Инсон Марсда нима топди? Oдамлар ва дунё, video, dunyo, ilm-fan, yangiliklar

Сурат манбаси, ESA/ROSCOSMOS/CASSIS
Қизил сайёра анчайин гавжумлашиб қолди. НАСА кеча, 18 февраль куни Марсга яна бир машинасини қўндирди. Бу марскезарнинг энг мукаммали экани айтилмоқда. Одамзод шунча пул харжлаб, шу пайтгача Марсда нима топди?
CaSSIS миссияси
Шу ой Қизил сайёра ўзининг янги йилига ("36 йил" деб аталади) қадам қўйди. Ер ўз орбитаси бўйлаб ҳаракатланиб, Марсни қувиб ўтганига кўп бўлмади.
Ер ва Марс ўртасидаги масофа доимий ўзгариб туради, чунки бу икки сайёра Қуёш атрофида турлича тезликда ҳаракатланади, шу боис, Марсга учириладиган ракета учун қулай фурсат ҳар 26 ойда бир марта - сайёралар бир-бирига яқинлашганда келади.
НАСАнинг "Perseverance" (Бардош) марскезари - ушбу сайёрага шу пайтгача юборилган энг такомиллашган машина бўлиб, 18 февраль куни Марсга қўнди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шунга қарамай, Қизил сайёра аллақачон яқиндан кузатила бошлаган.
2016 йили учирилгандан ва Марс атрофидаги орбитадан жой олгандан бери CaSSIS (Colour and Stereo Surface Imaging System) камераси олимларга сайёранинг юзаси ҳақида кўплаб маълумотларни юбормоқда.
Ушбу камера Европа Фазо Агентлигининг (ЕФА) Марс атмосферасидаги метан ва бошқа газларни ўрганиш учун учирилган "Exomars Trace Gas Orbiter" орбитал аппаратига жойлаштирилган.

Сурат манбаси, ESA/ROSCOSMOS/CASSIS
"CaSSIS"нинг техник мақсади келгусидаги парвозларда аппаратларни қўндириш учун қулай жой қидиришдир. Ана шундай миссиялардан бири ЕФАнинг 2022 йилга мўлжалланган "Exomars" миссиясидир.
Аммо илмий мақсадлардаги фаолиятининг бир қисми сифатида ушбу камера сайёра юзасидаги турли минераллар, каньонлар, кратерлар ва бошқа геологик хусусиятларни ҳам кузатмоқда.
Instagram да эълон қилинган суратларда муз қатламлари ва чанг бўронлари ҳам кўрсатилган.

Сурат манбаси, ESA/ROSCOSMOS/CASSIS
Шропширдаги Освестри шаҳарчасидан профессор Николас Томас ясаган юқори резолюцияли камера ва Швейцариянинг Берн университетида у етакчилик қилаётган лойиҳа ҳозир Марс юзасидан 20 000дан ортиқ сурат олди.
"Биз аллақачон билган нарсалар ҳам бор, аммо "CaSSIS"нинг ёрдамида янада кўпроқ маълумот олдик."
"CaSSIS"нинг айрим жойлардаги чўкинди қатламларни кўра олиши биз учун қизиқ маълумотлар беради", дейди у Би-би-сига.

Сурат манбаси, ESA/ROSCOSMOS/CASSIS
"Менга ёққан бошқа бир нарса, биз Mарс юзасида кўтарилган ажойиб қуюнларни кўрдик."
"Бошқа ускуналардан фойдаланганимизда улар бу қадар тиниқ кўринмаган."
Ўтган бир неча ойда CaSSIS ҳафтасига 300 та сурат олди.

Сурат манбаси, ESA/ROSCOSMOS/CASSIS

Сурат манбаси, ESA/ROSCOSMOS/CASSIS
Бу камера рангларни юқори аниқликда ажрата олади, шунинг учун ундан олинган маълумотлар НАСАнинг Марсни кузатиш орбитал аппарати - "Mars Reconnaissance Orbiter"га ўрнатилган ўта юқори резолюцияли тасвирга олиш тизими - HiRISE орқали олинган маълумотларга қўшилди.
"Биз ҳозир илмий соҳада биргаликда кўп иш қиляпмиз", дейди проф. Томас.
Қизил сайёранинг "CaSSIS" суратга олган қисми - Сизифи Толусда музлаган чўкиндилар борлиги аниқланди.

Сурат манбаси, ESA/ROSCOSMOS/CASSIS
Сайёранинг юқори кенгликларида карбонад ангидрид музи шаклланган бўлиб, юза ёриқларидан бемалол кўриш мумкин.
"CaSSIS" аппарати қандай ишлайди?
Гуруҳ суратга олишдан аввал маълумотлар базасидан бирор жойни аниқ белгилаб олади.
"CaSSIS" Марс осмонида сониясига 3 км тезликда учади, шу боис, сурат жуда тез олиниши керак. Сурат олиш учун атиги 1.5 миллисония вақт кетади.
"400 км масофадан ҳар бир пикселга 4.5 метр жой тушади. Бу худди Ливерпулдан туриб, Лондондаги автобусни суратга олишдек гап", деб тушунтиради проф. Томас.
Камера маълумотларни бойитиш учун сунъий ранглардан фойдаланади.
Ранглар инсон кўзига кўринадигандан фарқли бўлади, аммо у олимларга Қуёш нурини турли рангларда акслантирадиган минералларни ажратиб олишига ёрдам беради.
"Биз "CaSSIS" илмий мақсадларда хизмат қилишини мўлжаллаганмиз, шунинг учун камера тизимига оддий қизил, яшил ва кўк рангларни киритмадик. Аммо илмий натижаларни олиш учун рангларни оптималлаштирдик", дейди профессор Томас.
"CaSSIS" гуруҳи эътибор қаратган нуқталардан бири Марсдаги Жезеро кратеридир.

Сурат манбаси, ESA/ROSCOSMOS/CASSIS
Ана шу жойга келаси ҳафта НАСАнинг "Perseverance" марскезари қўниши мўлжалланган, сўнг у сайёрада ўтмишда ҳаёт бўлган бўлмаганини текширади.
Проф. Томаснинг айтишича, гуруҳда Жезеро каби жойни суратга олиш учун бир йилда атиги тўрттадан олти мартагача имконият бўлади.
"Perseverance" қўнгандан беш кун ўтгач, "CaSSIS" унинг қўниб бўлгач, ажратиб ташлаган парашюти ва иссиқдан ҳимоя қалқонини суратга олади.
"Биз рухсат олдик, агар у муваффақиятли қўнса, ҳаммаси яхши, биз унинг қалқонини кўришимиз мумкин."
"Аммо у оёғи осмондан бўлиб тушса ёки нотўғри жойга қўнса, уни қидиришга ёрдам берамиз", деб қўшимча қилади проф. Томас.
Камера орбитаси бўйлаб ҳаракатланаверади ва "ExoMars"га 2022 йилда ёрдам бериши режаланган.
Проф. Томас лойиҳа 2025 йилгача ишлашига умид қилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












