Ой, Марс ва бошқа сайёралардан тижорат мақсадларида фойдаланишга оз қолдими? Россия фазо учун курашдан чиқиб кетадими?

nasa

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Кейт Стивенс ва Паллаб Гош
    • Role, BBC

Фазони забт этиш учун янги пойга бошланмоқда - бу сафар Америка ва Хитой ўртасида. Аммо фазони ўрганиш фақат битта катта давлатнинг ўзи эплайдиган ишга ўхшамаяпти.

Техник жиҳатдан ўта мураккаб ва қимматга тушадиган бу каби мақсадлар бирлик йўқ бўлган дунёда амалга ошиши қанчалик имконли?

NASAнинг Ойга қайтиши "Артемида" дастуридан бошланди. Учта миссиянинг биринчиси муваффақиятли старт олди. Ушбу экипажсиз парвоз ракеталар ва технология нормал ишлашини синовдан ўтказди. Иккинчи миссия эса одамларни ҳар қачонгидан ҳам узоқроққа, космосга олиб чиқади ва учинчи парвоз фазогирларни тажриба ўтказиш учун бир ҳафтага Ойга жўнатади. Узоқ муддатли мақсад эса Ойдан Марсга бориш учун бошланғич бекат сифатида фойдаланишдир.

Аммо дастурнинг қиймати 93 миллиард доллар деб баҳоланмоқда, бу аллақачон иқтисодий босимни ҳис қилаётган АҚШ солиқ тўловчиси учун катта юк.

Ўтган йили Конгрессга тақдим этган ҳисоботда АҚШ Бош аудиторлик идораси "нореал ривожланиш режалари" ва потенциал харажатлар ошиши ҳақида огоҳлантириб, NASA харажатлар сметасини "ишончлироқ ва шаффофроқ" қилиши кераклигини қўшимча қилганди.

Видео тагсўзи, Фазода кўплаб нарсалар кашф этилмоқда.

Бироқ, NASA 2023 йилда бюджетдан ўзи сўраганидан камроқ маблағ оладиган бўлса да, Конгресс ҳозир ҳам унинг инсон иштирокидаги космик сафарлар лойиҳаларини қўллаб-қувватламоқда.

Хитой ўзининг тўлиқ ишлайдиган Tiangong космик станциясини орбитага олиб чиқди. Хитой космик дастури Ой ва Марсга зондлар учирди. 2025 йилга бориб Ойда учувчисиз тадқиқот станциясини қуриш, 2030 йилга бориб эса унга фазогирларни қўндириш режалаштирилган.

Одамларни Ойга юбориш аввал ҳам амалга оширилган, аммо кейинги босқич - уларни Марсга елтиш анча қийин. Қизил сайёра Ойдан 250 марта узоқроқда жойлашган ва ҳозирда қизил сайёрага одам юбора оладиган космик кема йўқ.

Олимлар ҳатто оғир ракетани учириш ва уни атмосфераси сийрак сайёрага қўндириш йўлини топса ҳам, яна бир синов қолмоқда: космосда бир неча ой бўлганидан сўнг фазогирларни уйларига хавфсиз қайтариш.

Совет иттифоқидан бўлган Юрий Гагагин фазодаги энг биринчи одам бўлди

Сурат манбаси, SPL

Сурат тагсўзи, Совет иттифоқидан бўлган Юрий Гагагин фазодаги энг биринчи одам бўлди

Тарихан қудратли давлатлар Ер юзида ҳукмронлик қилиш учун курашган. Америка ва Россия 1950 ва 1960 йилларда ҳукмронлик учун беллашди. Руслар биринчи одамни орбитага олиб чиқдилар. Орадан бир неча йил ўтгач, америкаликлар Ойга одам қўндириб, унга ўз байроғини тикдилар.

1970 йилларда бошланган ҳамкорликнинг олтин даври 1998 йилда Халқаро космик станция (ХКС) қурилиши билан якунланди.

Яна 13 та ҳамкор давлат ва икки қудратли давлат коинотдаги энг катта иншоотни қурди. У бирорта давлатга тегишли эмас ва улар ҳамкорликда станциядан фойдаланади.

АҚШ ва Совет фазогирлари орбитада қўл сиқишди ва ушбу икки қудратли давлатнинг қоинотдаги олтин даврига йўл очди

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, АҚШ ва Совет фазогирлари орбитада қўл сиқишди ва ушбу икки қудратли давлатнинг қоинотдаги олтин даврига йўл очди

Бу станция давлатлар ўзаро нифоқни четга суриб, биргаликда ҳаракат қилса, инсоният нималарга эриша олиши рамзи бўлди.

Аммо ўша вақтда воқелик бироз бошқача эди. Шуниси эътиборлики, Америка Хитойнинг ХКСда шерик бўлишига тўсқинлик қилди, шунинг учун хитойликлар ўз йўлидан кетди.

Яқинда, Украина босқинидан бир неча ҳафта ўтгач, давлатлар Россия билан ҳамкорликни тўхтатдилар. Европа космик агентлиги (ЕКА) ва Россия ҳамкорлигидаги Ойга иккита қўшма миссия бекор қилинди, шунингдек, қизил сайёрада ҳаёт белгиларини излаш бўйича қўшма ровер лойиҳаси ҳам тўхтатилди.

Халқаро космик станция 15 давлат ҳамкорлигида қурилган коинотдаги энг йирик иншоот ҳисобланади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Халқаро космик станция 15 давлат ҳамкорлигида қурилган коинотдаги энг йирик иншоот ҳисобланади

Бироқ ХКСдаги ҳамкорлик давом этмоқда ва Ғарб давлатлари уни орбитада ушлаб туриш учун Россия билан ишлашлари керак. Америкалик ва европаликлар ҳали ҳам Москва марказида, Россия космонавтикаси штаб-квартираси - Стар ситида машғулот ўташади.

Аммо 2030 йилда ХКСнинг фойдаланиш муддати тугаса нима бўлади?

Лондондаги Қироллик Бирлашган Хизматлар Институтининг космик сиёсат бўйича таҳлилчиси Жулиана Зюсснинг айтишича, технологияси эскирганлиги сабабли Россия ҳозир ҳамкор мамлакатларга аввалгидан кўра камроқ асқатади. Коинотга биринчи бўлиб чиққан давлат биринчи бўлиб бу ҳамкорликдан чиқиб кетиши мумкин.

"Агар россияликлар ХКС иши тўхтагунча, бирор йўл топишмаса ёки ўзларининг космик станцияларини қурмаса, ҳозирги шароит ва санкцияларни ҳисобга олсак, коинотга инсонни учириш имкониятидан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин", дейди у.

Россиянинг оғир аҳволи Хитойнинг космик дастури жадал ривожланаётган бир пайтда юзага келди. Сўнгги ўн йил ичида Хитой 200 дан ортиқ ракета учирди, ваҳоланки, унинг коинот тадқиқотлари учун харажатлари Американикига нисбатан анча кам.

Хитой ҳамкорлик қилиш техник ноу-хау ва маблағ келтиришини билади. У ХКСга кириши тақиқланган бошқа давлатларни ҳамкорликка таклиф қилди ва илмий тажрибаларда иштирок этишга чақирди.

Орбитадаги Хитой космик станциясида энди экипаж бор ва у илмий тажрибалар ўтказишни истаган ҳар қандай давлат учун очиқ

Сурат манбаси, Future Publishing

Сурат тагсўзи, Орбитадаги Хитой космик станциясида энди экипаж бор ва у илмий тажрибалар ўтказишни истаган ҳар қандай давлат учун очиқ

Етмиш икки мамлакат ҳозир ўзининг космик дастурига эга, чунки улар янги космик пойгадан четда қолишни истамайди.

Миллиардер фазо сайёҳлари

Космос кундалик ҳаётимизнинг муҳим қисмидир. Бизга об-ҳаво маълумотлари, алоқа, банк хизматлари учун сунъий йўлдошлар керак, давлатлар учун қиммат кузатув воситаларини ку айтмаса ҳам бўлади. Орбита борган сари тўлиб боряпти. 2021 йилда 5 мингга яқин сунъий йўлдош учирилган. Агар 20 йил ортга қайтсак, ҳар йили 800 га яқин ишга туширилар эди.

Amazon раҳбари Жеф Безос "Юлдузли йўл" филмида капитан Кирк ролини ўйнаган Уилям Шатнерга Blue Origin ракетасида фазога учиш ҳаражатларини тўлаб берди

Сурат манбаси, Anadolu Agency

Сурат тагсўзи, Amazon раҳбари Жеф Безос "Юлдузли йўл" филмида капитан Кирк ролини ўйнаган Уилям Шатнерга Blue Origin ракетасида фазога учиш ҳаражатларини тўлаб берди

Космос қиммат ва техник жиҳатдан мураккаб бизнесдир. Ҳеч бир давлат буни ёлғиз бажара олмайди. Амбицияси баланд миллиардерлар билан янги ҳамкорликлар ўрнатилмоқда.

Илон Маскнинг SpaceX компанияси аллақачон йўловчиларни орбитага чиқармоқда. Миллиардер тадбиркор қайта учирса бўладиган ракета билан харажатларни камайтирмоқда. Amazon компанияси раҳбари Жефф Безос эса Orbital Reef деб номланган тижорий космик станция қурмоқчи.

1991 йилда Совет «Мир» космик станциясига учган биринчи британиялик астронавт Ҳелен Шарманнинг фикрича, хусусий секторнинг прагматизми ҳозирги халқаро рақобатни аҳамиятсиз қилиб қўйиши мумкин.

"Бу ҳақиқатан ҳам бутун дунёдаги компанияларни бирлаштирадиган тижорийлаштириш бўлади, - дейди у Би би сига. - Уларнинг қаерда рўйхатдан ўтгани бизни қизиқтирмайди, муҳими улар дунё манфаати учун нима қилаётганидир".

Илон Маскнинг SpaceX ширкати Марсга одам юбориш учун энг кучли ракета қуриш устида ишламоқда

Сурат манбаси, NurPhoto

Сурат тагсўзи, Илон Маскнинг SpaceX ширкати Марсга одам юбориш учун энг кучли ракета қуриш устида ишламоқда

Молиявий даромад ва илмий кашфиёт истиқболлари ҳамкорликни рағбатлантиради. Хусусий компаниялар космосда янги ҳамкорликларни йўлга қўйишга ёрдам бериши мумкин, аммо улар ҳам ўз мамлакатлари қонунларига бўйсуниши керак. 2022 йилда давлатлар Россияга қарши санкциялар киритганида, фирмалар Россия билан шартномаларни бекор қилишга мажбур бўлди.

Европа космик тадқиқотлар агентлиги раҳбари доктор Йозеф Ашбахер Европани янги космик пойгада сақлаб қолишга қатъий киришган. Ҳукуматлар дуч келаётган молиявий қийинчиликларга қарамай, яқинда у молиялаштиришни 2,4 миллиард долларга оширтирди.

"Фазо тадқиқотлари ҳозирда жуда тез ривожланаётган ва сўнгги бир неча ўн йилликларга қараганда янада суръати тезлашган соҳалардан биридир. Биз ютқаза олмаймиз", - дейди у Би би сига. - Биз ҳақиқатан ҳам ушбу секторда фаол бўлишимиз керак, чунки аъзо давлатлардаги компаниялар учун янги бизнес имкониятларини яратмоқчиман."

Ўн йил ичида ойда масканлар пайдо бўлиши ҳақиқиқатга яқин

Сурат манбаси, ESA

Сурат тагсўзи, Ўн йил ичида ойда масканлар пайдо бўлиши ҳақиқиқатга яқин

Келажакда коинотни тадқиқ этишда етакчилик қиладиганлар давлатлар бўлади. Аммо мавжуд муаммолар уларни маълумот алмашиш ва бошқа блоклар билан рақобат қилиш учун бирор гуруҳ ёки давлатлар «блокига» бирлашишга мажбур қилади. Европа космик агентлиги бу ишни кўп йиллар давомида муваффақиятли бажариб келмоқда.

Космос учун янги қонунлар

Аммо коинот масалаларидаги халқаро қонунлар ўзга оламларга интилишга кейинги катта туртки бериши мумкин бўлган нарсадир. Ажойиб ном билан аталган "Ташқи космос шартномаси" 1967 йилда имзоланганидан бери янгиланмаган. Унда 31 давлат, жумладан, АҚШ ва Совет Иттифоқи космосда ядро қуролига эга бўлмасликка келишган эди.

Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти ходими Жулиана Зюссга кўра, бу талаб даражасида эмас.

"Бу шартномада компаниялар, миллиардерлар назарда тутилмаган, - деди у. - Бугунги космос 1967 йилдагидан бутунлай фарқ қилади".

Apollo 8

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Одамлар илк маротаба кўрган Ернинг илк рангли сурати, уни ойга биринчи марта қўнган Америка фазогирлари юборганди

Ой, Марс ва бошқа сайёралардан тижорат мақсадларида фойдаланишни тартибга солувчи янги қоидалар 1979 йилда БМТ томонидан киритилган, аммо АҚШ, Хитой ва Россия уларни имзоламаган.

ЕКА раҳбари Йозеф Ашбахернинг фикрича, янги космик шартнома ишлаб чиқилгунга қадар янги космик пойга тўсиқларга учрайди.

"Космосда сунъий йўлдошлар учун бир хил орбиталардан фойдаланяпмиз, Хитой, АҚШ ва Европа Ой юзасидан бирдек фойдаланяпти, - деди у. - Бу пойгада иштирок этиш қоидаларини белгилаш учун биргаликда ишлаш йўлини топиш керак."

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002