Ернинг ядроси ўзгармоқда – бу сиз учун нимани англатади?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Жоржина Раннард
- Role, Илм-фан ва иқлим бўйича мухбир
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Бир гуруҳ олимлар айтишича, сўнгги 20 йил ичида Ернинг ички ядроси шакли ўзгарган бўлиши мумкин.
Тадқиқотга раҳбарлик қилган профессор Жон Видейл фикрича, ички ядро одатда шар шаклида деб ҳисобланади, аммо унинг сирти аслида баъзи жойларда баландлиги 100 метр ёки ундан кўпроқ даражада деформацияга учраган бўлиши мумкин.
Ернинг ядроси сайёрамизнинг уриб турган юраги, чунки у ҳаётни Қуёш радиациясидан ҳимоя қилувчи магнит майдонини ҳосил қилади.
Ички ядро суюқ ташқи ядродан ва сайёранинг қолган қисмидан мустақил айланади. Бу ҳаракат бўлмаганда Ер ўлик ҳолатга келиб, миллиардлаб йиллар олдин магнит майдонини йўқотган бепушт Марсга ўхшаб қолар эди.
Шаклнинг ўзгариши қаттиқ ички ядронинг сирти ўта иссиқ суюқ металлдан иборат ташқи ядрога тегиб турган жойда содир бўлиши мумкин.
Тадқиқот натижалари Nature Geoscience илмий журналида эълон қилинган. Олимлар дастлаб ички ядро нима учун Ер айланишига қараганда секинроқ тезликка тушиб қолгани ва кейин 2010 йилда яна тезлашганини аниқлашга ҳаракат қилишган.
Ер ядроси қандай ишлашини тушуниш сайёрани ҳимоя қилувчи магнит майдонини ва у заифлашиши ёки тўхташи мумкинлигини англаш учун муҳимдир.
Сайёрамизнинг ичи ниҳоятда сирли жой. Ядро Ер сиртидан тахминан 6400 километр чуқурликда жойлашган ва барча саъй-ҳаракатларга қарамай, олимлар ҳозиргача унга етиб бора олмаган.
Шунинг учун, унинг сирларини очишга уриниб, баъзи тадқиқотчилар сайёрада тарқалаётган зилзилалар туфайли юзага келадиган зарба тўлқинларини ўлчайдилар.
Тўлқинларнинг тарқалиш усули улар қандай турдаги материалдан, шу жумладан, ички ядродан ўтганини кўрсатади ва оёқларимиз остида нима борлигини тасвирлашга ёрдам беради.
Янги таҳлилда 1991 йилдан 2023 йилгача бир жойда такрорланган зилзилаларнинг сейсмик тўлқинлари ўрганилди. Бу ички ядро вақт ўтиши билан қандай ўзгараётганини кўрсатишга ёрдам берди.

Сурат манбаси, Getty Images
Жанубий Калифорния университетининг ершунос олими проф. Видейл ўша йилларда ички ядро тахминан 2010 йилда секинлашгани ҳақидаги назарияни қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ далиллар топди.
Аммо унинг жамоаси ички ядро шакли ўзгарганини кўрсатувчи далилларни ҳам аниқлади.
Бу ички ва ташқи ядро чегарасида содир бўлаётганга ўхшайди, бу ерда ички ядро эриш нуқтасига яқин. Ташқи ядронинг суюқлик оқими, шунингдек, нотекис тортишиш майдонидан тортилиш деформацияга олиб келиши мумкин.
Тадқиқотда иштирок этмаган Австралия Миллий университети профессори Хрвое Ткалчичнинг айтишича, мақола "келгусида ўрганилиши керак бўлган қизиқарли ғояни" илгари суради.
Унинг айтишича, бу олимларга "замонавий илм-фанга энг кам маълум бўлган катталиклардан бири бўлган ички ядро қовушқоқлиги каби баъзи муҳим материал хусусиятларини янада асосли баҳолаш имконини бериши мумкин."
Вақт ўтиши билан суюқ ташқи ядро қаттиқ ички ядрога айланиб боради, аммо у тўлиқ қаттиқ ҳолатга келгунча миллиардлаб йиллар ўтади.
Бу деярли Ердаги ҳаёт тугашини англатади, аммо бу вақтга келиб сайёра аллақачон Қуёш томонидан ютиб юборилган бўлиши мумкин.
Проф. Видейлнинг иши бутун дунё бўйлаб экспертларнинг ядрода нима содир бўлишини ўрганиш ва муҳокама қилишга қаратилган тадқиқотларининг бир қисми ҳисобланади.
"Фанда биз одатда нарсаларни тушуниб олгунча ўрганишга ҳаракат қиламиз," дейди Проф Видейл.
"Эҳтимол, бу кашфиёт бизнинг кундалик ҳаётимизга заррача таъсир қилмас, лекин биз Ернинг марказида нима бўлаётганини тушунишни жуда хоҳлаймиз," дея қўшимча қилади у.
Ўзгаришлар Ер магнит майдонининг ўзгариши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
"Сўнгги бир неча ўн йилликда магнит майдон турли вақтларда тўсатдан ўзгарди ва биз бу ички ядро чегарасида кўраётган нарсамиз билан боғлиқми, йўқми, билишни хоҳлаймиз," дейди у.
Проф. Видейл топилмаларни ядронинг тез орада айланишни тўхтатиши ҳақидаги ғояларга айлантирмасликка чақирди.
Шунингдек, у ҳали ҳам кўп ноаниқликлар борлигини таъкидлади.
"Бу ўзгаришлар моҳиятини тўғри талқин қилаётганимизга 100 фоиз амин эмасмиз," деб илмий билим чегаралари доим ўзгариб туришини ва кўплаб тадқиқотчилар сингари ўзи ҳам ўтмишда янглишганини айтади олим.












