Ойни ким биринчи эгаллайди – Россия, Хитой ё АҚШ?

Ой

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Ойдаги қазиб олиш ишларини НАСА рассомлари ана шундай тасаввур қилишади
    • Author, Николай Воронин
    • Role, ББС Рус Хизмати
  • Ўқилиш вақти: 9 дақ

Ойдаги табиий ресурслар учун пойга бошланди. Ўйин қоидаларини ким ва қандай белгилайди? Одам Ойга охирги марта қадам қўйганидан деярли ярим аср ўтгач, дунёни космос васвасасининг иккинчи тўлқини қамраб олган кўринади.

Бу сафар Ернинг табиий йўлдошида узоқ вақтга жойлашиб олиш кўзланмоқда.

Россия, Америка Қўшма Штатлари, Хитой, Япония ва бошқа мамлакатлар (Европа Иттифоқи ҳам) яқин 15-20 йил ичида Ойда уни батафсил ўрганиш ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун зарур бўлган доимий инфратузилма қурамиз демоқда.

Аммо нимани қазиб олиш аниқ эмас: шу пайтгача назарий жиҳатдан манфаатли космик ресурслардан олимлар Ойда фақат музлаган сув борлигини тасдиқлаган, холос. Аммо амбицияли космик дастурларни ишлаб чиқувчиларни бу унчалик ташвишлантирмаяпти: албатта фойдали нимадир топилади.

Халқаро ҳуқуқ давлатларнинг Ойни қисмларга бўлиш ва уни ўз мулки деб эълон қилишни тақиқлашини ҳисобга олсак, табиий йўлдош мустамлакачилари бир-бири билан ресурслар учун рақобатлашишини кутса бўлади.

Айнан қандай шаклда - аниқ эмас. Шубҳасиз, космосда ҳамма бирдек қабул қиладиган баъзи бир қоидаларни ўрнатиш керак.

Ушбу ташаббус билан биринчи бўлиб Қўшма Штатлар чиқди ва ўтган йилнинг октябрь ойида саккиз давлат (Австралия, Буюк Британия, Италия, Канада, Люксембург, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШ ва Япония) НАСА ишлаб чиққан Артемида шартномасини имзолади. Бу ҳужжат аллақачон норасмий равишда "Космик Конституция" деб аталмоқда. Бироз вақт ўтгач, Бразилия ва Украина шартномага қўшилди.

Астронавтлар

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Россия нафақат Халқаро Космик Станция бўйича АҚШнинг асосий шериги: балки яқин вақтгача, деярли 10 йил давомида, Роскосмос америкалик астронавтларни у ерга юбориб ҳам келган

Ҳужжат энг умумий тамойилларни белгилайди ва тавсия хусусиятига эга, аммо АҚШнинг Халқаро космик станциядаги (ХКС) асосий шериги бўлмиш Россия шартномани имзолашдан ва умуман НАСАнинг Ой дастурида "иккинчи ролда" қатнашишдан қатъий бош тортди. Москва Ойни параллель равишда, Хитой билан биргаликда ўзлаштиришини эълон қилди.

Умумжаҳон консенсуси муваффақиятсизликка учради.

Лойқа сувда ким балиқ тутади?

НАСА ишлаб чиққан ҳужжатни нашр этилишидан олдин танқид қила бошлашди. Америка ҳукумати Ойни икки томонлама давлат шартномалари (масалан, Япония билан) асосида ўзлаштириш ниятида эканлиги, миссияларнинг бажарилиши аслида хусусий компанияларга қолдирилгани маълум бўлганди.

Парвоз

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, 2024 йилда Ойга астронавтларни етказиши керак бўлган "Орион" космик кемасининг синовдан ўтказилиши

Биринчидан, хусусий пудратчилар Ойга одам учириши, сўнг Ой тупроғини сотиб олиш бўйича тўртта шартнома тузилгунга қадар "Gateway" Ой станциясини қуриш ва бошқалар эълон қилинди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида "Science" журнали канадалик олимларнинг "АҚШ сиёсати космосни хавфсиз ўзлаштиришга таҳдид солмоқда", деган даҳшатли сарлавҳа билан очиқ хатини эълон қилди. Уни Британия Колумбияси университетининг икки профессори: астроном Аарон Боули ва сиёсатшунос Майкл Бейерс ёзган.

"НАСА Ой тупроғини тижорий таъминотчидан сотиб олмоқда! - деб ҳаяжон билан ёзди НАСА раҳбари Жим Брайденстайн, - космик ресурсларни қазиб олиш ва сотиш қоидаларига аниқлик киритиш вақти келди."

Олимлар Американинг хусусий сектор орқали космик кенгайиши илмий манфаатларни эмас, балки бизнес манфаатларини кўзлаши ва бу фалокатга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Ой

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Ой нодир элементларнинг манбаи бўлиши мумкин ва заиф тортиш кучи туфайли унинг сатҳидан учиш анчайин кам ёқилғи талаб қилади

Ойда йирик саноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш табиий йўлдош юзасини бузиб, космик археологияга чек қўйиши, Ойнинг тортишиш кучи заифлиги шароитида у ерда ҳар қандай нарсани қазиб олиш эса орбитани космик чиқинди билан тўлдириши мумкин, деб огоҳлантиради муаллифлар.

Бу хусусий ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар Америка заминида ва Америка қонунларига биноан тузилгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, Ой эса АҚШ ёки унинг шериклари мулки эмас.

"Агар Қўшма Штатлар ўз миллий қонунчилиги доирасида Ойда операциялар ўтказишни ният қилмаётган бўлса, нега НАСА хусусий пудратчи у ерда қазиб олган Ой реголитини сотиб олади? - деб сўрайди профессор Боули. - Чунки мақсад бу масалада халқаро келишув имзолангунга қадар прецедент ўрнатишдир."

Олимларнинг таъкидлашича, Ой (ёки Ердан ташқари бошқа бирор объект) манбасини ўзлаштириш кенг ва ҳар томонлама муҳокамадан кейингина мумкин. Космик фазодаги фаолиятни тартибга солиш тамойиллари энг олий халқаро даражада қабул қилиниши ва барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиши керак. Бу қоидаларни бир томонлама жорий қилиш мумкин эмас, уларнинг муаллифлари қандай яхши ниятларда бўлишидан қатъиназар.

"Биз ҳеч бир томонга ён босмаймиз. - дейди профессор Байерс. - Биз шунчаки келишувга чақирмоқдамиз. [Икки ой илгари лавозимини тарк этган НАСА раҳбари Жим] Брайденстайн бир вақтлар космосни ўзлаштиришни балиқ овига таққослаган эди. Шунинг учун ҳам биз назоратсиз балиқ ови кўпинча ортиқча овлаш ва ресурслар тугаб қолишига олиб келишини эслатиб қўймоқчимиз."

Ой

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, "Артемис" НАСА рассомлари нигоҳида

Австралия космик саноат ассоциацияси ҳамраиси ва Аделаида шаҳридаги Флиндерс университети профессори Элис Горман ҳам Американинг ёндашуви хавфлилиги ҳақида огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар воситачилигида ва алоҳида мамлакатларнинг бир-бирлари билан махсус келишувлари орқали космосни ўзлаштириш ўртасида катта фарқ бор.

"Қўшма Штатлар энди иккинчи ёндашувни фаол равишда илгари сурмоқда ва Россия бу ёндашувни танқид қилмоқда, - дея тушунтиради у. - Дунё ҳамжамияти, менимча, космосни икки томонлама келишувлар орқали ўзлаштириш ғоясига анча хавотир билан қарамоқда. Қандай бўлмасин, мен ушбу мавзуда суҳбатлашган кўплаб мутахассислар барча мамлакатлар манфаатларини инобатга олган ёндашув ўтмишда қолгандек туюлаётганидан чуқур хавотирда."

Тешик қонун

Мутахассислар фикрича, Ойда одамларнинг фаолиятини тартибга солувчи ягона асосий халқаро ҳужжат мавжуд ва у барча мамлакатлар томонидан тан олинган. У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси йиғилишида қабул қилинган ва 1967 йилда кучга кирган Космос ҳақидаги битимдир.

Учрашув

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Лондонда фазога оид шартноманинг имзоланиши (чапдан ўнгга: Совет элчиси Михаил Смирновский, Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Майкл Стюарт, Америка элчиси Девид Брюс)

Бошқача қилиб айтганда, космик кучлар ўзаро келишиши мумкин бўлган ягона ҳужжат ярим асрдан кўпроқ вақт олдин - Ой ресурсларини ўзлаштириш ҳақида фақат илмий фантастика муаллифлари ўйлаган вақтларда ишлаб чиқилган.

"Бу Швейцария пишлоғига ўхшайди - илма тешик. - деб кулади РУДН университети халқаро ҳуқуқ профессори Аслан Абашидзе. - Демак, бу фақат Америка муаммоси эмас."

Абашидзе таъкидлашича, ҳужжатда фақат энг асосий принциплар, масалан, ядро каллаклари ва бошқа оммавий қирғин қуролларини орбитага жойлаштириш олдини олиш кабилар белгиланган. Бироқ ҳатто энг асосий тушунчаларнинг ҳам ҳуқуқий таърифлари мавжуд эмас: хусусан, "космос" сўзи нимани англатиши аниқ кўрсатилмаган.

"Ҳаво ҳудуди қаерда тугайди ва космос қаерда бошланади? - деб қўлларини силкитади профессор Абашидзе, - бу жуда муҳим савол: ҳаво ҳудуди давлат суверенитетига даҳлдор, космос эса ундан ташқарида."

Ой

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Ой Халқаро Фазо Станциясидан худди ана шундай кўринади

Шунга қарамай, НАСА раҳбарининг халқаро масалалар бўйича ўринбосари Майкл Голд таъкидлаганидек, сўнгги ярим аср мобайнида космик қонунчиликка асос солган ҳужжат ўз аҳамиятини йўқотмаган. Артемида шартномаси ҳам унинг қоидаларига асосланади.

"Шартнома, албатта, аллақачон 50 ёшдан ошган, аммо у кўпи билан 35 ёшга ўхшайди, ундан кўп эмас", деб ҳазиллашади Голд.

Космосдан фақат тинчлик мақсадларида фойдаланиш мумкинлиги тўғрисидаги асосий қоидадан ташқари, 1967 йилги ҳужжатда давлатларнинг космосни ўзлаштириш учун тенг ҳуқуқларга эга эканлиги таъкидланган. Мамлакатларга Ойни ёки бошқа осмон жисмларини ўз мулки деб эълон қилиш, улар устидан назорат ўрнатиш ва ўз суверенитетларини кенгайтириш тақиқланади. Бироқ давлатлар ўзлари космосга чиқарган объектлар устидан назоратни сақлаб қолади ва бундай учиришлар натижасида етказилган зарар учун ҳам жавобгарликни ўз зиммаларига олади.

"Бу принципларнинг барчаси бугунги кунда ҳам 50 йил аввалгидан кам аҳамиятга эга эмас, шунинг учун Космос ҳақидаги битим энг муҳим ҳужжат бўлиб қолмоқда, - дейди Майкл Голд. - Артемида келишувида биз шунчаки баъзи тафсилотларга ойдинлик киритмоқчи эдик, яъни мамлакатлар космик операцияларда ушбу асосий принципларни бузмаслик учун қайси тамойилларга амал қилишлари керак."

Лого

Сурат манбаси, NASA

Артемида шартномалари нимани назарда тутади:

  • Ҳеч қандай қурол: космосни ўзлаштириш фақат тинчлик мақсадларида амалга оширилиши мумкин.
  • Шаффофлик: мамлакатлар бир-бирларига ва бутун дунё ҳамжамиятига ўзларининг космосдаги фаолиятлари - аллақачон амалга оширилган ва режаланганлари тўғрисида тўлиқ маълумот беришлари шарт.
  • Технологик мувофиқлик: мамлакатлар космик ускуналарни қуришда тизимлар бир-бирига мос келиши (ва агар керак бўлса, бир бирига алмаштирилиши) учун ягона меъёрларга риоя қилишга даъват этилади.
  • Ўзаро ёрдам: ҳар қандай бахтсиз ҳодиса юз берганда, мамлакатлар одамларни қутқариш учун бир-бирларига ҳар жиҳатдан ёрдам беришга мажбурдир.
  • Рўйхатдан ўтиш: космосга учирилган барча объектларнинг умумий реестри уларнинг тўқнашуви олдини олади.
  • Маълумот олиш: Артемида дастурини амалга ошириш жараёнида олинган барча маълумотлар жамоатчиликка очиқ бўлиши керак.
  • Тарихий меросни муҳофаза қилиш: мамлакатлар тарихий аҳамиятга эга жойларни зарарламаслиги керак (масалан, одам биринчи марта Ойга қўнган жой).
  • Жамоавий мулк, умумий жавобгарлик: ҳеч бир давлат ёки компания маълум ресурсларни қазиб олиш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга эмас; Артемида дастури иштирокчилари уларни қазиб олиш учун биргаликда жавобгардир.
  • Можаролар олдини олиш: Бошқа давлатлар манфаатларини ҳурмат қилишни талаб қилиш ва операцияларнинг моҳияти ва қаерда ўтказилиши тўғрисида олдиндан келишиб олиш.
  • Космик чиқиндиларни тозалаш: ҳар қандай қўшимча маҳсулотни, шу жумладан, эскирган космик кемалар ва станцияларни йўқ қилиш режасини олдиндан келишиб олиш керак.

Ўлдирилмаган айиқ териси

Назарий жиҳатдан, космосда фойдали қазилмаларни қазиб олиш жуда фойдали иш. Осмон жисмлари ноёб элементлар ва қимматбаҳо металлар манбаига айланиши мумкин: баъзи тахминларга кўра, диаметри 30 м бўлган астероиддаги платинанинг ўзи тахминан 25-50 миллиард долларга тенг. Яна у ерда никель, кобальт, темир ва бошқа элементлар ҳам бор.

Шунингдек, Ойда сув ҳам борлигини олимлар 10 йил олдин исботлагани жуда катта аҳамиятга эга. 2040 йилдан кечиктирмай, Япония Ой қутбларидаги кратерларни юпқа қатлам бўлиб қоплаган музларни қазишни бошлашни режаламоқда. Японияликлар кислородни водороддан ажратиб, иккала элементни ҳам ракета двигателлари учун ёқилғи сифатида сотмоқчи - Ойга етиб борган космик кемага Ерга қайтиш ёки Марсга учиш учун ёқилғи қуйиш мумкин.

Москва ҳам шунга ўхшаш режаларни билдирди. Бундан ташқари, Россия, Ҳиндистон ва Хитой келажакда гелий-3ни Ойда қазиб олиш имкониятларини тилга олган. Ушбу изотопдан термоядро реакторлари учун хавфсиз ва экологик тоза ёқилғи сифатида фойдаланиш мумкин.

Келажакда Ой мустамлакачилари у ёки бу тарзда музокара олиб боришлари ва ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришлари кераклиги аниқ, акс ҳолда, можаролар олдини олиш мумкин эмас.

Ҳозирда собиқ президент Дональд Трамп ўтган йил апрель ойида хусусий компанияларга Ой ресурсларини қазиб олиш ҳуқуқини берувчи фармонни имзолаганида, "Роскосмос" буни "космосни тортиб олишга уриниш" ва "бошқа сайёралардаги ҳудудларни самарали эгаллаб олишнинг тажовузкор режалари" деб атаган эди.

Президент Дональд Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Трампнинг хусусий компанияларга Ой ресурсларини қазиб олишга рухсат бериш тўғрисидаги фармони Москвада табиий йўлдош ҳудудини эгаллаб олишга уриниш сифатида қабул қилинди

Бироқ халқаро ҳуқуқ соҳасидаги мустақил экспертлар Москванинг фикрига қўшилишлари эҳтимолдан узоқ. Уларнинг фикрича, Трампнинг қарорини ноқонуний деб бўлмайди, чунки расман у ҳеч нарсани бузмайди, аксинча, ҳуқуқий вакуумда.

Гап шундаки, БМТнинг 1979 йилдаги "Давлатларнинг Ойдаги ва бошқа осмон жисмларидаги фаолияти тўғрисида"ги битимини (айнан унда Ой ресурслари "ҳеч бир давлат ёки ташкилотнинг мулки бўлиши мумкин" эмаслиги ва Ер табиий йўлдоши ҳеч бир давлат тасарруфида эмаслиги таъкидланган) Қўшма Штатлар имзоламаган, шунинг учун у мазкур ҳужжат ўрнатган чекловларга риоя қилишга мажбур эмас.

Бироқ СССР ҳам унга имзо чекмаган, шунинг учун бу борада Москванинг АҚШдан хафа бўлиши жуда ғалати. Келишувни Катта еттилик давлатларининг бирортаси тан олмайди ва ҳозирда ўз космик дастурига эга бўлган барча давлатлардан фақат Австралия ушбу битимни ратификация қилган.

Ой

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Ой сатҳидан "Ер шафақи"

Ва 1967 йилги ҳужжатда космик ресурслар ҳақида бирор сўз йўқ, фақат "Ой устидан суверенитет эълон қилиш ёки фойдаланиш ёки босиб олиш йўли билан ёки бошқа усул билан эгаллаб олиш" деган ибора бор.

Бироқ Вашингтон НАСАнинг хусусий пудратчилари ва уларнинг шериклари, таърифга кўра, Ой устидан суверенитет эълон қилиш у ёқда турсин, уни на ўзлаштира олади ва на эгаллайди, дея таъкидлайди. Бу шуни англатадики, қазиб олишни бошлаш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

"Қўшма Штатлар 1967 йилги Космос тўғрисидаги шартноманинг ушбу талқинини глобал даражада белгилаб қўйиш учун барча мумкин бўлган дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, - дейди профессор Байерс. - Гўёки космосда тижорий мақсадда қазиб олишларга рухсат бор ва бу йўлдаги барча масалаларни давлат ўз миллий қонунчилиги доирасида ҳал этиб кетавериши керак."

Артемида шартномасининг имзоланиши аслида ушбу талқинни кучайтиради, дея огоҳлантиради экспертлар ва, юмшоқ қилиб айтганда, ҳамма ҳам бунга қўшилмайди.

Яна қандай вариантлар бор?

Бироқ ҳеч ким космик келишувларнинг муқобил вариантларини ҳали таклиф қилмаган, қабул қилинган ҳужжатга қарши қўйиш учун алоҳида нарса йўқ.

Артемида шартномасини аллақачон имзолаган АҚШ ва унинг ҳамкорларидан ташқари, фақат Россия ва Хитойда Ойни ўзлаштириш бўйича алоҳида режа (ва бунинг учун зарур илмий-техник база) бор. Аммо улар ҳам бир-бирларига кўп нарса таклиф қила олмайди, айниқса, февраль ойида "Енисей" ўта оғир ракетасини ишлаб чиқариш тўхтатилгандан сўнг. Бу ракета фақат Ой дастури доирасида ва унинг эҳтиёжлари учун фойдаланишга топширилиши керак эди.

Бир томондан, Москва ва Пекин 9 март куни ўзаро англашув меморандумини имзолади ва келажакда Халқаро Илмий Ой станциясини (ХИОС) биргаликда яратишни ният қилдилар ва лойиҳа "барча манфаатдор мамлакатлар ва халқаро шериклар учун очиқ" эканини маълум қилдилар.

Ой

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Дастур қадимги юнон ов маъбудаси, Аполлоннинг эгизаги сингари Артемида шарафига номланган

Бошқа томондан, дангал айтганда, ҳозиргача бу улкан лойиҳа қоғозда ҳам мавжуд эмас. Уни амалга ошириш бўйича аниқ режалар йўқ ва имзоланган меморандумда фақат станцияни "биргаликда яратиш харитасини ишлаб чиқиш" ваъда қилинган.

Мутахассислар ХИОС қурилиши 2030 йиллар ўрталаридан аввал бошланмаслигини тахмин қилмоқда. Буни "Роскосмос" раҳбари Дмитрий Рогозин билвосита тасдиқлади: давлат корпорациясининг кейинги ўн йиллик режаларини санаб, у Россиянинг учта Ой миссиясини эслатиб ўтди, аммо улкан рус-хитой лойиҳаси ҳақида бир оғиз сўз айтмади.

Кўриниб турибдики, космик манфаатларнинг тўқнашуви фақат назарий жиҳатдан мумкин.

"Ҳақиқий муаммолар яна бир неча ўн йилликлар давомида юзага келмаса керак, - дейди Люксембург Университетининг халқаро ҳуқуқ профессори Маулена Хофманн, - Қачонки ресурсларни реал равишда қазиб олиш имкони пайдо бўлса, ўшанда қандайдир ҳуқуқий тартибот ўрнатилади."

Реалполитика космик миқёсда

"Артемида шартномаси" қандайдир якуний ҳужжат эмас, аксинча, космосдаги фаолият тартиб қоидаларини муҳокама қилишнинг бошланиши, дейди Майкл Голд. Албатта, келажакда батафсилроқ расмий қоидалар ва келишувлар талаб қилиниши мумкин.

Айни пайтда, НАСА ишлаб чиққан ҳужжат фақат Артемида дастурида иштирок этадиган мамлакатларнинг амалдаги космик қонунчиликда назарда тутилган мажбуриятларини бажаришини таъминлашга қаратилган.

Ой

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Ой дастуридан сўнг НАСА Марсни ҳам тадқиқ қилишни режалаштирмоқда

"Ҳали мавжуд бўлмаган саноат учун самарали оператив қоидаларни яратиш қийин, - дейди НАСА директори ўринбосари қўлларини силкитиб. - Шахсан мен биз ва бошқа мамлакатлар ўзларининг космик тадқиқотларидаги тажрибаларини Бирлашган Миллатлар Ташкилотига узатишини жуда истардим, ушбу жамоавий тажрибанинг баъзи умумий қоидалари аллақачон ёзилган, бу бутун инсоният манфаатларига жавоб беради."

"Аммо тушуниш керак: биз аллақачон Ой ва Марсда ҳақиқий ишларни бошламоқдамиз (Артемида дастури доирасида биринчи парвоз шу йил кузида бўлади ва одам бошқарадиган кема 2024 йилда ойга қўниши режаланган - Би-би-си эслатмаси) ва худди шу нарсани бошқа давлатлар ҳам қиляпти. Шу боис, биз баъзи янги ҳужжатлар ва битимлар қабул қилинишини кутиб ўтирмаймиз - биз ўз ишимизда қандай тамойилларга амал қилишимиз тўғрисида олдиндан келишиб олишимиз керак, холос", деб таъкидлайди Голд.

Небраска университети космик ҳуқуқ бўйича профессор Франс вон дер Дунк вазиятдан чиқишнинг идеал йўли БМТ даражасида янги асос ҳужжатни қабул қилиш, космосни ўзлаштириш бўйича давлатлар ва хусусий компаниялар учун зарур чекловларни ўрнатишдир, деб ҳисоблайди.

Аммо бунинг иложи йўқ, дейди профессор: ҳатто космик кучлар охир-оқибат ўзаро келишишга муваффақ бўлса ҳам, бу ўнлаб йиллар давом этади. Ой учун пойга эса аллақачон бошланган ва биз имкон қадар тезроқ ҳаракат қилишимиз керак.

Ой

Сурат манбаси, NASA

Сурат тагсўзи, Ой чиқиши

"Ҳақиқий танлов жуда осон: умуман ҳеч нарса қилманг ёки бир томонлама ташаббуслардан бошланг, - дейди у. - Албатта, айрим давлатларга ушбу ёндашув ёқмаслиги ва улар бир-биридан тубдан фарқ қиладиган йўлни танлаши хавфи мавжуд. Аммо узоқ муддатли истиқболда, бундай ҳолат аниқ бир вақтга бориб, соҳани халқаро тартибга солишни заруратга айлантириб қўйиши мумкин"

Ўзбек ё Хитой пахтаси: Ойда экилган чигит униб чиқди

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek