Америкада 'теракт', қурбонлар, ўнлаб яраланганлар бор – Шамсуддин ИШИДдан илҳомланганми? Видео

Янги Орлеандаги ҳужум саҳнаси

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳодиса юз берган пайтда сайёҳлар орасида машҳур Бурбон-стрит одамлар билан гавжум бўлган.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

АҚШ Федерал Қидирув бюросининг маълум қилишича, гумондорнинг машинасидан ИШИД байроғи топилган ва Шамсуддин якка ўзи ҳаракат қилмаган. Аммо ҳозирча ҳибсларга оид бирор бир хабар олинмаган. Америка Қўшма Штатларида ўн минглаб ўзбекистонликлар ҳам яшашади.

Алоқадор мавзулар:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бурбон-стрит

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хабарларга кўра, масъуллар далил илинжида ҳужум саҳнаси бўлган кўчанинг тит-питини чиқаришган. Луизиана ва бошқа штатларда ҳам тинтув бошлашган.

Ҳодиса Янги Орлеанда Янги йил кечаси юз берган.

Янги йилни байрам қилаётган одамлар устига юк машинаси ҳайдалган.

Хабарларга кўра, ҳайдовчи фақат шунинг ўзи билан кифояланмаган, юк машинасидан тушиб, ўт очишни ҳам бошлаган.

Полиция бунга жавоб қайтарган, ўзаро отишма чоғида икки нафар полиция ходими ҳам яраланган, ҳайдовчининг ўзи ўлдирилган.

Уларнинг фикрича, ҳайдовчи имкон қадар кўпроқ зарар етказиш мақсадида машинасини одамларнинг устларига бостириб борган.

Масъуллар ҳозирга келиб юз берган ҳодисани "теракт", деб таснифлашга ўтишган, уни "террорчилик амали", дея текширишларини айтишмоқда.

Улар ўзларининг дастлабки баёнотларида бу каби эҳтимолни назардан соқит этишганди.

Аммо кейинроқ АҚШ Федерал Қидирув Бюроси бошқа баёнот билан чиқди.

Бюро ўзининг мазкур баёнотида гумонланувчининг исми Шамсуддин Жаббор эканлиги ва унинг машинасидан ИШИД байроғи топилгани ҳақидаги манбалар томонидан аввалроқ тарқатилган маълумотни тасдиқлади.

Маълум бўлишича, расмийлар ҳозир 42 ёшли гумондор ва ИШИД ўртасида қандайдир алоқа бўлгани ёки йўқлигини ҳам ўрганишмоқда.

Америка Қўшма Штатларида янграётган айни мазмундаги иддоалар борасида ИШИД гуруҳининг бирор бир муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, ҳодисада 15 киши қурбон бўлган ва яна камида 35 нафари яраланган.

Қурбонлар ва тан жароҳати олганларнинг шахси ҳамда фуқароликлари ҳозирча очиқланмаган.

Америка Қўшма Штатларида ўн минглаб ўзбекистонлик, юз минглаб ўзбек яшайди, улардан бир неча минги Америка фуқаролигини ҳам олган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

AQSh prezidenti
gettyimages
Har qanday zo‘ravonlik uchun oqlov yo‘q va biz mamlakatimizda hech bir jamoaga qilingan hujumga toqat qilmaymiz.
Jo Bayden
AQSh prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da).
Бизга аъзо бўлинг:
Бурбон-стрит

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Масъуллар ҳозирга келиб юз берган ҳодисани "теракт", деб таснифлашга ўтишган, уни "террорчилик амали", дея текширишларини айтишмоқда.

АҚШ президенти ҳам хавфсизлик масаласига бағишланган қатор брифингларга таяниб, Шамсуддин Жаббор ўзининг ИШИДдан илҳомланганига ишора қилганлигини айтган.

Жо Байденга кўра, интернетда жойлаштирилган видеоларда Шамсуддин ўзининг "ўлдириш истаги"ни ҳам изҳор этган.

Бурбон стрит – машҳур француз мавзеъсида жойлашган. Сайёҳлар орасида тилга тушган.

Бу ерда кўплаб ресторанлар, барлар ва тунги клублар фаолият юритади.

Хабарларга кўра, масъуллар далил илинжида ҳужум саҳнаси бўлган кўчанинг тит-питини чиқаришган.

Луизиана ва бошқа штатларда ҳам тинтув бошлашган.

Олинаётган хабарларга кўра, Шамсуддин Жаббор АҚШ фуқароси, Армия фахрийси, техаслик ва ўз вақтида Афғонистонда ҳам хизмат қилган.

Янги Орлеандаги ҳужумдан бир неча соатдан кейин Лас-Вегасдаги Трамп меҳмонхонаси олдида Тесла Cybertruck ҳам портлаган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари кетма-кет содир этилган бу икки ҳужумнинг қанчалик бир-бирига боғлиқ эканини ҳам ўрганишмоқда.

АҚШ президентининг айтишича, ҳозирча бу каби фаразлар ўзининг исботини топмаган.

ИШИД жангарилари

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, ИШИД ўз вақтида дунёдаги энг қудратли жанговар гуруҳ сифатида эътироф этилган.

ИШИД

ИШИД дунё саҳнасида ўн йил бурун бўй кўрсатган.

Гуруҳ тез юксалган, қисқа вақтнинг ўзида Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудларини босиб олган.

У ерларда ўзининг Исломий халифалигига ҳам асос солган.

2019 йилларга келиб, Ироқ, Сурия ҳукуматлари, уларнинг иттифоқчилари ва турли халқаро коалициялар томонидан халифалиги қулатилган, сафлари парчаланган, кўплаб жангарилари ўлдирилган, минглаби ҳибсга олинган.

ИШИД ҳозир ҳам дунёнинг қатор қитъаларида ўзининг бўлинмалари, аъзоларига эга.

Аммо Сурияда жойлашган бош раҳбарияти сафлари тобора торайиб бораётгани айтилади.

ИШИД номидан амалга оширилаётган ҳужумларнинг аксарияти бугунги кунда Қора Африка ҳисобига тўғри келади.

Аммо унинг Хуросон қаноти ҳозир ҳам энг жангариларидан бири сифатида тилга олинади, жорий пайтда Афғонистонда жойлашган, Яқин Шарқ ва Европада ҳам фаол.

Жумладан, сўнгги йилларда Эрон ва Россияда амалга оширилган, катта сондаги инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган қонли ҳужумларга ҳам айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти масъул кўрилган.

ИШИДнинг ўзи эса, куч-қудратга тўлган пайтида Европада содир этилган қатор йирик ҳужумларга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққан.

Парижнинг "Батаклан" концерт залида содир этилган ва 130 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган ҳужум ҳам ўзининг иши эканини даъво қилган.

Гуруҳ зўравонликка ундаш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланади, яқинда Исроилнинг Ғазода давом этаётган уруши учун қасос олишга ҳам чақирган.

Аммо ИШИДнинг ҳозирги етакчилари ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас.

Янги Орлеандаги сўнгги ҳодиса, бошқа томондан, Сурияда исёнчи кучлар қудратни эгаллаши ортидан, юзага келиши мумкин бўлган хавфсизлик бўшлиғи ИШИДнинг қайта бош кўтаришига оид хавотирлар ҳануз аримаган бир паллага ҳам тўғри келган.

АҚШ ҳозир ҳам Сурияда ўз кучларига эга, улар ўз вақтида айнан ИШИДга қарши курашиш учун у ерга сафарбар этилишгани айтилган.

Шамсуддин Жаббор ким?

Шамсуддин Жаббор

Сурат манбаси, FBI

Сурат тагсўзи, АҚШ Федерал Қидирув бюроси асосий гумондор сифатида кўраётган Шамсуддин Жабборни бу ишга нима ундагани сабаби маълум эмас...

АҚШ Федерал Қидирув бюроси чоршанба кунги ҳужумда бош гумондор сифатида кўраётган Шамсуддин Жаббор 42 ёшда бўлган.

Америка фуқароси, асли техаслик, Армия фахрийси.

LinkedInдаги ҳозир олиб ташланган таржимаи ҳолига таянилса, АҚШ Қуролли кучлари сафларида турли вазифаларни бажарган, шу жумладан, кадрлар ва IT соҳасида ишлаган.

2009 йилнинг февралидан 2010 йилнинг январигача Афғонистонда хизмат қилган.

2015-2017 йиллар оралиғида Жоржия штати университетида таҳсил олган, уни компьютер ахборот тизимлари мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Икки марта уйланган. Биринчи никоҳи 2012 йилда бўлмаган. Иккинчи оиласи билан беш йил – 2017 йилдан 2022 йилгача яшаган.

Афтидан, у кўчмас мулк соҳасида ҳам ишлаган, лекин лицензияси 2021 йилда тугаган.

Шамсуддин Жаббор йўл ҳаракати ва ўғирлик билан боғлиқ жиноятлар бўйича судланган.

Одамлар устига ҳайдаган юк машинасидан ИШИДнинг байроғи топиларкан, АҚШ Федерал Қидирув бюроси унинг террорчи гуруҳларга қандай алоқаси борлиги ҳам текширилаётганини айтмоқда.

Шаҳар мэрининг маълум қилишича, АҚШда содир этилган сўнгги ҳужумлар боис, Нью-Йоркнинг баъзи қисмларида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилади.

Унга кўра, "Нью-Йорк учун фавқулодда ҳеч қандай таҳдид йўқ", аммо бу иш "эҳтиёткорлик туфайли" амалга оширилмоқда.