Марс сайёрасига парвоз муваффақиятли амалга ошган

Миррихнинг юза қисми акс этган оқ-қора тасвирдаги сурат
Ерга юборилган

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Миррихнинг юза қисми акс этган оқ-қора тасвирдаги сурат Ерга юборилган

Ўтган йили ноябрида Ердан парвоз қилган "Кьюриосити" марсоходи Марс планетасига муваффақиятли бориб қўнган.

Бир тонна оғирликдаги аппарат Миррих экватори яқинидаги Гейла кратерига қўндирилган.

Гейлада айни пайтда қиш тугаб, баҳор бошлангани айтилмоқда.

Космик аппарат НАСА мутахассисларининг аралашувисиз, автоматик тарзда қўнувни амалга оширган.

Қўниш амалга оширилгани ҳақидаги сигнал марсиан орбитасида жойлашган "Одиссей" сунъий йўлдош аппарати орқали Ерга узатилган.

Қизил планета томонга парвоз қилган "Кьюриосити" марсоходи 560 миллион километр масофани босиб ўтиб, Миррихга қўнган ва планетанинг биринчи суратларини Ерга жўнатган.

НАСА олимлари Миррихнинг юза қисми акс этган оқ-қора тасвирдаги суратни олишганини эълон қилишган.

Камера ойнасидан ҳимоя қалпоғи олинмаганлиги суратнинг сифатига таъсир қилган бўлса-да, у тарихий сурат бўлган.

НАСА ходимлари марсоходнинг муваффақиятли қўнганини ҳаяжонлар билан кутиб олишган.

Сурат манбаси, nasa

Сурат тагсўзи, НАСА ходимлари марсоходнинг муваффақиятли қўнганини ҳаяжонлар билан кутиб олишган.

Қизил планетанинг рангли суратини олишга рухсат Парвозларни бошқариш марказига яқин кунларда берилиши маълум қилинган.

Космик аппарат Миррихда камида икки йил давомида бўлиши ва Қизил планетада қачонлардир, ибтидоий шаклда бўлса ҳам ҳаёт бўлганми-йўқлиги ҳақида аниқлаши лозим.

Миррих сайёрасига парвоз устида 10 йил давомида тадқиқотлар олиб борган олим ва инженерлар, НАСА ходимлари марсоходнинг муваффақиятли қўнганини ҳаяжонлар билан кутиб олишган.

Лойиҳага 2 ярим миллиард доллар сарфланган.

Космик аппарат икки йил давомида ишлаши кўзда тутилмоқда.

Плутоний асосида яратилган изотопли электргенераторлар марсоходни 14 йил давомида қувват билан таъминлаш қудратига эга.

НАСАнинг маълум қилишича, 570 миллион километрни босиб ўтган қурилма бир қанча хавфли шартларни автоматик тарзда бажаришига тўғри келган.

Соатига 20 минг километр тезликдан қўниш тезлигига ўтиш ва Миррих заминига ғилдиракларни оҳиста тегишини амалга ошириш керак эди.

 Миррихга омадли қўниш ҳақидаги сигнални нафасни ичга ютиб кутишга тўғри келган

Сурат манбаси, Nasa

Сурат тагсўзи, Миррихга омадли қўниш ҳақидаги сигнални нафасни ичга ютиб кутишга тўғри келган

Миррихга омадли қўниш ҳақидаги сигнални "Одиссей" Ерга етказгунича 13 дақиқа ўтган.

Парвоз раҳбари Чарльз Болдек бу дақиқаларни нафасни ичга ютиб кутишга тўғри келганини айтган.

"Биз яна Марсдамиз" деб хитоб қилган у тўпланганларга узоқ кутилган сигналдан сўнг.

"Кьюриосити" НАСА дан учирилган тўртинчи марсоход бўлиб, ўзининг сиғими ва имкониятлари бўйича олдингиларидан кўп маротаба устунликка эга.

Янги космик аппаратнинг мақсади Миррихнинг Гейла кратерига кўтарилиш, унинг заминидан намуна олиш ва қачонлардир ҳаёт бўлганлигини исботловчи далилларни топиб Ерга жўнатишдир.

Олимлар шу тариқани Миррихни ўрганиш мумкинлигини, бироқ тез натижаларга умид қилмаётганликларини айтишган.

НАСА мутахассисларига кўра, олдинги "Оппортьюнити" ва "Спирит" лойиҳалари ҳисобида 30 миррих куни бўлгани учун, тадқиқотларда шошилишга тўғри келган.

"Кьюриосити"нинг плутон батареялари Миррихда камида икки йил, балки ундан ҳам узоқроқ- 10 йилгача муддат давомида қолишга имкон бериши умид қилинмоқда.