Америка: муҳожирларга тақиқлар яна кучайтирилди, туркманистонликларга ҳам

Сурат манбаси, Getty Images
АҚШ саёҳат қилиш тақиқланганлар рўйхатидаги 19 давлатга тегишли муҳожирларнинг аризаларини кўриб чиқишни тўхтатди. Хабар қилинишича, улар орасида туркманистонликлар ҳам бор.
BBC ҳамкори CBS News кўрган ички расмий ҳужжатга кўра, иммиграция агентларига барча ишларни якуний ҳал қилишни тўхтатиш ва фуқаролик олиш арафасида бўлган мигрантлар учун қасамёд қилиш маросимларини вақтинча бекор қилиш буйруғи берилди.
Ушбу қарор саёҳат чеклови қўйилган давлат сони 30 тага кўпайтирилиши мумкинлиги борасидаги хабарлар манзарасида олинган.
4 июнда Оқ уй Африка, Яқин Шарқ ва Кариб минтақасида жойлашган 19 давлатни буткул ёки қисман иммиграция чекловлари қўлланиладиган мамлакатлар деб топганди.
Ўшанда Туркманистон илк маротаба виза олиш қисман чекланган давлатлар қаторига кирган.
Ҳукумат иммиграция қоидалари янада кучайтирилаётганини Вашингтонда яқинда содир бўлган ҳужум билан изоҳлайди.
Ўтган ҳафта содир бўлган отишмада бир Миллий гвардиячи ҳалок бўлган, яна бири оғир аҳволда қолгани хабар қилинди.
Жиноятда гумон қилинган шахс АҚШда яшовчи афғон фуқароси экани айтилди.
Tramp ma'muriyati fuqarolikka olinayotganlar eng sara insonlar bo'lishi uchun barcha choralarni ko'rmoqda. Fuqarolik - imtiyoz, haq emas.
Сешанба куни АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизматлари (USCIS) томонидан янги йўриқнома чиқарилган. Унга кўра, бошпана изловчилар бўйича қарор олиш жараёни тўхтатилган ва саёҳат тақиқланган давлатлардан келган мигрантларга берилган "Грин карта" визалари қайта кўриб чиқилиши айтилган.
Ҳужжатда шундай дейилган: "Бу барча турдаги аризаларни қамраб олади ва якуний қарорлар (маъқуллаш ёки рад этиш) ҳамда фуқаролик олганлар учун қасамёд қилиш маросимларини ҳам тўхтатишни ўз ичига олади".
АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизматлари матбуот котиби Мэтю Трагессер New York Times'га жараёнга танаффус берилаётганини тасдиқлади ва жумладан шундай деди: "Трамп маъмурияти фуқароликка олинаётганлар энг сара инсонлар бўлиши учун барча чораларни кўрмоқда. Фуқаролик - имтиёз, ҳақ эмас."
Муҳожирлик масалалари бўйича адвокатларга кўра, жорий ҳафта баъзи мижозларнинг фуқаролик олиш бўйича маҳкама тингловлари бекор қилинган. Улар орасида Венесуэла, Эрон ва Афғонистондан келган муҳожирлар бор.
Фуқароликка қабул маросими одатда беш йиллик ариза жараёнининг якуни ҳисобланади. Унда янги фуқаролар АҚШга садоқат қасамёдини келтиришади.
Оқ уйнинг сўнгги қарори Доналд Трампнинг мигрантлар ва қочқинларни ўз таъбири билан "ижтимоий тартибсизлик" келтириб чиқаришда айблаши манзарасида қабул қилинди.
Ўтган чоршанба куни миллий пойтахтда содир бўлган отишмада 20 ёшли қўриқчи Сара Бекстром ҳалок бўлди ва 24 ёшли Эндрю Вулф оғир жароҳат олди. Ҳодисадан кейин Трамп маъмурияти миграцияга қарши чораларни кучайтирди.
Ҳибсга олинган гумонланувчи Афғонистонлик бўлган. Толибон ҳокимиятга қайтиши ортидан у АҚШ кучлари билан ишлаган афғонларга махсус ҳимоя таклиф қилинган дастур орқали мамлакатга кириб келган.
Трамп Америкада Сомалиликларни ҳам истамаяпти

Трамп АҚШда Сомалилик муҳожирларини хоҳламаслигини айтди ва улар "қайтиб кетишлари керак" деб таъкидлади.
У Сомалини "номига бир давлат" деб атар экан, бу давлатда тартиб йўқлигини танқид қилди.
Шу пайтда, Иммиграция ва Божхона Назорати - ICE Миннесота штатдаги йирик Сомали жамоасига қарши рейд режалаштираётгани хабар қилинди.
Миннесота расмийлари бу режани танқид қилишган, уларнинг хавотирига кўра, жараён адолатсиз равишда Америка фуқароларга ҳам таъсир қилиши мумкин.
Миннеаполис ва Сент-Полда АҚШдаги энг йирик Сомали жамоаси яшайди. Трампнинг бу баёноти Вашингтонда яқинда содир бўлган ҳужумдан кейин муҳожирларга қарши чораларни кучайтирилаётган жараёнга тўғри келди.
ICE амалдорлари рейдда юзлаб ноқонуний мигрантлар нишонга олиниши мумкинлигини айтишди. Расмийларга кўра, бу ирқчилик моҳиятидан узоқ бўлади.
Миннесота етакчилари бу ҳаракатни "қонунбузарлик" деб атади ва Сомалиликларнинг аксарияти АҚШ фуқаролари эканини қайд этди.















