмади, бу айнан қайси мамлакатларни назарда тутишини очиқламади.
Худди шу манзарада АҚШ Ички хавфсизлик вазири янада кўпроқ давлатларга саёҳат тақиғи киритиш даъвати билан чиқди.
Вазир Кристи Ноэм ўзи АҚШни жиноий фаолият билан "тўлдираётгани"ни даъво қилган яна қатор мамлакатларга саёҳат қилишни тақиқлашни тавсия қилишини айтди.
Худди шу манзарада Америка томони аллақачон худди шундай тақиқ остида бўлган 19 давлатдан бўлган муҳожирларнинг аризаларини кўриб чиқишни тўхтатди.
Уларнинг орасида Туркманистон мисолида бир Марказий Осиё давлатининг борлиги ҳам кўрилди.
АҚШ Фуқаро ва Миграция хизмати яна худди шу давлатлардан бўлган муҳожирларнинг Грин Карталари ҳам кўриб чиқилишини маълум қилди.
Доналд Трамп буларнинг барчаси ортидан, сомалилик муҳожирларни Америка Қўшма Штатларида кўришни истамаслигини ҳам баён қилди.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи бу гал Вашингтонда Миллий гвардия икки аскарининг ўққа тутилиб, улардан бирининг оламдан ўтиши ортидан кузатилди.
Юз берган мазкур ҳодисага масъулликда эса, асли афғонистонлик шахс гумон қилинди.
Трамп бу воқеа мамлакат хавфсизлигига жиддий хавфни очиқлаганини таъкидлади.
"Қай бир давлатдан бўлмасин, бу ерга тегишли бўлмаган ҳар қандай шахсни" чиқариб юбориш йўлида чоралар кўриши билан огоҳлантирди.
АҚШ президентининг янги баёноти ўзбекистонликларда ҳам ташвиш ва хавотир уйғотди.
Уларда ҳам буёғи энди нима бўлади, деган саволларни пайдо қилди.
Минтақада аҳолиси энг катта бўлган Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун ташқи меҳнат миграцияси муҳим.
Америка Қўшма Штатлари дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатлари сирасига киради.
Ҳар йили юз минглаб ўзбекистонлик бориш илинжида бўлган мамлакат.
АҚШ, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар...

Сурат манбаси, Getty Images
Америка Қўшма Штатлари дунёнинг ўзбекистонликлар энг кўп саноқли давлатлари сирасига киради.
Ҳар йили юз минглаб ўзбекистонлик бориш илинжида бўлган мамлакат.
Айниқса, Демократчи Президент Жо Байден бошқаруви даврида қамоқ ва ўлим хавфига қарамай, ҳудудига ноқонуний киришга уринган ўзбекистонликлар сони жиддий ортган бир давлат.
Америка Қўшма Штатларида 11 миллиондан ортиқ ноқонуний мақомдаги муҳожир бўлса, уларнинг орасида Ўзбекистондан бўлганлари ҳам "оз эмас".
Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги йилларда ўтказган айрим сўровлари ҳам Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.
Штатларда ўн минглаб ўзбекистонлик, юз минглаб ўзбек яшаши, улардан бир неча мингининг Америка фуқаролигини олгани ҳам айтилади.
Улардан аксариятини Грин-Карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.
Агар, айрим етакчи Ғарб нашрларида АҚШ Давлат Департаментидан келтирилган рақамларга таянилса, ҳар йили ярим миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси уларнинг Green Card лотореясида ўйнаш учун ариза топширади.
2018 йилда эса бу рақам ҳатто қарийб тўрт баробар кўп бўлгани, мазкур лоторея орқали Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш илинжида бўлган ўзбекистонликлар сони икки миллиондан ортгани ҳам айтилган.
Дунёнинг қолган бирор бир давлати мисолида бу каби ҳолатнинг кузатилмаслиги ҳам ўшанда, бошқа томондан, Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун Америка Қўшма Штатларининг аҳамиятини алоҳида урғуловчи омил сифатида ўртага чиққан.
Ўзбекистонликлар кечаётган йилда ҳатто энг кўп Грин Карта ютганлар сони бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллашган, бу янгилик ўшанда дунё бўйлаб сарлавҳаларга ҳам чиққан.
Green Card – Америка Қўшма Штатларида доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатдир.
Мазкур ҳужжат 'Diversity Visa' орқали ҳар йили дунё бўйича танлаб олинадиган чекланган сондаги кишиларга берилади, холос.
Дональд Трамп бу галги сайловолди кампанияси чоғида ҳам ноқонуний мавқеъдаги муҳожирларни "оммавий депортация қилиш"га ваъда берган.
У бунинг Америка тарихида "мисли кўрилмаган" бўлишини айтган ва қайта президентлик ваколатини бошлаши биланоқ ўз ваъдаси ижросига киришган.
Қисқа вақтнинг ўзида Америка Қўшма Штатларидан ортга депортация қилинган ва қилинаётган ноқонуний мавқеъдаги ўзбекистонликларга оид хабарларнинг сони ҳам ортган.
АҚШ, Ўзбекистон ва ташқи меҳнат миграцияси

Сурат манбаси, Getty Images
Минтақада аҳолиси энг катта бўлган (расман 37 миллиондан ортувчи – таҳр.), ишсизлик ҳануз анчайин оғир муаммолигича қолаётган Ўзбекистон ва унинг раҳбарияти учун ташқи меҳнат миграцияси, айниқса, Россия Украинага очган уруш манзарасида алоҳида долзарблик касб этган масала бўлади.
Трампнинг қудратга қайтиши ва воқеаларнинг сўнгги ривожи ўтган йил май ойидаги қонли терактдан сўнг Россия ўзининг аксилмиграцион сиёсатини тобора кучайтираётган, энди ўзларида меҳнат муҳожирлигида банд катта сондаги ўзбекистонликлар, Марказий осиёликларни ҳам Украина урушига ёллаш, сафарбар этиш илинжини ошкора изҳор этишга ўтган ва мигрантларнинг ялпи ортга қайтиши эҳтимоли минтақа давлатлари пойтахтларида уйғотган хавотирлар ҳали аримаган бир пайтга ҳам тўғри келган.
Четда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб сондаги фуқаролари ҳар йили ортга юбораётган миллиардлаб долларлик маблағлар ҳам Ўзбекистон ҳукумати учун муҳим, улар, йилларки, мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий муаммолар таъсирини енгиллатиб, ҳар қандай ижтимоий портлаш хавфини юмшатиб келаётган энг амалий ва самарали воситалардан бири бўлиб келади.
Трампнинг янги режаси билан боғлиқ сўнгги янгилик, бошқа томондан, расмий Тошкентнинг АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз тартибни жорий этишидан унча кўп ўтмай олинган.
Вашингтон мезбонлик қилган "Марказий Осиё+АҚШ" форматининг навбатдаги саммити, Мирзиёев ва Трампнинг худди шу йиғин теграсидаги юзма-юз мулоқотидан унча кўп ўтмаган, Ўзбекистоннинг бугунги раҳбарияти Доналд Трампнинг иккинчи маъмурияти билан қисқа вақтнинг ўзида алоқаларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиб бўлган бир манзарада бўй кўрсатган.
Шу кунларда Америка Қўшма Штатларидан олинган айни мазмундаги хабарларга Ўзбекистон илова минтақа давлатлари пойтахтларининг муносабати ҳозирча имконсиз.
Бироқ 27 ноябр куни мамлакат ташқи ишлар вазирлиги Америка Қўшма Штатларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига расман мурожаат билан чиққан.
Вазирлик уларни федерал миграция идоралари томонидан бутун АҚШ бўйлаб ўтказилаётган рейдлар ҳақида огоҳлантирган.
Уларнинг мурожаати арафасида Америка Қўшма Штатларида трак ҳайдовчи икки ўзбекистонликнинг қўлга олинганига оид хабарлар олинган.
Улардан бирининг АҚШга кириши тақиқланган шахс сифатида қўлга олингани, бошқасининг террорчилик ташкилотга алоқадорлиги учун Ўзбекистонда қидирувга берилган шахс бўлгани айтилган.
Шу йил август ойида эса АҚШ трак ҳайдовчиларга ишчи виза беришни тўхтатишга қарор қилганига оид хабарлар олинган.
Трак ҳайдовчилиги Америка Қўшма Штатларида ўзбекистонликлар энг кўп банд меҳнат соҳаларидан бири ҳам бўлади.
Шундай экан, АҚШ президентининг сўнгги тақиғи Ўзбекистон, ўзбекистонликлар учун нимани англатиши мумкин?
BBC Ўзбек хизмати худди шундай саволлар билан Америка Қўшма Штатларидаги асли ўзбекистонлик социолог Баҳодир Файзга мурожаат қилди:
Inson huquqlari jamiyatlari, huquqshunoslar bu qarorni legitim siyosat emas, balki populistik va retorik bosim, deb baholashmoqda.
Баҳодир Файз: Авваламбор, бугунги кунда "учинчи дунё мамлакатлари", деган ибора сиёсий маънода нотўғри, камситувчи ва эскирган. Бу иборани ишлатиш, менимча, ҳеч бир давлат раҳбари, қолаверса, демократия, инсон ҳуҳуқлари каби қадриятлар ҳимоячиси бўлган АҚШ президентига ярашмайди.
Лекин энди бу Трамп, 10 йилдан бери Трампнинг кузатувчиси сифатида бу сўзлар мен учун ажабланарли бўлмади. Трампнинг дунёқарашини, популизм – халқбозликка мойиллигини, бутун сиёсий фаолияти даврида муҳожирликка қарши чиқишларини ҳам биламиз.
Албатта, аслида Трамп назарда тутган мамлакатлар кўпроқ ривожланаётган давлатлар таснифига киради.
Хуллас, Трамп куни-кеча Вашингтонда юз берган отишма ортидан баъзи мамлакатлардан муҳожирлар қабул қилинишини мутлақо тўхтатиш, миграцияни, қочқинлик мақоми олиш жараёнини доимий равишда чеклаш баёноти билан чиқди.
Бироқ Трампнинг ўзи ҳам, маъмурияти ҳам "учинчи дунё мамлакатлари", деганда кимлар назарда тутилаётганини аниқ айтаётганлари йўқ.
Америка матбуотига, жамоатчиликка маълум бўлгани шуки, Афғонистон фуқароларига Америкага кириш, қочқинлик мақоми олиш жараёни тамоман тўхтатилади. Сабаби, теракт содир этган шахс 2021 йили АҚШдан бошпана олган афғонистонлик экани.
Лекин президент Трамп баёнотидаги "учинчи дунё мамлакатлари" сўзи мавзуга аниқлик эмас, чигаллик, ноаниқлик киритди.
Зотан, шу йил июн ойида 19 давлат, жумладан, Афғонистон ва қўшнимиз Туркманистон ҳам шунга ўхшаш исталмаган мамлакатлар рўйхатига киритилган эдилар. Сабаби ҳалигача номаълум.
Америка ичкарисида кўплаб мутахассислар, муҳожирлик ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар, Демократлар ва Трамп танқидчилари бу баёнотни ўта шошилинч, номутаносиб ва ноқонуний, деб баҳолашмоқда.
Биламизки, Америка Конституцияси жиноят, айбдорлик шахсий эканлигини, инсонларнинг келиб чиқиши, этник мансубияти сабаб коллектив жазолаш мумкин эмаслигини такидлайди.
Ҳатто теракт содир этган шахснинг афғонистонлик эканлиги ҳам бу умумий қоидани бузмайди.
Яъни, қочқинлар, муҳожирлар халқаро ҳуқуқ бўйича ҳимояланиш ҳуқуқига эга, бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унга аъзо давлатлар амал қилиши керак бўлган оддий тартиб.
Трампнинг бу баёнотига яна бир танқид шуки, қонуний жиҳатдан қараладиган бўлса, президент буйруғи билан амалга ошириладиган чеклов ва тақиқлар муддатли бўлиши ёки махсус эълонлар орқали бажарилиши мумкин; бироқ "доимий пауза" тушунчаси қонунда аниқ кўрсатилмаган.
Бу вазиятда кўпчиликда, жумладан, амалдаги АҚШ президентининг танқидчилари, муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи жамиятлар бу баёнот Трамп мамурияти томонидан ноқонуний, субъектив, айрим этник ва динний груҳларга нисбатан камситувчи тамойил асосида қабул қилинишидан ташвишдалар.
Балким бу мудҳиш фожеадан кейин Трампнинг мазкур баёноти Америка Қўшма Штатларида унинг муҳожирликка қарши қарашдаги тарафдорлари орасида олқишланиши, маъқул кўрилиши мумкин.
Лекин инсон ҳуқуқлари жамиятлари, ҳуқуқшунослар бу қарорни легитим сиёсат эмас, балки популистик ва реторик босим, деб баҳоламоқдалар.
Албатта, бу босим Америкада яшаётган муҳожирлар, Грин-Карта эгалари ва мусулмон жамоаси, хуллас, муҳожирлар орасида катта хавотир уйғотади.
Яъни, кимларнинг " хавфли" деб кўрилиши, кимлар депорт қилиниши, қайси мамлакат фуқаролари хафв остида бўлиши ҳақидаги саволлар ортган.
Савол: Сизнингча, Трампнинг айни мазмундаги баёноти Ўзбекистон илова Марказий Осиё давлатлари учун нимани англатади? Бу давлатлар ва улар фуқароларининг мазкур янгиликдан хавотирда бўлишлари қанчалик асосли?
Баҳодир Файз: Трамп "учинчи дунё" иборасини ишлатди, лекин бу баёнот аниқ бир геосиёсий таърифга эга эмас. Яъни, аниқ бир мамлакатга, маълум бир ҳудудга ишора қилмайди.
Лекин, менимча, Трамп камбағал ёки ривожланаётган давлатларни, масалан, Африка, Осиё, Лотин Америкаси ва шунга ўхшаш ҳудудларни назарда тутди.
Шундай экан, Марказий Осиё давлатлари: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон ҳам "учинчи дунё" давлатлари таснифига кириши эҳтимолдан холи эмас.
Марказий Осиё, жумладан, Ўзбек муҳожирлари учун ҳам, албатта, бу ташвишли сигнал.
Яъни, виза берилиши, муқим яшашга рухсат олиш ватандошларимиз учун анча қийинлашиши мумкин.
Маълумки, ҳозирнинг ўзида Америка Қўшма Штатларига Мексика орқали кириб келган минглаб ўзбекистонлик ватандошларимиз қочқинлик мақоми олишни кутиб ўтиришибди.
Бу вазиятда Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари учун бу хабар, албатта, хавотирли.
Лекин, айни вақтда, бу хусусда аниқ амалий қадамлар ҳозирча ноаниқлигича қилмоқда.
Савол: Ҳозир Америка Қўшма Штатларидаги ўзбекистонликлар сони ўн минглаб экани айтилади. Трампнинг сўнгги баёноти улар томонидан қандай қарши олинди. Воқеаларнинг бу каби ривожи улар учун нимани англатади ва бу улар томонидан қандай акс-садоларга сабаб бўлмоқда…
Баҳодир Файз: Тўғри, АҚШда минглаб Марказий Осиёликлар бор, жумладан, ўзбекистонлик муҳожирлар сони ҳам кундан-кунга ортиб бораяпти.
Албатта, Трампнинг ушбу баёноти ва умуман олганда, Трамп маъмуриятиниг аксилмуҳожир сиёсати ватандошларимиз орасида ўринли хавотирларларга сабаб бўлаяпти.
Бу аксилмуҳожир сиёсат натижасида келажакда янги чекловлар эълон қилиниши, муҳожирлик ҳаёти АҚШда ўзи шундоқ ҳам қийинлашган бир паллада ватандошларимизни ўйлантириши, табиий.
Биламизки, деярли ҳар бир ватандошимизда оилани бирлаштириш, қариндошларни чақириш, келажакда фуқароликка олиш каби режалар бор. Бундай вазиятда эса бунга ўхшаш режалар ноаниқ бўлиб қолаверади.
Бундай ҳолатда ватандошларимиз орасида, "Америкада келажагимиз борми?", "Оиламизни бирлаштира оламизми?" – деган саволлар ҳам пайдо бўлаётир.
Бундан ташқари, Трамп сиёсатининг жамиятга таъсири муҳожирлар ҳаётини ижтимоий жиҳатдан ҳам хавф остига қўйиши мумкин.
Ирқчилик, профилактик назорат, жамиятда бегона, "ташриф буюрганлар" сифатида кўрилиш эҳтимоли ортади.
Албатта, юзага келган бу ҳолатни биз - "Америкада туғилмаган"лар ичдан ҳис қилиши, ўзини жамиятдан "бегона" кўриши ҳам кузатилади.
Шундай қилиб, бу баёнот ва ундан келиб чиқаётган сиёсат йўналишлари узун муддатда АҚШдаги ўзбекистонликлар ва бошқа Марказий осиёлик мигрантлар ҳаётига сезиларли — ва салбий — таъсир қилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги "Трамп Америка" сида муҳожирлик ҳаёти, фуқаролик, қочқинлик мақоми олишни кутаётган минглаб муҳожирлар учун, жумладан, ўзбекистонликлар учун ҳам қийинлашди, бу қийинлашиш келажакдаги ноаниқлик, эртанги кунни тахмин қилиш борасида бўлаяпти, десак тўғри бўлади.
Трамп ва Ўзбекистон

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларининг янги Республикачи президенти ўзининг илк сайловолди кампанияси чоғида хосан тилга олган саноқли давлатлардан бири бўлган.
Доналд Трамп ўшанда Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номига Ироқ, Сурия, Афғонистон, Покистон, Яман, Сомали ва Марокаш қаторида тўхталиб ўтган.
Сўз айнан Ўзбекистон ҳақида кетганда, 2013 йилда Америка Қўшма Штатларининг Айдахо штатида террорчилик айблари билан ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг номини тилга олган.
Трамп "бундайларни ўз мамлакатида истамаслигини" баён қилган.
Худди шу ўринда, "Қаерда жойлашганини биласизми, ҳаҳ?", - деган такрорий саволлари билан эса, республикачи номзод дунё харитасида Ўзбекистон, деган давлат борлигидан ўзининг қанчалик бохабар эканини ҳам намойиш этган, қатор нашрларнинг ҳажв ва танқидлари остида ҳам қолиб кетганди.
Ўзбекистонни "эҳтимолий террорчилар етиштириб бераётган давлатлар" сафига қўшган, бошқа мамлакатлардан мусулмонларни Америкага киришини тақиқлаш ғоясини эсларкан, Дональд Трамп уларни "террорчилар", деб ҳам атаганди.
Америка Қўшма Штатларида террорчилик ҳужумларини содир этганлик ёки бунга уринишда айбланган бир неча ўзбекистонлик бор.

Сурат манбаси, rasmiy
Аммо, лекин, бироқ...
2017 йилнинг 20 январь куни илк бор расман АҚШ президенти сифатида қасамёд келтиришидан саноқли ойлар ўтиб, Трамп Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини Ҳайит билан табриклаган.
Худди ўша йил якунида Доналд Трамп Ўзбекистоннинг ўзига ўхшаб янги президенти бўлган Шавкат Мирзиёевни Америкага таклиф қилган.
Шу санага яқин бир пайтда эълон қилган Афғонистонга оид янги стратегиясида эса, Трамп маъмуриятининг Ўзбекистон ва қорлган Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини ҳар томонлама яхшилаш, таъбир жоиз, ҳатто, қайтиб минтақага "кириб бориш" истагида эканликлари маълум бўлган.
Уларнинг бу режасидан АҚШ маъмурияти афғон можаросига Марказий Осиё давлатларининг ҳар томонлама фаол иштироклари воситасида ҳам ечим топиш истагида экани маълум бўлганди.
Минтақавий таҳлилчилар, бошқа томондан, расмий Вашингтоннинг бу режасини ўшанда ҳам Кремлнинг сўнгги йилларда минтақада кучайиб бораётган империалистик амбицияларига қарши туриш истаги билан ҳам изоҳлашган.
Ўзбекистонда қудратга келаркан, президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда минтақа давлатлари Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлаган.
Аммо расмий Тошкент Россия бўладими ва ёки АҚШ, дунёнинг глобал сиёсатда муҳим ўрин тутган қудратлари билан ўзаро манфаатли алоқаларини бирдек тутиш истагида эканлигини ҳам баён қилган.
Худди шу манзарада Мирзиёев ҳукуматининг расмий Кремль баробарида Ғарб билан яқинлашиш сари қадамлар қўяётгани кузатилган.
Ўзбекистон янги президентининг Америка Қўшма Штатларига илк бор расман таклиф этилиши ҳам ушбу ҳаракатларнинг самараси сифатида кўрилган.
Эски-янги Россия ва АҚШ президентлари ўртасида давлат бўладими ва ёки расмийси, ҳалича бирор бир ташриф амалга ошмаган бир манзарада Ўзбекистон янги раҳбарининг қисқа вақтнинг ўзида Вашингтонга таклиф этилиши воқеълигини ҳам улар худди шунга йўйиб, талқин этишганди.
Ўзбекистон президентининг шу йил сентябр ойида Америка Қўшма Штатларига амалга оширган учинчи ташрифи ҳам "тарихий", деб баҳо топган.
Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей саммити теграсида шахсан учрашган "саноқли давлат раҳбарлари"дан бири бўлган.
Америка томони мазкур учрашувга "тарихий", деб баҳо берган.
Дональд Трамп "жуда яхши" эканини айтиб, Ўзбекистон президентига "$105 миллиард долларлик катта хариди" учун шахсан миннатдорчилик билдирган.
Шавкат Мирзиёев АҚШ етакчисининг қатор глобал можароларни ҳал этишдаги хизматларини қайд этиб, уни яна бир бор Ўзбекистонга таклиф қилган.
Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати эса, ўшанда икки давлат раҳбарларининг стратегик шерикликни кенгайтиришнинг устувор йўналишларини ҳам муҳокама этиб олганликларини маълум қилган.
Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трампнинг Ню-Йоркдаги сўнгги музокараларига Ўзбекистон томони ҳам ижобий баҳо берган.
Ўзбекистон президентининг Ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Ню-Йоркдаги музокаралар "Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларини барқарор даражага олиб чиққан"лигини айтган.
Абдулазиз Комилов фикрича, икки томон ўртасидаги ўзаро алоқалар "барқарорлик ва прогноз қилса бўладиган босқичига ўтган".












