Ўзбекистон ва Мирзиёев,муносабат: Энди Ойни ҳам бузамиз ёки Марсда Mars City қурамиз

Сурат манбаси, President.uz
Фазода коррупцияни ёямиз. Ойда дарахтларни кесиб келамиз. Балки барча муаммолар фазони ўрганмаганимиз туфайлидир - "Ўзбеккосмос" агентлигига оид янгилик ижтимоий мулоқот тармоқларини қизитган навбатдаги хабарга айланди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни "Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида"ги фармонни имзолаган.
Янги фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги - "Ўзбеккосмос" ташкил этилиши маълум бўлган.
Мазкур янгилик худди ўша куни ўзбекзабон бўладими ёки русийзабон, Ўзбекистондаги аксарият интернет нашрлари саҳифаларидан ҳам жой олган.
Уларнинг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтларида ҳам юз кўрсатган.
Ўтган икки кун ичида бу янгилик айнан кибер фазода энг кўп диққат-эътибор қаратилган мавзулардан бирига айланган.
Ўзбекистонлик аксарият интернет фойдаланувчилари томонидан қизғин муҳокама этилган.
Бу хусусдаги биргина постнинг ўзи юзлаб коментларга сабаб бўлгани ҳоллари кўрилган.
"Ўзбеккосмос" агентлиги ташкил этилиши тўғрисидаги янгилик бугун Ўзбекистонда энг долзарб бўлиб турган мавзулар фони ва оҳангида акс-садо берган.
Акс-садолар

Сурат манбаси, President.uz
Дейлик, troll.uz мазкур янгиликни, "Давлатдаги барча муаммолар ҳал, энди навбат коинотга", деган мазмунда тақдим этган.
Ўзининг Instagram даги бу постига gazeta.uz нинг президент Мирзиёев фармони ҳақидаги хабарини асос қилиб олган.
Шу соатларда мазкур пост остидаги коментларнинг сони 250 га яқинлашиб қолгани кўрилган.
Ўзбекчаси қаторида рус тилида қолдирилган коментларнинг сони ҳам озмунча бўлмаган.
Бирлари, "Любая бизнес хороша, эта фраза уместна везде", дея ўз коментига қаҳ-қаҳ уриб кулиб турган эможини илова қилган бўлса, бошқаси бунга жавобан, "Любая космос хораша", деган.
Айни мақолада Instagram томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Instagram ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири Instagram пост
Бошқа бир интернет фойдаланувчиси эса, "С нашей зарплатой скоро будем жить на Марсе", дея киноя қилган.
Коментлар орасида, "Биз ёшлар кутгандик, билгандик", деган мазмундагилари ҳам кўринган.
Бунга жавобан билдирилган бир муносабатда эса, "лекин бунчалик бўлади, деб ўйламагандик", дейилган.
"И денег уйма...в самый раз только космос осталось покорять...", дея қолдирилган яна бир коментига эса, бир эмас тўртта эможи қўшиб қолдирилган.
Қаҳ-қаҳ уриб турганидан кейин зўр, қарсак ифодасини берган ва қўшалоқ юрак аксланган эможилар қолдирилган.
Афтидан, бор ҳис-туйғуларини айнан улар орқали ифодалашга ҳаракат қилган.
Яна бирининг ёзишича, "Бундай лойиҳалар бюджет маблағларини осонгина ўзлаштириш учун "қора туйнук" вазифасини ўтайди".

Сурат манбаси, courtesy
"Ойда City қурамиз)", дея қолдирилган комент фонида "Энди Ойни бузамиз", дегани ҳам кўрилган.
"Мен ҳатто шиорни ҳам ўйлаб топдим, "Фазода коррупцияни ёямиз!", деганлар ҳам бўлган.
Кимдир, "Ойда дарахтларни кесиб келамиз", деган бўлса, бошқаси, "Космосдаги ёрдамга муҳтож, кам таъминланган аҳоли учун бизнинг саховатли халқимиз ёрдам қўлларини узатаяпти. У ерда биз Космос Ситини қурамиз. Тарелкалар учун тонировкалар қиламиз", деб киноя қилган.
"Бизни коинотда ҳали снос қилинмаган ерлар кутаяпти", дея яна бошқа бир комент билан ўз фикрини давом этдирган.
Яна бири эса, "Космодром тоже наверное в Ташкенте построют. Ждите новых сносов", деган.
"Балки барча муаммолар фазони ўрганмаганимиз туфайлидир", дея "фикр юритган" бошқа бири.
Бошқаси эса, "Все средства накоплены. Пенсионеры сыты! Дети обучены! Люди розилар! Давно пора уже на млрд. в космос на ветер", деган.
"Ёқишга чироғи йўқ, ...канализацияси йўқ, фойдаланишга гази йўқ, лекин космосга чиқамиз", дея, ўз ҳолатини пешанасига шапатилаб турган эможи билан ифодалашга ҳаракат қилган яна бири.
Бунинг ортидан, "Ақлим етмайди, ўзбеклар уйлари бузилиб, сув етмаяпти-ку", деган бошқаси.
Комент қолдирганлар орасида, "Бунчалик тирноқ остидан кир қидириш яхши эмас", деганлар ҳам бўлган.
Худди шу фикрда бўлганлардан бири, "Адашмасам, бу нарса фақатгина коинотни ўрганиш учун эмас. Масалан, битта спутник учирамиз, ва бу нарса жуда кўп соҳада керак бўлади: high quality map, geofencing, farming...", деб ёзиб қолдирган.
Ўзбекистон, мустақиллик ва Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz
Ўзбекистон Мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида эса, айнан снослар билан боғлиқ воқеалар ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида акс-садо берган мавзулардан бирига айланган.
Қашқадарё ва Хоразмдаги ҳодисалар Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида кузатилмагани билан ҳам характерланган.
Яккабоғда дўконини ҳимоя қилган тадбиркор туман ҳокими ўринбосарига бензин сепиб ёқиб юборган.
Бу воқеадан қисқа вақт ўтмай, Хоразмда уйи бузилиб, чайлаларда яшаётган юзлаб одамлар намойиш қилишган.
Намойишчилар ҳокимият томонидан тикланган чодирларни йиқитган ва маълум вақт Урганч - Хонқа йўлини ёпиб қўйган.
Аммо 2005 йилги Андижондагисидан фарқли тарзда, бу намойиш тинч йўл билан ҳал қилинган.
Шахсан Ўзбекистон Бош вазирининг ўзи Ургенчга борган, намойишчилар билан юзма-юз учрашган ва муаммони ўша ернинг ўзида ҳал қилиб қайтган.
Фарғона вилоятининг Риштон туманида эса, 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса, айнан 31 август куни Мустақиллик байрами муносабати билан қилган нутқида яна бир бор худди шу мавзу, воқеъликка қайтгандек кўринган.
"Ҳар бир масалани маърифат асосида чуқур ўйлаб, халққа ҳурмат билан, такрор ва такрор айтаман, одамлар фикрини инобатга олиб, фақат қонун ва адолат мезонига таянган ҳолда ҳал этсак, эл-юртимиз биздан албатта рози бўлади", - деган.
Аммо биргина Би-би-си Ўзбек Хизматининг айни шу сўзлар иқтибос қилиб келтирилган постининг остида қолдирилган коментларнинг умумий мазмун-моҳияти бир қадар тушкунлик кайфиятини ўзида акс этдирган.
Лекин, бошқа томондан, мустақил Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида мамлакатда бўй кўрсатиб турган муаммолар ҳақида ўзбекистонликларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини бу қадар ошкора ва дадил ифодалашлари ҳам кузатилмагани бор гап.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek












