Ой кимники ё йирик давлатлар нега Ой учун кураш бошлашмоқда?

Ойдаги АҚШ байроғи

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Ребекка Морелл
    • Role, Илм-фан масалалари бўйича муҳаррир

Биз ой васвасасини бошдан кечиряпмиз. Космосда устунлик ва ресурслар учун пойгага қўшилаётган давлатлар ва компаниялар сони ортиб бормоқда. Хўш, биз ойни тадқиқ қилишнинг янги даврига тайёрмизми?

Ойга ўрнатилган Хитой байроғи тасвирлари Ерга узатилди. Бу Хитойнинг Ойга тўртинчи қўниши ва Ойнинг нариги томонидан биринчи марта намуна олиб қайтишидир. Ўтган бир йил ичида Ҳиндистон ва Япония ҳам Ой юзасига космик кемаларини қўндирди. Февраль ойида АҚШнинг Intuitive Machines ширкати Ойга қўнувчи модулни ишга туширган биринчи хусусий компания бўлди. Бошқалар ҳам бунга бел боғлаган.

Алоқадор мавзулар:

Айни пайтда NASA одамларни Ойга қайтармоқчи. Artemis (Артемида) астронавтлари 2026 йилда ойга қўнишни режалаштирмоқда. Хитой 2030 йилгача Ойга одам жўнатишини айтмоқда. Унда доимий базалар қуриш ҳам режалаштирилган.

Аммо катта давлатлар ўртасидаги рақобат даврида бу янги космик пойга Ердаги кескинликларнинг Ой юзасига тарқалишига олиб бориши мумкин.

Канзас университети геологи Жастин Холкомб, "Ой билан муносабатларимиз тубдан ўзгаради", деб огоҳлантиради. Унинг таъкидлашича, ҳозирда космик тадқиқотлар тезлиги уни тартибга солувчи "қонунларимиздан ошиб кетмоқда".

1967 йилги БМТ келишувида айтилишича, ҳеч бир давлат Ойга эгалик қила олмайди. Бунинг ўрнига, Очиқ космос бўйича шартномада фазо ҳар кимга тегишли эканлиги ва ҳар қандай тадқиқот бутун инсоният манфаатига мос келиши кераклиги таъкидланган.

Бу тинчлик ва ҳамкорликка ўхшаб кўринса-да, космос шартномасининг ҳаракатлантирувчи кучи ҳамкорлик эмас, балки Совуқ уруш сиёсати эди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Қўшма Штатлар ва Совет Иттифоқи ўртасида кескинлик кучайгани сабабли, коинот ҳарбий жанг майдонига айланиши мумкинлигидан қўрқув бор эди, шунинг учун шартноманинг асосий қисми космосга ядровий қурол юборилмаслик масаласида эди. Уни 100 дан ортиқ давлат имзолаган.

Аммо ҳозирги янги космик аср ўша пайтдагидан фарқ қилади.

Муҳим ўзгаришлардан бири шундаки, Ойга чиқиш учун нафақат давлатлар, балки компаниялар ҳам рақобатлашмоқда.

Январь ойида АҚШнинг Peregrine номли тижорий миссияси Ойга инсон хоки, ДНК намуналари ва спорт ичимлигини олиб чиқишини эълон қилди. Аммо кемадан ёқилғи сизгани унинг Ойга етиб бормаганини англатади, аммо бундай нарсаларни Ойга ташиш шартноманинг тадқиқот бутун инсониятга фойда келтириши кераклиги ҳақидаги тамойилига қанчалик мос келиши ҳақида баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

"Имкониятимиз борлиги туфайли у ерга буларни юбора бошлаймиз", дейди Мишел Ханлон, космик ҳуқуқшунос ва "Аполлон" қўниш жойларини ҳимоя қилишга қаратилган "For All Moonkind" ташкилоти асосчиси. "Ойимиз икки қадам бўлиб қолди ва энди биз бу имкониятни суиистеъмол қила бошлаймиз", дейди у.

Ойга тижорий интилиш кучаймоқда, аммо ҳозирча миллий давлатлар асосий иштирокчилигича қолмоқда, дейди Лондон Коинот сиёсати ва ҳуқуқ институти директори Саид Мустешар. Ҳар қандай компания космосга чиқиш учун давлатдан рухсат олиши керак, дейди у. Давлатлар эса халқаро шартномалар билан чекланади.

Ойга космик кема қўндирганлар клубига қўшилиш ҳали ҳам катта обрў. Муваффақиятли миссиялардан сўнг, Ҳиндистон ва Япония глобал космик ўйинчилар ролига даъво қилишлари мумкин.

Муваффақиятли космик саноатга эга давлат эса иш ўринлари ва инновациялар орқали иқтисодиётга катта туртки бериши мумкин.

Ойда Хитой байроғи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитой давлат матбуоти ҳам Ой узра ўз байроғи ҳилпираган суратни чоп этган.

Аммо Ой пойгаси янада катта мукофот ваъда қилади: ресурслар.

Ой рельефи анча қуруқ кўринса ҳам, унда минераллар, жумладан, нодир элементлар, темир ва титан каби металлар ва ўтказгичлардан тортиб тиббий асбоб-ускуналаргача ишлатиладиган гелийгача мавжуд.

Буларнинг қиймати турлича баҳоланади: миллиардлардан квадриллионларгача. Нима учун баъзилар Ойни бойиш воситаси сифатида кўришини тушуниш осон. Шу билан бирга, шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу узоқ муддатли сармоя ва Ой ресурсларини қазиб олиш ва Ерга олиб келиш учун зарур технология ҳали йўқ.

1979 йилги халқаро шартномада ҳеч бир давлат ёки ташкилот ушбу ресурсларга эгалик ҳуқуқига даъво қила олмаслиги эълон қилинганди. Аммо буни атиги 17 давлат қабул қилди. Улар орасида айрим Ойга чиққан давлатлар, шу жумладан, АҚШ йўқ.

Аксинча, 2015 йилда Қўшма Штатлар ўз фуқаролари ва ширкатларига ҳар қандай космик материалларни қазиб олиш, улардан фойдаланиш ва сотишга рухсат берувчи қонунни қабул қилди.

"Бу халқаро ҳамжамият учун кутилмаган бўлди, - дейди менга Мишел Ханлон. - Аммо аста-секин бошқалар ҳам шунга ўхшаш миллий қонунларни қабул қилишди." Улар орасида Люксембург, БАА, Япония ва Ҳиндистон бор.

Энг кўп талаб қилинадиган ресурс ҳам ҳайратланарли: сув.

"Аполлон астронавтлари томонидан олиб келинган биринчи Ой тошлари таҳлил қилинганда, улар бутунлай қуруқ деб ҳисобланган", деб тушунтиради Табиат тарихи музейи сайёрашунослик профессори Сара Расселл.

"Аммо тахминан 10 йил олдин қандайдир инқилоб бўлди ва биз улардаги фосфат кристалларида сув излари борлигини аниқладик."

Унинг айтишича, Ойнинг қутбларида доимий соядаги кратерлар ичида музлаган сув захиралари бор.

Бўлажак сайёҳлар сувдан ичимлик сифатида ёки кислород олиш учун фойдаланишлари мумкин. Космонавтлар ҳатто уни водород ва кислородга ажратиб, ракета ёқилғисини ишлаб чиқариш учун фойдаланишлари мумкин, бу уларга Ойдан Марсга ва ундан ташқарига саёҳат қилиш имконини беради.

АҚШ ҳозир Ойни тадқиқ қилиш ва эксплуатация қилиш бўйича янги кўрсатмаларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда. "Артемида келишувлари" деб аталадиган ҳужжатда Ойдаги ресурсларни қазиб олиш ва улардан фойдаланиш Космос шартномасига мувофиқ амалга оширилиши кераклиги, аммо унда баъзи янги қоидалар талаб қилиниши мумкинлиги айтилган.

Ҳозиргача 40 дан ортиқ давлат ушбу мажбурий бўлмаган шартномаларни имзолаган, аммо Хитой улар орасида йўқ. Баъзилар Ойни тадқиқ қилишнинг янги қоидаларини битта халқ белгиламаслиги керак, деб таъкидлайди.

"Бу ҳақиқатан ҳам БМТ орқали амалга оширилиши керак, чунки бу барча мамлакатларга таъсир қилади", дейди Саид Мустешар.

Аммо ресурслар учун кураш ҳам янги тўқнашувларга олиб келиши мумкин.

Ойда бўш жой жуда кўп бўлса-да, муз билан тўла кратерлар яқинидаги ҳудудлар энг яхши кўчмас мулкдир. Агар ҳамма ўзининг келажакдаги базаси учун бир хил жойни хоҳлаб қолса нима бўлади? Бир давлат бундай базани қургандан сўнг, бошқа давлат ҳам ўзиникини қуришига нима тўсқинлик қилиши мумкин?

"Менимча, Антарктида билан қизиқарли параллеллик бор", дейди Жилл Стюарт, Лондон Иқтисод мактабининг космик сиёсат ва ҳуқуқ тадқиқотчиси. "Қитъада бўлгани каби Ойда ҳам тадқиқот базаларини кўришимиз мумкин."

Аммо янги ой базаси, масалан, қанча квадрат километрни эгаллашини у ерга ким биринчи бўлиб борса, ўша белгилайди.

Жилл Стюарт: "Биринчи борганнинг устунлиги албатта бўлади", дейди.

"Шундай қилиб, агар сиз биринчи бўлиб у ерга етиб, лагер қура олсангиз, ўз зонангиз ҳажмини белгилашингиз мумкин. Бу ўша жойга эгалик қилишингизни англатмайди, лекин шу ерни эгаллаб туришингизни англатади".

Ҳозирда биринчи кўчманчилар АҚШ ёки Хитой бўлиши мумкин ва бу шундоқ ҳам кескинлашган муносабатларга янгича рақобатни қўшади. Улар стандартларни белгилашлари мумкин: у ерга ким биринчи бўлиб кирса, ўрнатадиган қоидалар узоқ вақт кучда қолиши мумкин.

Агар буларнинг барчаси вазиятга боғлиқ бўлса, мен билан гаплашган баъзи космик мутахассислар бошқа йирик халқаро космик шартнома тузилиши даргумон деб ҳисоблашади. Ойни қандай тадқиқ қилиш, эҳтимол, ўзаро англашув меморандумлари ёки янги қоидалар орқали белгиланиши мумкин.

Кўп нарса тикилган. Ой бизнинг доимий ҳамроҳимиз, унинг доимий тўлишиб, кичрайиб порлашини кузатамиз.

Аммо янги космик пойга бошланар экан, Ой қандай бўлиши керак, унда Ердаги рақобатлар юзага келиши хавфи борми, каби саволларга жавоб беришимиз лозим.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002