Оламнинг энг батафсил “харитаси”: Олимлар коинотнинг 3D атласини яратмоқдалар

Юлдузли осмон харитаси

Сурат манбаси, ESA

Сурат тагсўзи, Бу Евклид томонидан яратилган мозаика 2024-йил 25-мартдан 8-апрелгача олинган 260 та суратни ўз ичига олади. Бу телескоп кейинги олти йил давомида кузатадиган осмоннинг тахминан 1 фоизини ташкил этади.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Европа Космик Агентлиги олимлари Евклид космик телескопининг суратларидан фойдаланган ҳолда коинотнинг харитасини туза бошладилар.

Хаританинг биринчи қисми, 260 та суратдан иборат мозаика сифатида йиғилган бўлиб, 14 миллиондан ортиқ галактикани ўз ичига олади. Бироқ, бу олимлар харитага тушириши керак бўлган коинотнинг атиги 1 фоизини ташкил этади, холос.

Евклид миссияси, 2023-йилда НАСА иштирокида Европа Космик Агентлиги томонидан ишга туширилган бўлиб, ўша йили ноябр ойида ва 2024-йилнинг майида биринчи суратларини юборган эди.

Евклиднинг мақсади коинотнинг вақт ва макон бўйича уч ўлчовли харитасини яратиш ва унинг эволюциясини аниқлаш, шунингдек, коинот массасининг 95 фоизини ташкил этувчи сирли қоронғи энергия ва қоронғи моддага аниқлик киритишдир.

Юлдузли осмон сурати

Сурат манбаси, ESA

Сурат тагсўзи, 2024-йил 15-октабрда Евклид томонидан олинган мозаиканинг бир қисми. Сурат катта мозаикага нисбатан 12 баравар катталаштирилган. Марказдан чап томонда 25 миллион ёруғлик йили узоқликдаги NGC 2188 спирал галактикаси жойлашган. Ўнг юқорида эса 678 миллион ёруғлик йили узоқликдаги Abell 3381 галактика кластери кўриниб турибди.

“Масштаб мутлақ қўл етмас даражада”, дейди Европа Космик Агентлигининг илмий директори Керол Манделл Италиянинг Халқаро астронаутик конгрессида. У тўлиқ аниқликдаги (208 гигапиксел) суратни кўрсатиш учун 16 000 та 4К телевизор керак бўлишини таъкидлайди.

Евклид ёрдамида олимлар Оламнинг энг катта ва аниқ харитасини яратишга умид қилмоқдалар. Тадқиқотнинг биринчи босқичи апрел ойида амалга оширилган бўлиб, телескоп икки ҳафта давомида жанубий осмонда тўлин ой ўлчамидан 500 баравар катта ҳудудни харитага туширди.

Юлдузли осмон сурати

Сурат манбаси, ESA

Сурат тагсўзи, Бу ҳудуд катта мозаикага нисбатан 36 баравар катталаштирилган. Ушбу тасвир 678 миллион ёруғлик йили узоқликдаги Abell 3381 галактика кластерининг ядросини кўрсатади. Тасвирда турли шакл ва ўлчамлардаги галактикаларни, жумладан, улкан эллиптик галактикалардан тортиб, оддий спирал галактикаларгача, шунингдек, кичик ва хира митти галактикалар кўринади.

Расмдаги кўк излар яқин атрофдаги Сомон Йўли галактикасидаги чанг ва газлардир, дейди Манделл. Тасвирни катталаштириш орқали бир-бирлари билан ўзаро таъсирда бўлган ва айланувчи галактикаларни кўриш мумкин, баъзиларининг марказларида супермассив қора туйнуклар мавжуд бўлиб, улар тортишиш тўлқинларини чиқаради, буни эса Ердаги асбоблар ёрдамида аниқлаш мумкин.

Кейинги олти йил давомида телескоп тун осмонининг учдан бир қисмини мустақил равишда кузатади. Тадқиқотчилар якуний харитада 8 миллиардга яқин ёши 10 миллиард йилгача бўлган галактикалар бўлишини тахмин қилмоқдалар.

Юлдузли осмон сурати

Сурат манбаси, ESA

Сурат тагсўзи, Бу ҳудуд катта мозаикага нисбатан 150 баравар катталаштирилган. Тасвирнинг чап томонида Евклид 420 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган ўзаро таъсир қилаётган иккита галактикани (ESO 364-G035 и G036) суратга олган. Тасвирнинг ўнг томонида эса 678 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган Abell 3381 галактика кластери кўринади.

Галактика кластерлари ва гравитация ёруғликни қандай эгишини кузатиш каби бошқа ҳодисаларни ўрганиш орқали Евклид “космик тўр” — модданинг макон ва замондаги тақсимланишини текширади. Европа Космик Агентлиги мутахассиси Валерия Петторино таъкидлашича, қоронғи энергия ва қоронғи модда галактика кластерлари орасидаги бўшлиқларни шаклланишига таъсир қилганлиги сабабли, бу бўшлиқларни ўлчаш бизга уларнинг табиатини тушунишга ёрдам беради.

Снимок звездного неба

Сурат манбаси, ESA

Сурат тагсўзи, Бу ҳудуд катта мозаикага нисбатан 600 баравар катталаштирилган. Ушбу тасвир 420 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган ягона спирал галактика (ESO 364-G036) ни жуда аниқ тафсилотларда кўрсатади. Тасвир Евклид суратларидан яратилган 208 гигапиксел ҳажмдаги асл тасвирнинг 0, 0003 фоизини ёки асосий мозаиканинг 1/330 000 қисмини ташкил этади.