Ҳиндистон Миррих сайёрасини забт этган тўртинчи давлат бўлмоқчи

Сурат манбаси, 1

Ҳиндистон ўз тарихида илк бор Миррих сайёрасига ўзининг фазогирсиз аппаратини учирди.

Ҳинд Фазо Агентлиги раҳбарининг Би-би-сига айтишича, янги лойиҳа Ҳиндистоннинг Миррих орбитасини забт этиб, у ерда тажриба ўтказишга қодирлигини кўрсатади.

Фазо аппарати Гринвич вақти билан соат эрталабки 9:08 да Шрихарикот космодромидан Ҳиндистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган ракета ташувчи ёрдамида фазога йўл олди.

Агар, аппаратнинг парвози режага мувофиқ кечса, у 300 кунда, яъни келаси йилнинг сентябр ойида Миррихга етиб боради.

Айрим кузатувчилар сўнгги янгиликка Ҳиндистон, Хитой, Япония, Жанубий Корея ва бошқа Осиё давлатлари орасидаги фазо пойгасининг навбатдаги кўриниши сифатида баҳо беришмоқда.

Бизнинг тадқиқотларимиз

"Сайёралараро тадқиқотлар - маънисизлик эмас. Ҳиндистон ўрганишга арзигўлик бир талай жиҳатларни топди", - дейди "Mullard" Британия илмий тадқиқотлар марказидан профессор Эндрю Коутс.

Профессорнинг сўзларидан аён бўлишича, ҳиндистонлик олимлар Миррих сайёрасида метан гази бор-йўқлиги ва ундан очиқ фазога газлар қандай суръатда чиқаётганини аниқлашмоқчи.

Чунки Ердан туриб ва орбитага чиқарилган турли аппаратлар воситасида олиб борилган тадқиқотлар Миррих сайёрасида метан гази борлигини кўрсатган.

Аммо НАСАнинг Миррихнинг сиртида ишлаётган "Кьюриосити" аппарати ҳозирча у ерда бунга тўқнаш келмаган.

Аён бўлишича, метан Миррих атмосферасида узоқ сақланиб турмайди. Бу эса, унинг манбаси борлигига далолат қилади.

Ер сайёрасидаги метаннинг 95 фоизи бактериялар ёрдамида ишлаб чиқарилади.

Аммо метан биологик бўлмаган жараёнлар, жумладан, вулқонларнинг фаолияти таъсирида ҳам пайдо бўлади.

Миррихга фазо аппарати учириш лойиҳаси Ҳиндистонда ўтган йил маъқулланганди.

Ҳиндистонлик олимлар Ер ва Миррих бир-бирига яқин бўлган пайтда фазога учириш учун уни бир йилнинг ўзида ясаб битказишди.

Мураккаб вазифа

Лозим йўналишга тушиб олиб, Миррихгача бўлган 780 миллион чақирим йўлни босиб ўтиши учун фазо аппарати 30 ноябргача барча двигателларини ишга тушириб олишга улгуриши керак.

Ҳиндистонлик олимлар ҳам бунинг қанчалик қийинлигини англаб туришибди: Чунки шу пайтгача Миррихга амалга оширилган парвозларнинг фақат ярмига яқини муваффақиятли бўлган, холос.

Айримлар эса, Миррихга парвоз учун 100 миллион доллар сарфлаш қанчалик оқилона иш бўлганини савол остига олишмоқда.

Чунки Ҳиндистон қорни тўйиб овқат емайдиган болаларнинг сони бўйича дунёдаги энг пешқадам давлатлардан бири саналади.

Аммо лойиҳа тарафдорларига кўра, бу унчалик ҳам катта маблағ эмас ва Ҳиндистон иқтисодига талайгина фойда ҳам келтириши мумкин.

"Ҳиндистонда ночорлар кўп. Аммо иқтисоди жадаллик билан ривожланиб бормоқда ва "Катта йигирмалик"ка ҳам киради. Аксарият ҳолларда одамлар қашшоқлик мавжуд эканига қарамай, дунёда ўз ўрнимиз борлигини англаб етишмайди. Биз нафақат камбағаллар ҳақида қайғуришимиз, балки дунё илм-фанига ҳам ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим", - дейди "Oxfam" хайрия ташкилотидан Ниша Агравал.