Австралиядаги ҳужум: Навид Акрамга 15 та қотиллик айби қўйилди

Сурат манбаси, Saeed KHAN / AFP via Getty Images
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Австралия полициясининг маълум қилишича, Сиднейдаги Бонди соҳилида якшанба куни содир этилган қуролли ҳужумда тирик қолган гумонланувчи Навид Акрамга жами 59 та жиноят бўйича айблов эълон қилинди. Улар орасида 15 та қотиллик ва террорчилик ҳаракатини содир этиш айблари бор.
Унинг отаси, 50 ёшли Сажид Акрам ҳодиса жойида полиция билан отишма чоғида ҳалок бўлган.
Ҳужум оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган. Ҳужум Австралия яҳудий жамоасига қарши қаратилган бўлиб, Ханука байрамининг биринчи кечаси муносабати билан ўтказилаётган тадбир пайтида амалга оширилган. Бу Австралияда 1996 йилдан буён энг қонли ҳужум, деб баҳоланмоқда.
Навид Акрамга, шунингдек, қасддан ўлдириш нияти билан оғир тан жароҳати етказиш бўйича 40 та айб ҳамда тақиқланган террорчи ташкилот рамзини омма олдида намойиш этгани учун яна бир айб қўйилган.
У якшанба кунги ҳодиса пайтида оғир яраланган ва унинг иши бўйича дастлабки тинглов шифохонада, ётган жойида ўтказилганини маҳаллий Янги Жанубий Уэлс суди маълум қилди.
Суд ишни кўриб чиқишни 2026 йил апрелига қолдирди.
Чоршанба кунининг биринчи ярмида Янги Жанубий Уэлс полицияси комиссари Мал Лэнон, Акрамни расман сўроқ қилишдан олдин унга берилган дори воситаларининг таъсири кетишини кутишаётганини айтди.
"Адолатли жараён учун у нима бўлаётганини тўлиқ англаши керак", деди Лэнон.
Ҳужумда яраланган 20 киши ҳануз Сиднейдаги шифохоналарда қолмоқда, улардан бирининг аҳволи оғир.
Полиция ҳужумни террорчилик ҳаракати деб тасниф этган. Австралия бош вазири Энтони Албанезе бу ҳужум "Исломий Давлат" гуруҳи мафкураси билан руҳланган бўлиши мумкинлигини айтди.
Сешанба куни ота ва ўғил ноябрда Филиппинга сафар қилгани маълум бўлди.
Филиппин иммиграция бюроси BBCга улар 1 ноябрдан 28 ноябргача мамлакатда бўлганини билдирди. Иммиграция идораси вакилининг айтишича, уларнинг сўнгги манзили жанубдаги Давао шаҳри бўлган.
Навид Акрам Филиппинга Австралия паспорти билан кирган. Манила чегара хизматининг BBCга маълум қилишича, отаси эса Ҳиндистон паспортидан фойдаланган.
Сажид Акрам асли Ҳиндистоннинг жанубидаги Ҳайдаробод шаҳридан бўлган, аммо Телангана штати полицияси расмийси Сажид у ердаги оила аъзолари билан "жуда чекланган алоқада" бўлганини айтди.
15 декабр: Австралия ҳужумчилари ота-бола бўлган

Сурат манбаси, Reuters
Австралия ҳуқуқ-тартибот органлари 14 декабр куни Бонди соҳилида одамларга қуролли ҳужум қилганлар ота ва ўғил бўлганини тасдиқладилар.
Отаси 50 яшар Сажид Акрам, ўғли 24 ёшли Навид Акрам деб хабар берди маҳаллий матбуот.
Отаси ҳодиса жойида ҳалок бўлган.
Оғир яраланган ўғли шифохонага ётқизилган.
Австралия Бош вазири Энтони Албаниз сўзларига кўра, ота-бола "экстремистик мафкура"дан руҳланганлар.
Австралия матбуоти хабар қилишича, мамлакат Терроризмга қарши кураш полицияси ота-бола "Исломий Давлат" террорчи гуруҳига содиқликка қасам ичганларига ишонади.
15 декабр куни Бонди соҳилига ота-бола қуролли ҳужумни уюштириш учун миниб келган автомобилни полиция олиб кетди.
Телетасвирчилар ортиб олиб кетилаётган автомобил капотида кўринган "Исломий Давлат" байроқларини тасвирга олганлар.

Сурат манбаси, AP
Маълум бўлишича, Навид Акрам Сидней шаҳрида жойлашган "ИД"нинг гуруҳига алоқадорлиги туфайли ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборига тушган.
Бош вазир Энтони Албаниз айтишича, бу 2019 йил октябрида юз берган.
"Кейинги таҳлиллар мавжуд таҳдид ёки унинг зўравонликка аралашиш таҳдиди аломатлари йўқ" деган хулосага келган, деди бош вазир.
Ҳалок бўлган 15 инсон ким бўлгани ҳақида тобора кўп маълумот аниқ бўлаяпти.
Улар орасида 10 яшар қизалоқ, Британияда туғилган икки руҳоний, истеъфодаги полиция зобити ва Ҳолокостда омон қолган инсон бўлган.
Ҳодисада омон қолганлар ўқ бошлари устидан учиб ўтганини айтдилар.
Қуролли ҳужумга қаршилик кўрсатиб яраланган Аҳмад ал-Аҳмад қаҳрамон деб таърифланаяпти.

Сурат манбаси, .
Сидней газеталаридан бирига гапирган Навид Акрам онаси Веренанинг айтишича, ўғли унга қўнғироқ қилиб балиқ тутишга кетганларини айтган.
Расмийларга кўра, қуролли ҳужумдан кейин 40 киши шифохонага ётқизилган.
Улар орасида икки полиция ходими ҳам бор.
Австралияда яшайдиган, асли покистонлик 30 ёшли Навид Акрам мурожаат билан чиқди, ўзининг ҳужумчи эмаслигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги саҳифасидаги фото суратини тарқатиб юборганлар, энди у кўчага чиқолмаяпти.
Австралия расмийларига кўра, ушбу отишма мақсадли антисемит ҳужумдир.
Полиция ҳужумни Сидней шаҳридаги яҳудий жамоасига қаратилган террорчилик хуружи деб баҳолади.
Австралия полицияси охирги икки йилда мамлакатда антисемит ҳужумлар сони кўпайгани кузатилганини айтди.
14 декабр. Австралия соҳилида отишма: 15 киши ва ҳужумчи ҳалок бўлди. Ҳужум вақти Яҳудийлар байрами нишонланаётган эди - Видео

Сурат манбаси, Getty Images
Австралия полицияси Сиднейдаги машҳур Бонди-бич соҳилида юз берган отишма натижасида 15 киши ва бир ҳужумчи ҳалок бўлганини маълум қилди.
Иккинчи ҳужумчи қўлга олинган, у ҳам яраланган. Ҳужум пайтида соҳилда яҳудийларнинг Ханука байрами нишонланаётган эди. Полиция ҳодисани террорчилик ҳужуми деб баҳоламоқда.
Полициянинг маълум қилишича, иккинчи гумонланувчи оғир аҳволда. Шунингдек, камида 29 киши, жумладан бир бола ва ўқдан яраланган икки нафар полиция ходими шифохонага етказилган.
Полиция ўт очган икки киши "зарарсизлантирилган"ини билдирди, бироқ ҳодиса жойидаги амалиёт давом этмоқда.
Янги Жанубий Уэлс полицияси комиссари Мал Лейоннинг айтишича, полиция ичида "бир нечта қўлбола портловчи қурилма" бўлиши мумкин деб ҳисобланган автомобилни аниқлаган. Ҳодиса жойида саперлар гуруҳи ишламоқда, портловчи қурилма зарарсизлантирилиб, хавфсиз жойга олиб кетилмоқда.
Лейоннинг айтишича, автомобилдаги қурилма "ҳалок бўлган жиноятчи билан боғлиқ".
Унинг таъкидлашича, гумонланувчилардан бири полицияга "кам таниқли, кузатувда турган шахс эмас". "Биз бу одамни таниймиз, аммо бу унинг аниқ хавф туғдирганини англатмайди", деди у.
Полиция, шунингдек, ҳужумчилар сони уч нафар бўлгани ҳақидаги хабарларни ҳам текширмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Ханука байрами маҳаллий вақт билан соат 17:00 да (Гринвич вақти билан якшанба куни соат 06:00) болалар майдончаси яқинида ўтказилган. Тадбир Chabad of Bondi яҳудий маркази томонидан ташкил этилган бўлиб, "барча ёшдагилар учун" мўлжалланган фаолиятларни ўз ичига олган.
Тадбирда Ханукани нишонлаётган 1000 дан ортиқ киши қатнашган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Янги Жанубий Уэлс бош вазири Миннс ҳужумчилардан бирининг қўлидан қуролни тортиб олган эркакни эътироф этди. Бу лаҳза ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода тасвирланган. "Бу одам ҳақиқий қаҳрамон. Унинг жасорати туфайли бугун кечқурун кўплаб одамлар тирик қолганига шубҳам йўқ", деди Миннс.
ABC телекомпанияси хабар беришича, тез ёрдам хизмати ҳодиса жойига тиббий гуруҳлар, тез ёрдам машиналари ва вертолётларни юборган.
Улар кўплаб яраланганларга ёрдам кўрсатган, жабрланганлар маҳаллий шифохоналарга етказилган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
BBC мухбири Тесса Вонгнинг хабар беришича, тадбир соҳил ортидаги яшил майдонда, одамлар соҳилга ўтиши мумкин бўлган пиёдалар кўприги яқинида ўтказилган ва кўринишидан, отишмачилар айнан шу кўприкдан фойдаланган.
Отилган ўқлардан бир соат олдин тадбир қизғин паллада бўлган: у ерда камида 200 киши тўпланган, мусиқа янграган, турли кўнгилочар майдончалар, жумладан қояга чиқиш иншооти ҳам ишлаган.
Мухбиримизнинг айтишича, тадбир атрофи металл панжара билан ўралган, кириш-чиқиш дарвозалар орқали амалга оширилган ва эҳтимол сумкалар текширилган, аммо умумий хавфсизлик чоралари суст кўринган.

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Маҳаллий журналистлар хабарларига кўра, ўқ овозлари эшитилганда, юзлаб одамлар соҳилдан қочиб кетган.
Яқин атрофдаги бошқа соҳилда бўлган BBC мухбири Табби Уилсон тахминан 20 та қаттиқ портлаш овозини санаган. Аввалига бу овозларга ҳеч ким эътибор бермаган, фақат полиция вертолётлари тепаларидан учиб ўтаётгани эшитилгандан кейин ташриф буюрувчилар хавотирга тушган.

Сурат манбаси, EPA
ABC мухбири Шон Тарек Гудвин Бонди паркдаги болалар майдончисида Ханука тадбирида қатнашган эркак билан суҳбатлашган. Унинг айтишича, у қора кийимдаги икки отишмачини болалар майдончиси автотураргоҳи ёнидаги кичик пиёдалар кўприги устида кўрган. Уларнинг одамларни нишон олганини айтган.
Gumonlanuvchilardan biri politsiyaga kam taniqli, kuzatuvda turgan shaxs emas. Biz bu odamni taniymiz, ammo bu uning aniq xavf tug‘dirganini anglatmaydi.
Полиция ҳодиса жойида бўлган барча одамларни хавфсиз жойга беркинишга чақирган.













