Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев қаерда дам олсин ёки президент таътили нега гап бўлди?

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Президент Ҳажга борсин, Бойсун, Шоҳимардон, Зомин, Бали ёки Ниццада дам олсин...Шавкат Мирзиёевнинг қисқа меҳнат таътилига чиқишига оид илк расмий хабар Ўзбекистон билан боғлиқ ижтимоий мулоқот тармоқларини қизитган яна бир мавзуга айланди.

Кун давомида Ўзбекистондаги аксарият ҳам ўзбекзабон ва ҳам русийзабон интернет нашрларининг бирдек диққат-эътиборларида турган хабар бўлди.

Кунни қисқа расмий хабар билан бошлаган нашрлар кечга қадар бу янгиликка яна бир неча бор қайтишди.

Янгиланган хабар тафсилотларидан эса, бу - Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ўн етти йиллик раҳбарлик фаолияти давомида биринчи бор расман меҳнат таътилига чиқиши экани маълум бўлди.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг декабрь ойида расман Ўзбекистон президенти ўлароқ қасамёд келтирган. Унгача 4 йил давомида мамлакат Бош вазири сифатида ҳам хизмат қилган.

Аммо расмий хабарда Ўзбекистон раҳбарининг аниқ неча кун меҳнат таътилида бўлиши ва қаерда дам олиши тафсилотлари очиқланмаган.

Фақат президентнинг ўз таътилини Ўзбекистон ҳудудида ўтказишини билдириш билан кифояланилган.

Бу янгилик манзарасида президент Шавкат Мирзиёев меҳнат таътилида экан, халқаро тажрибага таяниб, унинг вазифасини вақтинчалик ким бажариши саволи ҳам ўртага отилган.

Саволни қўйган айрим интернет нашрларининг изланишлари бу хусусда Ўзбекистон қонунчилигида бир сўз айтилмаганига оид хулоса билан якун топган. Бир маънода, савол очиқ қолган.

Президентнинг расмий веб саҳифасидаги қисқа хабар ҳам бу масалага ойдинлик кирита олмаган.

Нега бундай экани саволининг жавоби ҳам қоронғулигича қолган.

Акс-садолар

Урганч

Сурат манбаси, courtesy

Президент Шавкат Мирзиёевнинг расман қисқа меҳнат таътилига чиқишига оид расмий хабар Ўзбекистон билан боғлиқ ижтимоий мулоқот тармоқларини устма-уст қизитаётган хабарларнинг навбатдагисига айланган.

Меҳнат таътилига оид янгилик Яккабоғ, Урганч, Риштон ҳодисалари ва Ўзбекистон президентининг айни шу уч ҳодисага бағишланган танқидий ҳамда танбеҳли селектор йиғинидан кун ўтиб бўй кўрсатган.

Ҳар уч туман вилоятлари ҳокимларининг одамлардан ошкора ва расман узр сўраб чиқишлари манзарасида ўртага чиққан.

Яккабоғда дўконини ҳимоя қилган тадбиркор туман ҳокими ўринбосарига бензин сепиб ёқиб юборган.

Бу воқеадан қисқа вақт ўтмай, Хоразмда уйи бузилиб, чайлаларда яшаётган юзлаб одамлар намойиш қилишган.

Намойишчилар ҳокимият томонидан тикланган чодирларни йиқитган ва маълум вақт Урганч - Хонқа йўлини ёпиб қўйган.

Фарғона вилоятининг Риштон туманида 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган.

Бунга ўхшаш ҳолатлар Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган.

Таътилга оид янгилик кибер фазода айни шу воқеаларнинг қизғин муҳокамаси устида бўлган пайтларида аксарият интернет фойдаланувчиларининг диққат-эътиборларига тушган.

Уларнинг президент Шавкат Мирзиёевнинг қисқа меҳнат таътилига оид расмий хабарга муносабатлари ҳам айни шу ҳодисалар акс-садосига йўғрилиб кетган.

Бу хабарни ёритган ва ижтимоий мулоқот тармоқларида улашган ҳар бир интернет нашрининг постлари ўнлаб коментларга сабаб бўлган. Коментлар, таъбир жоиз, коментларни туғдирган.

Бу янгиликни беэътибор қолдирмаган ўзбекистонликлардан бирлари Би-би-си Ўзбек Хизматининг, "Айнан Ўзбекистон назарда тутилганда, президент Шавкат Мирзиёев ўзининг меҳнат таътилини қаерда ўтказгани маъқул?", - деган саволига, "10 кун Риштонда, 10 кун Яккабоғда, яна 10 кун Хоразмда", - деб жавоб берган.

Яна бирларининг наздларида ҳам, президент ўзининг қисқа меҳнат таътилини "одамларнинг уйлари бузилган вилоятларда ўтказгани маъқул".

Газ, свет, сув...ва Ҳаж

Ҳаж

Сурат манбаси, Getty Images

Қолдирилган айрим коментларда президент Мирзиёевнинг меҳнат таътили газ, свет, тоза ичимлик суви каби Ўзбекистоннинг, айниқса, чекка қишлоқ ҳудудларида ҳали-ҳануз долзарб бўлиб турган муаммоларга ҳам уланиб кетган.

Ницца, Бали, Куба, дунёнинг энг зўр жойларида, Зомин, Деҳқонобод, Бойсун, Шоҳимардон, Сўх ва Ўшда, деган коментлар орасида, "Қаерда бўлса ҳам, газсиз, чироқсиз, чучук сувсиз қишлоқда, оддий аҳоли орасида", деганлари ҳам учраган.

Бунинг ортидан яна бирлари, "Қишлоқда, шунда қишлоқдаги шароитларни билармидилар, бошқа пайти вақтлари бўлмаяпти", - деб ёзган.

"Термезда, айнан иссиққина шаҳарда", деган бошқа бири эса, "зора иш вақти ёки шанбани дам олиш куни қилиб белгилаб берган бўлармиди", - деган.

"Пулинг бўлса халтада, дам оласан Ялтада. Бизга нима қаерда дам олишлари, бизга газ, свет, бензин, озиқ-овқат нархлари тушсин...", каби изҳоротларга минтақадаги чегара муаммолари ҳам қўшилиб кетган.

Ўзбекистонликлардан бири, "Шоҳимардонда одамлар беш соат навбат кутиб, чегарадан анклав ҳудудига ўтишаяпти", - деб ёзган.

Ўзбекистон Президентининг қисқа меҳнат таътилига чиқишига оид расмий хабар, бошқа томондан, мусулмонлар учун муқаддас бўлган бу йилги Ҳаж зиёратига саноқли кунлар қолган бир пайтда ўртага чиққан.

Қолдирилган коментлар орасида энг кўпини президент Шавкат Мирзиёевни, таъбир жоиз, Ҳажга "йўллаганлари" бўлиб чиққан.

Ўзбекистон президентининг она юрти Зоминда дам олишини "истовчи" изоҳларнинг сони ҳам озмунча бўлмаган.

"Шу одам ҳам дам олиши керак. Ҳар ҳолда робот эмас-ку. "Лечения" олиши мумкин. Ҳозирги ҳокимлар эзворди-ку юртбошимизни. Дўпписини олиб кел, деса, калласини узиб олиб бормоқда", - деган коментлар манзарасида, "Қаерда дам олса ҳам, ўзбек халқи тинчи, эртаси ва муаммолар ечими ҳақида бош қотиради-да. Боши омон бўлсин!", - деганлари ҳам бўлган.

Комент қолдирганлар орасида яна президент Шавкат Мирзиёевни тандир кабоб ейиш, қимиз ичиш ёки ов қилишга таклиф қилганлари ҳам кўрилган.

Мевалар

Сурат манбаси, President.uz

Агар, собиқ матбуот котибининг куни-кеча чоп қилинган суҳбати тафсилотларига таянилса, президент Шавкат Мирзиёев ҳаддан ташқари кўп ишлайди ва ўзини аямайди.

Ўтган ой Ўзбекистон президентининг туғилган куни ижтимоий мулоқот тармоқларини қизитган яна бир мавзу бўлган.

Ижтимоий мулоқот тармоқларида Ўзбекистон президентини туғилган куни билан табриклаганлар орасида қизлари ва куёвидан ташқари, журналистлар, фаоллар ва кўплаб оддий ўзбекистонликлар ҳам кўзга ташланишган.

Улардан айримлари айни сана баҳона ўз таҳлил ва баҳоларида, гўёки, президент Шавкат Мирзиёевнинг қарийб уч йиллик фаолиятини сарҳисоб қилишган.

Сарҳисоблари баҳона Ўзбекистондаги ўзгаришларни ўз шахсий тажрибалари, ҳис-кечинмалари билан ҳам ифодалашга ҳаракат қилишган.

Кўпчилик президент Шавкат Мирзиёевга узоқ умр, соғлик-саломатлик, омад тилган.

Табриклар орасида инглиз тилида битилганлари ҳам кўрилган, айримларида президентни «севишлари», «жуда яхши кўришлари» ҳам айтилган.

Худди шу манзарада бу табриклар орасида ҳам газ бўладими, свет, сув ёки Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилаётган, ижтимоий мулоқот тармоқларини «қизитаётган» «снос» каби муаммолар тилга олинганлари ҳам кўрилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek